1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Шамвил алайҳиссалом

12:30 / 31.03.2019 2486 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бану исроилликлар Шамвил алайҳиссаломдан уларга бир подшоҳ тайин этишларини талаб қилишди ва ўша подшоҳнинг раҳбарлиги остида урушда қатнашишларини айтишди. Шунда у зот уларга Толутни етакчи сифатида танладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу ҳақда Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:

«Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг оят-белгиси – сизларга ичида Роббингиздан сандиқ келмоғидир, унда хотиржамлик ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолган қолдиқ бор. Уни фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта, бу нарсада сизларга оят-белги бор», деди» (248-оят).

Бану Исроилга Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини исбот этиш учун уларни қойил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким уддалай олмайдиган бир мўъжиза кўрсатиляпти. Маълумки, Мусо алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроилга Юшаъ алайҳиссалом раҳбар бўлган эдилар. Ўша пайтда уларни муқаддас ерларидан ҳайдаб чиқарган душманлари бир қанча муқаддас нарсаларини тортиб олишган эди. Мазкур тортиб олинган нарсалар ичида Бану Исроилга хос бир машҳур тобут – сандиқ ҳам бор эди. Мусо алайҳиссалом қачон урушга кирсалар, ўша тобутнинг ўз қўшини олдида боришини таъминлар эдилар. Шунда Бану Исроилнинг қалбига хотиржамлик тушиб, урушдан қочишмасди. Кейинчалик мазкур тобутга Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлардан қолган эсдалик – табаррук нарсаларни солиб қўйишган эди. Жумладан, мазкур тобутда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида берган лавҳлар, у зотнинг ҳассалари, кийимлари, кавушлари, Ҳорун алайҳиссаломнинг саллалари каби нарсалар ҳам бор эди.

Шамвил алайҳиссалом: «Тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, ушбу мўъжизанинг ўзи кифоя қилади», дедилар.

Кейинги оятлардаги маънога қараганда, бу иш рўй бериб, Бану Исроилда ишонч ҳосил бўлганга ўхшайди:

«Толут лашкарлар билан чиққанда, «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар» (249-оят).

Ниҳоят Бану Исроилнинг урушдан қочмай қолган одамлари Толутнинг Аллоҳ тайин қилган подшоҳ эканига ишонтирилгач, Толут улардан қўшин тайёрлади. Сўнг уруш қилиш вақти етиб келди. Улар жангга отландилар. Шунда Толутнинг ҳақиқий лашкарбоши экани намоён бўлди. У аскарларининг ҳолатини яхши биларди. Улар авваллари мағлубиятга учраб юрган, хорликка кўникиб қолишган эди. Душман эса аксинча, кучли ва ғалабага одатланиб қолган. Ундай душманга ғолиб келиш учун мустаҳкам иродага эга бўлиш керак. Шунинг учун Толут ўз аскарларининг иродасини синаб кўрмоқчи бўлди. Шаҳардан чиққанларида синов шартини эълон қилди:

«Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у мендан эмас ва ким уни тановул қилмаса, у албатта мендандир. Аммо биров қўли билан бир ҳовуч олса, майли», деди».

Йўлда бир имтиҳон (дарё) учрайди, ким иродаси кучли бўлиб, чанқоқликка чидаб, унинг сувидан ичмаса, синовдан ўтган бўлади – Толутнинг ҳақиқий аскарига айланади. Ким иродасизлик қилиб, дарёнинг сувидан ичиб олса, аскарликка қабул қилинмайди. Бир оз сувсизликка чидай олмаган одам урушнинг машаққатларига чидай олмаслиги турган гап. Шу билан бирга, Толут томоқни ҳўллаб олиш учун сувдан бир ҳўплам ичишга рухсат берди.

Юриб бориб, дарёга ҳам етишди.

«Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар».

Кўпчилиги синовдан ўта олишмади. Бундан оғир ишга киришишдан олдин одамларни фақат оғзаки синов эмас, балки амалий синовдан ҳам ўтказиш зарурлиги билиб олинади. Биринчи амалий синовдаёқ Толутнинг қўшини сараси сарага, пучаги пучакка ажради. Синовдан ўтмаганлар ажралиб қолишди.

«У ва у билан бирга иймон келтирганлар ундан (дарёдан) ўтганларида, «Бугун бизда Жолут ва унинг лашкарлари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар».

