1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Ийсо алайҳиссалом (давоми)

19:10 / 05.05.2019 1839 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тақводор одам Аллоҳ таоло эслатилганда ҳар қандай ёвузликдан қайтади. Марямнинг ҳузурига Аллоҳ томонидан элчи бўлиб келган Жаброил алайҳиссалом унга:

«Мен сенга бир пок ўғил ҳадя этиш учун Роббингнинг элчисиман, холос», деди» (19-оят).

Бу одатдан ташқари ғаройиб ҳол эди. Шу боис Марям қаттиқ ҳайратга тушди.

Марямнинг ҳолати оддий инсоний воқеликнинг кўриниши эди. «Менга бирор эркак тегмаган бўлса, яъни тан маҳрамим бўлмаса ёки бошқалар билан ношаръий алоқада бўлган бузуқи аёл бўлмасам, қаердан бола бўлиши мумкин?!» деди.

Жаброил алайҳиссалом: «Шундай, Роббинг ирода қилса, башар тегмаса ва бузуқи бўлмасанг ҳам, фарзанд бўлаверади», деди.

«Ана шундай. Роббинг айтди: «Бу Мен учун осондир» (21-оят).

Яъни «Ҳеч кимсанинг қўли тегмаган, бузуқлик қилмаган пок ва бокира қиз болага фарзанд ато этиш Мен учун ҳеч ҳам мушкул эмас», деди.

«Уни одамларга белги қилишимиз учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиши учун» (21-оят).

Яъни «Биз сенга бу фарзандни одамларга Аллоҳнинг қудратига, холиқлигига ва мудаббирлигига белги бўлиши учун ато қилмоқдамиз».

Фаришта Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлади ва у Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлди.

Орадан маълум вақт ўтди. Ҳомиладор бўлиб қолганидан ҳижолат бўлиб, одамлар кўзидан қочиб юрган бокира Марямни тўлғоқ тутди. Уят, андиша ва хижолатчиликларга тўлғоқ алами ҳам қўшилди. Боз устига, тажрибасиз ёш қиз ўзи ёлғиз эди. Тўлғоқ азоби зўрайгач, хурмо танасини маҳкам тутди ва чидай олмай:

«Қанийди, бундан олдин ўлган ва бутунлай унутилиб кетган бўлсам», деди» (23-оят).

Ибодатхонада вояга етган, поклиги ва тақвоси билан машҳур бўлган бокира қиз учун эрсиз бола туғиш даҳшат эди.

Шу пайт кутилмаган ҳодиса рўй берди. Хижолатдан ўлимига рози бўлиб турган Марямга чақалоқ Ийсо алайҳиссалом

«Унинг остидан нидо қилди: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар сув қилди. Хурмо танасини ўзингга торт, сенга янги хурмо туширади» (24–25-оятлар).

Сўнг Ийсо алайҳиссалом оналарига қилган нидоларини давом эттирдилар:

«Егин, ичгин, кўзинг қувонсин. Бирор одамни кўрар бўлсанг, «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин» (26-оят).

Яъни «Хурмодан е, сувдан ич ва фарзандингга боқиб қувон. Сени бу ғаройиб ҳолда кўрган одамлар турли саволлар бериши мумкин. Сен уларга оғиз оча кўрма. Ишора билан «Мен Роҳман сифатли Аллоҳга рўза назр қилдим, ибодатдаман. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмайман», де. Марямга бундай иш тутиш тавсиясининг яширин ҳикмати бўлиб, бу ҳикмат воқеа ривожида намоён бўлади.

Марям чақалоқни кўтариб, қавмининг ҳузурига олиб борди. Одамлар бу ҳолни кўриб, ҳайратга тушишди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлашди.

Марям ҳар қанча уриниб, уларга ҳақиқатни тушунтирса ҳам, улар «Ўзини оқлаяпти» деб гумон қилишлари аниқ эди. Шунинг учун ўзи бир оғиз ҳам гапирмасдан, «Бундан сўранглар» дегандек, гўдакка ишора қилди. Шунда одамлар аввалгидан ҳам ҳайратда қолиб:

«Бешикдаги ёш бола ила қандай гаплашамиз?!» дедилар» (29-оят).

