1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Энг қимматбаҳо маҳр соҳибаси

19:45 / 19.03.2019 5520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мадиналик Милҳоннинг қизи Румайсо хоним оқила, доно, хушхулқ ва гўзал аёл эди. Уни фарзандининг исми билан кунялаб “Умму Сулайм” деб чақиришар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан жўнатган Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳунинг даъвати билан Умму Сулайм муслима бўлган ва Муҳаммад алайҳиссалом динига эргашган эди. Лекин Аллоҳнинг тақдири мўминлар учун имтиҳонларга тўла экан. Ўлим вақти келганда бир сония ҳам кутиб ўтирмас экан. Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг эри узоқ яшамади. Ожиза ҳали ёш туриб бева қолди.

Мадинада Нажжор қабиласига мансуб Зайд ибн Саҳл деган одам бор эди. Уни Абу Талҳа деб чақиришар эди. Абу Талҳа ҳар қандай аёл ҳавас қилса арзигулик келишган, бой-бадавлат, паҳлавон, қабиласида обрўси баланд, моҳир чавандоз ва саноқли мерганларнинг бири эди. Мадинада Маккалик Мусъаб кўпчиликни Исломга олиб кирган бўлса-да, лекин Абу Талҳа аждодлари динига содиқ қолди.

Абу Талҳа Умму Сулаймни яхши кўрар эди. Унинг эри ўлганини эшитди-ю, ҳаловатини йўқотди. Тўғри-да, шундай гўзал, ақлли, фаҳм-фаросатли аёлга ким ҳам уйлангиси келмайди, дейсиз. Бошқа бирорта эркак унга совчи қўйишидан олдин Абу Талҳа отини қамчилади. Йўлда кетар экан ўзича ишонардики, Умму Сулайм мени кўриб дарров рози бўлади… Лекин ўйланиб қолди: «Умму Сулайм анави Маккалик даъватчига эргашибди, Муҳаммаднинг динига кирибди деб эшитгандим, менга рози бўлармикин», деган хаёл уни тараддудга солибди. Шундай бўлса-да, барибир Умму Сулаймнинг қўлини сўраб борибди.

Умму Сулаймнинг эшиги тақиллади. У ўғли Анас билан эшикни очди. Ташқарида Абу Талҳа киришга изн сўраб турарди. Уни уйга киритишди. Салом-аликдан сўнг совчи мақсадага ўтиб қўя қолди:

– Эй Умму Сулайм, мен қўлингизни сўраб келдим. Мени яхши биласиз, сизни ва фарзандларингизни моддий ва маънавий таъминотини уддасидан чиқаман. Хўп десангиз, сизга уйлансам?

Аёл:

– Эй Абу Талҳа, сиздек кишига йўқ дейишнинг ўзи аҳмоқлик бўлади. Сиз қавми ичида обрўси баланд, етук, ҳамма ҳавас қилса арзигулик эркаксиз. Аммо мени тўғри тушунинг, сиз билан турмуш қила олмайман. Чунки сиз мусулмон эмассиз, – деди.

Абу Талҳа бирорта бадавлатроқ одам ундан аввал бунинг қўлини сўрабди шекилли, деб гумон қилди ва сўради:

– Эй Умму Сулайм, тўғрисини айтинг, менга тегишдан сизни нима тўсяпти?

Умму Сулайм:

– Сабабини айтдим-ку, яна нима тўсиши мумкин?! – деди.

– Менимча сиз бойликка учяпсиз, бойроқ одамдан совчи келганмиди? – деди Абу Талҳа.

Абу Талҳанинг бу гапидан Умму Сулайм хафа бўлиб кетди ва: «Наҳотки мени шундай деб ўйласангиз. Мен учун бойлик аҳамиятсиз, балки мен диёнатни устун қўяман. Сиз мусулмон эмассиз, шунинг учун рози бўлмадим. Аллоҳ ва унинг Расулини гувоҳ қилиб айтаман: «Эй Абу Талҳа, агар Исломга кирсангиз сизга турмушга чиқаман. Маҳримга сариқ чақа ҳам сўрамайман, мен учун сизнинг исломингиз маҳр бўлади» – деди.

