1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Кийиниш одоблари

13:59 / 02.04.2019 15389 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарсаку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.

Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган ҳолатда кийинади.

Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши ҳам шундан.

Мана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина мулоҳазаларга кўра, Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор берилган.

Исломдан олдинги даврларда дунё кийиниш, уй тутиш, умуман, маиший маданият бўйича инсон номига доғ бўлиб тушадиган бир ҳолатда эди. Ҳеч ким бу соҳа бўйича ҳалол-ҳаром ёки савоб-гуноҳ деган нарсани билмас эди. Шахсий ва умумий озодалик ҳақида-ку, гапирмасак ҳам бўлади.

Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар» (26-оят).

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Тақво либоси – ана ўша яхшидир», демоқда.

Агар оддий либос баданнинг аврат жойларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ёмони йўқ. Ҳозирги кунда кўпчилик ўз тақво либоси башанглигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либос – ҳиссий авратни тўсадиган либос ҳам, тақво либоси ҳам:

«Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир».

Яъни кийим-бош, молу мулк ҳам, ўрни келганда, Аллоҳнинг оят-белгиси ҳисобланади. Ундан ибрат олиш эса шарт саналади. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятнинг сўнгида:

«Шоядки, эслатма олсалар», демоқда.

Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

Шайх Шаъбий айтади: «Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий». Муҳаммад ибн Сирийн: «Шуҳрат олдин кийимни узун кийишда эди, сўнг уни янгилашга ўтди», деган. Умар ибн Хаттоб: «Кийимнинг дағал ва эскирганини кийинглар», деганлар. Бу зот масжид минбарида хутба ўқиётганларида, устиларида еттита ямоқ солинган кўйлак бор эди.

Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

Америка тери касалликлари мутахассислари ўтказган тадқиқотлар натижасида ғарблик аёллар ёш бўла туриб ҳусн ва жозибаларини тез йўқотаётганлари, барвақт ажин тушаётгани ва унинг тез кўпайиб кетаётгани, аксинча, муслима аёлларнинг етмиш-саксон ёшда ҳам юзлари чиройли, ажинсиз ва нурли экани, уларда ғарб аёлларида кўп учрайдиган тери саратони (раки) хасталиги деярли кузатилмаётгани аён бўлди.

Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

Кийим ҳақида шаръий ҳукмлар

Фуқаҳоларимиз (барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин) кийим масаласи бўйича келган барча ҳужжат-далилларни ўрганиб чиққанларидан кейин, қуйидаги хулосага келганлар:

«Кийимнинг ҳукми бир нечтадир:

1. Фарз.

Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтарадиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафиси билан ўта ёмонининг ўртасида бўлиши керак.

2. Мустаҳаб.

Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.

3. Мубоҳ.

Бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.

4. Макруҳ.

Бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.

5. Ҳаром.

Бу авратни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлардир.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Британиялик ёзувчи, ақидалар қиёси ва уларнинг тарихи борасида долзарб асарлар ёзган собиқ роҳиба доктор Карен Армстронг ёзади .Муҳаммад алайҳиссалом намунали давоми...

4423 12:02 / 17.10.2022
Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини, охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш давоми...

5792 16:00 / 15.06.2022
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва давоми...

5460 11:57 / 05.03.2019
.Қўшни, деганда уйимаскани, боғи ёки дўкони яқин кишилар кўзда тутилади. Яъни, ҳовли қўшни, боғ қўшни ва дўкон қўшни ҳамда бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Исломда давоми...

1297 15:22 / 15 март
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41958 14:35 / 11.08.2021