1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм ўзи нима ёхуд илмсизлик

14:02 / 26.06.2019 3161 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Шу билан бирга, воқелигимиздан келиб чиқиб, минг афсуслар ила таъкидламоқчимизки, кўпчилигимиз илмга керакли масъулият билан қарай олмаймиз.

Хусусан, диний таълимотларни ўрганишга бўлган эътиборимиз жуда ҳам ночор ҳолда. Кўпчилигимиз диний тушунчаларни ўзлаштириш учун тайёр турган китобни ўқишга ҳам дангасалик қиламиз.

«Илм» сўзи араб тилида бир нарсанинг бошқасидан ажратиб турадиган белгиси маъносини англатади. Бинобарин, илм таълим ўрганувчининг кўп такрорлаши сабабли унинг шахсиятига таъсир ўтказувчи омил эканини билиб оламиз.

Луғат илмининг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлган Ибн Манзур: «Илм жоҳилликнинг акси бўлиб, у бир нарсанинг бошқалардан ажралиб турувчи белгисини билиб олишдир», деган.

Илмнинг истилоҳий маъноси қуйидагича:

Журжоний ўзининг «Таърифот»да: «Илм воқеликка мувофиқ бўлган жазмли эътиқоддир», деган.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Илм бир нарсани худди ўзидек идрок қилишдир».

Илм ва унга боғлиқ маъноларни ифода этган ояти карималарнинг сони уч юз етмиш тўққизтадир. Биз ушбу ўринда уларнинг баъзиларинигина келтириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (Фотир сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, махлуқотлардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ушбу оятда шундай марҳамат қилади:

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?» (Зумар сураси 9-оят).

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён қиладилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга фақат олимларнинг ақли етар» (Анкабут сурасида 43-оят).

Бу борадаги ҳадиси шарифларнинг адади жуда ҳам кўп. Биз намуна сифатида фақат бир нечтасини келтирамиз.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос. Аллоҳ беради.

Модомики бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунича Аллоҳнинг амрида қоим бўлар экан, уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Дин таълимотларини яхши тушуниш банда учун катта бахт-саодат бўлиб, бу ҳолат Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганига далолат қилади. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос. Аллоҳ беради», демоқдалар.

Яъни «Мен Аллоҳ таоло берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий илм берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилса, уни ўзаро ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакина тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб оладилар ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Саҳоба ва улуғлардан илм ҳақида ривоят қилинган ҳикматлар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини эсга оламиз.

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деган экан.

2. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан.

3. Ибн Абдул Барр Ҳилол ал Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди:

«Огоҳ бўлинглар! Энг содиқ гап Аллоҳнинг гапи. Энг гўзал ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидояти. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганлари.

Огоҳ бўлинглар! Илм одамларга уларнинг акобирларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар».

4. Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Илмни ўрганинглар ва одамларга таълим беринглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозеъли бўлинг. Уламоларнинг жабборлари бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди».

5. Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб, саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтириб, нафас ростлади ва қуйидагиларни айтди:

«Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалблар идишлардир. Уларнинг яхшиси кўпни ўз ичига оладиганидир. Сенга айтадиган нарсаларимни ёдлаб ол.

Одамлар уч тоифадир: олими роббоний; нажот йўлини ўрганувчи; пасткаш, ғавғочи, ҳар кимга эргашувчи, ҳар шамолга мойил бўлувчи, илм нуридан зиё олмаган кимса.

Илм энг яхши молдир. Илм сени қўриқлайди, сен молни қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади, мол сарфлаш билан ноқис бўлади.

Олимга муҳаббат қилиш лозим тутиладиган диндир. Илм туфайли олим ҳаётида тоат касб этади, вафотидан сўнг яхши ном билан эсланади. Молнинг қолгани эса у билан қўшилиб завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар эса тирикдирлар.

Уламолар замон тургунича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда мавжуддир.

Албатта, мана бу ерда (қўли билан кўксига ишора қилди) илм бор, уни кўтарадиганларни топсанг эди! Ҳа, топилса ҳам, тез тушунадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Ҳужжатларини Аллоҳнинг Китобига қарши, неъматларини бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли ҳаққа эргашиб, ҳаётни қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан қалбида шак аланга олади. Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутқазгани топилади. Ёки молу дунё тўплашга ва уларни сақлашга мубтало бўлгани топилади. Улар ҳам дин даъватчилари эмас, кўпроқ далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайдилар. Бундай илм уни кўтариб юрувчиларнинг ўлими ила ўлади.

Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун ер юзи Аллоҳнинг ҳужжати ила қоим бўлувчидан холи бўлмас. Уларнинг адади оздир. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир. Улар ила Аллоҳ Ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша(ҳужжат)ларни ўз тенгдошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганларнинг қалбларига экурлар.

Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар. Улар баданлари билан дунёда бўлсалар ҳам, руҳлари аъло мақомларга боғлиқ бўлур.

Ана ўшалар Аллоҳнинг юртларидаги халифалари ва динига даъватчилардир.

Эй воҳ! Уларни кўришга шавқим келур! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!»

6. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу илм билан бирга амал ҳам бўлиши зарурлигини доимо таъкидлар эдилар.

Ибн Абдулбарр ва Дорақутний келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Эй илм ўрганганлар, унга амал қилинглар. Албатта, ҳақиқий олим илмни ўрганиб, кейин амал қилган ва амали илмига мувофиқ келган кишидир. Бир қавмлар бўлурки, улар илмни кўтарсалар ҳам, у бўғизларидан нарига ўтмас. Ичлари ташларига, илмлари амалларига хилофдир. Ҳалқаларни бир-бирларига кўз-кўз қилиш учун қурурлар. Ҳатто бир киши ўзиникини қўйиб, бошқанинг ҳалқасига ўтирганга ғазаб қилур. Уларнинг амаллари ўша мажлисларидан Аллоҳ азза ва жаллага кўтарилмас».

«Руҳий тарбия» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бозорга кираётиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди . ,. . , . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу давоми...

2558 15:00 / 01.06.2020
Қуръонда таъкидланишича, бандалар қилётган ҳар битта ишни Аллоҳ кўриббилиб туради. Жумладан, Бақара сурасида шундай дейилган Аллоҳдан қўрқинг Билингки, Аллоҳ давоми...

1996 11:09 / 12.08.2020
Кеч киргач, Риёҳ аёлини синаш учун уйқуга кетди. Кечанинг чорак қисмини қиёмда ўтказган аёл .Туринг, эй Риёҳ, деб, эрини тунги намозга уйғотди. Риёҳ .Ҳозир тураман,, давоми...

2850 08:00 / 28.07.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга давоми...

2781 11:00 / 23.01.2019