1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

32-боб. Қариндошлик алоқасини узганнинг гуноҳи

12:10 / 21.03.2019 5156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

64. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман».

Шарҳ: Силаи раҳмни узиш ана шундай катта гуноҳдир, инсоннинг жаннатга кирмай қолишига сабаб бўладиган гуноҳ ишлардандир. Аллоҳ таоло бундан Ўз паноҳида асрасин.

65. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Раҳм Роҳмандан олинган. У: «Эй Роббим! Менга зулм қилинди. Эй Роббим! Мени узишди. Эй Роббим! Мени…, мени…» дейди. «Сени узганни узишимдан, сени боғлаганни боғлашимдан рози бўласанми?» дейди У Зот».

Шарҳ: Демак, бу дунёда қариндошлик алоқасини узганлардан қиёмат куни Аллоҳ таоло алоқани узар экан, силаи раҳм қилганларга эса раҳм қилар экан. Бу ҳам силаи раҳмни узиш оғир мусибат эканини, бундай қилганлар қиёматда жуда оғир ҳолатда бўлишини, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлишини билдиради.

66. Саъид ибн Самъондан ривоят қилинади:

«Абу Ҳурайранинг ёш болалар ва эсипастлар ишбоши бўлиб қолишидан паноҳ сўраганини эшитдим».

Саъид ибн Самъон айтади:

«Менга Ибн Ҳасана Жуҳаний хабар берди. У Абу Ҳурайрага:

«Бунинг белгиси нима?» деган экан.

«Қариндошлик алоқасининг узилиши, иғвогарга итоат этилиши ва муршидга осийлик қилиниши», дебди у».

Шарҳ: Яъни «Ўшанда қариндошлик алоқаларининг узилиши бошланади», деган эканлар.

Ёшлар қариндошларнинг қадрини билмайди, ҳовлиқиб, ҳар тарафга югуради, қариндош-уруғни эсдан чиқаради. Иғвогарга итоат қилинади. Иғвогарларнинг иши юришиб кетади, ёш болани ишонтириб, ишни ўз фойдасига буради.

Муршид одам, яхши одам, тўғри, мукаммал одамнинг айтганини ҳеч ким қилмай қўяди. Унга исён этилади. Ана шулар одамларнинг бошига тушган кулфатнинг аломатлари экан.

Қаерда қариндошлик алоқалари узилса, иғвогарга итоат, муршидга исён қилинса, бундай жамиятда яхшилик бўлмас экан. Бу ерда ҳам қариндошлик алоқаларининг узилиши биринчи ўринда зикр қилиняпти. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги таъкидланмоқда.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болалар ва эси пастларнинг ишбоши бўлиши жамият учун яхши эмаслиги.

2. Қариндошлик алоқаларининг узилиши жамият учун ёмонлик аломати экани.

3. Иғвогарга итоат этилиши жамият учун ёмонлик аломати экани.

4. Муршид – яхшиликка бошловчига осийлик жамият учун ёмонлик аломати экани.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
намоз ибодатларнинг онасидир18. Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, давоми...

2861 12:16 / 06.11.2018
Умму Дардо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Абу Дардо кечаси туриб, намоз ўқиди. Сўнг йиғлаб .Аллоҳим Менинг халқимни гўзал қилдинг, хулқимни ҳам гўзал қилгин,, давоми...

2153 11:00 / 08.05.2023
Бир куни акаука жанжаллашиб қолишди. Жанжал шу қадар кучайиб кетдики, улар бирбирларига қўл кўтаришгача боришди. Оталари уларнинг бу ҳолини индамай, маюс давоми...

2604 15:23 / 27 апрель
Салмондан ривоят қилинади.Гумондан хавфсираб, ходимимга суякни ҳам санаб бераман,.Салмондан ривоят қилинади.Гумондан қўрқиб, суякни санаб бераман,.Шарҳ Ушбу икки давоми...

2500 15:02 / 13.06.2020
Аудиолар

211023 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130281 14:35 / 11.08.2021