Бешикда ётган Ийсо алайҳиссаломнинг тилларидан ёш боланинг эмас, «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарнинг сўзлари янгради:

«Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени набий қилди. Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди. Мени волидамга меҳрибон қилди, лекин димоғдор, бадбахт қилмади. Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир» (30–33-оятлар).

Бу илоҳий ҳақиқатлар ҳозиргача янглиш бўлиб келаётган эътиқод, тасаввур ва тушунчаларни тўғрилайди. Ийсо алайҳиссаломнинг таълимоти, у зот ҳақларидаги ботил ғояларни муолажа қилади.

Ийсо алайҳиссалом Фаластиннинг Носира (Назарет) деган шаҳрида яшаб, одамларни Аллоҳнинг ибодатига чақира бошладилар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини нозил қилди. Ийсо алайҳиссалом ким учраса, ўша одамга ваъз қилар эдилар. Аллоҳ таоло у зотга беморларнинг шифосига сабаб бўлиш, туғма кўрларнинг кўзини очиш, песларни тузатиш, ўликни тирилтириш каби жуда кўп мўъжизаларни берган эди.

Ҳаворийлар (хос шогирдлари) у зотнинг даъватларида бирга бўлишди. Ийсо алайҳиссалом ҳаворийлардан бир гуруҳини Шомнинг бошқа диёрларига даъват учун юбордилар.

Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломни қатл қилиш учун ўзаро яширин иш олиб борди. У зотни Фаластиннинг румлик ҳукмдори Понтий Пилатга топширишди. У Ийсо алайҳиссаломни осиб ўлдирмоқчи бўлди. Лекин Аллоҳ у зотга нажот берди: бошқа одамни у зотга ўхшатиб қўйди ва Ийсо алайҳиссаломни Ўз ҳузурига кўтарди. Ҳодиса қуйидагича жараён этди:

«Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марямни очиқ-ойдин аломатлар ва ҳидоят ила пайғамбар қилиб юборганида яҳудийлар у зотга берилган пайғамбарлик ва мўъжизаларга ҳасад қилишди. У зот кўр бўлиб туғилганларни ва песларни даволар, Аллоҳнинг изни ила ўликни тирилтирар, лойдан қушнинг шаклини ясаб, унга пуфласалар, Аллоҳнинг изни билан қушга жон кириб, учиб кетар эди. Аллоҳ у зотни шунга ўхшаш кўплаб мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаган эди. Яҳудийлар эса қаршилик қилдилар ва имкони борича у зотга озор беришга ўтдилар. Ҳатто Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо алайҳиссалом улар бор жойда турмасликка, кўпинча оналари билан бирга сафарда юришга мажбур бўлдилар.

Яҳудийлар бу билан кифояланиб қолмай, у зотни ўша даврдаги Дамашқнинг подшоҳига чақдилар. Подшоҳ юлдузларга сиғинадиган мушриклар тоифасидан бўлиб, унинг миллатига «юнон» деб ном берилган эди. Яҳудийлар унга: «Байтул мақдисда бир одам чиқиб, кишиларни фитнага солмоқда, адаштириб, фуқароларни подшоҳга қарши қўймоқда», деб хабар етказишди. Подшоҳ бундан ғазабланди. Байтул мақдисдаги ноибига мазкур одамдан эҳтиёт бўлиш, уни осиб, бошига тикан қўйиш, унинг «зарари»дан одамларни сақлаш фармонини берди. Мактуб Байтул мақдиснинг волийсига етиб келганида, у фармонни бажаришга отланди. Бир тоифа яҳудийлар билан Ийсо алайҳиссалом турган жойга борди. У зот ўзларига яқин кишилар билан бирга эдилар. Уларнинг сони ўн иккита эди.

