1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Мусо алайҳиссалом

17:10 / 10.05.2019 2920 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиръавнлар  тамаддуни

Миср Африка қитъасининг энг серҳосил минтақаларидан бири эди. Шунинг учун унинг аҳолиси жуда ҳам кўп бўлиб, унда фиръавнлар давлатига асос солинди.

Секин-аста бу давлатнинг ҳукмдорлари худолик даъвосини қилишга ўтишди. Халқни турли-туман эҳромлар бино қуришга мажбурлаб, ҳайкаллар ясаттиришди. Бу ишларни ўзларининг таъбири билан тамаддун – цивилизация деб атадилар.

Мана шу пайтларда Иброҳим алайҳиссалом ўз жуфти ҳалоллари Сора онамиз билан Мисрга келдилар. Миср фиръавни Сора онамизни ўзиники қилиб олишга уринди. Лекин у кишини фиръавндан Аллоҳ таолонинг Ўзи қутқарди. Бу воқеанинг тафсилотини Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва пайғамбарликлари хусусидаги бобда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис орқали батафсил ўрганган эдик.

Фиръавн Сора онамизга Ҳожарни ҳадя қилиб берди ва икковларини Мисрни тарк қилишга амр этди. Бу гаплар ҳам юқорида айтиб ўтилди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло золим фиръавнларга Шом юртидан келган чўпонларни устун қилиб қўйди. Бора-бора улар катта ҳудудни ўзларига бўйсундириб, подшоҳ бўлиб олишди ва бу халқ Ҳалкусис деган ном билан танилди.

Фиръавнларнинг маълум бир даври Тутмос (Тҳутмос) III (мил. авв. XV аср) ҳамда Рамсес II (мил. авв. XIII аср) даври деган ном билан машҳур бўлди. Тутмос III ҳамда Рамсес II Шомдаги Ҳайсия давлатига қарши уруш олиб бориб, уни йўқ қилишди. Уларнинг диёрида хойротлар зиёда бўлди. Шу билан бирга, куфр, фисқу фасод, ширк каби иллатлар ҳам ҳаддан ошиб кетди. Бу ишларнинг энг ёмони шу бўлдики, Бану исроилликлар ичида «Яқинда бир ўғил бола туғилиб, фиръавн ва унинг қавмини йўқ қилади», деган гап тарқалиб, фиръавнлар Бану Исроилда туғилган ўғил болаларни ўлдира бошлашди.

Мусо алайҳиссалом «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлардан биридирлар. У зотнинг «Калимуллоҳ» деган лақаблари ҳам бор. Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётлари куфрга, исёнга, ширкка қарши кураш билан ўтган.

Бану Исроил Юсуф алайҳиссалом даврларида асл ватанларидан Мисрга ҳижрат қилган эди.

Акалари Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб кетганларидан сўнг карвондаги йўловчилар у кишини топиб олиб, Миср азизига, яъни вазирга сотишди.

Орадан йиллар ўтиб, Юсуф алайҳиссалом бош вазирлик мартабасига кўтарилдилар ва ота-оналари бошлиқ бутун қавмларини Мисрга чақирдилар.

Замон ўтиши билан улар шу жойда ўрнашиб, ўзларидан кўпайиб, кўп сонли халққа айланишди. Қавмларидан кўплаб пайғамбарлар чиққан, қадимдан самовий динлар билан алоқада бўлиб, пайғамбарлар келтирган ақийда ва динга эгалик қилиб яшаб ўтган бу халқ Мисрнинг бутпарастлик динини ҳеч қабул этмас, айниқса фиръавннинг шахсига сиғинишни мутлақо истамас эди. Ўзини Худо ўрнига қўйган фиръавн уларни айнан шу сабабли қийнарди.

Шу билан бирга, илоҳий таълимот, илоҳий тузум ва илоҳий адолатдан хабардор бўлган Бану Исроил қавмида фиръавн ўз шахси, ҳукми ва худолик даъвосига қарши катта хавф-хатарни кўрарди. Бану Исроилнинг ҳақиқатдан хабардорлигининг ўзи фиръавн учун катта ташвиш эди. Фиръавнга қолса, қани энди Бану Исроил ўзи билган ҳақиқатга амал қилмаса ва ўша ҳақиқатни ерлик аҳолига ҳам ўргатмаса.

Шу мақсадда фиръавн дастлаб уларнинг ораларини бўлиб ташлади. Бану Исроилни эзиш, зуғум ўтказиш сиёсатини олиб борди, ўзига сиғингани учун ерлик аҳолини улардан юқори қўйди. Ниҳоят Бану Исроилни заифлаштириш йўлини ўйлаб топди: ўғилларини бўғизлаш ва қизларини тирик қолдириш сиёсатини қўллади. Шу йўл билан аста-секин Бану Исроилни ер юзидан умуман йўқотишни режалаштирди. Эркаклар йўқ бўлиб кетаверса, одам сони камаяди, аёлларни хоҳлаган кўйга солиш осон бўлади.

