1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Нафс – Аллоҳнинг буюк лутфи

10:59 / 25.04.2019 6765 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи мақола)

Юсуф алайҳиссалом нафси ҳақида шундай деди:

«Ўзимни (нафсим)ни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси, 53-оят). 

Аллоҳ таоло ҳаким, роҳийм, олим ва одил зот бўлиб, ҳикматига, раҳматига, азалий илмига ва ҳар нарсага муносиб ҳаққини берган адолатига кўра бандалари орасидан пайғамбарларни танлаб олади. Аллоҳ Ўзининг Каломида бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ фаришталардан ва одамлардан расуллар танлаб олур» (Ҳаж сураси 75-оят).

Барча пайғамбарлар маъсумдирлар. Яъни улар ҳар қандай каттаю кичик саҳву хатолардан покдирлар. Улар нафақат яхшилар, балки яхшилар орасидаги яхшиларнинг энг яхшсидирлар. Улар ҳаётлари давомида Аллоҳ томонидан берилган бу унвонларига зарра қадар ҳам соя туширмайдилар. Уларнинг фитратлари соф, руҳлари юксак, иродалари соғлом ва қалблари топ-тоза инсонлардир. Аллоҳдан келадиган жилвалар, қандай кайфиятда бўлмасин ўшандай тарзда қалбларида акс этади ва сезилади.

Улар худди қуёш нурларини акс эттирувчи чашмага ўхшайдилар. Улар инсонларни ваҳий билан тарбия қилувчи муаллимдирлар. Улар Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилиш қандай бўлишини ўргатувчи хос мураббийдирлар. Улар инсониятни зулматдан нурга олиб чиқувчи ҳақиқий йўлбошчидирлар. Бир сўз билан айтганда, пайғамбарлик Аллоҳнинг лутфи, ҳадяси ва махсус вазифасидир. Юсуф алайҳиссалом ҳам Аллоҳ таолонинг ана шундай пайғамбарларидан биридир. Аллоҳнинг мана шу пайғамбари тилидан айтилган «Мен нафсимни оқламайман, агар Роббим менга ёрдам бермаса мен уни тарбия қилишга ожизман», деган сўзи нафснинг инсон ҳаётидаги ўрни, мавқеининг асл қиёфасини намоён қилиб берди. Юсуф алайҳисаллом Аллоҳнинг буюк пайғамбари, у зотнинг бу сўзлари бошқа умматлар учун айтилган танбеҳ эди.  

Нафс ҳақида вақти-соати билан нозил бўлган бошқа ояти карималар сабаб, инсон нафсини тарбиялаш мўминлар олдидаги энг долзарб вазифага айланди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча ёмонликларнинг боши тарбия топмаган нафс бўлган каби, барча яхшиликларнинг дебочаси ҳам нафс эканини бот-бот умматларига тушунтириб бердилар. Бу борада шахсан ўзлари намуна кўрсатдилар. Нафснинг ҳар бир кўриниши, даражаю мақомлари, унинг ёмон сифатлари ҳақида саҳобаларини огоҳлантириб, уни тазкия ва тарбия қилишнинг барча усулларини истиқоматларида кўрсатиб бердилар. Асосий мақсад, нафс Аллоҳнинг биз бандаларига берган катта неъмати эканини, Аллоҳ ризолигини қўлга киритишда ундан самарали фойдаланиш йўлларини мукаммал билиб олишдан иборат эди.

Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу кўрсатмларига мувофиқ ислом уммати шу таълимот асосида яшади, умматларнинг энг хайрлиси бўлди ва мислсиз ютуқларга эришди. Инсоният тарихида кескин бурилиш рўй берди, одам фарзанди чинакам бахт нима эканини англаб етди. Нафс тарбияси борасида ислом уламолари томонидан ҳаётий тажрибаларга асосланган кўплаб асарлар битилган. Алҳамдулиллаҳ, бу жараён ҳануз давом этмоқда. Лекин бугунга келиб нафс тарбияси билан боғлиқ назария ва унинг амалиётга татбиқотида қадим исломий қадриятларимиз занжирида узилишлар борлиги намоён бўлмоқда. Натижада бу борада олиб борилаётган ҳаракатларимиздан кутилган натижаларни қўлга киритиш имконсиз бўлиб қолмоқда. Дунё тараққиётининг шиддат билан давом этиши, турли синовларнинг инсоният бошига келиб тургани нафсимизнинг ҳийласига алданиб қолишимизга сабаб бўлмоқда. Бироқ шу нарса ҳақиқатки, инсон ҳаёт-мамотини белгиловчи Қуръон ва Суннатга асосланган нафс тарбияси ҳақидаги мўътабар кўрсатмалар бундан ўн тўрт аср олдин қандай аҳамият касб этган бўлса, ҳозир ҳам заррачалик ўз қадрини йўқотгани йўқ. Аллоҳнинг суйган бандаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақиқий уммати бўлишга интилаётган ҳар биримиз нафсимиз тарбияси йўлида айнан шу қонун-қоидаларга сўзсиз амал қилишга мажбурмиз.  

