Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (37-дарс). Янги фуруъул фиқҳ китоблари

20:00 / 14.06.2019 4020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. «Ал-Фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу».

Бу китобнинг муаллифи суриялик машҳур олим доктор Ваҳба Зуҳайлийдир. У киши Дамашқ университети шариат куллиясида фиқҳ йўналишига кўпдан буён раҳбарлик қилади. Бир неча Ислом фиқҳи академияларининг аъзоси. Катта илмий анжуманларда фаол иштирок қилади.

Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»дан бошқа китоблари ҳам бор.

1. «Тафсири Мунийр».

Ўттиз икки жузли бу катта асар ўн олти жилдда нашр этилди.

2. «Осорул ҳарби фил фиқҳил Исламий».

Бир жилдли бу асарда жуда ҳам кўп маълумотлар келтирилган.

3. «Усулул фиқҳил Исламий».

Икки жилдли бу китобда усулул фиқҳ илми замонавий ва осон йўл ила баён этилган.

«Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»ни Доктор Ваҳба Зуҳайлий Дамашқдаги «Дорул Фикри» нашриёти таклифига биноан, ҳозирги замон мусулмонларига шариат аҳкомларини кенг миқёсда тушунтириш мақсадида ёзган. Унда муайян бир мазҳабга суянилмаган. Асосан, тўрт мўътабар мазҳабга асосланилган.

Доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»да далилларни Қуръони Карим, Суннати набавия ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари ва ақлий далилларидан олган.

Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг фикрича, ким Ислом фиқҳини фақат Қуръонга боғлаб қўйса, Исломнинг томирини қирққан бўлади ва ундай шахс Ислом душманларига яқин бўлади. Ким Ислом фиқҳини фақат суннатга боғлаб қўйса, уни нуқсонга бурган ва унга ёмонлик қилган бўлади.

Доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»да фақиҳлар далил қилиб келтирган ҳадисларнинг саҳиҳлиги ва бошқа мартабада эканлигини, кимлар ривоят қилганини ҳам айтиб ўтган.

Китобда аввал умумий тушунчалар келтирилиб, кейин тўрт мазҳабдан ҳар бирининг ўзига хос қарашлари алоҳида баён қилинган.

«Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»нинг янги нашрларидан бирига ёзилган муқаддимада Доктор Ваҳба Зуҳайлийнинг ўзи китобнинг самараси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

«Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ушбу китобим ўзининг аниқлиги, ишончлилиги ва воқелиги ила икки асосий ишга ўз ҳиссасини қўшди:

Биринчиси:

Мусулмонларни тўғри йўлга йўналтириш ва уларга Аллоҳнинг дини ва шариати аҳкомларини ўргатиш. Хусусан, илмлар аралаш-қуралаш бўлиб кетган, мутахассислик озайган, шаръий аҳкомлардаги фатволар аниқ бўлмай қолган бир пайтда...

Сиртдан Исломга мансуб бўлган, аммо ўзлари ундан узоқ бўлган кишилар ҳамда ижтиҳод ва янгилашни даъво қилиб, шаръий ҳукмларни тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатдан олишга уринаётган кимсалар томонидан қаттиқ ҳужумга учраб турилган бир пайтда бу китоб фиқҳий мазҳабларга ёрдамчи бўлди. Ҳолбуки, мазкур кишилар далиллардан ҳукм чиқаришнинг энг бошланғич қоидаларини ҳам билмайдилар. Балки, илмдан, шариат аслларидан ва араб тилидан мутлақо бегона кишилардир. Улар мазҳабларнинг фиқҳи жуда ҳам метин ва чуқур фиқҳ эканини билмайдилар ёки билишни истамайдилар.

Доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»нинг аввалида ва биринчи қисмни бошлашдан олдин фиқҳ ҳақида икки юз саҳифалик зарурий муқаддималарни келтирган.

«Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» китоби ҳақиқатан ҳам таҳсинга сазовор китобдир. Аммо бир киши бир неча мазҳабни худди ўзидек қилиб баён этиши мушкул. Ҳозирги замон моликий фиқҳининг кўзга кўринган уламоларидан бири устозимиз шайх Тоййиб Абдулваҳҳоб Наъоснинг таъкидлашларича, Доктор Ваҳба Зуҳайлий «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу»да моликий мазҳаби далилларини келтиришда нуқсонларга йўл қўйган. Гоҳида уларнинг далилларини тўлиғича келтирмаган.

2. «Эълоус-сунан».

