1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Қариндошлар билан алоқани узиш

18:30 / 11.04.2019 5157 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз) (Нисо сураси, 1-оят).

«Агар (иймондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ерда бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узурсизлар! Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини панднасиҳат этишидан) кар, кўзларни эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир» (Муҳаммад сураси, 22–23-оятлар).

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло бу ишни қилган кимса лаънатга дучор бўлишини, кўзи ва қулоғидан ҳақиқий суратда фойдаланишдан маҳрум этилишини, натижада кўрса ҳам, яхши эшитса ҳам, ҳаққа эргашмаслигини ва уни ақл юритмайдиган ҳайвон каби қилиб қўйишини хабар берди».

«(Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва мийсоқваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларига эслатма олурлар. Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар. Парвардигорларидан қўрқадилар ва оғир ҳисоб-китобга дучор бўлишдан қўрқиб, (доим чиройли амаллар қилишга интиладилар)» (Рад сураси, 20–21-оятлар).

«Бу масал сабаб (Аллоҳ) кўпларни адаштиради ва кўпларни (ҳақ йўлга) ҳидоят қилади. Бу (масал) сабаб фақат Аллоҳнинг аниқ кўрсатмаларини бузадиган, У боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган фосиқ кимсаларнигина адаштиради. Улар шубҳасиз, зиён кўргувчилардир» (Бақара сураси, 26–27).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндош-уруғчилик алоқаларини узувчи кимса жаннатга кирмайди», деганлар (Мутаффақун алайҳ).

Ким бой бўлиб, камбағал қариндошларидан такаббурлик қилиб алоқани узса, уларга хайреҳсон қилмаса, мазкур ҳадиси шарифдаги таҳдид унга ҳам тааллуқли бўлиб, у жаннатга киришдан маҳрум бўлади. Магар Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилиб, қариндошларига эҳсон қилганлар бундан мустасно.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени ҳақ (дин) билан юборган Зотга қасамки, силаи раҳмга (хайр-эҳсонга) муҳтож қариндошлари бўлатуриб, бошқаларга эҳсон қиладиган кишининг садақасини Аллоҳ қабул қилмайди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ундай кимсага қиёмат куни Аллоҳ қарамайди», деганлар (Табароний ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир инсон қариндошининг олдига бориб, Аллоҳ унга ато этган фазл-бойлигидан сўраса-ю, у бахиллик қилса, Аллоҳ унга жаҳаннамдан «шужў» деб номланган илон чиқаради. Илон уни чақиб, бўйнига ўралиб олади», деганлар (Табароний ривояти).

Киши агар фақир бўлса, қариндошларини зиёрат қилиш, ҳолларидан хабар олиш билан алоқани боғлаш керак. Зеро, қариндошлар билан алоқани боғлаш буюрилган. Бу иш иймондандир.

Қариндошлар билан алоқани боғлаш ризқнинг зиёда, умрнинг узун бўлишига сабабдир ва у ёмон ўлимдан сақлайди.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки умри узун, ризқи кенг бўлиши ва ёмон ўлимдан сақланишидан хурсанд бўлса, Аллоҳга тақво қилсин ва қариндошлари билан алоқани боғласин», деганлар (Абдуллоҳ ибн Имом Аҳмад ва Баззор ривояти).

Оиша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм (қариндошлик) Аршда муаллақ туради ва: «Мени боғлаганни Аллоҳ боғласин, мени узганни Аллоҳ узсин», дейди», деганлар» (Муттафақун алайҳ).

Қариндошлар билан алоқани узиш тез орада жазоланишнинг, уқубатга учрашнинг асосий сабабларидан биридир.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ гуноҳкорга охират учун ҳозирлаб қўйган уқубатдан ташқари бу дунёда ҳам тезда жазо беришига зўравонлик ва қариндошлар билан алоқани узишдан кўра муносиброқ гуноҳ йўқ», дедилар» (Термизий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Жавоб қайтарувчи (келганникига борувчи) қариндошлик алоқаларини боғловчи эмас. Бироқ қариндошлик алоқаси узилса, уни боғлаган киши қариндошлик алоқаларини боғловчидир» (Бухорий ва бошқалар ривояти).

Умму Гулсум бинти Уқба (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гина сақловчи қариндошга қилинган садақа-эҳсон энг афзал садақадир», дедилар (Ибн Хузайма, Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Сендан узилган кишига боғлангин», дейилади.

Силаи раҳм қилиб, қариндошлик алоқаларини боғлаш вожиб бўлган қариндошлар – опасингиллар, холалар, аммалар ва опа-сингилларнинг қизларидир.

Аллоҳ таолодан тоатига муваффақ этишини тилаймиз. Албатта, У саховатли ва марҳаматли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зинога олиб борувчи йўллардан энг кўп тарқалгани ва ҳамманинг қўли етадигани телевидиние, интернет ва бошқа воситалар орқали фаҳш нарса кўриш, фаҳшга доир турли давоми...

2585 15:00 / 21.06.2020
Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг улуғ китобида Лут алайҳиссалом қавми ҳақидаги қиссани бир неча ўринда эслатиб ўтган. Жумладан айтади .Энди қачонки Бизнинг фармонимиз давоми...

14867 16:30 / 02.04.2021
Аллоҳ таоло айтади.Албатта, бузуқ ниятлардан бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар давоми...

5861 15:00 / 29.03.2019
Исломда аёл аёлга шаҳват назари билан қараши, ўпиши ва бундан ҳам жирканчлиси бўлган жинсий алоқа қилиши мутлақо ҳаром. Бу турдаги гуноҳ ишни қилганларга ўзаро давоми...

6322 17:02 / 15.08.2020
Аудиолар

120113 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41780 14:35 / 11.08.2021