1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ота-она ва асабанинг мероси

15:00 / 11.04.2019 2785 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир», деган (Нисо сураси, 11-оят).

Шарҳ: Мерос оятини шарҳ қилиш жараёнида унинг ота-она меросига тегишли қисми ҳам батафсил шарҳ қилиб ўтилди.

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Мол болага қолар эди. Ота-онага васият қилинар эди. Бундан Аллоҳ Ўз хоҳлаганини насх қилди. Бас, эркакка икки аёлнинг ҳиссасини қилди. Ота-онанинг ҳар бирига олтидан бирни қилди. Хотинга саккиздан бир ёки чоракни, эрга яримни ёки чоракни қилди», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг ушбу хабарлари билан мерос масаласи Исломнинг илк даврида қандай эди-ю, кейин қандай ҳолга келганлиги ҳақида қисман баён қилмоқдалар.

1. «Мол болага қолар эди».

Яъни бир одам ўлса, моли боласига мерос бўлиб қолар эди.

2. «Ота-онага васият қилинар эди».

Яъни мерос қолдирувчи «Мендан қолган молдан ота-онамга беринглар», деб васият қилмаса, уларга берилмас эди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда «...бирортангизга ўлим келганда, агар у яхшилик (бойлик) қолдираётган бўлса, ота-она ва қариндошларга маъруф ила васият қилиш тақводорларнинг бурчи ўлароқ фарз қилинди...», (Бақара сураси, 180-оят) деган эди.

Кейинроқ эса Аллоҳ таоло мерос оятларини нозил қилиб, мазкур оятни насх қилди ва ҳар бир меросхўрнинг насибасини аниқ айтиб берди.

3. «Бас, эркакка икки аёлнинг ҳиссасини қилди».

Бу масалани аввал батафсил ўргандик.

4. «Ота-онанинг ҳар бирига олтидан бирни қилди».

Агар мерос қолдирувчининг боласи бўлса:

5. «Хотинга саккиздан бир ёки чоракни».

Ўлган эрнинг боласи бўлса, унинг хотинига меросдан саккиздан бир, боласи бўлмаса, чорак қисми берилади.

6. «Эрга яримни ёки чоракни қилди».

Ўлган хотиннинг боласи бўлмаса, ундан қоладиган мероснинг ярмини, боласи бўлса, чорак қисмини унинг эри олади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Фароизларни ўз аҳлига эриштиринглар, қолгани эса энг яқин эркак қариндошга», дедилар». 

Тўртовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Ушбу ҳадисга биноан, қолган мерос аввало Қуръонда келган фарз эгаларига бўлинади. Улардан ортиб қолгани энг яқин эркак қариндошга берилади.

Ана шу эркак қариндош ёки қариндошлар «асаба» дейилади. Ушбу ҳадисда «асаба» сўзи ишлатилмай, бир оғиз сўз – «эркак қариндош» дейилган бўлса ҳам, бу масала кенг баҳсларга мухтождир. Шунинг учун унга батафсил тўхталиб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир.

«Асаба» сўзи луғатда «яқин турган», «ёпишган» деган маъноларни англатади. Киши бошини маҳкам боғлаб олиши учун ишлатилган боғичга нисбатан мана шу сўз ишлатилади. Шу маънода кишининг яқин эркак қариндошлари ҳам асаба дейилади. Чунки унга нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда ўша қариндошлар келиб, уни ўраб туриб, ҳимоя қиладилар. Ундан душманни даф қиладилар. Ўзларининг ҳаётларини хавф остига қўядилар. Шунингдек, молиявий тўловларга ожиз бўлиб қолса ҳам ўшалар тўлайдилар. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўладилар.

Асабага ўғил, ўғилнинг ўғли, туғишган ака-ука, ота бир ака-ука ва туғишган амакилар киради.

Фароиз илми уламолари асабани:

«Ўзи ёлғиз бўлса, мероснинг ҳаммасини оладиган, фарз эгалари билан бўлса, қолганини оладиганлар», деб таърифлайдилар.

Асабанинг меросга ҳақдор эканлигига ушбу ҳадиси шарифдан ташқари, юқорида ўрганилган «Нисо» сурасидаги ояти карималардан ҳам далил бор.

1. «Агар у(маййит)нинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир» (11-оят).

Ушбу ояти каримада маййитнинг боласи бўлмай, унинг меросхўрлари фақат ота-онасидан иборат бўлганда онаси мероснинг учдан бирини олиши зикр қилинмоқда. Отанинг насибаси эса зикр қилинмаяпти. Демак, ота онадан қолганининг ҳаммасини олади, чунки у асабадир.

2. «Агар бир одам ўлса-ю, унинг боласи бўлмаса, синглиси бўлса, унга (маййитдан) қолганининг ярмидир. У ҳам агар у (сингил)нинг боласи бўлмаса, унга (тўлиқ) меросхўр бўлур» (176-оят).

Бу ояти каримада бир сингил вафот этиб, ортидан ёлғиз акасигина қолса, мероснинг ҳаммасини ака олиши айтилмоқда. Бу ҳам асаба демакдир.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар.Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг давоми...

2692 13:00 / 03.12.2020
Истисқо қиблага қараган ҳолда дуо ва истиғфордан иборатдир Бу гапларнинг далили бор. Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида .Роббингиздан мағфират сўранг, давоми...

1647 19:00 / 05.05.2023
. . . .У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарба юзга масҳ тортиш учун, яна бир зарба эса икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш учун ер давоми...

3069 13:00 / 26.11.2020
Муҳтарам доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратларининг қаламига мансуб ушбу .Мазҳабсизлик ndash Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир, давоми...

5452 05:00 / 07.03.2017