1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир

13:40 / 06.08.2019 2220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Мўъжиза» сўзи луғатда «ожиз қолдирувчи» деган маънони англатади. Яъни мўъжизани бошқалар қилишдан ожиз қолишади.

Истилоҳда эса: «Аллоҳнинг изни ила пайғамбарларга уларнинг пайғамбарлигини тасдиқлаш учун берилган, бошқаларнинг қўлидан келмайдиган ғайритабиий – одатдан ташқари иш мўъжизадир».

Кофирлар, одатда, пайғамбарларни инкор қилиш билан бирга доимо ўз номаъқулчиликларини ҳаспўшлаш мақсадида турли баҳона, таклифлар қилиб, мўъжиза кўрсатишни талаб қилиб туришади. Аввалги ўтган барча пайғамбарларга худди шундай таклифлар қилинган. Аллоҳ Ўз пайғамбарларининг ҳақлигини тасдиқлаш, кофирларни ожиз қолдириш, мўминларнинг иймонини мустаҳкамлаш учун пайғамбарларга ўз замонаси ва қавмига мос мўъжизалар берган.

Мисол учун, сеҳргарлик авж олган бир замонда юборилган Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло уларнинг сеҳридан бир неча марта устун турувчи мўъжизалар берган.

Моддапарастлик авж олиб, «Ҳар бир нарса моддий асосга эга» деган эътиқодда бўлган қавмга юборилган Ийсо алайҳиссаломга Аллоҳ таоло турли тузалмайдиган беморликларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби мўъжизалар берган.

Ўтган пайғамбарлар ўзларига берилган мўъжизаларни ўз ўрнида ишлатганлар. Лекин уларнинг вафотлари билан барча мўъжизалар ҳам амалдан қолган, чунки уларнинг пайғамбарликлари маълум бир қавмга, маълум бир макон ва маълум бир замонга боғлиқ бўлган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса абадий ва улкан мўъжиза – Қуръони Карим нозил қилинган, чунки у зотнинг пайғамбарликлари қиёмат бўлгунича барча халқлар, маконлар ва замонлар учун бардавомдир. Шунинг учун у зотга моддий эмас, маънавий ва боқий мўъжиза – Қуръони Карим асосий мўъжиза қилиб берилган.

У зоти бобаракот ўтганларидан сўнг ҳам мўъжизалари бўлмиш Қуръон то қиёматгача барҳаёт бўлади. Шунинг учун ҳам қачон мушрик ва кофирлар у зотдан пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза талаб этишса, Қуръони Каримни далил қилганлар.

Бошқа пайғамбарларга улкан мўъжиза бўлиб хизмат қилган нарсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун оддий бир иш эди. Ҳамма пайғамбарларга берилган мўъжизаларга ўхшаш ишлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлиб ўтган. Бу ҳақдаги хабарлар ҳадис китобларидан жой олган.

Аллоҳни таниган одамлар учун ҳатто Исро ва Меърож каби катта ҳодисалар ҳам оддий бир иш бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож қилганлари ҳақида одамларга хабар берганларида, ҳар ким ўзини ҳар хил тутди ва ҳар хил гап-сўзларни айтди.

Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «У зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар.

«Ҳа», дейишди. У киши: «Агар у зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар, мен бунга шоҳидлик бераман», дедилар. Улар: «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?!» дейишди.

Абу Бакр: «Мен у зотнинг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», дедилар.

Ҳа, осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиш, Аллоҳнинг каломи – Қуръонни кишиларга етказиш ва уни татбиқ этиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг асосий мўъжизалари эди.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа мўъжизалари у зотнинг пайғамбарликларининг тасдиғи сифатида ҳужжат қилинмас эди. Одамлар мўъжиза кўрсатишни талаб қилган пайтда ҳам уларга мўъжиза сифатида Қуръони Карим далил қилинарди. Бунга Анкабут сурасидаги ушбу икки ояти каримани мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

«Ва улар: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: «Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дегин. Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?! Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир» (50–51-оятлар).

Кофир одам хаёлига нима келса, гапираверади. Улар:

«Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», дейишди.

Эй Пайғамбар!

«Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин».

Ҳа, мўъжизалар фақат Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келади. Уларнинг тасарруфини ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзи қилади. Қачон керак бўлса, ўшанда нозил қилади. Кимга керак бўлса, ўшанга кўрсатади. Қанча керак бўлса, шунча. Пайғамбар эса очиқ-ойдин огоҳлантирувчи, холос. Унга Робби кишиларни огоҳлантиришни топширган, у шу топшириқни бажаради, холос. Аслида уларга мўъжизалар нозил қилинишининг ҳожати ҳам йўқ.

Нима учун улар мўъжиза нозил бўлишини талаб қилишади? Ҳолбуки, қаршиларида мўъжизаларнинг мўъжизаси, абадий мўъжиза – Қуръон турибди-ку! Бундан ортиқ яна қандай мўъжиза керак?!

«Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу Китобни нозил этганимиз кифоя қилмасми?!»

Кифоя қилиши керак. Ахир Қуръоннинг ҳар бир ояти ўзига хос мўъжиза-ку. Қуръон туфайли улар Аллоҳ таоло билан бевосита алоқада бўладилар-ку!

«Бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир».

Ҳа, Қуръони Каримдаги раҳматдан баҳраманд бўлиш, барча ваъз-насиҳатлардан эслатма олиш учун кишида иймон жавҳари бўлиши керак. Иймонсизлар олдиларида улкан мўъжиза турса ҳам: «Унга Роббидан мўъжизалар нозил қилинса эди», деб юраверишади.

Юқорида зикр қилиб ўтилган тарихдаги давлатлар ва жамоаларнинг кўпчилиги ўз пайғамбарларини ёлғончига чиқаришди. Ўзларининг адашув ва хатоларида давом этаверишди. Улардан фақат озгинаси иймон келтирди. Сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарларининг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башариятнинг ҳаммасига, ер юзининг барча бурчакларига пайғамбар қилиб юборди. У зотнинг ҳаракатлари билан адашган башариятнинг ҳидоятга юриши кўзланган эди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қурайш мушриклари мусулмонларнинг ҳижратидан безовталаниб қолишди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига эргашган кишиларга бориб қўшилишларидан давоми...

1739 16:06 / 04.06.2020
Саҳобаларнинг кўплари бу сулҳни ёқтирмадилар. Натижаси уларга ёмон бўлиб кўринди. Улар ўзларини мағлуб бўлгандек, енгилгандек ҳис қилдилар. Улар орасида Умар ибн давоми...

1870 17:30 / 06.06.2021
Уҳуд жангининг сўнгида Абу Суфён мусулмонларга қарата .Биз сизларни келаси йили Бадрда урушга чақирамиз, деган, мусулмонлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1319 15:00 / 21.01.2021
У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши давоми...

1205 17:00 / 15 апрель
Аудиолар

120652 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42236 14:35 / 11.08.2021