1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ишроқ намози қачон ўқилади?

20:06 / 28.07.2019 42595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Ишроқ намози ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. У қачон ва қандай адо этилади?

Жавоб: Ишроқ «қуёш чиқиши» деган маънони билдириб, қуёш тўлиқ чиқиб бўлганидан кейин ўқилгани учун бу намоз «ишроқ» ёки «шуруқ» намози дейилади. Бу намозни ўқишга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тарғиб қилганлар.

Муъоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар».

(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Термизийнинг лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни салотуш шуруқ – шуруқ намози ҳам дейилган. «Шуруқ» дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли пайт. Бу ҳадиси шарифда ҳам бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳнинг зикри билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, ишроқ – шуруқ намози ўқишга ҳам чақирилмоқда.

Аввал айтилганидек, шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтдаги намоз. Ҳадисда бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам муҳим. Саҳар чоғи ва ишроқ намози вақтида Аллоҳ таолонинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли иш (Аллоҳ билгувчидир).


Ўликни хотирлаб йиғилиш борми?

 

Савол: Ҳар йили онамизнинг вафот этган кунларида хотирлаб, у кишининг уйларида йиғилардик. Лекин бир йилча аввал бир танишимиз: «Ўлган кунда йиғилиш Исломга хос эмас», деди. Бу нарса Исломга кўра умуман мумкин эмасми ёки бу борада бошқа йўриқлар борми?

Жавоб: Динимизда бир инсоннинг ўлган кунини хотирлаб оила аъзоларининг йиғилиши ёки йиғилмаслиги тўғрисида алоҳида кўрсатма йўқ. Мусулмонларда қадимдан маълум бир кишининг ўлган кунини эслаб тўпланиш ва хотирлаш маънолари айнан ўша кунга белгилаб қўйилмаган. Ўлганлар доимий равишда хотирлаб турилиши керак. Уларни ҳамиша хотирлаб, дуода бўлиш тирикларнинг бурчи ҳисобланади.

Ислом дини эътиқодига кўра, вафот этган кишиларнинг танаси чириса ҳам руҳлари тирик бўлади ва яқинларининг қилаётган амаллари уларга намойиш этиб турилади. Бу жараён узлуксиз давом этади. Шунинг учун вафот этган яқинларининг руҳини шод этаман деган мусулмон доимий равишда ҳалол-пок ҳаёт тарзини яшаши, ибодатда ва яхши амалларни қилишда бардавом бўлиши лозим. Унинг бу иши вафот этганлар учун энг яхши ёднома бўлади. Лекин йилда бир кунни маълум бир шахснинг вафот этган куни сифатида белгилаб йиғилиш ёки йиғилмаслик тўғрисида буйруқ йўқ (Аллоҳ билгувчидир).

Қарзни нимага ишлатиши сўраладими?

 

Савол: Бир дўстимга қарз берган эдим. Яқинда билсам, у ўша маблағни нопок ишларга сарфлаётган экан. Унинг гуноҳларига мен ҳам шерик бўлиб қолмайманми? Умуман қарз бераётганда унинг нимага ишлатилишини сўраш керакми?

Жавоб: Бу жуда ачинарли ҳолат. Бир иймон-эътиқодли киши шариатда кўрсатилган ишга амал қилай, деб беғараз ҳолда дўстига қарз берса, бу пулни олган киши эса уни нопок ишларга сарфласа! Ваҳоланки, қарз олган кишининг қарздор бўлиш даражасига тушиб қолиши унинг кўзини очиши ва Аллоҳдан қўрқиши ҳамда Аллоҳдан ҳаётига барака киритишини сўраши лозим эди. Лекин у бир тақводор кишининг пулини олиб, яна гуноҳ ишга сарфлашининг ўзи катта мусибат. Бу иши омонатга хиёнат ҳисобланади.

