1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади (Иккинчи мақола)

16:00 / 23.07.2019 2717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кераксиз сўзга кетган вақт ҳақида

Эй, кун-у тунини майда гапга, Жазоловчининг буйруқларига хилоф ишларга, гуноҳу маишатга сарфлаган банда! Фурсат сенга айтади: «Эй, Одам боласи, мени яхшиликларга сарфлагин. Аллоҳга қасамки, ўтиб кетсам, қайтиб келмайман».

Салафи солиҳлар вақтдан самарали фойдаланишда ўрнак бўлганлар. Рабеъ ибн Хайсам бир ҳафта гапларини ёзиб юрар, шанба кечаси ўзларини ҳисоб-китоб қилардилар. Лаа илааҳа иллаллоҳ, у зот умматнинг бугунги аҳволини кўрса, нима дер эдилар?!

Вақтнинг қадрига етган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказишдир.

Уйқунинг кўпига сарфланган вақт ҳақида

Солиҳлардан бири нафсига шундай деган эди: «Эй нафс, мунча ухлайсан? Аллоҳга қасам, қабрда узоқ ухлайсан».

Умр эвазсиз ва бебаҳо неъмат эканлиги ҳақида

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: «Умрингдан ўтганининг эвази йўқдир. Ундан сен учун ҳосил бўлган нарсанинг баҳоси йўқдир».

Умр неъмати қанчалик аҳамиятли эканини англаб етиш учун билиб қўйишимиз керакки, Расули Акрам алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида охират бўлиб, қиёмат қоим бўлганида бандадан энг аввал сўроқ-савол қилинадиган нарсаларнинг ичида умр неъмати бордир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Қиёмат куни Одам боласининг қадами Робби азза ва жалланинг ҳузуридан то У Зот ундан беш нарса ҳақида сўрамагунича узилмас: умридан, уни нимага сарфлагани ҳақида; ёшлигидан, уни нимада ўтказгани ҳақида; молидан, уни қаердан касб қилди-ю, нимага инфоқ қилгани ҳақида ва илмига қандай амал қилгани ҳақида”».

Термизий ва Табароний ривоят қилишган.

Демак, қиёматда бандадан, албатта, умри ҳақида сўралади. Умри ҳақида сўралганда, уни нимага сарфлагани ҳақида сўралади. Бинобарин, сиз билан биз қиёмат куни бу азиз умримизнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралишимиз ҳақдир. Бу савол-жавобдан қочиб қутулиб бўлмайди. Умрнинг ҳар лаҳзаси ҳақида сўралар эканмизми, демак, яшаб ўтган ҳар лаҳзамизнинг жавобини беришимиз лозим. Жавобимиз тўғри чиқиши учун эса бу неъматнинг қадрини билишимиз ва шукрини адо этишимиз керак.

Ушбу сўзлар ҳам умматга насиҳатлар жумласидандир: «Киши умридан бир соатини ўзи яратилган мақсаддан бошқа нарсага сарфласа, узундан узоқ ҳасрат қилаверсин».

Умр инсон зотига берилган энг азиз ва қимматбаҳо неъмат эканини унутмайлик. Умрни исроф қилиб, гуноҳга ботмайлик. Бу неъматни бу дунёмиз ва охиратимиз фойдасига сарфлайлик.

Вақтларнинг энг яхшиси ҳақида

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий яна айтадиларки: «Вақтларингнинг энг яхшиси унда ўта ҳожатмандлигингнинг гувоҳи бўлганинг ва хорлигинг мавжудлигига қайтариладиган вақтдир».

Ул зот раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда инсоннинг асли Аллоҳ таолога ўта ҳожатмандлик ва хорликдан иборат бўладиган бўлса, инсон ўзининг аслини яхши англаб етган ва шу ҳолда яшаган пайти энг яхши пайти бўлиши ҳақида сўз юритмоқда.

Банда ўзининг Аллоҳ таолога ўта ҳожатмандлигига доимо гувоҳ бўлиб туриши ва хорлигининг мавжудлигига қайтиб туриши учун доимий равишда У Зотни зикр қилиб, У Зотнинг муроқабасини – кузатиб турганини ҳис қилиб яшамоғи лозим. Шу билан бирга, банда яна Аллоҳ таолога дуо қилиб, илтижо этиб ва У Зотдан умидвор бўлиб яшамоғи керак. Аллоҳ таолога бандаликнинг ҳақиқати шундан иборатдир.

Мана шу вақтларнинг энг яхшисидир.

(Тамом)

Охунжон Охунов тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
Солиҳ салафлардан бири қийин аҳволда қолди. Очликдан силласи қуриб, бир боққа кириб қолди. Қараса, дарахтда қипқизил олма пишиб турибди. Қўлини чўзиб, олмани бир давоми...

3247 08:00 / 20.12.2020
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон айтади .Халифа Мутаваккил вафот этгач, тушимда кўрдим. .Аллоҳ сенга қандай муомала қилди, деб сўрасам, .Мени мағфират қилди,, деди. .Қандай давоми...

2834 07:17 / 18.10.2019
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг, 29оят.Бировнинг молини ботил давоми...

3912 10:00 / 21.12.2018
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳдан сўралганда давоми...

3013 19:10 / 10.03.2019
Аудиолар

213383 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132602 14:35 / 11.08.2021