Нафснинг моҳияти

Исломий адабиётларда нафсга қуйидагича таърифлар берилган:

«Нафс» арабча сўз бўлиб, унга руҳ, бирор нарсанинг ўзи, ақл, жасад, қон, орзу ва ёмон истаклар каби маънолар берилган. Тасаввуфий истилоҳда эса ўзида ҳис ва ҳаёт қуввати бўлган латиф оқувчи жавҳар деб айтилади. Ислом уламоларининг кўпи руҳ ва нафсни бир-биридан фарқли деб айтишган. Лекин бу иккисини битта нарса дейдиганлар ҳам бор. Тасаввуф аҳли нафсни фақат ёмонликка буюрувчи деб ҳам номлашган. Кўпроқ шу маънода ишлатилгани боис, инсонни Аллоҳ наздида комил инсон бўлиши учун энг асосий қаршилик кўрсатувчи омил, айнан нафс эканига далолат қилинган.

Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад Абдуллоҳ «Риёзу ахлоқи солиҳийн» асарларида нафснинг моҳиятига бундай таъриф берадилар:

«Ҳақиқатда инсон нафси – илоҳий сир (латифаи Раббония) бўлиб, унинг моҳиятини тўла англаш мумкин эмас. Инсон танасига кириб жойлашгунига қадар нафс руҳ ёки жон деб аталади. Аллоҳ иродаси билан руҳ тан билан бирлашади, кейин мосуваллоҳ (Аллоҳдан бошқа нарсалар)ни танийди ва шу билан Парвардигоридан бошқага чалғийди. Шунда Аллоҳ ва нафс ўртасида нафсни Яратувчидан узоқлаштирадиган парда пайдо бўлади».

Маълумки, инсоний руҳ табиатига кўра олийжаноб борлиқдир, чунки фариштанинг нафаси орқали Аллоҳ унга ҳаёт беради. Бу ҳақда бизга Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади...» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Тана билан жон бирлашгач, инсон деб аталувчи ғаройиб яратиқ (махлуқ) шаклланади. Аллоҳ инсонни бунёдкорлик билан ҳаёт тарзини барпо этиши учун ер юзида ўзига халифа (ўринбосар) қилди. Шунингдек, инсоний нафсни тарбия қилиш учун, бандасига меҳрибонлик кўрсатиб, Ўзининг шариатини туширди. Зеро, билим ва ахлоқ асосини инсон нафсининг комил тарбияси ташкил этади».

Муфассирлар инсон ўз нафсини яхшилаб таниб олиши учун Қуръони каримда бевосита у билан боғлиқ юзта ва унга маънодош бир юз тўқсон бешта оят келганини алоҳида таъкидлайдилар. Эътибор беринг, нафс билан алоқадор жами уч юзга яқин ояти карима келмоқда. Нафснинг моҳиятини бир сўз билан ифодалаш анча қийин бўлса-да, уламоларимиз нафс – инсоннинг ҳам моддий борлиғини, ҳам унда бору, лекин кўринмайдиган яхши-ёмонликни хоҳловчи маънавий борлиғини ифода этади, дейишади.

Нафс ҳақида келган оятлардан намуналар:

«У сизларни бир жондан пайдо қилган Зотдир» (Анъом сураси, 98-оят);

«Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси, 53-оят);

«Ва маломатчи нафс билан қасам» (Қиёмат сураси, 2-оят);

«Эй хотирижам осуда нафс!» (Фажр сураси, 27-оят);

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз» (Қоф сураси, 16-оят).

