1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Поклик иймондандир (Иккинчи мақола)

10:55 / 27.06.2019 2389 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1) Қандай қон чиқса ҳам нажосат ҳисобланмайди?

а) Барча турдаги балиқнинг қони, чунки у сувда яшайди;

б) Чивин, бурга ва битнинг қони. Чунки уларнинг қони жуда оз бўлиб, оқмайди;

в) Одамнинг жароҳатидан чиқиб, бир жойда тўпланиб қолган қон. Агар у оқса, нажосат ҳисобланади;

г) Сўйилган жонлиқ гўштининг томирида қолган қон, чунки у оқувчи қон эмас.

2) Қонлик ҳукмидан истисно қилинадиган қонлар қайсилар?

Жигар ва қораталоқнинг қони.

3) Қуюқ йиринг ва суюқ йиринг нима?

Қоннинг айниб, ҳидланиб, қуюқлашгани қуюқ йирингдир. У ташқарига оқса, қоннинг ҳукмида бўлади. Яъни таҳоратни синдиради.

Қоннинг пишиб етилиб, суюқлашгани суюқ йиринг дейилади. У ҳам қоннинг ҳукмида бўлади.

4) Яна нималар нажосат ҳисобланмайди? 

а) Гарчи кўп бўлса ҳам балиқнинг, чивиннинг ва пашшанинг қони;

б) Аёл фаржининг ташқи ёки ички қисмида пайдо бўлган намлик;

в) Янги туғилган бола, қўзичоқ ва тухум устидаги нажосат аралашмаган намлик;

г) Йиртқич қуш ва йиртқич ҳайвонларнинг пат, тирноқ, тук, суяк, тиш ва шох каби жони ва руҳи йўқ аъзолари;

д) Заҳарли ўсимликлар, тамаки, сурма нажосат ҳисобланмайди.

5) Суюқ ва қуюқ нарсалар нима сабабли нажосатга айланади?

Сув, сут каби суюқ нарсалар нажосатга тушиши ёки унга нажосат тушиши билан нажас бўлади.

Қуюқ нарсалар устига суюқ нажосат тушиши ёки нажосат бўлган нарсаларнинг нами унга ўтиши билан нажасга айланади.

6) Бир киши қуруқ нажосатни қўли билан ушласа, қўли нажас бўладими?

Унинг қўли нажас бўлмайди. Шунингдек, она ёки бошқа киши ёш боланинг қуруқ нажосатли кийимини ушлаб кўтариши билан ҳам қўли нажас бўлмайди. Шунинг учун уламолар «Қуруқдан қуруққа нажосат ўтмайди» деган қоидани ишлаб чиқишган.

7) Қуруқ пок кийим сиқилганда томчиламайдиган нажосатли нам кийимга ўралса нажас бўладими?

Йўқ, пок, қуруқ кийим нажас бўлмайди. Чунки намлик нажосатли кийимдан қуруқ кийимга ўтиб, уни нажосатга айлантирмайди.

8) Қўли ёки баданини нажас сочиқ билан артган кишининг қўли ёки бадани нажосат бўладими?

Йўқ, унинг қўли ёки бадани нажосат бўлмайди. Чунки бу ҳолатда сочиқ қўл ёки бадандан намликни ўзига олади. Сочиқдаги нажосат қўлга ёки баданга ўтмайди. Қўл ёки баданда нажосат асари (ранги ёки ҳиди) пайдо бўлган ҳолатда нажосат ҳукмини олади.

9) Қуруқ нажосатли тўшакда ухлаб, бадани терлаган кишининг баданини бу тердан ҳўл бўлган тўшак нажас қиладими?

Унинг бадани нажас бўлмайди. Лекин баданида нажосат асаридан ҳид ёки ранг пайдо бўлса, бадан нажас ҳисобланади. Чунки қуруқ тўшак бадандан чиққан терни ўзига олади. Ҳўл бадан эса нажосатни ўзига олмайди. 

10) Қуруқ ердаги кўриниб турган қуруқ нажосат устига тушган пок ҳўл кийим нажас бўладими?

Пок кийим ерга тушгани сабабли ер ҳўл бўлса ҳам у кийим нажас бўлмайди. Кийимда нажосат асари (ранги ёки ҳиди) пайдо бўлсагина у кийим нажосат бўлади.

11) Агар қуюқ шинни ва қотган ёғга ўхшаш қуюқ модда устига суюқ нажосат тушса, шинни ёки қотган ёғнинг барча қисми нажасотга айланадими?

Йўқ, унинг ҳамма қисми эмас, балки нажосат теккан усти нажас бўлади. Шу қисмини сидириб олиб ташлаш билан қуюқ шинни ёки ёғнинг қолган қисми поклигича қолади. Қуюқ шинни ва қотган ёғ устига тушган қаттиқ нажаснинг атрофи нажосат бўлади. Уни ўйиб олиб ташлаш билан шинни ёки ёғнинг қолган қисми поклигича қолади.

12) Оқувчи қон гўштга ёпишса, нима бўлади?

Гўшт нажосат айланади.

13) Балиқ ва сувда яшайдиган ҳайвонларнинг қони кийимга тегса нима бўлади?

Кийим поклигича қолади.

14) Агар кийимга бир дирҳамдан оз миқдордаги нажас ёғ тегса, кейин у ёйилиб бир дирҳамдан кўп бўлиб кетса-чи?

Бундай кийим билан намоз ўқиб бўлмайди.

15) Сийдик томган кийим сувга ташланса, сув нажас бўладими?