Бу гапдан кейин Абу Талҳанинг хаёли уйидаги қимматбаҳо ёғочдан ясалган, зебу-зийнатларга бурканган санамига кетди. Наҳотки динимни ўзгартирсам, наҳотки, уйдаги илоҳимдан юз ўгирсам, деб ўйланиб қолди.

Боя айтганимиздек, Умму Сулайм оқила ва фаросатли аёл эди. Темирни қизиғида босди. У Абу Талҳага: «Эй Абу Талҳа ўша санамингиз ердан униб чиққан ёғоч эмасми?!» – деди. У: «Тўғри у ёғочдан ясалган» – деди. Умму Сулайм: «Ўша ёғочнинг ярми кимларнингдир ўчоғида ўтин бўлиб, аллақачон куйиб кул бўлмаганми?!» – деди. Абу Талҳа: «Ҳа, тўғри, шундай» – деб жавоб қилди. Шунда Умму Сулайм: «Эй Абу Талҳа, Исломга киринг, ҳақни англанг, мен сизга турмушга чиқаман, маҳр учун ҳеч вақо сўрамайман. Менга сизнинг исломингиз маҳрдир!» – деди. Абу Талҳанинг кўзи очилди. Шу кунгача жаҳолат ботқоғига ботиб юрганини англаб етди ва: «Мусулмон бўлиш учун нима қилишим керак» – деди. Умму Сулайм дарҳол унга шаҳодат калималарини ўргатди ва Абу Талҳа мусулмон бўлди. Исломингиз муборак бўлсин эй Абу Талҳа!

Мадинаи Мунавварада шов-шув кўтарилди. Одамлар орасида: «Энг қимматбаҳо маҳр Умму Сулаймнинг маҳри бўлди» – деган гап тарқалди. Кимлардир Умму Сулайм хонимни табрикласа, яна кимлардир унга ҳавас қиларди.

Қиссадан ҳисса шуки, куёв танлашда куёвнинг бойлиги, шуҳрати обрўси эмас, балки унинг диёнати муҳимдир. Мана бизга ўрнак, намуна! Умму Сулайм дарҳақиқат энг қимматбаҳо маҳр олди! Бир киши эътиқодининг тузалишига, ҳақни топишига сабабчи бўлди. Унинг даъвати билан бир мушрик мусулмон бўлди! Тушунган одам учун бундан ортиқ бойлик борми?!

Бугунги кунда бойлик одамларнинг кўзини кўр қилиб қўйди. Бойлик ортидан кофирларга, динсизларга эрга тегиб кетаётган қиз-жувонларни эшитяпмиз. Муҳтарама опа-сингиллар дунё ўткинчидир, уни деб охиратингизни қўлдан бой берманг!

Ботиржон қори

Ўктамжон Абдуллаев

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Динимизга, азалий урфодатларимизга, маънавият ва анъаналаримизга зид бўлган майхўрликнинг Мовароуннаҳр заминига кириб, авж олишидан ҳукмдорлару миллатнинг кўзи давоми...

2083 14:39 / 14.02.2020
Ассалому алайкум. Аёллар ва эркакларнинг ҳаммомда авратларини ёпишлари ҳақида сўрамоқчи эдим. Ёлғиз ўзлари бўлганларида ва жамоат бўлганларида қандай ҳолатда давоми...

9829 20:10 / 30.04.2019
50 йил давомида, доимо бахтли яшаганини сирини сухандон радио орқали матн ўқувчи сўрадиmdash Онахон, айтингчи, сирингиз нимада Таом тайёрлашга усталик ё чиройда ёки давоми...

3200 14:05 / 10.12.2019
Мисрда жойлашган дунёдаги энг кўҳна ва салоҳиятли Ислом дорилфунуни, жомеъ масжиди ва мадрасалардан иборат мажмуа Азҳар номи билан аталади. У фотимийлар давоми...

1255 16:05 / 02.12.2019