1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бебаҳо марварид

07:30 / 16.03.2019 4346 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир овчи бор экан. Кунларнинг бирида овлаган балиғининг ичидан қимматбаҳо марварид чиқди. “Субҳаналлоҳ! Балиқ қорнидан марварид чиқди-ку!” деб хурсанд бўлибди ва уйига бориб: “Хотин! Хотин! Буни қара, балиқнинг ичидан дур чиқди” дебди.

Кейин марваридни заргарга олиб борибди. Заргар марваридни кўриб: “Бу ғоятда бебаҳо-ку! Мен дўконим, уйим, қўшнимнинг уйини сотсам ҳам бу марваридни сотиб ололмайман. Сен уни қўшни шаҳардаги фалончи заргарга олиб бор, балки у сотиб олар. Аллоҳ муродингни ҳосил қилсин!” дебди.

Овчи марваридни қўшни шаҳардаги заргарга олиб борибди. У ҳам дурни қўлига олиб, яхшилаб назар солибди ва: “Эй дўстим, бу дур бебаҳодир. Мен сенга бунинг ечимини айтаман. Марваридни шаҳримиз ҳокимига олиб бор, балки у буни сотиб олар” дебди. Овчи унга ташаккур айтиб, ҳокимнинг саройига жўнабди.

Сарой эшиги олдида бир оз кутиб турибди. Киришга изн бўлгач, ичкарига кириб, бўлган воқени ҳокимга айтибди ва қўлидаги марваридни унга узатибди. Ҳоким дурни кўриб: “Мен бу дурни анчадан бери излаётган эдим. Сени нима билан мукофотлашни ҳам билмайман. Сенга ўзимнинг хос хазинамга киришга изн бераман. У ерда олти соат қолиб, истаган нарсангни олишинг мумкин”, деди.

Шундай қилиб, воқеамиз қаҳрамони махсус хазинага кирибди-ю ҳайратдан тош қотибди. Хазинанинг ичи жуда катта бўлиб, уч қисмдан иборат экан: биринчи хонаси қимматбаҳо тошлар, олтину кумушлар билан тўла, иккинчиси ётиб, дам олиш учун ҳозирланган хона ва учинчиси турфа хил таомлар ва ичимликлар тайёрлаб қўйилган хона экан.

Буларни кўрган овчи ўзича: “Шунча олтинни қандай қилиб олиб кетаман? Аввал яхшилаб овқатланиб, кучга тўлиб олай. Кейин кўпроқ олтин олиб кетишимга имконим бўлади” деди-да, таомлар ҳозирланган хонага кириб, берилган вақтнинг икки соатини еб-ичишга сарфлабди. Таомланиб бўлгач, олтину жавоҳирлар тўла хонага бораётиб, тўшаклар солинган иккинчи хонага кўзи тушиб, яна ичида: “Ҳозир овқатланиб, қорнимни тўйдириб олдим. Энди бир оз мизғиб олсам, яна кўпроқ куч тўплайман-да, кўпроқ бойлик олиб кетаман. Шундай ажойиб сўри ва тўшакларда ухламай кетавераманми?!” дебди. Шундай қилиб, ухлаш хонасига кирибди, чўзилибди-ю, дарҳол ухлаб қолибди.

Орадан бир оз ўтгач, “Эй аҳмоқ овчи, ўрнингдан тур! Муддатинг ниҳоясига етди. Бу ердан чиқишга тайёргарлик кўр” деган овозни эшитибди. Қўрқиб кетиб, “Илтимос, менга муҳлат беринг, ахир мен ўзимга берилган вақтдан фойдалана олмадим-ку!” деди.

Ҳалиги овоз яна: “Сенга бу ерда ўзингга керакли буюмларни олишинг учун олти соат вақт берилди. Сен эса уйқудан энди турдинг. Энди олтин олмоқчимисан?! Нега шу олти соатнинг ҳаммасини олтин ва жавоҳирларни йиғишга сарф қилмадинг?! Ташқарига чиқиб, шу олтинларга энг афзал таом, ажойиб тўшаклар сотиб олишинг мумкин эди-ку! Аммо сен аҳмоқ, ғофил кимса экансан. Қани, энди ташқарига чиқ!” деди.

Ҳа, азизлар! Воқеа ана шундай якунига етибди.

Ҳикоядаги “марварид” нима эканини биламизми? Бу – бизнинг руҳимиз. Руҳимиз бебаҳодир.

“Хазина” нималигини биламизми? У мана шу дунё ва ундаги зебу зийнатлардир.

Хазинадаги “олтину кумушлар, қимматбаҳо жавоҳирлар” нималигини биламизми? Булар – солиҳ амаллар.

“Ажойиб тўшак” эса ғафлатдир.

“Таом ва ичимликлар” эса нафснинг хоҳиш-истакларидир.

Азизлар! Бизга берилган бу умрни ғанимат билайлик! Вақтимизни ғафлатда ўтказмай, солиҳ амалларни кўпроқ қилайлик!

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан 


Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1993 йилда Америка фуқароси Жеймс Скот ўйнаши билан бемалол ишрат қилиш учун хотинининг ишдан уйга қайтишига халал бермоқчи бўлди. У бунга муносиб йўл қидирди. Ва давоми...

6092 17:06 / 05.06.2020
Шузабдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазиз Ироқдаги баъзи ишларга Солиҳ ибн Абдурраҳмон ва унинг бир шеригини волий қилиб тайинлаган эди. Бир куни иккови Умар давоми...

2276 07:10 / 18.07.2019
Шаввол ойининг ажойиб фазилати бўлиб, бу хусусда .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар .Рамазон ойи рўзасини тутиб, унга қўшимча давоми...

5976 16:00 / 14.05.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, энг мукаррам инсон ким, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тақводорлар,, дедилар. давоми...

2092 08:00 / 22.01.2021
Аудиолар

213421 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132636 14:35 / 11.08.2021