1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Кийиниш ҳар кимнинг ўз шахсий иши эмасми?

09:10 / 05.08.2019 2862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эътибор билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмларини баён қиладиган барча манбаларимизда «Либос китоби» бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда бунга алоҳида эътибор берилган.

Ислом дини Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу билан бирга, кийиниш ҳам инсон ҳаётининг муҳим соҳаси экани ҳаммамизга маълум. Ислом бошқа ҳамма соҳаларда ўз кўрсатмаларини берса-ю, кийиниш борасини тарк этса, унинг мукаммаллигига футур етган бўлар эди.

Шунинг учун Исломда бу масала ҳам бошқа масалалар қатори, етарли даражада муолажа қилинган. Бу эса мусулмонлар учун бахтдир, шарафдир. Чунки улар ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби, кийиниш масаласида ҳам тайёр таълимотларга амал қилиб, икки дунё саодатига эришиш учун яна бир илоҳий ёрдам ола биладилар.

Бошқалар эса бу соҳада ҳам талашиб-тортишиб, «меники тўғри, сеники нотўғри», дейиш билан овора бўладилар. Оқибатда ҳаммасиники нотўғри бўлиб чиқади.

Баъзилар «Кийиниш масаласига бунчалик эътибор беришнинг боиси нима? Бу арзимаган нарса-ку! Ахир, кийиниш ҳар кимнинг ўз шахсий иши эмасми?» дейишлари мумкин. Уларга «Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Кийим инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб турувчи фазилатлардандир. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган бирор жойи йўқ, балки инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари ҳар қанча эътиборга сазовордир. Шу билан бирга, мусулмон киши ҳар бир амалида, ҳатто шахсий ишларида ҳам илоҳий таълимотга амал қилиши билан бошқалардан ажралиб туради», деб жавоб берилади.

Инсоннинг кийиниши унинг ички маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир. Қайси инсонда ҳаё, уят, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўзининг обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган бўлиб кийинади. Мазкур тушунчалардан йироқ кишилар эса ярим-яланғоч юришлари ёки бошқача ҳолга ўтишлари ҳеч гап эмас.

Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлганидан кейин унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу, аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишида қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, балки кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам ҳам аскарларнинг кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб, шахдам юришга ҳаракат қилиб қолиши шундан. Ана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина эътиборларга кўра, Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор берилган.

Мусулмон шахснинг амалий ҳаётига оид шаръий ҳукмларни баён қилувчи фиқҳ китобларида кийиниш маданияти ҳақида батафсил сўз юритилиши инсоннинг бахт-саодати учун қўшилган ҳиссадир, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

«Мукаммал саодат йўли» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Абу Абдураҳмон ибн Уқайл Зоҳирий араб тилидаги журналда чоп қилинган .Таборих,1 номли мақоласида шундай дейди .Қирол Фаҳднинг Мусҳафи шарифни жамлаш бўйича давоми...

2450 08:22 / 14.06.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан назрига вафо давоми...

4085 19:00 / 08.01.2021
Ислом дини мўминмусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бирбирларига озор бермасликларига даъват этади. Акс ҳолда қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари давоми...

3559 11:00 / 11.01.2019
Савдогар киши тижорат молларидан закот фарзлигини зинҳор унутмаслиги ва бу молиявий ибодатни вақтида адо этиб туриши лозим.Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат давоми...

2359 17:55 / 28.09.2019
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130286 14:35 / 11.08.2021