1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ҳуд алайҳиссалом (давоми)

14:40 / 26.05.2019 1768 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг».

«Шу туфайли биз сенинг пайғамбар эканингга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз», демоқда.

«Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг Худойингга сиғинувчи эмасмиз»

«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».

«Қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб, сен ҳақингда бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:

«Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос», дейишди.

Яъни «Жинни бўлибсан» деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб: «Алаҳсираб, ҳар хил гапларни гапиряпти», дейишмоқда.

Ҳолбуки, Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари пурҳикмат, олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ўз ичига олган эди.

У қавм бундай гапларни айтиб турганида Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:

«Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».

«Менинг пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:

«...ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен сиз ширк келтираётган Ундан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг».

Бу ҳам иймони комил инсоннинг Аллоҳ таолога ишонч билан айтган гапларидир. Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга – қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.Аммо Ҳуд алайҳиссалом ўзларининг ҳақ йўлда эканларини бутун вужуди билан англаб етган пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у зотга ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билар эдилар.

Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:

«Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир» (56-оят).

Шунинг учун ҳам: «Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим».

Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккул қилинадиган зот йўқ.

«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».

«Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳҳор Аллоҳ таолодан қўрқаман ва Унгагина суянаман».

«Роббим тўғри йўлдадир».

«Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда».

«Агар юз ўгириб кетсангиз, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчидир» (57-оят).

Яъни «Агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган жойим йўқ».

«...мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».

«Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари сифатида менга нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни адо этдим. Энди У Зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа,

«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».

«Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга Ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса,

«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».

«Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди, чунки сиз ожиз бир бандасиз».

«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир», деди.

«Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилиб олади».

Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» (58-оят).

«Ваъда қилинган азобни юбориб, Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида Ҳуд алайҳиссалом ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам қаттиқ азобдан қутқардик.

Аммо ўша азоб кофирларни қаттиқ тутди. У қандай бўлганини Аҳқоф сурасидаги қуйидаги оятлар баён қилади:

«Унинг (азобнинг) водийлари томон булут бўлиб келаётганини кўрганларида: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз ошиққан нарса – аламли азоби бор шамолдир» (24-оят).

Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқнинг таъсиридан ҳаво лов-лов қиздирган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, бундай дейилади:

«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қайл исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакрнинг олдига бориб, ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгач, Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилибди: «Аллоҳим! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилгани ҳам келганим йўқ. Аллоҳим! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин».

Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан «Танлаб ол!» деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда «Ўшани ол!» деган нидо келибди».

Оятдаги «водийлари томон», яъни Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ана шу азоб булутидир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм «Энди қурғоқчиликдан қутулар эканмиз», деб хурсанд бўлди ва: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди.

Лекин илоҳий рад жавоби бошқа хабарни келтирди: «Йўқ!»

«Сиз айтгандек эмас. Ўзингиз Ҳуд пайғамбарга «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз».

«Бу ўзингиз ошиққан нарса – аламли азоби бор шамолдир».

«Бу сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз – азобдир. Бу – азобни, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир», дейилди.

Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:

«Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур. Масканларидан бошқа нарса кўринмайдиган ҳолга айланди. Жиноятчи қавмларни шундай жазолармиз» (25-оят).

Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли бўлиб, у Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон-ҳалок қилиши керак эди.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос.

Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди. У ўтган жойларда уй-масканлардан бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлиб кетди.

Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундай тарзда ҳалок қилгач, Ҳуд алайҳиссалом Ҳазрамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазрамавтнинг Тарим номли шаҳри яқинига дафн этилдилар.

Аллоҳ таолонинг боида арабларга юборган иккинчи пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломдир.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Милодий 625 сана 23 мартда Уҳуд жанги бўлиб ўтди. Ҳижрий тақвимда эса бу жангни ҳижратнинг учинчи санаси, шавволнинг еттинчисида бўлган дейишади.Жангдан бир неча давоми...

1471 22:07 / 24.10.2022
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ридда урушлари тамом бўлганидан кейин Исломнинг тинчлик, омонлик дини экани, унинг адолати, фазилати, каромати ва нурини оламга давоми...

1258 09:15 / 26 январь
Азиз ўқувчи, салибчиларга Фаластиннинг бир қарич ерини ҳам беришдан бош тортган, тарих тажовузкорлари томонидан ёмонотлиқ қилинган mdash Усмонийлар халифасининг давоми...

5185 19:00 / 04.04.2021
У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулъуззо ибн Риёҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Разоҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луай Қураший Адавийдир. У киши давоми...

1156 17:00 / 15 апрель
Аудиолар

120393 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42019 14:35 / 11.08.2021