1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазоннинг охирги ўн кечаси

17:40 / 27.05.2019 2237 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида: 

«Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Қадр кечаси борлигидандир.

Биз ҳам севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечасининг ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар», дер эдилар». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Қадр кечаси борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Қадр кечасини топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Ҳар бир имкони бор киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Қадр кечасининг охирги етти (кеча)да эканлигини кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, уни охирги етти (кеча)да изласин», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Мўмин кишининг туши ваҳий кабидир. Азоннинг саҳобалар кўрган тушлари сабабли шариатга киритилганини аввал ўрганиб ўтган эдик. Мана энди саҳобаи киромларнинг тушлари Қадр кечасини аниқлашга ёрдам бермоқда. Аввалги ҳадисларда айтилган ўн кеча етти кечага қисқартирилиб, Қадр кечасини ана шу етти кечадан излашга тарғиб қилинмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн(кечаси)да изланглар: тўққиз (кеча) қолганида, етти (кеча) қолганида, беш (кеча) қолганида», дедилар». 

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятга биноан, Қадр кечасини йигирма биринчи, йигирма учинчи ва йигирма бешинчи кечаларда излаш керак бўлади.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдилар. Сўнгра ўрта ўн (кунлик)да эшиги бўйрадан бўлган кичик қубба ичида эътикоф ўтирдилар. Кейин бўйрани қўллари билан олиб, қуббанинг бир томонига сурдилар-да, бошларини чиқариб, одамларга гапирдилар. Улар у зотга яқинлашдилар. Шунда у зот:

«Мен ушбу кечани излаб, аввалги ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдим. Сўнгра ўрта ўн (кунлик)да эътикоф ўтирдим. Кейин менга келинди ва «У (кеча) охирги ўн (кунлик)дадир», дейилди. Бас, сиздан ким эътикоф ўтирмоқчи бўлса, ўтирсин», дедилар.

Шунда одамлар у зот билан эътикоф ўтирдилар. У зот:

«Менга тушимда унинг тоқ кеча эканлиги ва унинг тонгида лой ва сувга сажда қилишим кўрсатилди», дедилар.

Бас, йигирма биринчи кеча тонги отиб, Бомдод намози бўлганида осмондан ёмғир ёғди. Масжидга чакка ўтди. Лой ва сувни кўрдим. Бас, у зот масжиддан пешоналари ва бурунларининг учи лой ва сув бўлган ҳолларида чиқдилар. Қарасам, у охирги ўн (кунлик)даги йигирма биринчи(кеча) экан».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда:

«Менга Лайлатул Қадр кўрсатилди. Сўнгра эсимдан чиқарилди. Унинг тонгида лой ва сувга сажда қилаётганимни (тушимда) кўрдим», дедилар. Йигирма учинчи кечада ёмғир ёғди», дейилган.

Шарҳ: Одатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг бир бурчагида бўйраларни тиклаб, бир кишилик қубба ясаб олиб, эътикоф ўтирганлар. Жамоат намози вақти бўлганда чиқиб, намозга ўтганлар ва яна қуббага кириб, ибодатда давом этганлар.

Ушбу ривоятда келишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир йили кичик қубба ичида Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунликларида эътикоф ўтирганлар. Учинчи – охирги ўн кунлик келганда эса қуббанинг бўйрадан бўлган эшигини очиб, бошларини ташқарига чиқарганлар. Масжидда ўтирган кишилар бу ҳолни кўриб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин келдилар.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини излаб, Рамазоннинг аввалги ва ўрта ўн кунликларида эътикоф ўтирганлари, аммо тушларида у кеча охирги ўн кунликда эканлиги, ўша кечанинг аломати ўлароқ, у зот тонгда лой ва сувга сажда қилишлари кўринганлигини сўзладилар. Сўнгра одамларни ҳам эътикоф ўтиришга тарғиб қилдилар.

Бир куни тонгда ёмғир ёғди. Масжиди Набавийнинг томи хурмо шохлари билан ёпилган эди, холос. Ёққан ёмғирнинг кўп қисми масжиднинг ерига тушар эди. Бомдод намози ўқилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари ва бурунлари учига лой ва сув тегди. Кишилар дарҳол Қадр кечасининг аломатини эсладилар. Қарашса, йигирма биринчи кеча экан.

Бу ҳолдан воқиф бўлган уламоларимиз «Қадр кечаси бир йил у кечада, бир йил бу кечада бўлиб, кўчиб юради», деган фикрни айтганлар. Шунинг учун у кечани топмоқчи бўлган киши Рамазон ойининг ҳамма кечаларини ибодат билан ўтказса, шубҳасиз, уни топган бўлади. Зотан, Лайлатул Қадрни маълум бир кечага тайин қилмасликдан мақсад ҳам кишиларнинг бир кечага эътимод қилиб қолмасдан, Рамазони шарифнинг барча кечаларида ибодат қилиб, кўпроқ ажру савоб олишларига эришишдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ХI бобФақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Эшитувчи музаккирга юзланиб ўтириши, уни тўғри қалб билан тинглаши ва бошқа бирор нарса билан давоми...

1968 15:00 / 13.05.2019
СаволБу воқеа ўн беш йиллар олдин бўлиб ўтган эди. Мен мактабда ўқиган кезларимда бир дўкондан ҳар куни ширинлик харид қилар эдим. Пулим етмаганлиги сабабли мен давоми...

2656 15:55 / 17.03.2020
Абу Исҳоқ айтади .Амр ибн Шураҳбил тўшагига ётаётиб, .Қанийди онам мени туғмаганда эди,, деди. Аёли унга .Эй Абу Майсара, Аллоҳ сизга яхшилик қилмадими Сизни Исломга давоми...

1571 08:00 / 06.01.2020
Абу Бакр Аттор айтади .Жунайд Абул Қосим жамоат билан намоз ўқиб турганида ўлим ҳозир бўлди. У намозни ўтириб ўқиётган эди. Сажда қилишга чоғланиб, оёқларига давоми...

2121 08:00 / 23.06.2020
Аудиолар

120325 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41965 14:35 / 11.08.2021