1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳидоятнинг таъми

21:10 / 31.05.2019 4629 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1947 йил. Афён шаҳри қамоқхонаси. Қишнинг изғиринли кунлари. Мамлакатда диндорлар таъқибга олиниб, қамоқларга ташланаётган аянчли кунлар.

Шундай диндорлардан бири Хусрав Олтинбошоқ Афёндаги қамоқхонага олиб кирилди. Олтмишдан ортиқ энг оғир жиноятчилар бўлган камерага қўйилди. Мақсад шу ердаги бирорта маҳбус уни ўлдириб юборса...

У ердаги маҳбусларнинг қамоқ муддатининг энг енгили 50 йил. Хусрав хонага кириб салом берди. Аммо саломга ҳеч ким алик олмади. Бир чеккага бориб жимгина ўтирди. Камера ўта совуқ ва зах эди. Деразаларнинг ойналари яхлаган. Хусравга ётиш учун тўшак ҳам берилмади. Маҳбуслар унга эътибор қилишмади....

Уч кун зах ерда ётишга тўғри келди. Аммо, шу уч кун мобайнида намозини ҳеч канда қилмади. На хонанинг совуғи, на маҳбусларнинг бадмуомалалари унинг хушуъсига таъсир эта олди.

Тўртинчи куни унинг ёнига афти қўрқинчли, баҳайбат бир маҳбус яқинлашди. У қамоқхонанинг Эфеси, яъни Оғабеги эди.

– Домламисан? – қўполлик билан Хусравга юзланди.

– Домламасман. Лекин намоз ўқийман.

– Савол берсам жавоб берасанми?

– Биладиган нарсам бўлса, жавоб бераман.

– Мен ўн саккизта одамни ёққанман. Ўн бешта одамни ўлдирганман. Ўғирлик қилганман. Ундан бошқа ҳам кўп ёмон ишларни ҳам қилганман. Айт-чи, мен шу ҳолимда жаннатга киришим мумкинми? – дағдаға қилди оғабей.

Хусрав одамнинг қўрқинчли юзига қаради.

– Саволингга жавоб бераман. Кел ўтир.

Маҳбус ўтирди.

– Қаерликсан?

– Қора денгизданман.

– Қора денгизни кўрганмисан.

– Албатта кўрганман.

– Ўша денгизга бир томчи сув қўшилса, унинг суви кўпайгани билинадими?

– Йўқ, албатта.

– Хўп. Бир томчи сувидан олинса, камайгани билинадими?

– Бир томчи сув нима бўларди? Албатта билинмайди.

Хусрав жилмайди.

– Аллоҳ таолонинг шундай раҳмат денгизлари бор. Унинг бу раҳмат денгизи олдида сенинг гуноҳларинг бир томчи сувдек ҳам эмас. Сен гуноҳларингга астойдил надомат чекиб, тавба қилиб, беш вақт намоз ўқисанг, нафақат жаннатга киришинг, унинг ўртасига жойлашиб, у ерда абадий қолишинг ҳам мумкин.

Маҳбуснинг юзига қон югурди. У нари кетди. Маҳбусларга бақирди:

– Мен шунча гуноҳим билан жаннатга киришим мумкин бўлса, сизлар ўйнаб-кулиб кирар экансизлар. Қани тайёргарлик кўринглар... Ҳаммангиз ғусл қилинг, таҳорат олинг!

Хонанинг ўртасида сув жўмраги бор эди. Унинг атрофини ўрадилар. Ҳамма маҳбуслар ўша ерда қўрқиб, лекин гўзал ҳолатда ювиниб таҳорат олдилар.

Пешин вақти кирганда, Оғабей Хусравнинг олдига келиб деди:

– Сен бизга имом бўласан. Биз жамоат бўлиб сенга эргашамиз.

Бирга намоз ўқидилар.

Кечқурун ухлашга ётишдан олдин Оға ҳамма тўшакларни устма-уст тахлашга буюрди. Ҳамма ҳайрон, лекин ҳеч ким эътироз билдира олмасди. Хусрав сўради:

– Сен, нима қилмоқчисан?

– Домла! Сен уч кун ерда ётдинг. Биз сенга жой бермадик. Энди бунинг жазосига биз ҳаммамиз ерда ётамиз, сен эса шу тўшакларда ухлайсан.

– Сиз бу ишни билмай қилдингиз. Мен билиб туриб бундай зулмга рози бўлолмайман. Виждоним йўл қўймайди....

Кунлар ўтди. Кейинчалик намозларни тасбеҳлари билан адо қила бошладилар. Гўзал суҳбатлар қилдилар. Қамоқхона том маънодаги мадрасага айланди.

Бир куни оғабей Хусравнинг олдига келиб деди:

– Агар бу ердан эсон-омон чиқадиган бўлсам, қаерда бўлсанг ҳам сени излаб топаман.

Кўп ўтмай, Хусравнинг айбсизлиги маълум бўлиб, озодликка чиқди. Маҳбуслар кўзларида ёш билан уни кузатиб қўйишди.

Орадан икки йил ўтиб, 1950 йилда мамлакатда умумий катта авф эълон қилинди. Барча маҳбуслар озод бўлиб уйларига, оилалари томон тарқалишди. Бизнинг Эфе эса, ўзи айтганидек, чиқа солиб, Хусравнинг шаҳрига, Афёндан то Испартагача яёв юриб кетди. Улар кўришдилар. Оғанинг кўзларида ёш...

– Аввал оиланг олдига бормадингми?

– Шунча жиноятларга монелик қилмаган оиламгами? "Сен оғасан" деб, ҳар бир жиноятга ташвиқ қилган оиламгами? Асло! Сен менинг ва биродарларимнинг ҳидоятига сабабчи бўлдинг. Аллоҳ сендан рози бўлсин! Агар сен Америкада бўлганингда ҳам валлоҳи, биллоҳи, олдингга борардим...

Аллоҳнинг раҳмат денгизининг чегарасиз эканини, тавба эшиги ҳар он очиқ эканини унутмаслик тилаги ила...

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Хаббазий раҳимаҳуллоҳ дейдилар .Оғир касалликка йўлиқдим. Мени кўргани бир солиҳ қўшним келди ва менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4126 10:39 / 11.08.2021
Муҳаддис ва аллома Бадриддин Ҳасанийдан .Бир соатдан кейин вафот этишингизни билиб қолсангиз, қандай амал қилардингиз, деб сўрашди. У киши .Илм ўқирдим,, дедилар. давоми...

2358 15:09 / 01.07.2020
Африка... Коинотнинг энг жазирама ушбу ери ҳақида нималарни биламиз Энг ноёб жониворлару, инсон қадами етмаган манзиллар, цивилизацияни четлаб ўтаётган давоми...

3618 15:00 / 26.05.2021
Ўлимни эслаш ҳақида салафи солиҳларимиз ҳам жуда кўп ҳикматли гапларни айтганлар.Умар ибн Абдулазиз уламолардан баъзисига.Менга ваъз қилинг,, деди..Сен ўладиган давоми...

5788 21:09 / 02.12.2018
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021