Бу китобнинг муаллифи Зафар Аҳмад Усмоний бўлиб, у киши Ҳиндистоннинг Дуюбанд шаҳрида ҳижрий 1310 сана рабиъул аввал ойининг 13-куни туғилган. Диний илмларни ўша вақт ва ернинг кўзга кўринган уламоларидан, жумладан, тоғаси Ҳакимул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавийдан олган. Кейинчалик ўзи ҳам турли илмлардан дарс берган.

Сўнгра тоғаси Ҳакимул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий унга фатво ва дарсни топширган ҳамда ­«Эълоус-сунан» китобини ёзишни амр қилган. Зафар ­Аҳмад Усмоний «Эълоус-сунан»ни йигирма йил давомида ёзган. Бу китоб муқаддималари ила йигирма жуз бўлган.

Зафар Аҳмад Усмоний бошқа кўплаб китобларни ҳам ёзган. Улардан баъзиларини эслаб ўтишимиз мумкин:

1. «Инжоул ватан анил издирои би имамиз-заман».

Бу китобда Зафар Аҳмад Усмоний имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг, у кишининг шогирдлари ва издошларидан бўлган катта муҳаддис фуқаҳоларнинг таржимаи ҳолларини кенг равишда келтирган.

2. «Далоилул Қуръон ъалаа масоилин-Нуъмон».

Бу Жассоснинг «Аҳкомул Қуръони»га ўхшаш китобдир. Унинг номидан ҳам мақсад имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабига хизматлиги кўриниб турибди.

3. «Кашфуд-дужа ъан важҳир-риба».

Рибо ва унга оид масалалар баёни.

4. «Ал-фатавий ал-Имдодия».

Бу китоб Зафар Аҳмад Усмонийнинг фатво сўраганларга берган жавоблари тўпламидир. Бу тўплам етти жилдли бўлган ва тоғаси Ҳакимул Умма Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавий уни «Имдодул аҳком фий масоилил ҳалали вал ҳаром» деб номлаган.

Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1394 сана зулқаъда ойида вафот этган.

«Эълоус-сунан» Зафар Аҳмад Усмонийнинг бош асари ҳисобланади. Бу китобнинг учта катта муқаддимаси бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида бир китоб ҳисобидадир.

Биринчи муқаддиманинг номи «Қавоиду фий улумил ҳадис» бўлиб, унда ҳадис илмига оид жуда кўп қоида ва фойдалар жамланган. У ўзига хос ягона турдаги китоб шаклига келган.

Иккинчи муқаддима «Қавоиду илмил фиқҳи» деб аталади ва жуда кўп фиқҳий қоидаларни ўзига жо қилган.

Учинчи муқаддима «Абу Ҳанифа ва асҳобуҳул муҳаддисийн» деб номланган ва ҳанафий мазҳабидаги муҳаддислар ҳамда уларнинг илмий асарлари ҳақида нодир маълумотларни ўзида жамлаган.

«Эълоус-сунан»нинг ёзилиши сабаби ҳақида машҳур олим Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Ушбу улкан фойда соҳиби бўлган китобнинг ёзилиш сабаби тахминан ушбу асрнинг ярмидан бошлаб, Покистон ташкил бўлишидан олдин, Ҳиндистоннинг баъзи ерларида ўзларини «аҳли ҳадис» деб атаб олган айрим кимсалар бошлаган нағмадир. Улар «Ҳанафийларнинг мазҳаби кўп масалаларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига хилоф», дея жар солишди. Улар яна «Ҳанафийлар қиёсни ҳадиси шарифдан устун қўядилар», деган даъвони қилишди. Шунингдек, улар мўътабар тўрт имомга тақлид қилишни инкор этдилар ва ҳанафий фиқҳига, хусусан, миллатнинг имоми Абу Ҳанифанинг фиқҳига туҳмат қилишди.

Ушбу сохта даъволарга қарши ҳинд диёрининг забардаст уламолари раддия қилишга бел боғладилар. Улар ҳадис борасида ёзган китоблари орқали мазкур даъволарни парчалаб ташладилар. Ўша китобларда ҳанафий фақиҳлар ҳадиси шарифларни қандай ишлатишларини баён қилиб бердилар. Шунингдек, ҳанафий фақиҳлар ҳатто заиф ҳадисни ҳам қиёсдан устун қўйишларини исбот қилдилар.

«Эълоус-сунан»нинг муаллифи эса ҳанафийлар саҳобаларнинг гапларини ҳам қиёсдан устун қўйишларини ҳужжат ва далиллар ила исботлаб берди».

Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳи Зафар Аҳмад Усмонийнинг «Эълоус-сунан»ига ёзган тақризида бу китобни юксак баҳолаб, қуйидагиларни ёзади:

«Ҳақиқатан, аллома Таҳонавий, Аллоҳ у кишининг савобини кўпайтириб берсин, ўзининг «Эълоус-сунан» китобида фиқҳ бобларининг – «Китоби таҳорат»дан бошлаб, охирги бобларигача – барча далилларини тўлиқ келтирган. Бу ишда у жуда катта меҳнат қилган, ҳадис ва фиқҳга оид масалаларнинг нозик ерларини очиб берган. Бу нарсалар уламоларнинг эътиборини жалб қилган ва китоб қўлма-қўл бўлиб кетган. Катта уламолар ҳам ундан бирор нусха топишни ўзларидаги улкан орзулардан бирига айлантиришган».

Кўзга кўринган арбоблардан аллома Кавсарий ­«Эълоус-сунан»ни кўриб, ундаги маълумотлар ва улкан илмий ишлардан даҳшатга тушганини, муаллифга қойил қолганини айтади.

Ҳақиқатан ҳам, «Эълоус-сунан» Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳи таъкидлаганидек, «ҳижрий ўн тўртинчи асрда ёзилган энг катта ва энг афзал китобдир».

«Эълоус-сунан» кўп марта нашр этилган. Улардан баъзилари 22 жузни ташкил қилади.

3. «Ал-фиқҳул Ҳанафийю ва адиллатуҳу».

Бу китобнинг муаллифи шайх Асъад Муҳаммад Саъийд Соғирчидир. Китоб исмининг таржимаси «Ҳанафий фиқҳи ва унинг далиллари» бўлади. Унинг исмидан муаллифнинг мақсади билиниб турибди. «Ал-фиқҳул Ҳанафийю ва адиллатуҳу»нинг биринчи нашри 2000 йилда амалга оширилди.

Муаллиф фиқҳий муқаддималардан кейин эски фиқҳ китоблари тартиби ила масалаларни келтириб, уларнинг далилларини ҳанафий мазҳаби бўйича баён қилишга ўтган.

«Ал-фиқҳул Ҳанафийю ва адиллатуҳу» уч жуздан иборатдир. Иложи борича тартибли қилишга ва далилларни батафсил келтиришга ҳаракат қилинган бўлса ҳам, бу китобнинг янада унумлироқ бўлиши учун ҳаракат қилиш мумкинлиги кўриниб туради.

4. «Ал-фиқҳул Ҳанафийю фий савбиҳил жадийд».

Бу китобнинг муаллифи Абдулҳамийд Маҳмуд Тоҳмоздир. Китобнинг исмини таржима қиладиган бўлсак, «Ҳанафий фиқҳи янги кийимида» бўлади. Муаллиф, ҳақиқатан ҳам, ўз услуби, тартиби ва тақдим қилган маълумотлари ила ҳанафий фиқҳига янги кийим кийдиришга ҳаракат қилган.

«Ал-фиқҳул Ҳанафийю фий савбиҳил жадийд»нинг муаллифи Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз муқаддимадан сўнг фиқҳнинг таърифи ва аҳамияти ҳамда имом Абу Ҳанифа ҳақларида керакли маълумотларни тақдим қилган ва эски фиқҳ китоблари тартиби бўйича иш бошлаган. Осон ва равон тил билан ёзилган маълумотларнинг тартиби ҳам гўзал бўлган. Майда масалаларни ҳам эринмай баён қилган. Керак бўлганда, далилларни ҳам келтирган. Китобнинг биринчи нашри милодий 1998 йилда амалга оширилган. У беш жуздан иборат.

Биринчи жуз: Ибодатлар.

Иккинчи жуз: Шахсий ҳолатлар.

Учинчи жуз: Ҳукм низоми, қозилик ва жазолар.

Тўртинчи жуз: Муомалалар.

Бешинчи жуз: Ширкатлар, қисмат, таомлар, ичимликлар, ман ва мубоҳлар.

5. «Фиқҳус-сунна».

Бу китобнинг муаллифи бир вақтлар Мисрдаги «Ихвонул муслимийн» ташкилотининг аъзоси бўлган Саййид Собиқдир. Кўпчилик уни, бу ташкилотдан ажраб чиққунча ихвонларнинг муфтийси бўлган, дейишади.

