1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зиммасида?

21:10 / 07.04.2019 4627 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто мусулмон бўлмаган халқларда ҳам тўйни эр тараф қилади. Агар «Никоҳ тўйини келин тараф қилиши керак», деган гап айтилса, уларнинг ҳуши бошидан учиб кетиши турган гап. Айниқса, «Ош қиз тарафда бўлади. Куёв тараф, ҳолига қараб, келин тараф қилган тўй ошига икки юз элликтагача, баъзида ундан ҳам кўпроқ одам олиб келади. Агар келин тараф уларни яхшироқ кутиб олмаса, балога қолади», дейилса, мутлақо ишонишмайди. Ҳа, шариат кўрсатмасига амал қилмаслик оқибатда инсон табиатига тўғри келмайдиган ана шундай нарсаларни қилишгача олиб боради.

Аслида, никоҳ тўйини қилиш эр тарафнинг вазифаси. Бунга ҳужжат ҳам, далил ҳам бор:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида барча ҳолатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никоҳ тўйи қилганлар. Бирорта онамизга: «Отангга айт, тўй қилиб берсин», демаганлар. Зотан, ўзини эр билган одамга бу гапни айтиш ордир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланган эркак саҳобаларга никоҳ тўйи қилишни буюрганлар. Бунга юқорида ўтган Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу хусусидаги ҳадис мисол бўлади.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳ тўйи қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз куёвлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга топширганлар.

Тўй кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:

«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилиш керак», дедилар.

Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:

«Менда бир қўчқор бор!» деди.

Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди...»

4. Ислом уммати ва уламолар жумҳурининг ижмоъси.

Нима учун никоҳ тўйи қилиш эркакка юклатилган?

Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никоҳ тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурилган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади.

Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғилиб, уларнинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи куёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан, куёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга эса, айнан келин сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам куёв тараф келиннинг шарафига тўй беради.

Қиз тарафдан тўй қилишни талаб қилиш, сеп талаб қилиш, уйни асбоб-анжом билан тўлдиришни талаб қилиш ва бошқа барча талаблар шариатга, мурувватга, инсонийликка ва ўзбекчиликка мутлақо зиддир. Бу талабларнинг барчаси исрофдир, Аллоҳ таоло эса исрофчиларни севмас. Исрофчилар эса шайтонларнинг биродаридир!

«Исроф» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз,, деган Бақара сураси, давоми...

5247 19:40 / 03.05.2019
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг олдига бир киши келиб, .Дунёдан воз кечганингнинг сири нимада, деб сўради. Ҳасан Басрий шундай дедилар .Тўрт нарсада. Ризқимни ҳеч давоми...

1551 08:00 / 26.10.2020
Тарафкашлик ўз қавми ёки тарафи фойдасига ноҳақдан тарафкашлик қилишдир..Восила ибн алАсқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули Тарафкашлик давоми...

2678 11:10 / 26.08.2019
Муслим Абу Ҳассондан ривоят қилади Мен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга икки ўғлим вафот қилганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у иккови туфайли давоми...

1971 19:07 / 05.12.2022
Аудиолар

211048 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130308 14:35 / 11.08.2021