Бунинг учун баҳона ҳам топилди. Ривоятларда келишича, фиръавн атрофидаги гумашта сеҳргар-коҳинлар унга «Бану Исроилдан келажакда туғилажак бир ўғил бола сенинг мулкингнинг заволидир», деган хабарни етказишди.

Фиръавн ўз мулкининг заволга учрашига чидай олмади. Тахтига бўлган хавфни жонига бўлган хавфдан устун кўрди. Гарчи ўзи худоликни даъво қилса ҳам, тахтига хавф солгани учун она қорнидаги ҳомиладан ҳам қўрқди.

Фиръавннинг гумашталари унинг бу заиф жойини яхши билишарди. Шунинг учун фиръавнга ёқмаган тоифанинг ҳомиладаги боласини ҳам унга ашаддий душман, тахтига кўз олайтирган қилиб кўрсатишга уринишди. Келажакда Бану Исроилдан туғиладиган ҳар бир ўғил бола унинг мулкининг заволи бўлиши мумкин. Шу боис фиръавн «Улар дарҳол ўлдирилсин!» деган фармон чиқарди. Шу соатдан бошлаб ҳар бир Бану исроиллик ҳомиладор аёлнинг ёнида бир доя қўшилиб юрадиган бўлди. Аёлнинг кўзи ёриши билан доя кўрар, чақалоқ ўғил бўлса, хабар берар ва жаллодлар болани ўлдиришарди. Шу тариқа фиръавн ўзининг мисли кўрилмаган шафқатсиз сиёсатини юргизди.

Мусо алайҳиссалом даврларида Рамсес II нинг фиръавн, яъни Миср подшоҳи (мил. авв. XIII аср) бўлганини кўпчилик таъкидлайди. Қуръони Каримда Худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, одамларга ўзини робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмай, унинг айтганини қилмаган, унга қул бўлишни хоҳламаганларга чексиз зулм ўтказган ягона ҳукмдори мутлақ бу шахс мустабид подшоҳ сифатида сифатланади.

Ўзи ҳукмронлик қилган ер аҳолисини турли тоифаларга ажратиб, бўлиб ташлаш барча фиръавнларнинг одатидир, чунки у фақат ўзини, ўз ҳаловатини, ўз тахтини ўйлайди, тахтдан ажраб қолмаслик учун ҳар қандай пасткашликдан қайтмайди. Аҳолини парчалаш эса фиръавнга айнан тахтни мустаҳкамлаш, шахсий роҳатини таъминлаш учун керак, чунки фиръавн аҳолини тоифаларга бўлиб ташлаб, уларнинг орасида низо чиқариб, бир-бирига қарши қилиб қўйса, улар бир-бирлари билан овора бўлиб, фиръавн билан ишлари бўлмай қўяди. Қайси тараф ўзига яхшироқ топинса, ўшани қувватлаб, бошқаларнинг томошасини кўриб, ҳукм сураверади.

Мусо алайҳиссалом даврларидаги Миср фиръавни ҳам шу йўлдан бориб, Миср аҳолисини турли тоифаларга бўлиб ташлаган эди.

«Улардан бир тоифасини эзар, ўғилларини сўйиб, қизларини тирик қолдирарди. У бузғунчилардан бўлган эди» (Қасас сураси, 4-оят).

Фиръавн эзган тоифа Бану Исроил эди.

«Биз эса ер юзида хўрланганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни, уларни ворислар қилишни ва ер юзида уларга имкон беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг лашкарларига улардан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз» (5–6-оятлар).

(давоми бор)

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пешво, имом, ориф, зоҳидлар саййиди Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Адҳам ибн Мансур ибн Язид ибн Жобир Ижлий Шомда истиқомат қилганлар.Оталаридан, Абу Ҳурайранинг давоми...

6158 18:40 / 12.01.2019
Бани Ҳашиш қабиласининг раисларидан бири қўшнисининг ерини эгаллаб олади. Улар қозига шикоят қилиб боришади. Қози имом Шавконий роҳимаҳуллоҳ эди. Шавконий давоми...

2734 17:00 / 12.04.2022
Қурбонлик қилиш.Бас, бола унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида .Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўряпман, бир ўйлаб кўр, нима дейсан, деди. У .Эй давоми...

3152 18:00 / 07.02.2019
Усмонли империяси ҳудудида йўлларда шундай тошлар бор эдики, улардаги ғовакка қўл суққан инсон истаган миқдорда пул олиши ёки садақа қолдириши мумкин бўлган. Ким давоми...

5340 16:21 / 23.01.2018
Аудиолар

118718 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40687 14:35 / 11.08.2021