1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ибодатда ихлос ва ниятнинг ўрни (биринчи мақола)

15:00 / 08.05.2019 2086 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибодатда ихлос ва ният алоҳида ўрин тутади. Ибодатнинг сиҳати, қабул бўлиши ундаги ниятга боғлиқ. Ихлос ва ният шу даражада аҳамиятлики, у билан ибодатлар ухровий ҳамда дунёвийга бўлинади. Ташқи кўриниши ибодат бўлиб кўринган амалга риё, ужб каби дунёвий ғаразлар аралашса, у охират амалидан дунё амалига айланади. Аммо ташқаридан қаралганда дунё амалидек кўринган амаллар тўғри ният билан охират амалига айланади. Мисол тариқасида, бир вақтда вафот топган икки кишини оламиз: Бири масжидда жон берди, иккинчиси эса тунги клубда. Масжидда ўлган жаҳаннамга, тунги клубдагиси жаннатга дохил бўлди. Нима учун? Тунги клубда жон берган одам у ерга яхшилликка даъват қилиш учун кирган эди. Қазо етиб ўша ерда вафот этди. Масжидда ўлган эса, намозхонларнинг нарсаларини ўғирлаш учун кирган эди. Ажали етиб ўғирлик қилаётган вақтда ўлди. Уларнинг ниятидан бехабар одам жон топширган маконларига қараб уларнинг оқибати ҳақида хулоса бериши мумкин. Масжиддаги жаннатга, тунгги клубдаги жаҳаннамга. Аммо уларнинг нияти борар жойларини алмаштириб юборди. Ана ниятнинг аҳамияти!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Амаллар ниятга боғлиқдир”, деб марҳамат қилганлар. Бу мазмундаги ҳадисни уламолар “диннинг ярми” деб баҳолаганлар. Бундан ташқари ибодатдаги ихлос ва ният ҳақида кўплаб ҳадис ва саҳобаларнинг таълимлари ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоси Савбон розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир йиғинда бирга ўтириб қолдим. Ул зот: “Амалларида Аллоҳнинг ризолигини кўзловчи ихлослиларга Тубо бўлсин-ки, улар билан ҳар қандай фитна зулмати ёришиб кетади” – дедилар.

Довуд ибн Муҳаммад Абу Абд Наббожийдан эшитиб айтади: «Бешта хислат бор, ўшалар билан кишининг иймони мукаммал бўлади:

Аллоҳни танимоқ.

Ҳақ билан ботилни фарқига бормоқ.

Амалларни ихлос ила Аллоҳ учун қилмоқ.

Амалларни суннатга мосламоқ.

Ҳалолдан емоқ».

Булар билан иймон камол топишининг маъноси шуки, банда Аллоҳни танисаю аммо ҳақ билан ботилни фарқига бормаса, унга маърифати фойда бермайди. Шунингдек, ҳақни билсаю, аммо Аллоҳни танимаса бунда ҳам унга ухровий манфаат йўқ. Агар Аллоҳни таниса, ҳақ билан ботилни ҳам ажратса, бироқ амалларида ихлос етишмаса у ҳам бесамардир. Аллоҳни ҳам, ҳақни ҳам таниб, амалини ихлос ила бажариб лекин суннатга хилоф иш қилса унинг ҳам фойдаси йўқ. Мабодо тўрт шартни тўлиқ бажариб лекин ризқини ҳаромдан топса бунда ҳам нафлана олмайди.

Рабийъ ибн Анасдан ривоят қилинди: «Диндорликнинг аломати амалдаги ихлос, илмдорликнинг аломати эса Яратгандан қўрқмоқдир!»

Абдулазиз ибн Руфай Абу Сумомадан ривоят қилади: «Ийсо пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаворийлари сўради: «Аллоҳ учун ихлос қилиш нима?» У киши деди: «Амал қилганда унинг ортидан одамларнинг олқишларини кутмаслик ихлосдир!» Улар яна сўради: «Аллоҳ учун насиҳат қилувчи деб кимга айтилади?» У киши жавоб берди: «Аллоҳнинг ҳаққини одамларнинг ҳаққидан юқори қўя олган, олдида бири дунёвий иккинчиси ухровий бўлган икки иш кўндаланг бўлганда дунёвийсидан ухровийсини устун қўя олган киши Аллоҳ учун насиҳатгўй кишидир!»

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Солиҳ амал бу шундай амалки, уни амалга оширганда Аллоҳдан бошқасидан мақтов умид қилинмайди!»

Аллоҳ таоло барчаларимизни амалларни ихлос билан қиладиган бандалар қаторида қилсин!


Авазбек Мўминов

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳдан Унинг фазлини сўранг. Чунки Аллоҳ азза ва жалла Ундан сўралишини хуш давоми...

2458 10:00 / 19.03.2019
Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз .таровеҳ, деб номланиши ҳаммага маълум. Таровеҳ сўзи роҳатистироҳат деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат давоми...

2349 09:00 / 14.04.2023
Телевизор тафаккури заиф, мутолаа ва мулоҳазадан маҳрум одам учун ихтиро қилинган афюндирrdquo, деган эди ўтган асрларда яшаб ўтган турк адиби Жамил Мерич.Ўринли давоми...

4083 15:00 / 25.12.2018
Тафаккур нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг муҳим омиллардан биридир..Тафаккур, .фикр, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, бир нарса ҳақида чуқур фикр давоми...

2570 12:00 / 16.07.2019