Олинган маб­лағни нимага ишлатишини билмасдан кимгадир қарз берган киши, албатта, бу иши учун гуноҳкор бўлмайди. Шундай экан, қарз бераётганда қарзни нимага ишлатишини сўраб, «Агар шундай гуноҳ ишларга ишлатадиган бўлсангиз, мен бера олмайман», деб айтиш жоиз. Модомики, қарз олувчилар хиёнат қилар экан, қарз берувчи ҳам ўзининг пули Аллоҳ таолога исён, осийлик бўладиган ишларга сарфланишининг олдини олса, яхши бўлади (Аллоҳ билгувчидир).

 

Ойлик маош тайинлаш мумкинми?

 

Савол:Тўрт киши ўртага сармоя тикиб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган бир цехни сотиб олишди ва шериклардан бирини унга бошлиқ этиб тайинлаб, унга фойдадаги улушидан ташқари ойлик маош ҳам белгилаб қўйишди. Иш юритгани учун ойлик тайин қилиш мумкинми?

Жавоб: Ширкат ва музорабада қоида шуки, улардан биронтасига фойдадаги белгиланган улушидан ташқари ойлик сифатида муайян бир маблағни тайин қилиш жоиз эмас. Бу масала фиқҳ китобларида қуйидагича баён этилган:

«Ширкатул ақднинг шарти шуки, унда фойдадан маълум бир дирҳамни шериклардан бирига тайин қилиш шарти каби ширкатнинг бузувчи нарсаларнинг топилмаслигидир. Чунки унга бериш тайин қилинган бошқа фойда кўрилмаслиги ҳам мумкин (бундай ҳолатда бошқа шерикларга нима тегади)».

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳга берилган саволнинг жавобида: «Шериклардан бири иш юритгани туфайли унга ойлик тайинлаб қўйиш жоиз эмас», деган фатвони бериб, «Лекин унинг шерикликдаги ҳиссасини кўпайтириб қўйиш мумкин», деб қўшимча қилганлар.

Уламолардан яна бири Зафар Аҳмад Усмоний ҳам «Шериклардан бири дўконда иш юритгани ёки менежер бўлгани учун дастмоясига белгиланган фойдадан ташқари ойлик олиш мумкинми?» деган саволга: «Шериклардан бирини ижарага олиб, унга ойлик тайин қилиш дуруст эмас. Шунинг учун томонлардан кимдир шерикчиликдаги компанияда менежер ва шу каби қўшимча иш билан шуғулланса, унинг фойдадаги ҳиссасини кўпайтириб қўйиш мумкин», деб жавоб берган.

Муфтий Рашид Аҳмад музорабага тааллуқли бир саволнинг жавобида «Музорабада пул тикувчи ҳам иш юритувчилардан бирига ойлик каби муайян бир миқдорни тайин қилиши жоиз эмас. Дастмоя эгасига шу каби ойлик тайин қилиш судхўрлик ҳисобланади», деганлар. «Танвир» китобида фойда икковлари ўртасида фоизга нисбатан белгиланиши шарт, дейилган. Хулоса шуки, Ашраф Али Таҳонавий, Зафар Аҳмад Усмонийларнинг фатволарига биноан шерикларнинг бирига ойлик тайин қилиш ўрнига унинг фойдадаги ҳиссасини кўпайтириб қўйиш жоиз (Аллоҳ билгувчидир).

«Зикр аҳлидан сўранг» китоби

асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга таом келтиришган эди, кўзига ёш олиб, .Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлди. У мендан яхшироқ эди, бироқ кафанликка давоми...

2554 09:00 / 15.06.2019
Ҳафс ибн Ғиёс айтади .Суфён Саврий Мужаммиъ Таймийнинг олдига кирди. Суфённинг изорида йиртиқ жойи бор эди. Буни кўрган Мужаммиъ тўрт дирҳам олиб, Суфёнга узатиб, давоми...

1688 07:10 / 10.07.2019
Аллоҳ таоло юракни Қуръони Каримда зикр қилган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида зикр қилганлар. Қуйидаги маълумотларда юрак давоми...

8241 19:00 / 23.11.2020
Абу Толҳа Зайд ибн Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир уйнинг олдида гаплашиб ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб, давоми...

1731 08:00 / 15.01.2021
Аудиолар

211086 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130344 14:35 / 11.08.2021