1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дунёда сендан сахийлар ҳам бор

07:10 / 30.07.2019 3337 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маън ибн Зоида айтади: «Халифалик аббосийларнинг қўлига ўтгач, Халифа Мансур мени қидирувга бериб, мени унинг олдига олиб борган одамга мукофот ҳам ваъда қилди. Унинг талаби қаттиқлигидан олдига боришга мажбур бўлдим. Қуёшдан юзларим қорайиб кетган, озиб-тўзиб кетган эдим. Жундан тўқилган чопонимни кийиб, туямни миндим-да, чеккароқ қишлоқда яшаш учун шаҳардан чиқиб кетишга отландим.

Бағдод дарвозаларидан бирининг ёнидан ўтиб борар эканман, қилич осиб олган бир қора танли одам ортимдан тушди. Шаҳардан бир оз узоқлашиб, ҳеч ким йўқ жойга етгач, у етиб келиб, туямнинг жиловидан ушлади, туяни чўктириб, қўлимдан ушлади.

– Сенга нима керак? – дедим.

– Амирул мўминин қидираётган одам сенсан.

– Мен ким бўлибманки, мени қидирса?

– Сен Маън ибн Зоидасан.

– Аллоҳдан қўрқсанг-чи, мен ким-у, Маън ким?

– Бу гапларингни қўй, мен сени танидим, сен аниқ ўшасан.

Қарасам, у шаштидан қайтадиганга ўхшамаяпти. Шунда унга: «Мана бу гавҳарни доим ёнимда олиб юраман. У Мансур мени олиб борган кишига ваъда қилган пулдан бир неча баравар кўп. Шуни олгин-да, менинг қоним тўкилишига сабабчи бўлиб қолма», дедим. У: «Бер», деди. Гавҳарни унга узатдим. У гавҳарга бир муддат қараб турди-да, «Бунинг қийматини тўғри айтдинг. Мен буни олмайман. Лекин сендан бир нарсани сўрайман. Агар тўғрисини айтсанг, сени қўйиб юбораман», деди. «Сўра», дедим. У шундай деди:

– Одамлар сени жуда сахий дейишади. Айт-чи, молингнинг ҳаммасини ҳадя қилганмисан?

– Йўқ.

– Ярминими?

– Йўқ.

– Учдан бириними?

– Йўқ.

Шундай деб, камайтириб-камайтириб, «Ўндан бириними?» деди. Мен уялганимдан: «Шунақа бўлса керак», дедим. У: «Ўндан бири катта нарса эмас-ку? Менинг халифадан оладиган ойлик маошим йигирма дирҳам. Бу гавҳарнинг нархи эса бир неча минг динор. Буни сенга ҳадя қилдим. Одамлар орасида шуҳрат топган сахийлигинг учун, бу дунёда сендан ҳам сахийроқ одам борлигини билишинг учун, ўзингга юксак баҳо бермаслигинг учун, ўзинг қилган сахийликни паст санашинг учун, сахийлик қилишдан тўхтаб қолмаслигинг учун буни ўзингга ҳадя қилдим», деди. Сўнг гавҳарни қўйнимга ташлаб, туянинг жиловини қўйиб юборди-да, ортига қайтиб кетди.

Мен эса: «Сен мени ёмон уялтирдинг. Бундан кўра қоним тўкилгани яхши эди. Берган нарсамни ол, у менга керак эмас», дедим. У кулиб, «Айтган гапимни ёлғонга чиқармоқчимисан? Мен уни олмайман, яхшилик учун ҳеч қачон пул олмайман», деди ва йўлида давом этди.

Халифанинг ҳузуридан соғ-омон чиққач, уни роса изладим. Уни топган одамга истаганини беришимни айтдим. Аммо топа олмадим. Худди уни ер ютиб кетгандай эди.

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хут ибн Рофеъдан ривоят қилинади .Амр ибн Атаба шериклари билан уларнинг ходими бўлишга шартлашиб олган эди. Иссиқ кунлардан бирида у чорва боққани чиқди. давоми...

2210 09:10 / 15.09.2019
Ҳалол ишлар ичида Аллоҳга энг ёқимсизи, эрхотин орасидаги риштани узиб бир исломий оилани парчаловчи талоқ Ислом шариатида китоб, суннат ва ижмоъ билан давоми...

3268 15:00 / 19.03.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимни қийинчилик ва ғамғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, давоми...

3055 09:40 / 02.03.2019
Ибн Муғул айтади .Абу Миъшар Толҳа ибн Мусаррифга ўз ўғлидан шикоят қилди. Шунда у .Ушбу оят билан унинг ҳаққига дуо қил,, деди .Роббим Менга ва отаонамга инъом этган давоми...

2642 07:12 / 28.09.2019
Аудиолар

211050 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130310 14:35 / 11.08.2021