1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

49-боб. Волидалар раҳмлидирлар

20:00 / 01.07.2019 1876 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

89. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бир аёл келди. Оиша унга учта хурмо берди. У ҳар бир боласига биттадан хурмо бериб, ўзи учун бир дона хурмони олиб қолди.

Икки бола хурмоларини еб бўлиб, оналарига қарашди. У қолган хурмони иккига бўлиб, ҳар бир болага яримтадан берди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар. Оиша бўлган ишни айтиб берди. Ул зот:

«Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун Аллоҳ ҳам у аёлга раҳм қилди», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари қанчалар содда ва камтарона бўлганини билиб оламиз. Бир аёл ёрдам сўраб келибди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳода уч дона хурмодан бошқа унга берадиган нарса йўқ экан.

Мазкура аёл ўзида оналик меҳрини тўла-тўкис мужассам қилган аёллардан экан. Учта хурмони олиши билан иккитасини икки боласига биттадан бўлиб берибди. Оч-наҳор болалар бирпасда хурмоларни еб бўлиб, онасидаги бир дона хурмога кўз тика бошлашибди. Шунда меҳрибон она болаларини ўзидан устун кўриб, ҳалиги хурмони ҳам иккига бўлиб, икки боласига бир бўлакдан берибди.

Бу ҳолат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони таажжубга солибди. Онанинг ўз фарзандларига раҳмлилигидан ажабланибдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келганларида бўлиб ўтган гапларни ва ўз таажжубларини гапириб берибдилар.

Шунда у зот:

«Бунинг нимаси сени ажаблантирди? Икки боласига раҳм қилгани учун Аллоҳ у аёлга раҳм қилди», дедилар».

Демак, болага раҳм қилиш, уни парвариш қилиш, қорнини тўйдириш ва бошқа ташвишларнинг барчаси ота-оналик бурчини адо этишгина бўлиб қолмай, бунинг учун ота-онага савоб ҳам ёзилар ва Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор қилар экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ёрдам сўраб келган одамга уч дона хурмо бўлса ҳам бериш кераклиги.

2. Оналар болаларга ўта меҳрибон бўлишлари.

3. Боласига раҳм қилганга Аллоҳ таоло ҳам раҳм қилиши.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Файзли бир хонадонда ўта иноқ бўлган туғишган акаука бор эди. Улар ёнмаён қўшни бўлиб яшар, бирга деҳқончилик қилишар, ҳосилни ҳам бирга йиғиштириб олишар давоми...

3024 11:00 / 29.07.2022
Анасдан ривоят қилинади.Бир яҳудий аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўштини олиб келди. Ул зот ўшандан едилар. Ҳалиги аёл тутиб давоми...

1980 15:00 / 23.12.2021
Саллом ибн Амр Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир саҳобаларидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қулларингиз биродарларингиздир. Уларга давоми...

1648 11:02 / 21.09.2020
Амр ибн Муъоз Ашҳалий момосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга .Эй мўмина аёллар Сизлардан ҳеч бир аёл зинҳор ва зинҳор қўшни аёлга давоми...

1996 11:20 / 23.11.2019