1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фидя

10:10 / 29.05.2019 4427 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом шариатида буюрилган маълум бир амал ўрнига мол сарфлаш «фидя» дейилади. Бунинг учун шариатда кўрсатилган узрли сабаблар мавжуд бўлиши лозим. Масалан, Рамазон ойи рўзасини узрли сабаблар туфайли тута олмай қолганлар бунинг учун фидя берадилар.

Исломда инсонни унинг тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло рўза фарз қилиниши билан бирга

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир» деб марҳамат қилади (Бақара сураси, 184-оят).

Ҳадиси шарифда: «Бу оят насх бўлмаган, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмаслар, шунинг учун ҳар бир кун ўрнига камбағални таомлантиришади», дейилган. Бошқа ҳадиси шарифда: «Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва тузалмас касалларгагина берилади», дейилган.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг йўлга қўйилиши бежиз эмас. Унда камбағалларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг уни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. Қариялар рўзага кучлари етса тутишлари лозим, тута оладиган ҳолда фидя берса, дуруст бўлмайди. Юқорида келтирилган ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ўта қари чолу кампирлар, ўлим тўшагида ётган қариялар ва тузалишидан умид бўлмаган касаллардир. Бундай касал ўзи ёш бўлса ҳам ўлим тўшагида ётган қариялар ҳукмидадир. Бу тоифадаги кишилар рўза тутиш имконига эга бўлмаганлари учун ўрнига фидя беришлари йўлга қўйилган.

Рўза тутишда вақтинчалик қийинчиликка учраб, кейин яна рўза тутиш имконига эга бўладиган касаллар худди ҳомиладор ва эмизикли аёллар, мусофирлардек қазо рўзасини янаги Рамазон келгунча тутиб беришлари лозим.

Ҳадиси шарифда: «Ким ўлсаю унинг зиммасида ойнинг (фарз) рўзаси бўлса, унинг номидан ҳар бир кун ўрнига бир камбағалга таом берилсин», дейилади. Чунки тутилмай қолган рўза, ўқилмай қолган намозлар банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қарзи ҳисобланади, уни узиш фарзандларининг (меросхўрларининг) елкасидадир. Фидя беришда марҳумдан қоладиган мероснинг учдан бир миқдоригача сарфлаш мумкин. Меросхўрлар бўлмаса, ҳаммасини сарфлаш жоиз. Мусулмон кишининг баъзи намозлари ёки рўзаси қазога қолган бўлса, киши вафот қилишидан хавфсиралган пайтда агар қоладиган ортиқча моли бўлса, ворисларига фидя беришни васият қилиши вожиб. Аммо марҳум васият қилмаган бўлса, фидя бериш ворисларига вожиб эмас.

Камбағал дейилганда кундалик ҳаёти қийинчиликда ўтаётган, кўчага чиқиб тиланчилик қилишга виждони йўл қўймаётган одам тушунилади. Фидя бир камбағалнинг бир кунлик ўртача тирикчилигини таъминлайдиган овқат миқдори бўлиб, унинг ҳажми таом ёки унга тўғри келадиган пул бирлигида белгиланади. Бунда ҳар бир жойнинг иқтисодий-маиший шарт-шароитидан келиб чиқилади. Бир кунлик рўза учун бериладиган фидя фитр садақаси (яъни икки килограмм буғдой ёки унинг нархи)дан кам бўлмаслиги лозим. Ўликни кўмгандан кейин фидя бериш жоиз бўлса ҳам, уни кўммасдан олдин бериш афзалдир.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонида тақводор, намозини доимо масжидда жамоат билан ўқийдиган бир йигит бор эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уни ниҳоятда давоми...

6645 08:06 / 07.11.2018
Мавлид маросимлари ўтказишни мустаҳаб деб айтган уламоларимиз қадимдан бу ишнинг жоиз бўлиши, савобли бўлиши учун бир қатор шартларга, одобларга амал қилиш давоми...

3954 15:06 / 23.11.2018
1. Кибрли бўлманг. Камтарин ва мулойим бўлинг Ер юзида кибру ҳаво ила юрма Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассанrdquo давоми...

4829 16:30 / 27.03.2019
Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний мавзуда тарқатилаётган фикрлар юртдошларимизни бефарқ қолдирмаяпти.Таъкидлаш жоизки, диний таълимот ўта давоми...

2480 16:05 / 26.12.2019
Аудиолар

211043 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130303 14:35 / 11.08.2021