1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муҳаммад Тақий Усмоний – XXI аср Нававийси

16:00 / 13.04.2019 5831 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолодан кўпайтиришни истаган ёлғиз нарсалари бу – илм эди. Набий алайҳиссалом илм олиш учун йўлга чиққан кишига Аллоҳ таоло жаннат йўлларини осон қилишини, фаришталар илм талабида юрган кишининг оёқлари остига қанотларини ёзиб туришини, ерда, кўкда, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам унга истиғфор айтишини ҳабарини бердилар ва давом этдилар: “Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Шубҳасиз Пайғамбарлар олтин ва кумушни мерос қилиб қолдирмадилар. Пайғамбарлар мерос қилиб қолдирган нарсалари илмдир” (Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Ана шундай “меросхўрлар”дан бири ҳазрати Муҳаммад Тақий Усмонийдир.

Азиз ўқувчи, изн берсангиз мен сизларни баҳолиқудрат Муҳаммад Тақий Усмонийнинг ҳаёти, илмий фаолияти, дунёқараши билан яқиндан таништирсам.

Қози Муҳаммад Тақий Усмоний ибн Шайх, муфтий Муҳаммад Шафеъ ибн Шайх Ёсин ибн Халифа Таҳсин Али ибн Миёнжий ҳофиз Каримуллоҳ ибн Миёнжий Хайруллоҳ ибн Миёнжий Шукруллоҳ ҳазратлари 1362-ҳижрий, 1943-мелодий санада Ҳиндистоннинг Саҳорнафур вилоятига қарашли Девбанд қишлоғида таваллуд топдилар. Ҳинд тилида Миёнжий муаллим, деган маънони билдиради. У кишининг силсилалари Усмон ибн Аффонга бориб тақалади.

Оталари бу ҳақда гапириб ўтганлар. Бу силсилани аниқлаштирувчи санад бўлмаса-да, аммо шариат бу хусусда муттасил санадни шарт қилмайди.

Тақий Усмоний беш инининг энг кенжасидирлар.

Биринчиси, Муҳаммад Закий бўлиб, йигитлик пайтларидаёқ вафот этганлар. Муҳаммад Закий шоир бўлиб, урду тилида девонлари бор.

Иккинчиси, Муҳаммад Розий Усмоний бўлиб, “Ишоъа” босмахонаси асосчиси.

Учинчиси, Валий Розий бўлиб, Карачи университетининг Исломий билимлари бўйича профессори. Сийрат хусусида китоблари бор. Ушбу китоблари учун Покистон президенти Зиёул ҳақ мукофот билан тақдирлаган.

Тўртинчиси Муҳаммад Рафеъ Усмоний бўлиб, Карачидаги дорул улум университети бошлиғи ҳамда Покистоннинг умумий муфтийсидир.

Тақий Усмоний Дубай, Баҳрайн, Британия, Америка ва Австралия каби бир неча давлатларда илмий сафарда бўлганлар.

Холид Муҳаммад Бушофеъ айтадилар. Мен бирор кишини Тақий Усмонийдек янги масалаларда, хусусан банк масалаларида аввалги уламолар китоблари билан ҳозиргилар китобини жамлаганини кўрмадим. У зот бирор муаммони ечиш асносида кучли тақво соҳиби эканлари яққол намоён бўлар эди. Мен Ҳинд қитъасида бу кишидек муаммони ечишда мазҳаблар орасини жамлашдек қобилиятли кишини ҳам кўрмадим.

Тақий Усмоний ҳақларида шогирдлари Луқмони Ҳаким бир китоб таълиф этиб, унинг номини “Қози, фақиҳ, даъватчи ва тадқиқотчи Тақий Усмоний”, деб номлаган. У Дамашқдаги “Дорул қалам” матбаъасида чоп этилган. 144 саҳифадан иборат бўлиб, унда барча шогирдлари, устозлари, китоблари, ишлари ва яшаш жойлари хусусида маълумотлар бор.

У кишининг талабаларидан муфтий Муҳаммад ибн Адам ал-Кавсарий шундай дейди:

 «Аллоҳ таоло бир солиҳ қулни дунёдан олса, унинг ерига бошқа бир солиҳ кишини келтириб қўяди.  Мерос қилиб оладиган бу солиҳ қул ё унга илмда баробар бўлади ёки унга жуда яқин бўлади. Буюк зотлар вафот этганда бошқа буюк зотлар дунёга келади. Масалан, Имом Абу Ҳанифа вафот этганда, имом Шофеъи дунёга келди. Ҳинд қитъасида эса буюк мужаддид шайх мавлоно Ашраф Али Таҳонавий вафот этгандан уч ой кейин бошқа мужаддид Муҳаммад Тақий Усмоний дунёга келдилар. Бу ҳолат Қиёмат кунигача давом этади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Аллоҳ таоло илмни қулларидан дунёдан олиш суръати билан тортиб олмайди. Фақат илм олимларни олиш суръати билан ортидан қолдирур, Аллоҳ ҳеч бир олимни қолдирмаганда инсонлар бир гуруҳ жоҳил бошлар бўлиб қолар, улардан савол сўралар, улар ҳам илмсиз фатво берадилар. Шу сабабдан улар ўзлари ҳам йўлдан озадилар, бошқаларни ҳам йўлдан оздирадилар».