Бу воқеа жума кунидан шанбага ўтар кечаси содир бўлди. Яҳудийлар уларни қамалга олишди: ё ғаразгўйлар бостириб киришади, ёки ўзлари уларнинг олдига чиқишлари керак. Бундан бошқа илож қолмаганини англаб етган Ийсо алайҳиссалом шерикларига: «Қай бирингизга менинг суратим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дедилар.

Бир ёш йигит бу ишга тайёрлигини билдирди. Уни хиёл ёш санадилар. Юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит ўзининг тайёрлигини билдирди. Ийсо алайҳиссалом: «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Ийсо алайҳиссаломнинг суратига киритди.

Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Ийсо алайҳиссаломни мудроқ босди. Шу ҳолда осмонга кўтарилдилар. У зот кўтарилганларидан кейин шериклари ташқарига чиқишди. Яҳудийлар қоронғида ҳалиги йигитни Ийсо деб ўйлаб, тутиб осишди ва бошига тикан қўйишди». Баъзи ривоятларда Ийсо алайҳиссаломнинг суратига кирган ва қатл этилган шахс ҳаворийлардан саналган Яҳузо (Яҳудо) Исхарютий  бўлгани, у хиёнат қилиб, Ийсо алайҳиссаломнинг беркинган жойларини яҳудийларга кўрсатиб бергани келтирилади.Аммо ишга бу билан нуқта қўйилмади. Асосий ихтилофлар айнан ушбу воқеадан сўнг бошланди.

Таъкидланганидек, ҳодиса қоронғи кечада, тўс-тўполон ичида бўлиб ўтди. Кўп нарсалар ноаниқ қолди. Шу боис

«У ҳақда ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шакдадирлар» (Нисо сураси, 157-оят).

Аввало ҳодисада иштирок этганларнинг ўзлари ихтилофга тушиб: «Агар ўлдирилган Ийсо бўлса, бирга юрган ўша одами қани? Агар ўлдирилган шахс Ийсо билан бирга юрган одам бўлса, унда Ийсо қани?» дейишди. Лекин «Биз Ийсони ўлдирдик», деб мақтаниб юраверишди.

Насороларнинг баъзилари бу гапга ишонишди, баъзилари эса: «Ийсо ўлганидан кейин кўмилди. Аммо уч кундан кейин яна тирилди», дейишди. Лекин ҳаммаларининг гаплари ҳам асоссиз гаплардир.

Рим императорлари, Бану Исроил Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни қаттиқ азоб-уқубатга солишди. Уларнинг аҳволи жуда ҳам танг бўлди.

Милодий 64 йилда Рим императори Нерон (мил. 54–68 йилларда ҳукмронлик қилган) Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни Римга ўт қўйишда айблаб, уларга озор беришни ҳаддан зиёд ошириб юборди.

Ийсо алайҳиссаломнинг одамларидан бир қисми Ҳижоз ва унинг атрофларига ҳижрат қилиб қочиб кетишди. Кейинчалик аста-секин насроний дини тарқалиб, ҳатто Рим империясининг расмий динига айланди.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кириш.Мусулмон тарихчилар .Тарихни ўрганган кишининг умри узаяди,, дейишади. Ҳақиқатдан ҳам тарихни қунт билан ўрганган одам, гўё ўша ўзи ўрганган даврда яшайди. давоми...

21388 18:35 / 08.01.2019
Арабистон яримороли Исмоил алайҳиссаломдан кейин узоқ муддат илоҳий таълимотлардан кесилиб қолган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом пайғамбар қилиб давоми...

2035 14:00 / 14.07.2019
Мусулмонлар қайтиб кетгач, улар аҳдларидан қайтиб, яна йўлтўсарлик билан машғул бўлишди. Улар мусулмонларни ўлдиришар ва экинларини пайхон қилишар эди. давоми...

6512 19:00 / 13.12.2020
Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган давоми...

11086 20:00 / 20.04.2019
Аудиолар

120388 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42017 14:35 / 11.08.2021