1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рўза қандай ибодат?

12:00 / 03.05.2019 2473 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза дастлаб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин орадан бир ярим йил ўтгач – яъни ҳижратнинг ўн саккизинчи ойи, шаъбон ойининг ўнинчи кунида, қибла Байтул Мақдисдан Каъба тарафга ўзгарганидан кейинги ойда фарз қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Улардан иккитасини ўттиз кундан, қолган еттитасини йигирма тўққиз кундан тутганлар.

Араб тилидаги «совм» (рўза) луғатда «ўзни тийиш» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният билан овқат емаслик, ичимлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик «рўза» дейилади. Рўза тутиш Ислом динининг беш рукни, беш асосидан биридир, Қуръон ва Суннат билан собит бўлган. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз» (Бақара сураси, 183-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом беш нарсага бино қилинган: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир», деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Рўза ақли расо, соғлиғи яхши бўлган ҳар бир мусулмон эркакка ҳамда ҳайз ва нифосдан пок бўлган мусулмон аёлга фарз қилинган. Ҳайз ва нифос кўрган аёллар рўза тутишмайди, кейин қолдирган кунларининг қазосини тутиб беришади. Янги ойни кўриб, рўзага ният қилиш Рамазон рўзасининг асосий шартларидандир. Рамазон ойида ношаръий амаллар қилмаслик, тилни ғийбат, ёлғон сўзлардан тийиш, ўзгага озор бермаслик, яхши хулқли ва раҳм-шафқатли бўлиш рўзанинг одобларидандир.

Рамазон кечасида туриб саҳарлик қилишнинг ўзи рўзанинг ниятига ўтади, чунки саҳарлик қилаётган одамнинг кўнглига рўза тутиш нияти ўз-ўзидан келади. Ҳанафий мазҳабида Рамазон тугагунича ҳар куни ният янгилаб турилади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, Рамазон рўзасини тутишда ҳар кунги ниятни қуёш оққунигача янгилаб олса ҳам бўлаверади, яъни киши тонгдан чошгоҳгача рўзага зид иш қилмай турса, қуёш тиккага келишидан озгина олдин ўша куннинг рўзаси учун ният қилса ҳам, рўза ҳисобига ўтади. Лекин тонгдан кейин еб-ичиб қўйган бўлса, кейин ният қилса дуруст бўлмайди.

Рўзадор кишига яна ушбулар суннатдир: нафсни ёмон ниятлардан тўхтатиш; фойдасиз ҳамда уятсиз сўзларни гапиришдан ва эшитишдан ўзини сақлаш; биров билан уришишдан, ҳар қандай гуноҳ ишлардан ўзни тортиш; мумкин қадар истиғфор, зикр ва тасбеҳ билан банд бўлиш; Қуръон ўқиш; қуёш ботган вақтда шом намозини ўқишдан олдин бир қултум сув билан бўлса ҳам оғиз очиш; Рамазон ойида ҳар куни хуфтон намозидан сўнг йигирма ракат таровеҳ намози ўқиш; таровеҳ намозида Қуръони Каримни ўқиб ёки эшитиб хатм қилиш; Рамазонда хуфтонни жамоат билан ўқиган кишининг витр намозини ҳам жамоат билан ўқиши.

Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда намоз ва закотдан кейин рўза ибодати келади. Инсонни йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан экани ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки шаҳватни жиловлашга хизмат қилишидир. Шунинг учун рўза нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллашда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Бану Сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Рўза сабрнинг ярмидир», дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Сабр эса нафснинг энг олий мақомларидан, тақвонинг асосий омилларидан биридир. Рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутсаю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Ким иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани «тақво» деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.

Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусият бор. Бу унинг Аллоҳ таолонинг Ўзига изофа қилинишидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда буни шундай баён қилган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим берурман».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Рўзанинг бу каби фазлга эга бўлишининг иккита маъноси бор: биринчиси: рўза ички амал ҳисобланади. Иккинчиси: рўза тутиш Аллоҳ таолонинг душмани – шайтонга қаҳр қилиш демакдир. Маълумки, шаҳвоний нафс ейиш ва ичиш билан қувватланади. Шаҳвоний нафси кучли бўлган одамга шайтон ўз амрини ўтказиши осон бўлади. Рўза тутган одамга эса шайтон яқинлаша олмайди. Рўзанинг бундан бошқа ҳам фойдалари кўп бўлиб, уларни санаб, адоғига етиб бўлмайди.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сайёр ибн Салома айтади .Абул Олия бемор ётган пайтда уни кўргани кирдик. У чекаётган дардига нолимай, .Аллоҳга нима маҳбуб бўлса, ўша нарса менга ҳам энг давоми...

2444 08:00 / 14.02.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Бу шундай китобки, Биз уни сенга оятларини тадаббур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма олсинлар учун нозил қилганмиз, дейди. Сод сураси, давоми...

8887 19:30 / 07.09.2019
Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчи давоми...

2464 17:04 / 14.11.2018
Албатта, ҳаё барча ёқимли ишни қилишга ва барча ёқимсиз, амални қилмасликка ундовчи хулқдир. Ҳаё нафсдаги мақталган сифатлардан биридир. У карамли хулқларнинг давоми...

3177 17:00 / 09.06.2019