1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Шаъбоннинг ўртасидаги рўза

17:00 / 25.03.2021 5642 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келса, унинг тунини бедор ўтказинглар, кунининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунча:

«Қани, истиғфор айтувчи борми? Уни мағфират қилурман. Қани, ризқ сўровчи борми? Унга ризқ берурман. Қани, мубтало борми? Унга офият берурман. Фалончи қани? Пистончи қани?» дейди», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Ҳазрати Алидек улуғ саҳобий бунчалик аҳамиятли гапни ўзларидан чиқариб айтмайди. Албатта, бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса эшитганлар ва ўша эшитганларини ўз иборалари билан ифода этганлар.

Ушбу ривоятдан Шаъбон ойининг қоқ ярмининг кечаси ҳам, кундузи ҳам улуғ ва баракотли вақтлар эканлиги келиб чиқади.

Шу сабабдан ҳам ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тавсияларига биноан, кундузни рўза, кечасини бедорликда, ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилиш керак бўлади.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб, чиқдим. Қарасам, у зот Бақийъда бошларини кўтариб, осмон томонга қараб турган эканлар:

«Эй Оиша, Аллоҳ ва унинг Расули сенга зулм қилишидан хавф қилдингми?» дедилар.

«Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилган эдим», дедим. 

«Албатта, Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар». 

Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бақийъ – Мадинаи мунавварадаги машҳур қабристон. Мадинада вафот этган барча саҳобалар шу қабристонга дафн этилганлар. Зотан, Мадинаи мунавварада бошқа қабристон йўқ ҳам.

«Калб» – машҳур араб қабиласи бўлиб, Бани Калб қабиласи ўша вақтда энг қўйи кўп қабила бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг яримида Аллоҳ таоло жуда ҳам кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаб, ана шу қўйларнинг жуни ададидан ҳам кўпроқ, деб эсга олганлар.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир дона қўйнинг жун толаларини санаб, саноғига етиб бўлмайди. Араб қабилалари ичидаги энг кўп қўйли қабиланинг барча қўйларининг жун толаси қанча бўлишини тасаввур қилаверинг. Бу эса ўша кечанинг жуда ҳам фазийлатли эканлигига далолатдир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Кечаси қабристонга кириш, осмонга қараб туриш мумкинлиги.

2. Оиша онамизда қизғаниш борлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа хотинларининг олдига кетган бўлсалар керак, деб, ортларидан излаб чиқишлари шуни кўрсатади. Бу эса айб эмас, балки табиий бир ҳол. Балки меъёрида бўлса, аёл кишининг зийнати ҳам.

3. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг руҳий ҳолатларини яхши тушунганликлари.

4. Шаъбон ойининг ярмидаги тун фазийлатли кеча эканлиги.

5. Мазкур кечада кўплаб гуноҳлар мағфират қилиниши.

6. Шаъбоннинг ярмидаги кечада бедор бўлиб, ибодат, истиғфор ва дуо билан машғул бўлиш кераклиги.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада қараб, жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар». 

Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Шаъбоннинг ярмидаги кеча фазилатли эканлиги.

2. Мазкур кечада Аллоҳ махлуқотларига назар солиб, ҳаммаларининг гуноҳларини кечириши.

3. Мушриклик ва хусуматчилик ниҳоятда ёмон нарса эканлиги.

Демак, Шаъбон ойи яримлаганда ибодат қилиб, мазкур ваъда қилинган ажру савоб ҳамда мағфиратлардан баҳраманд бўлиб қолиш керак. Ана шундай фазилатли вақтда гуноҳнинг мағфират қилинишига монелик қилувчи мушриклик ва хусуматчиликдан узоқлашиш лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Довуд ибн Али ибн Абдуллоҳ одобли, ақлли, хушсурат, сахий, фақиҳ ва олим инсон эди. Абу Муъайт қабиласидан бир киши уни ёмон кўрар, кўрган жойида гап билан мот давоми...

1695 07:00 / 04.07.2019
Муслим ибн Субайҳ Куфий айтади .Отам шундай ҳикоя қиладилар .Муғийра ибн Шўъба ва бир араб йигит бир аёлга совчи юборишибди. Йигит келишган, кўркам эди. Аёл давоми...

2421 08:00 / 12.12.2020
Аллоҳ азза ва жалла Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Ниманики инфоқ давоми...

1849 17:20 / 16.04.2020
Ало ибн Зиёд айтади .Бир киши нима иш қилса, доим риё билан қилар эди. Кийимларининг енгини шимариб, кеккайиб юрар, Қуръон ўқиса, овозини баланд қилиб хўжакўрсинга давоми...

2063 07:10 / 15.05.2019