Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (44-дарс). Ислом фиқҳида урушнинг таъсири

18:31 / 04.08.2019 5653 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ат-ташрийъул жиноийю фил Ислам».

Бу китобнинг муаллифи Абдулқодир Авда. У бу китобда Ислом шариатининг жиноят бўйича ҳукмларини замонавий қонунлар билан солиштирган. Ҳар бир мавзу бўйича батафсил сўз юритган. Шариат ҳукмлари ҳақида сўз юритганида моликий, ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларига мурожаат қилган. Ўзининг таъкидлашича, китобни фиқҳий тилда эмас, қонунчилар тилида ёзган. «Ат-ташрийъул жиноийю фил Ислам» китоби фақиҳлар ва қонунчиларнинг таҳсинига сазовор бўлган. Унинг еттинчи нашри ҳижрий 1406 – милодий 1986 йилда «Муассасатур-рисола» тарафидан Байрутда амалга оширилган.

«Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий».

Суриянинг пойтахти Дамашқдаги дорилфунуннинг шариат куллиясида Ислом фиқҳи ва Усулул фиқҳ бўйича устоз Ваҳба Зуҳайлийнинг ушбу китобининг номини «Ислом фиқҳида урушнинг таъсири» деб таржима қилиш мумкин. Муаллиф бу китобда ушбу мавзу юзасидан исломий мазҳаблар ва янги халқаро қонунлар орасида таққослаш ҳам олиб борган. Китобнинг биринчи нашри 1963 йили амалга оширилган ва кўпчилик томонидан жуда яхши қабул қилиб олинган. Турли шахс, муассаса ва халқаро ташкилотлардан муаллифга ташаккурномалар келган. Чунки китобнинг мавзуси жуда муҳим бўлиб, олдин бу мавзуни батафсил баён қиладиган китоб бўлмаган.

Ушбу китобда муаллиф тинчлик, уруш, бетарафлик, урушнинг шахслар, мол-мулклар ҳамда иқтисодий ва сиёсий халқаро алоқаларга таъсири ҳақида сўз юритган. Шунингдек, ажнабийлар ва Ислом диёрларидаги ғайримусулмонлар ҳукми ҳамда урушни тугатиш йўлларини баён қилган.

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобида дунё бўйича яқинда амал қилиш бошланган тинч-тотув яшаш, диний эркинлик, ижтимоий тенглик, урушдаги ахлоқ, асирларга нисбатан адолатли бўлиш, шартномалар аҳамияти ва уларга амал қилишдаги вафодорлик каби ишларда Ислом шариати бошқалардан анча ўзиб кетганини исбот қилган. Шу билан бирга, муаллиф ғаразгўй шарқшунос ва ёзувчиларнинг бу борадаги туҳматларига раддиялар берган.

Умуман олганда, «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китоби уруш муаммоси бўйича Ислом фиқҳи маълумотларини янгилаш ва фиқҳий ижтиҳодларни Қуръони Карим, Суннат ва саҳобалар амали асосида нозик таҳлил қилишдан иборатдир.

«Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобининг бош мавзулари қуйидагилардан иборат:

– Урушнинг таърифи ва унинг шаръий ва қонуний келиб чиқиши;

– Уруш чиқишига таъсир қилувчи омиллар;

– Дунёнинг икки ёки учга бўлиниши;

– Урушнинг мусулмонлар ва бошқалар ўртасидаги тинчлик алоқаларига таъсири;

– Урушнинг халқаро сиёсий алоқаларга таъсири;

– Асирлар, ярадорлар, беморлар ва ўлганларга муносабат;

– Урушнинг шахслар ва мол-мулкларга таъсири;

– Урушнинг тугашидан келиб чиқадиган таъсирлар;

– Урушнинг Ислом билан тугаши ва унинг таъсирлари;

– Урушнинг сулҳ билан тугаши ва унинг Исломдаги ҳукми;

– Урушнинг фатҳ билан тугаши ва унинг таъсирлари;

– Урушнинг жангни тарк қилиш ила тугаши;

– Маҳкамага мурожаат ва урушнинг у билан тугаши;

– Урушнинг Исломдаги қонуни.

«Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий» китобининг тўртинчи нашри «Фикр» нашриёти томонидан 1992 йили Дамашқда амалга оширилган.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсониятга икки дунё саодатини кафолатлаш учун уммийлар орасида уларнинг ўзларидан уларга оятларини ўқиб берадиган, уларни поклайдиган ва уларга Китоб ва давоми...

5891 05:00 / 18.01.2017
.Тақлид, сўзи араб тилида бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган давоми...

4319 17:18 / 20.12.2017
Қудуқларнинг ҳукмлари ҳақидаги фасл . . . . .Бир қудуққа нажас тушса ёки унинг ичида ҳайвон ўлиб, шишиб кетса, ёхуд титилиб кетса, ё давоми...

5226 13:33 / 22.10.2020
иккинчи мақола . ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зинҳор аёл эркакка, аъробий муҳожирга ва фожир давоми...

4521 19:00 / 04.08.2022