Ҳа, агар ўша кийимдаги нажосат оз бўлса ҳам сувнинг барчаси нажас айланади. Кийим эса худди нажас сувга бўктирилгандек бўлиб қолади.

16) Агар ҳўл оёғини қуруқ нажас ерга ёки қуруқ нажас гиламга қўйса, оёқ нажосат бўладими?

Бунда оёқ нажосат бўлмайди. Агар қуруқ оёқни ҳўл нажас ерга қўйганда оёғи ҳўлланса, у нажосат ҳисобланади. Агар оёғи ҳўлланмасдан, намланса оёқ нажосат бўлмайди. Оёққа озгина миқдорда нажосат тегишининг аҳамияти йўқ.

17) Қуриган тезак ёки нажосатли тупроқни шамол учириб кийимга теккизса, кийим нажосат бўладими?

Агар кийимда нажосат асари (ранги, ҳиди) кўринмаса, кийим нажосат бўлмайди.

18) Агар шамол нажосатлар устидан келиб, ҳўл кийимга тегса ва унда нажосатнинг ҳиди билинса-чи?

Кийим нажосат бўлади. Агар нажосатнинг ҳиди ёки тутуни қуруқ кийимга ёки баданга тегса, нажосат қилмайди.

19) Уйнинг ичида тезак ёқилиб, унинг тутуни ёки буғи уй шифтига кўтарилиб ёпишса, кейин шифт эриса ёки терлаб, суви кийимга тегса, кийимни нажосат қиладими?

Агар кийимда нажосатнинг асари (ранги, ҳиди) пайдо бўлмаса, кийимни нажосат қилмайди.

20) Бир киши маний тегиб қуриган тўшакнинг устида ухласаю, сўнгра терлаб тўшак ҳўл бўлганида баданида ҳўлликнинг асари пайдо бўлмаса, нажосат бўладими?

Бу ҳолда бадан нажосат бўлмайди. Агар тер тўшак ҳўл бўладиган даражада кўп бўлиб, унинг ҳўли баданга тегиб, танада унинг нишонаси пайдо бўлса, бадан нажосат бўлади.

21) Агар эшак сувга сийсаю, бу сачраб инсоннинг кўйлагига тегса, шу кўйлакда намоз ўқиса бўладими?

Намоз ўқиса бўлади. Агар у кўп бўлиб, унинг сийдиклигига ишончи комил бўлса, у ҳолда ўқимайди. Худди шунингдек, тезаклар сувга отилса, шундан кийимга сачраса, кийимда нажосат пайдо бўлса, бу кийим билан намоз ўқилмайди, агар пайдо бўлмаса, намоз ўқилаверади.

22) Агар отнинг оёғида нажосат бўлсаю, у сувда юрганида сув отлиқнинг кийимига сачраса, кийим нажосат бўладими?

Агар унинг кийимида нажосат асари кўринмаса, нажосат бўлмаслиги тўғрироқ.

23) Ҳожатхонада кийимга пашша ўтирса, кийим нажосат бўладими?

Нажосат бўлмайди.

24) Бир кишининг оёғига лой тегса ёки лойда юрса, уни ювмасдан намоз ўқиса, намози жоизми?

Ҳа, лекин лойда нажосат асари бўлса, жоиз эмас, оёғини ювгани яхши.

25) Агар пок тупроқ нажосат сув билан қорилса ёки нажосатли тупроққа пок сув қўшилса, бу лой нажосат саналадими?

Бунда лой нажосат бўлади.

26) Лойга қўшилган нажосатли сомон ҳукми қандай?

Агар сомон кўп бўлиб кўриниб турса, нажосат бўлади. Ундай бўлмаса, нажосат саналмайди. «Фатавои Қозихон»да «қуриса пок бўлиб кетади», дейилган.

27) Агар масжид тўшагининг устида ит ухласа, тўшак нажосат бўлмайдими?

Агар тўшак қуруқ бўлса, нажосат бўлмайди, ҳўл бўлиб, нажосатнинг асари кўринса, нажосат ҳисобланади.

28) Агар ноннинг ичидан сичқоннинг тезаги чиқса, нима бўлади?

Агар тезак қаттиқ бўлса, тезакни олиб ташлаб нонни еса бўлаверади.

29) Агар сут соғилган идишга қўйнинг қумалоғи тушиб кетса, нима бўлади?

Агар у зудлик билан олиб ташланса, нажосат бўлмайди. Агар титилиб-майдаланиб кетса, у нажосатга айланади. Чунки бутун қумалоқнинг устида парда бўлиб, нарса ўтказмай туради.

 30) Итнинг жунидан кийимга боғич қилса бўладими?

Бўлади, зарари йўқ.

(Тамом)

«Hilol» журнали, 1- сонидан олинди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Президентимизнинг жорий йил 27 майдаги .Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида,ги Фармони юртимизда коррупцияга қарши давоми...

2832 20:56 / 17.06.2019
Ҳеч шакшубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

6112 14:30 / 01.08.2019
Ало ибн Зиёд айтади .Бир киши нима иш қилса, доим риё билан қилар эди. Кийимларининг енгини шимариб, кеккайиб юрар, Қуръон ўқиса, овозини баланд қилиб хўжакўрсинга давоми...

2079 07:10 / 15.05.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда у зот Роббиси субҳанаҳу ва таолодан нақл қилиб айтади.Мен бандаларимнинг барчасини давоми...

3797 14:46 / 08.01.2018
Аудиолар

121434 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42933 14:35 / 11.08.2021