Саййид Собиқнинг бу китобнинг биринчи нашрига ёзган кириш сўзи ҳижрий 1365 сана 15 шаъбон куни эканлигидан китобнинг бошланғич тарихини билиб олсак бўлади. «Фиқҳус-сунна»нинг муқаддимасида фиқҳнинг аҳамияти ҳақидаги сўзлар билан бирга фиқҳий мазҳабларга қарши қаттиқ ҳужумлар бор. Унда фиқҳий мазҳаблар тарихида бўлган нодир ҳолатлар умумий бало-офат шаклида талқин қилинган ва бу нарса умматнинг ҳидоятдан мосуво бўлишига сабаб бўлганлиги айтилган. Жумладан, унда қуйидагиларни ўқиш мумкин:

«Мазҳабларга тақлид ва таассуб қилиш оқибатида уммат Китоб ва Суннат ҳидоятини йўқотди. Ижтиҳод эшиги беркилганлиги ҳақида сўз пайдо бўлди. Шариат фақиҳларнинг гапидан иборат бўлиб қолди. Фақиҳларнинг гапи шариат бўлиб қолди…»

«Бунинг оқибатида уммат турли фирқа ва ҳизбларга бўлиниб кетди... Шунингдек, бунинг оқибатида бидъатлар тарқалди, суннатнинг белгилари йўқолди».

Энг қизиғи, «Фиқҳус-сунна»га тақриз ёзган Ҳасан Банно Саййид Собиқни ва унинг «Фиқҳус-сунна»сини мадҳ қилгани ҳолда, фиқҳга ва ўтган фуқаҳоларга бир оғиз ҳам сўз теккизмаган.

«Фиқҳус-сунна» уч жуздан иборат. Муаллиф олдин масалани ва унинг ҳукмини зикр қилиб туриб, унга Қуръон ва Суннатдан далил келтиради. Кўпчилик жойларда уламоларнинг қавлини келтирса ҳам, кимники эканини айтмайди. Баъзи жойларда «уламоларнинг айтишича», «кўпчилик уламоларнинг иттифоқ қилишича» каби ибораларни ишлатади. Мужтаҳид уламоларнинг исмлари ҳам баъзи ўринлардагина зикр қилинади.

«Фиқҳус-сунна»нинг тартиби жуда ҳам яхши, сўзлари енгил бўлиб, кўп томондан ўқувчи учун осон бўлиши кўзда тутилган. Китоб ёзилган пайтда кўпчилик истаб турган нарсаларга катта аҳамият берилган. Шунинг учун бўлса керак, «Фиқҳус-сунна» кўпчиликда, айниқса араб зиёлилари ичида катта шуҳрат топган. У қайта-қайта чоп қилинган. Ҳатто 1995 йилги «Дорул Фикр» нашри нусхасида «Фиқҳус-сунна»нинг шуҳратини «Тафсири Жалолайни» ва «Риёзус-солиҳийн»га тенглаштирилган.

Шу билан бирга, бу китобни танқид қилувчилар ҳам оз эмас. Айниқса фиқҳий китобларни қайта ёзиш кўпайганидан, фиқҳнинг қадр-қиммати кишиларга англатилганидан, кўпчиликнинг кўзи очилиб, орадаги фарқни тушуниб боргандан ва мазҳабсизлик оқибатлари янгитдан аён бўлганидан кейин танқид яна ҳам кучаймоқда.

Ҳатто «Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу» китобининг соҳиби доктор Ваҳба Зуҳайлий «Фиқҳус-сунна»нинг номи ҳам хато эканлигини фиқҳ фақат суннатдан олинмаслигига ишора қилиш билан баён этади.

Саййид Собиқнинг бошқа китоблари ҳам бор. Жумладан, «Ал-ақоид ал-Исламийя» китоби ҳам кўп тарқалган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таҳовий, Дора Қутний ва Исҳоқ ибн Роҳовайҳ Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилишган .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, давоми...

3749 17:00 / 03.02.2022
. Аллоҳ таоло.Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир. Агар бундан кўп давоми...

2429 09:05 / 11.09.2019
.Фароиз, сўзи фарз сўзининг жамъидир. Фарз эса луғатда, ўлчов, кесиш ва баён қилиш маъноларини билдиради. Шариятдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва давоми...

8538 05:00 / 18.01.2017
Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифда келган қуйидаги жумлалар ёрдамида ўрганиб чиқайлик 1. .Унда Одам халқ давоми...

1047 19:00 / 19.10.2023