1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Сулаймон алайҳиссалом (давоми)

15:00 / 07.04.2019 5543 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сабаъ Арабистон яриморолининг жанубида, Яманда жойлашган бир мамлакат эди. Ҳудҳуд ана ўша ердан ўта муҳим – ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ, ҳам инсу жин ва қушлардан иборат лашкарга бош бўла туриб, Сулаймон алайҳиссалом билмаган – бир хабарни келтирганини айтди. Сўнг Ҳудҳуд тўхтамай, сўзида давом этди:

«Мен бир аёлни кўриб қолдим. У уларнинг маликаси экан. Унга ҳар нарсадан берилган экан. Ҳамда унинг улуғ тахти бор экан. Мен унинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар» (23–24-оятлар).

Ҳудҳуд муҳим хабарни айтиб бўлди.

Сулаймон алайҳиссалом Ҳудҳудга: «Сенинг гапинг асосида дарҳол бир ҳукм чиқаришга ошиқмаймиз, келтирган хабаринг ростми ёки ёлғон эканини текшириб кўрамиз», дедилар.

Сўнг бир хат ёзиб, муҳр босиб, Ҳудҳудга бердилар. Ҳудҳуд мактубни олиб йўлга чиқди. Сабаъ мамлакатига етиб келиб, саройга яқин жойга мактубни ташлаб қўйди ва ўзи четга чиқиб турди. Бу мактуб қандай қилиб маликанинг қўлига тушгани сурада айтилмаган. Гап маликанинг мактубни олиб, у ҳақда аъёнларига хабар бераётган жойидан давом этади.

Малика аъёнларига мактуб ҳақида хабар берди. У одамлари билан маслаҳатлашиб иш кўрар эди. Шу билан бирга, малика ўзи сезган белгилар асосида мактубнинг кароматли эканини ҳам айтиб, маслаҳат сўраган эди, аъёнлар бирор фикр айтишдан ўзларини олиб қочишди.

Ана шундан кейин малика ўз қарорини айтди:

«Подшоҳлар бирор шаҳар-қишлоққа кирсалар, уни вайрон қилурлар ва унинг азиз аҳлларини хор қилурлар. Ана шундай қилурлар. Мен уларга бир ҳадя юборурман, кўрай-чи, элчилар нима билан қайтар эканлар» (34–35-оятлар).

Сабаъ маликасининг элчиси ҳадяни олиб келиб, Сулаймон алайҳиссаломга тақдим этди. Бу иш у зотга ёқмади. Аллоҳнинг йўлига қилган даъватларини қабул қилиш ўрнига мол-дунё билан кўнгилларини олишга уринаётганларидан аччиқлари чиқди. Элчига қараб:

«Менга мол-дунё ила мадад бермоқчимисиз?! Бас, Аллоҳ менга берган нарса сизга берган нарсадан яхшидир...» (36-оят) дедилар.

Элчи қайтиб бориб, бўлган воқеани айтди.

Сўнг Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасининг ўз одамлари билан келаётганидан хабардор бўлдилар. Шунда у зот:

«Эй аъёнлар! Улар менга таслим бўлиб келишларидан олдин қайсингиз ҳузуримга унинг тахтини келтира олади?» деди» (38-оят).

Сабаъ маликаси ўз одамлари билан йўлга чиқибди. Улар бу ёққа келишмоқда. Сизлардан қай бирингиз улар менга таслим бўлиб етиб келишларидан аввал ҳузуримга маликанинг тахтини етказиб кела олади?

«Жинлардан бўлган ифрит: «Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди» (39-оят).

Араб тилида ёмонликда учига чиққан ва қувватли жин-шайтон «ифрит» дейилади. Бу сўз шайтонга ўхшаш одамга нисбатан ҳам ишлатилади. Сулаймон алайҳиссаломнинг мазкур гапларидан кейин у зотнинг аскарларидан бўлган ифрит:

«Мен уни сенга мақомингдан тургунингча келтирурман. Мен бунга қувватли ва ишончлиман», деди».

Афтидан, унинг бу гапи Сулаймон алайҳиссаломга ёқмади. Шунда:

«Китобдан илми бор зот: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. (Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач, «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки ношукрлик қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, Роббим ғанийдир, карамлидир», деди» (40-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримада зикр қилинган «китобдан илми бор зот»нинг кимлиги ҳақида кўпгина фикрларни илгари суришган. Жумладан, «У Тавротни, Исмул аъзамни биладиган шахс эди», «Исми Осаф ибн Бархиё эди», «Лавҳул маҳфуздан хабари бор эди» деган гапларни айтишган. Лекин Қуръони Карим ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бирор нарса айтмаганларидан кейин, бошқа бирор ишончли илмий далил бўлмагач, Қуръон ибораси билан кифояланиб, Аллоҳ ўша шахсни «китобдан илми бор» деб айтибди, у ёғини Ўзи билади, дейишимиз тўғрироқдир.

Баъзи бир уламолар эса: «Китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломнинг ўзлари», дейишган. Агар шундай бўлганида, оятда зикр қилинар эди. Зикр қилинмабдими, демак, у бошқа шахс.

Хулласи калом, ифритдан кейин «китобдан илми бор зот» Сулаймон алайҳиссаломга:

«Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди».