Ёмонликка буюрувчи нафс инсоннинг энг катта душмани экани ҳақида ҳам жуда кўп ҳадислар келган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Одам фарзандининг ҳамма нарсаси қарийди, фақат ҳирс ва амаллари қаримайди» (Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мол-дунёси кўп одам бой эмас, балки нафси тўқ одам бойдир», дедилар» (Бухорий ривоят қилган). 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч қачон сизлардан бирортаси беқарор бўлиб: “Мен одамлар билан тенгман, агар одамлар яхшилик қилса мен ҳам яхшилик қиламан, ёмонлик қилса мен ҳам ёмонлик қиламан” деб айтмасин. Акчинса, нафсингизни собит тутинг, халқ яхшилик қилса сиз ҳам яхшилик қилинг, ёмонлик қилса зулмга йўл берманг», деб марҳамат қилдилар» (Термизий «Бирр», 63).

Дунё лаззатига рад жавоби беришни ўргатувчи оят

Қуръони каримнинг бизга маълум қилишича, тарихда ҳусни билан ном чиқарган пайғамбар ҳам, аёл зоти билан имтиҳон қилинган пайғамбар ҳам Юсуф алайҳиссаломдир. Аллоҳнинг каломида нафснинг ёмон ишлар қилиши, унинг ҳою ҳаваслари, Аллоҳнинг амрларидан бўйин товлашни яхши кўриши ва инсонни шунга мажбурламоқчи экани ҳақида Юсуф алайҳиссалом тилидан бундай дейилади:

«Ўзим (нафсим)ни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир. Албатта, Роббим ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Юсуф сураси, 53-оят).

Юсуф алайҳиссалом ва ўша аёл (Зулайҳо) ўртасидаги воқеалар тафсилоти Юсуф сурасида батафсил баён этилади. Воқеанинг асли қандай бўлгани эса Қуръони каримда қуйидаги тарзда ифода этилган:

«У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир у турар жойимни яхшилаб берган хожам-ку! Албатта, золимлар зафар топмаслар», деди. Батаҳқиқ, хотин унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у танланган бандаларимиздандир» (23–24-оятлар).

Оятда сўз борган Миср подшоси Азизнинг хотини Зулайҳо замонасидаги энг чиройли, энг бой сарой хонимлардан бўлгани китобларда ёзилган. Унинг ҳусну жамоли ҳақида ҳамма биларди. Айни пайтда ёш ва жозибали бўлгани боис ҳар қандай эркак кишини ўзига бир зумда ром қилиши ҳам мумкин эди. У ўша куни мақсадига эришиш учун ҳеч ким кўриб қолмасин деб, эшикларни қулфлади ва Юсуф алаҳисаломга кучли шаҳвоний истак билан ташланади. Ояти каримада билдиришича:

«Ҳайта лак!» (Бу ёққа кел!), дейди.

Юсуф алайҳиссалом эса:

«Маъзаллоҳ!» (Аллоҳ сақласин!) деб илоҳий ҳимояга ўзини олиб қочади. Ёш, навқирон йигитнинг қаршилик кўрсатиши жуда қийин бўлган ушбу ҳолат, яъни Юсуф алайҳисалломнинг мушкил ҳолати ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«...Агар Роббининг бурҳон(далил)ини кўрмаганида, у(хотин)га интилар эди...». 

«Тафсири кабир»да пайғамбарларнинг маъсумлигини эътироф этган муҳаққиқ муфассирлар томонидан Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга кўрсатган «бурҳон-далил»нинг моҳияти қуйидагича очиб берилади:

1. Юсуф алайҳиссалом зинонинг ҳаром экани ҳақида Аллоҳнинг ҳужжати борлигини ва бу гуноҳ учун жазо муқаррарлигини билган;

2. Аллоҳ таоло пайғамбарларнинг нафсини ёмон хулқлардан поклаган. Ҳатто оятларда пайғамбарларнинг атрофидаги кишиларни ҳам бундай ёмон ҳулқлардан пок этилгани айтилади (Аҳзоб сураси, 33-оят);

3. Юсуф алайҳиссалом хонанинг шифтида Исро сураси 32-ояти каримаси («Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир»)ни осилган ҳолда кўрган;

4. Бу фаҳшнинг бажарилишига нубувват монелик қилган. Чунки пайғамбарлар одамларни ёмон ишлардан қайтаришга буюрилган пок инсонлардир.

Китобларда ушбу мавзуга оид айрим ривоятлар ҳам келтирилади. Ояти карима баёнига кўра, Аллоҳ таолонинг «бурҳони» Юсуф алайҳиссаломга ўз нафсини батамом, асли-борича идрок эта олиш имконини берди. Юсуф алайҳиссалом бошига келган бу имтиҳон аслида Аллоҳ таолонинг нафс тарбияси борасида бандаларига кўрсатган муҳим дарси эди.  

