1444 йил 17 зулқаъда | 2023 йил 06 июнь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли дўзахнинг сифати

19:24 / 02.12.2016 3500 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз. Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деган.
Куфрнинг охири яхшилика олиб бормаслиги аниқ. Куфр келтирганлар бу дунёда турли бало офатларга дучор бўлиб ўтишлари собит бўлган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Куфр келтиганларнинг охиратда нима бўлишларини ушбу ояти карима васф этмоқда.

«Оятларимизга куфр келтирганларни, албатта, дўзахга киритармиз».
Аллоҳнинг оятига куфр келтирганлар жаҳаннамга кириш билан чегараланиб қолмайдилар.
«Қачонки, терилари етиб пишганда, азобни тортишлари учун бошқа тери алмаштирармиз».
Уларга азобни тортиш учун терилари ҳар гал етиб пишганда, бошқа янги терилар алмаштирилади ва азоб янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул абад давом этади.
«Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир».
Шунинг учун ҳам куфр келтирганларга мазкур азобни раво кўргандир.
Уламолар ушбу даҳшатли ҳолатни тушунтириш учун бир қанча ривоятлар келтирганлар.
Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади: «Бир одам ҳазрати Умар ҳузурларида мазкур оятни ўқиган эди у киши: «Бу оятни менга яна қайтариб ўқиб бер», дедилар. У одам қайта ўқиди. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу: «Бу оятнинг тафсирини мен биламан, бир соатда териси етмиш марта алмаштирилади», дедилар.
Ҳазрати Умар: «Худди шуни Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитганман», дедилар.
Демак, ўт-олов кучли бўлганидан, бир зумда куйдириб жизғанак қилиб ташлайди ва яна янгидан азоб чекишлари учун тезда терилари янгиланади. Аммо у терилари бу дунёдаги териларига ўхшаш бўлмайди, Аллоҳ таоло дўзахларнинг азобини янада кучайтириш учун териларини ҳам бошқача қилиб қўйган бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса, Уҳуд тоғича бўлади», деганлар.
Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб алмашишини тасаввур қилиб олаверинг! Аллоҳ Ўзи асрасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дўзахда кофирнинг икки елкаси ораси тезкор отлиқ учун уч кунлик масофачаликдир», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.

Яна ўша кишдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кофирнинг озиқ тиши ёки кофирнинг олд тиши Уҳуд мисличадир. Унинг терисининг қалинлиги уч кунлик йўлдир», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида: «Албатта, кофирнинг терисининг қалинлиги қирқ икки аршиндир. Албатта, унинг озиқ тиши Уҳуд мисличадир. Албатта, унинг жаҳаннамдаги ўриндиғи Макка билан Мадийна орасичадир», дейилган.

Яна ўша кишдан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни кофирнинг озиқ тиши Уҳуд мисличадир. Унинг сони Байзо мисличадир. Дўзахдаги ўриндиғи Рабза каби жойнинг уч мислича масофадир», дедилар».
Шарҳ: Байзо ва Рабза Мадийнаи Мунаввара яқинидаги икки маконнинг исмларидир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Албатта, кофирнинг тили бир фарсах ва икки фарсахга тортиб чиқарилади. Одамлар уни босадилар», дедилар».

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар унда бадбашара ҳолда бўлурлар». Олов уни қовуради. Устки лабини бошининг ўртасигача, остки лабини киндигигача куйдиради», дедилар». Ушбу учовини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азиз ўқувчи, биз юқорида Аллоҳ таолонинг нақлий ва ақлий далиллар билан собит бўлган бир қанча сифатларини ўрганиб чиқдик. Ана ўша сифатларга иймон келтириш лозим давоми...

1860 15:00 / 26.04.2021
Мўминмусулмонлар .жин, деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг давоми...

1840 00:00 / 01.11.2022
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қиладиУ Зот ирода қилган нарсадан бошқа бўлмас.Шарҳ Яъни борлиқда Аллоҳ таолонинг иродасидан бошқа ҳеч нарса давоми...

2981 18:05 / 11.11.2019
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМутакаббир.Мутакаббир, исмининг маъноси кибриёси ва улуғлиги беҳад деганидир. У Зотнинг олдида бошқалар қул бўлиб туради. У Зот ҳар бир давоми...

8785 08:22 / 20.04.2017