Покистонга ҳижрат

Покистон мустақиллигидан сўнг пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш мақсадида  Дурул-улум Девбантдаги баъзи ҳожаларга ҳижрат қилиш вазифаси юклатилди. Чунки янги бир давлат қурилаётган ва бу давлатни қуришда ислом олимларига эҳтиёж бор эди. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг оталари Муҳаммад Шафий ҳам Покистонга ҳижрат қилиш вазифаси берилганлар орасида эдилар. Мустақилликдан кейин Муҳаммад Шафий Покистонга ҳижрат қилдилар ва Карачига жойлашдилар.  Покистонга ҳижрат асносида оталарига шерик бўлган Муҳаммад Тақий Усмоний беш ёшда эдилар.

Илк илм таҳсили

Муҳаммад Тақий Усмоний илк илмни оналаридан олдилар. Оналари унга урдучада ёзилган «Бешҳатайи жавҳар» ва «Сўнгги пайғамбарнинг ҳаёти» номли китобларни ўқитдилар. Кичикликлариданоқ ота-оналаридан урдуча ва форсчани ўргандилар.

Мадраса таълими

Муҳаммад Тақий Усмоний урф-одатга кўра мадраса таълимини саккиз ёшларида оталари Муҳаммад Шафий Карачида қурдирган «Дорул улум» мадрасасида бошладилар. Бу ерда тафсир, ҳадис, илми калом, фиқҳ, фароиз каби диний илмларни, араб тили ва адабиётидан таълим олдилар. Ўн олти ёшларида ҳадис даврасини биринчи битирувчиси бўлдилар. Муҳаммад Тақий Усмонийнинг акалари Дорул-улум Карачи ректори Муҳаммад Рафий Усмоний Дорул-улум ҳақида шундай дейди: «Дорул-улум Карачи ўз вазифасига кўра исломий илмларни ўргатиш учун Ҳинд Олд қитъасида қурилган мадраса занжирининг бир ҳалқасидир. Покистон мустақил давлат бўлган пайтда Карачининг икки афзаллиги бор эди:

Биринчиси – Покистоннинг пойтахти эканлиги.

Иккинчиси – миллионлаб мусулмонлар яшаши.

Фақат бу пайтда аҳолининг  диний талаб ва эҳтиёжларини қондирадиган тузум йўқ эди. Бунда, албатта бир тузум шарт эди. Шу сабаб,  Покистон бош муфтийси Муҳаммад Шафий Аллоҳ таолога суяниб, кичикроқ бўлса-да, муҳим деб билган йўлида давом этди ва Нанаквараҳдаги эски бир ўқиш биносида мадраса барпо этди. У иккита ўқитувчи ва бир неча талабалардан иборат эди. Муассасага Дорул-улум Карачи номи берилди. Бу 1970 йилда рўй берди. Карачида Дорул-улум қурилганда Покистоннинг тўрт томонидан ўқувчилар оқиб кела бошлади. Шунингдек, Ҳиндистон, Бурма, Индонезия, Малайзия, Афғонистон, Эрон ва Туркиядан ҳам талабалар кела бошладилар. Алҳамдулиллаҳ, бу мўъжазгина  мадраса оз фурсатда ичида мустаҳкам қалъа ҳолига келди».

(давоми бор)

Дениз Аҳмадўғли

Нодира Эркинжон таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Агар банда ёлғон гапирса, у қилган нарсанинг сассиғидан фаришта ундан бир мил давоми...

2471 16:09 / 08.12.2018
t r . ..Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб.Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг,, деди..Сенга давоми...

5460 13:09 / 01.12.2018
658. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади,, дедилар,.Шарҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан давоми...

7682 22:43 / 05.05.2017
Америкада икки аёл бир вақтнинг ўзида фарзанд кўришибди. Бири ўғил, бири қиз туғибди. Ҳамшираларнинг хатоси сабаб ким ўғил, ким қиз туққанини адаштириб қўйишибди. давоми...

3281 08:10 / 28.04.2019