«Мен ифритга ўхшаб, ишни чўзиб ўтирмайман».

Демак, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга қўлидан шунчалик ишлар келадиган махлуқотларни ҳам аскар қилиб қўйган экан.

Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Маликанинг тахти келтирилди.

«(Сулаймон) унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир», деди.

Бир зумда рўй берган бу ҳодиса Сулаймон алайҳиссаломни шошириб қўймади. Ўша ғаройиб ишни амалга оширган илмли шахс ўз аскарларидан экани у зотни ғурурлантириб юбормади. Ҳузурларида Сабаъ маликасининг тахти турганини кўриб, туғёнга ҳам бормадилар. Дарҳол дилларига, тилларига «Бу Роббимнинг фазлидандир» деган фикр, сўз келди.

Сабаъ маликаси яқинлашганда, Сулаймон алайҳиссалом дедилар:

«Унинг тахтини танимайдиган қилиб қўйинг. Кўрайлик-чи, (малика) уни танирми ёки танимайдиганлардан бўлурми?» (41-оят)

Сабаъ маликаси тахтни кўриб, ўзиникига ўхшатди. Меники дейин деса, Сабаъда қолган тахт ўзидан олдин қандай қилиб бу ерда пайдо бўлади? Меники эмас дейин деса, ўзиникидан ҳеч фарқи йўқ. Шунинг учун: «Худди ўшанинг ўзи» (42-оят) деб икки томонга бурса ҳам бўлаверадиган жавоб қилди.

Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасига мўъжиза кетидан мўъжиза кўрсатишда давом этдилар. Бу сафар ажойиб саройни кўрсатиб: «Унга «Саройга кир», дейилди» (44-оят).

Малика саройни кўрган чоғида унинг майдонини сув деб ўйлаб, кийими ҳўл бўлмаслиги учун этакларини кўтариб оёқларини очди. Маликанинг бу ҳолини кўрган Сулаймон алайҳиссалом унга изоҳ бериб: «Бу биллурдан силлиқ қилиб ясалган сарой», деди» (44-оят).

Ана шунда малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ юборган пайғамбарнинг мўъжизалари эканига ишонч ҳосил қилди. Аллоҳ таолонинг қудратига тан берди.

Қуръони Каримда қиссалари келган пайғамбарлардан фақат Сулаймон алайҳиссаломнинггина вафотлари қандай бўлгани оят ила баён қилинган. Бу вафотда ҳам ҳамма учун катта ибрат борлиги учун шундай қилинган бўлса, ажаб эмас.

Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида қуйидагиларни айтади:

«Биз унга ўлимни ҳукм этганимизда, асосини еяётган ёғоч қуртидан бошқа ҳеч бир нарса унинг ўлими ҳақида далолат қилмади. Йиқилганида, жинларга – агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди» (14-оят).

Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг жонларини у зот жинларни ишлатиб қўйиб, асоларига суяниб турганларида олган. Жинлар эса «Сулаймон кузатиб турибди» деб, қўрққанларидан машаққатли ишларида давом этаверганлар.

Аллоҳ таолонинг иродаси билан бир ёғоч қурти Сулаймон алайҳиссалом суяниб турган асони ея бошлаган. Қурт асони маълум миқдорда еганидан кейин асонинг таянч нуқтасига футур етиб, жойидан сурилган ва Сулаймон алайҳиссалом ерга йиқилганлар. Ўшандагина жинлар ўз даъволарига қарши ўлароқ, ғайб илмини билмасликларини тушуниб етишган, ана шундагина жинларга –

«агар улар ғайбни билганларида – хорловчи азобда қолмаган бўлишлари аён бўлди».

Ҳолбуки, баъзи одамлар ўша ожиз жинларга ибодат қилиб, уларни «Ғайбни биладилар» деб улуғламоқдалар.

Ўшанда Сулаймон алайҳиссалом эллик уч ёшда бўлган эканлар (мил. авв. 985–932 йиллар). У зот Байтул мақдисга дафн этилганлар.

Сулаймон алайҳиссалом қирқ йил подшоҳлик қилиб, ер юзида Аллоҳнинг шариатини йўлга қўйдилар. У зотнинг вафотларидан кейин ўринларига ўғиллари Роҳбаъом подшоҳ бўлди. У кишидан сўнг Бану Исроил заифлашди, фасодлари янада ортди.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб .Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик,, дейди Анбиё сураси, 107оят. Бу ўзига давоми...

1302 17:00 / 05.09.2022
Ислом дини жорий этила бошлаган дастshyлабки пайтда яҳудийлар Ясриб Мадина шаҳрида, шунингдек, Хайбар, Фадак ва бошқа шаҳарларда истиқомат қилишар давоми...

1866 15:00 / 05.01.2021
.Зотур риқоъ, сўзи луғатда .ямоқли, деган маънони билдиради. Айрим тарихчиларнинг фикрича, бу ғазот иштирокчилари оёқларига латталарни боғлаб олганлари учун давоми...

2002 11:03 / 29.08.2021
Исломнинг ривожланиб бораётганидан жазавага тушган мушриклар ҳимоясиз, заифҳол мусулмонларни диндан қайтариш мақсадида уларни турли азобларга дучор қила давоми...

2094 15:20 / 12.01.2020
Аудиолар

120433 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42059 14:35 / 11.08.2021