Алҳол, иймонлилар ичида ҳам заифлар пайдо бўлди. Душманга рўбарў келганда ўзларининг озлиги, душманнинг кучли эканини сезиб, урушда қатнаша олмасликларини, бунга тоқатлари йўқлигини баён қилишди. Улар вазиятни ўз тарозиларига солиб кўриб, ғолиб келишларига кўзлари етмади. Шунда ҳақиқий мўминлар, ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан ўлчайдиганлар юзага чиқишди.

«Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар».

Ўзи асл нарса оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам шулар жумласидандир, чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар ва Аллоҳ танлаган муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Бу ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Ундайлар Парвардигори оламга рўбарў бўлишларига қатъий ишонадилар. Шунинг учун ҳамма машаққатларни енгишга тайёр бўладилар. Ҳамма нарса «Аллоҳнинг изни билан» бўлишига ишонадилар. Шунинг учун сонлари оз бўлса ҳам, қўрқмайдилар. Улар Аллоҳ сабр қилувчилар билан бирга эканини яхши биладилар. Аллоҳнинг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.

«Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар» (250-оят).

Улар душман билан тўқнашганларида, дуо қилиб Аллоҳдан сўрайдиган нарсаларини сўрашга ошиқдилар. Ўша пайт дуо қабул бўладиган лаҳзадир. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳни ҳеч қачон эсдан чиқармайдилар. Аллоҳнинг кўрсатмасига биноан керакли тадбирларни ишга солиб, ҳамма нарса қўлида бўлган Зотга ёлворадилар.

«Роббимиз, устимиздан сабр тўккин» ибораси сабр худди тўкиладиган нарсадек тасаввур беради. Худди сувни тўккандек бошидан тўкиб юборса, оқиб оёғигача тушади. Энг керакли нарса бўлгани учун мазкур мўминлар энг аввал сабрни тилга олдилар.

«…қадамларимизни собит қилгин…» – «бу улуғ ишда қадамимиз тойилмасин, собит турсин». Бу ҳам Аллоҳнинг ёрдами билан бўладиган иш.

«…ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин», дедилар».

Мўминларнинг орзуси кофирлар устидан ғолиб чиқишдир. Уларнинг орзуси рўёбга чиқди.

«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг одамларни бир-бирлари билан даф қилиши бўлмаганида, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламларга фазлу марҳаматлидир» (251-оят).

Толут ва унинг аскарлари Жолут ва унинг аскарлари устидан ғалаба қозонишди. Бу ғалаба, албатта, Аллоҳнинг изни билан юз берди. Ҳеч бир нарса Унинг изнисиз бўлмайди. Аллоҳ Ўз иродасини мўминлар орқали юзага чиқаради.

«Бас, Аллоҳнинг изни билан уларни тор-мор қилдилар ва Довуд Жолутни қатл этди».

Довуд Толут лашкари ичидаги ёш йигит, Жолут эса катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи лашкарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва лашкарбошининг ёшгина йигитча қўлида ўлим топишини ирода қилди. Бу билан одамларга, агар Аллоҳ хоҳласа, бир ёш йигит ҳар қандай жабборнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Шу билан бирга, бу ишнинг ортида бошқа ҳикмат ҳам бор эди:

«Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди».

Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бану Исроилга подшоҳ бўлдилар. Уларнинг подшоҳлик даври «олтин давр» бўлди. Аллоҳ таоло у зотга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.

«Ислом тарихи» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳунайн ғазотида тушган ўлжаларни тақсимлаш ҳақида Ибн Исҳоқ Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

2330 11:30 / 09.06.2021
Биз яшаб турган авлод ҳам, биздан кейин келадиган авлодлар ҳам ndash ҳаммаҳаммаси рисолаи Муҳаммадиянинг ва унинг шомил ва боқий даъватининг ҳамда самарали давоми...

1046 14:00 / 10.02.2023
.Жазоирда араб халқини ташкил этадиганмусулмонлар яшайди. Кимдаким ушбухалқни ўз илдизини йўқотганёки ўлиб битган халқ деса, ёлғон айтади,.Имом Абдулҳамид ибн давоми...

1664 10:31 / 07.11.2021
Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган давоми...

10992 20:00 / 20.04.2019
Аудиолар

119967 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41656 14:35 / 11.08.2021