1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Қўшничилик одоблари

14:45 / 26.03.2019 6216 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда ижтимоий алоқалар ҳақида сўз кетганда, қўшничилик алоқаларига катта аҳамият берилади. Ушбу алоқаларни гўзал тарзда олиб бориш ҳақидаги таълимотлар тақдим этилади. Бу таълимотлар эса Исломнинг ижтимоий алоқаларни иймон ва гўзал ахлоқ асосида олиб боришга берган аҳамиятидан келиб чиқади.

Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимотлар ҳам дунёда мисли кўрилмаган таълимотдир. Инсон боласи ўз кундалик ҳаётида, истайдими-истамайдими, доимий равишда алоқада бўлиб турадиган тоифалардан бири қўшнилардир. Киши ҳаётининг осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни ила кечадиган алоқаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина хайр-яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан турли ёмонликлар кутилишининг ўзи турмуш ҳаловати ва осойишталигини кетказади.

Ушбу ва шунга ўхшаш бошқа мулоҳазалар асосида Исломда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар берилган.

Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Бу ҳамда шунга ўхшаш жойларда Аллоҳга ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш ушбу ишларга тарғиб нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаш учундир. Аллоҳга бўлган иймон кишиларни доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва гуноҳларимизни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади. Демак, Аллоҳга ва охиратга иймон қўшнига яхшилик қилишни, ҳатто ундан етган озорларга сабр қилишни тақозо этади.

Қўшнилар уч тоифадан иборат: мусулмон қариндош қўшни, мусулмон қариндошмас қўшни ва мусулмонмас қўшни. Мусулмон қариндош қўшнининг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳаққи бўлади. Мусулмон қўшнининг мусулмон-лик ва қўшнилик ҳаққи бўлади. Мусулмонмас қўшнининг фақат қўшнилик ҳаққи бўлади.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига:

«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? – деб ҳадеб сўрайверди. Сўнг: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшни ҳақида шу қадар кўп тавсия бердики, уни ҳам меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъи назар, қўшнига яхшилик қилиш керак. Чунки қўшнининг ҳаққи шариатда жуда қаттиқ тайинлангандир. Бу ҳақни поймол қилиш оғир иш ҳисобланади.

Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Шунинг учун ҳам Исломда қўшничиликка жамиятдаги энг муҳим алоқалардан бири сифатида қаралади. Шу боис ҳам қўшничилик алоқаларига Қуръони каримда, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, шариат таълимотларида, мужтаҳид уламоларимизнинг ижтиҳодларида, тасаввуф ва адабиётларда катта эътибор берилган.

Қўшниларнинг муомала одоблари:

Қўшнига яхшилик қилиш уни кўрганда салом бериш ва ҳолини сўрашдан бошланади.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларида ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади.

Қўшнига зинҳор озор берилмайди, унга фақат яхшилик қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади. Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади», дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир», дедилар. (Бояги кишилар):

«Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Қўшни, деганда уйимаскани, боғи ёки дўкони яқин кишилар кўзда тутилади. Яъни, ҳовли қўшни, боғ қўшни ва дўкон қўшни ҳамда бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Исломда давоми...

1318 15:22 / 15 март
Ҳақиқатан, ҳар бир отаона фарзандига тарбияодоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки давоми...

66918 14:11 / 05.02.2019
Шотланд тарихчиси, исломшунослик ва араб тилига ихтисослашган Эдинбург университети тарих фани профессори Монтгомерий Вотт шундай ёзади .Ғарбда ўтган тарихий давоми...

4718 11:35 / 16.10.2022
Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчи давоми...

4816 11:56 / 18.02.2019