1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

35-боб. Золим қариндошга силаи раҳм қилишнинг фазли

11:00 / 10.04.2019 2532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

69. Бародан ривоят қилинади:

«Бир аъробий келиб:

«Эй Аллоҳнинг Набийси! Менга жаннатга киритадиган бир амални ўргатинг», деди.

«Гапни қисқа қилдинг-у, лекин катта нарсани сўрадинг. Бирор жонни озод қил. Бўйинни еч», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, иккиси бир эмасми?» деди.

«Йўқ! Жонни озод қилиш уни бир ўзинг қулликдан чиқаришингдир. Бўйинни ечиш эса пулини тўлашда ёрдам беришингдир. Яна серфойда маниҳа, (золим) қариндошга қайтиш. Агар бунга қурбинг етмаса, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар. Бунга ҳам қодир бўлмасанг, яхшиликдан бошқа нарсадан тилингни тий», дедилар».

Шарҳ: Аъробийлар – саҳрода туғилиб ўсган, тарбия кўрмаган қавмлар бўлиб, саводсизлиги, соддалиги, муомалалари бир оз қўполроқ бўлиши билан маъруф ва маълум бўлгандир. Уларда тортиниш, катталарга хушомад қилиш ва хижолат каби нарсалар бўлмаган. Кўпинча саҳобалар аъробийлар келиб, Набий алайҳиссаломдан биз сўрай олмай турган масалаларни сўраб қолишсайди, деб ўйлаб туришган.

Мана, аъробийлардан бири келиб, бемалол, лўнда қилиб:

«Менга жаннатга киритадиган бир амални ўргатинг», деди».

У бу гапни айтишга муқаддима ҳам қилмади. Бошқа мулоҳаза ҳам билдирмади. Бирданига мақсадга кўчди ва уни қисқа иборалар билан айтиб қўйди. Унинг бу гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзига яраша баҳоладилар ва жавобни ҳам лўнда қилдилар:

«Гапни қисқа қилдинг-у, лекин катта нарсани сўрадинг. Бирор жонни озод қил. Бўйинни еч», дедилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Гапни қисқа қилдинг-у, лекин катта нарсани сўрадинг» деганлари «гапинг қисқа бўлса ҳам, сўраган нарсанг жуда катта бўлди» деган маънодадир.

Бу ҳадиси шарифда савол берувчига жавоб бера туриб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам банданинг жаннатга киришига сабаб бўладиган баъзи амалларни айтиб ўтмоқдалар.

Улардан бири қул озод қилиш экан.

Иккинчиси – қулнинг озод бўлишига ёрдам бериш. Қул хожаси билан маълум миқдор пул берганидан кейин озод бўлиши ҳақида шартнома тузган бўлади. Ўша тўловни адо этишда унга ёрдам берган одам жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан бирини қилган бўлади.

«Манийҳа» деб, одатда кўпроқ бирор ҳайвонни фойдаланиш учун бериб туришга айтилади. Масалан, бир сигирни бировга бериб, «Шуни соғиб, ичиб туринглар», дейилади. Эгаси бошқа, лекин бошқа биров ундан соғиб, сутини ичиб, фойдаланиб туради. Мана шу ҳам яхши, савобли амалдир. У ҳам жаннатга киришга сабаб бўладиган амаллардан ҳисобланади.

Кишини жаннатга киритадиган кейинги амал эса қариндошлик алоқасини яхшилашга қайтишдир.

«Агар бу ишларни қила олмасанг, амри маъруф ва наҳий мункар билан шуғуллан. Бу ҳам кишини жаннатга киритадиган амаллардандир», дебдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Бунга ҳам қодир бўлмасанг, яхшиликдан бошқа нарсадан тилингни тий, фақат яхшиликни гапир. Шунда жаннатга кирасан.

Мана шу амаллар инсоннинг жаннатга киришига сабабчи бўлади. Албатта, ҳозирги кунда қул озод қилиш ёки озод бўлиш учун хожаси билан шартнома тузган одамга пул бериш каби амаллар йўқ, чунки бизнинг жамиятимизда қулчиликнинг ўзи йўқ.

Аммо бирор нарсани вақтинча фойдаланиш учун бериб туришга, яъни маниҳага ҳозирги кунда кўпчилик муҳтож. Буни қилган одам жуда катта савоб олади.

Шунингдек, ўзига ёмонлик қилаётган ёки рағбатсиз бўлиб турган қариндошларига силаи раҳм қилиш ҳам жаннатга киришга сабаб бўладиган гўзал амаллардан саналади.

Агар буларни қила олмаса, амри маъруф ва наҳий мункар қилиши керак бўлади. Бу амалнинг алоҳида ўз боби бор. Аввал амри маъруф ва наҳий мункар қилишни ўрганиб олиш, уни қилиш йўлларини билиш керак. Бу амалнинг ўз даражалари, услублари бор бўлиб, уни ҳамма ҳам қилавермайди.

Бунга ҳам қодир бўлмаса, тилни тийиш керак бўлади. Бугунги кунда ҳаммамиз муҳтож бўлиб турган нарса ҳам шу, ўзи. Кўпгина муаммолар тилни тиймасликдан, яхшиликни кам гапириб, бошқасини кўп гапиришдан чиқмоқда.

Демак, мана шу ҳадисга амал қилиб, тилимизни тийсак, фақат яхшиликни гапириб, қолган гаплардан четлансак, Аллоҳ таоло жаннатга киритса, ажаб эмас.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
71. Ибн Умардан ривоят қилинади.Умар сияро ҳуллани кўриб қолиб .Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сотиб олсангиз, жума кунлари, вақтлар келганда киярдингиз,, деди..Эй Умар, давоми...

2469 20:10 / 23.04.2019
. Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади .Мужоҳид менга .Бола ўзидан отасининг қўлини қайтармайди. Ота уни нима қилса, тек қўяди,, деди,. Шарҳ Агар ота давоми...

1578 10:37 / 03.11.2024
Отангиз сафар қилмоқчи бўлса, унга қайтгунича ишлатиши мумкин бўлган зарур нарсаларни олиб келинг. Иложи борича, юкларини ихчам қилиб жойлаштириб беринг ва уни давоми...

1201 18:21 / 22 июнь
. , . . Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим .Яхшиликларнинг энг давоми...

3261 09:00 / 30.06.2022
Аудиолар

211065 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130326 14:35 / 11.08.2021