Чунки эркак киши учун кутилмаган вақтда, ўзи танҳо турганида ҳусну жамолда, молу давлатда тенги йўқ жозибадор номаҳрамнинг пайдо бўлиб: «Ҳайта лак!» (Бу ёққа кел!) деганида эркакнинг қатъий тарзда кўзини шартта юмиб «Йўқ!» деб айта олиши катта жасоратни талаб этадиган энг оғир синовлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бу каби ҳолатлар инсон ҳаётида юз бериши эҳтимоли борлиги учун ҳам шундай пайтда нима қилиш кераклигини биз бандаларига таълим бериб, оятнинг давомида Юсуф алайҳиссалом тилидан чиройли тарзда баён этмоқда:

– «Маъзаллоҳ!» (Аллоҳ сақласин!).

Юсуф алайҳиссалом «Маъзаллоҳ!» (Аллоҳ сақласин!) деб кучли иймон ва холис тақво билан Аллоҳга сиғинди. Шу тариқа ояти каримада эслатилган «бурҳон-далил»га ғарқ бўлиб илоҳий ҳимояга мушарраф бўлди.

Ислом уламолари айни шу ояти каримада баён этилган таълимотдан келиб чиқиб, инсон боласини гуноҳга бошловчи барча дунёвий жозибаларнинг «Ҳайта лак!» (Бу ёққа кел!) деган доимий даъватига қатъий тарзда қаршилик кўрсатишнинг ягона йўли дарҳол қалб билан «Маъзаллоҳ!» деб айтишдир дейдилар. Банда қачонки ўзига қараб бостириб келаётган нафсининг орзу истакларидан иймон тўла қалб ва чин ихлос билан «Аллоҳ сақласин!» деб юзини бура олса, чексиз қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг илоҳий раҳматига ноил бўлиши муқаррар. Дарҳақиқат, ҳар бир лаҳзамиз имтиҳондан иборат бу ҳолу ҳаётимизда, тарбиясиз нафсимизнинг бизни йўлдан ўрадиган турли ҳийлаю найранглари битта эмас, минглаб Зулайҳоларни доғда қолдиришига шубҳа йўқ. Зеро, нафсни дунёдаги энг золим, энг қонхур пошшога қиёслаган Мавлоно Румий қуддиса сирраҳу бу ҳолатимизни қуйидагича изоҳлаб беради:

«Эй, Ҳақ йўлчиси! Ҳақиқатни билмоқчимисан! Унда эшит: Мусо ҳам Фиръавн ҳам ўлмаган! Улар сенинг ичингда яшаяпти. Улар сенинг борлиғинг ичига яшириниб олган. Сенинг қалбингда ўзаро уруш қилишда давом этмоқда! Шу сабабдан ҳам бир-бирига душман бўлган бу икки кишини ичингдан чиқариб ташлашинг керак!...».

Тарбия топмаган нафсни Фиръавнга қиёслаган ҳазрат Мавлоно агар ҳақиқий қалб ҳузурига эришмоқчи бўлсангиз, нафсни тарбия ва тазкия қилиш учун динимиз тавсияларига амал қилиб, қалбни Фиръавннинг ҳалокатли таҳдидларидан халос қилишингиз керак демоқда.

(давоми бор)

Улуғбек Султон

Мавзуга оид мақолалар
Қасам ичиш турли миллатлар ва халқларда қадимдан қўлланиб келинган одатдир. Ҳар бир миллат, ҳар бир халқ бу борада ўзига хос услуб ишлатган. Кўпчилик иложи борича давоми...

2972 05:00 / 28.02.2017
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади. Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

1579 19:00 / 13.03.2023
Мукаллаф шахсдан шариат қиладиган талаблар уч қисмга бўлинади.Биринчи қисм ndash фақат таъаббуд ибодат маъноси мавжуд бўлган талаблар. Бунга ҳаждаги тош отиш мисол давоми...

3282 13:40 / 29.02.2020
Ким сени икром қилса, У Зотнинг сендаги гўзал сатрини икром қилади. Бас, мақтов сени сатр қилган Зотгадир, сени икром қилган ва сенга ташаккур айтган шахсга давоми...

5143 20:38 / 05.07.2017