1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қабри шариф зиёрати ҳақида мулоҳаза

15:04 / 01.03.2019 3009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Юртимиздан ҳаж ва умра сафарига отланганлар одат бўйича аввал Мадинаи мунавварага бориб, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қиладилар. Масжидун-набавийда намоз ўқийдилар. Ана ундан кейин Маккага келиб асосий ибодат амалларига киришадилар.

Лекин ҳозирги сохта салафийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрини зиёрат қилишни ҳаром, деб ҳисоблашади. Жумладан, уларнинг раҳнамоларидан бири Носир Албоний қуйидагича фатво берган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрати учун сафарга отланиш ҳаром. Қаранг: “Фатава ал-Албоний фил-мадина вал-имарат”. 12 – Б. Амр Абдулмунъим Сулайм томонидан жамланган. Биринчи босма. Доруз-зия. Миср.

Албонийнинг бу фатвоси аввалда ҳанбалий мазҳабидан бўлган Аҳмад ибн Таймиянинг қарашлари асосида айтилган бўлиши мумкин. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифларини зиёрат қилишдан қайтаргани, бу шарафли ният билан йўлга чиқиш гуноҳ ва бу йўлдаги мусофирларга, ҳатто намозни қаср қилиш ҳам мумкин эмаслигини айтиб келгани бир қанча адабиётларда келади.

Айрим олимлар бу гапнинг асли йўқ, ибн Таймияга нотўғри нисбат қилинганини ҳам иддао қилишган. Шундай бўлса-да, бу масалада суннат ҳомийлари бўлмиш аксар уламолар ибн Таймияга раддиялар битишган. Хусусан, шофеъий мазҳабининг йирик олимларидан имом Субкий раҳматуллоҳи алайҳ шу масалада ибн Таймияга алоҳида раддия битган. У “Шифоус сақом фи зиёрати хайрил аном” деб номланади.

Мазкур китоб ўн бобдан иборат бўлиб, унинг аввалги етти боби зиёрат масаласига бағишланган. Кейинги учта бобда, тавассул ва истиғоса, шафоат, пайғамбарларнинг қабрларида ҳаёт эканлиги ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ рози бўлсин, муаллиф мазкур китобда қабри шариф зиёратидан ман этувчиларни жуда кучли далиллар билан “калтаклаган”.

Аслида Расулуллоҳнинг қабри шарифларини зиёрат қилиш салафи солиҳлар ижмоъси билан мандуб ва кўп савоблик амалдир. Жумҳурнинг қавли ҳам шу. Шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ қабри шариф зиёрати ижмоъан жоиз эканини “Раддул мухтор”да айтади ва “Лубоб”да ҳам бу ижмоъ нақл қилинганини алоҳида қайдлаб ўтган.

Шайх Муҳаммад Саъид Соғиржий “Ал-фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ” номли асарида қабри шариф зиёрати мандублигини, жумҳури аҳли илмлар бу қарашда якдиллигини алоҳида урғулаб, қуйидаги оятни унга асос бўлишини билдиради:

ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ

«Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингизга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар» (Нисо сураси, 64-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларида тирикдир. Ул зот бу дунёдан ўтганларидан кейин ҳам Набийдир. Шундай экан, оятга кўра Ул зотнинг қабри олдига Аллоҳдан мағфират тилаб келиш то даври қиёматгача биз осий умматлар учун манфаатли иш бўлиб қолаверади. Қаранг: Ал-фиқҳ ал-ҳанафий. 3 – Ж. 490 – Б. Дамашқ. Дор ал-калим ат-тойиб. 2005.

Қабри шариф зиёратига далил сифатида яна ушбу ҳадисни келтириш мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки ҳаж қилса, бас, вафотимдан кейин қабримни зиёрат қилса, у гўёки мени ҳаётлик чоғимда зиёрат қилгандек бўлади» (Сунани Дорақутний 2/278).

Хулоса шуки, ҳозирги сохта салафийларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қабрларини зиёрат қилишдан қайтаришларига эътибор йўқ. Бу масалада салафи солиҳларнинг ҳаммаси якдил фикрда мандуб деб эътиқод қилганлар. Тўрт фиқҳий мазҳаб фуқаҳолари ҳам қабри шариф зиёратини мандуб, деб уқтиради. Ўшаларга эргашамиз. Янги чиққан сохта салафийларга эмас!

Авазбек Мўминов,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имоми

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ҳақда аламлар битиб, жароҳатлар тузалгандан кейин ёзяпман.Инсоннинг кўнгли момиқ ва нозик патдан ҳам юмшоқ бўлади. Унга етказилган жароҳатлар уни синдириб, давоми...

1782 15:00 / 31.12.2021
Ибн Абу Зинод айтади .Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўйлаклари қолган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр ўлдирилганда ўша давоми...

1439 08:00 / 10.09.2020
Маслама ибн Абдулмалик Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келди. Унинг эгнида Миср чойшабидан кийим бор эди. Халифа Умар ибн Абдулазиз сўрадиndash Буни неча пулга давоми...

3327 10:07 / 30.10.2018
Абдуллоҳ ибн Фалон айтади .Иброҳим ибн Адҳам анжир кўтариб кетаётган бир боланинг олдидан ўтиб қолиб, .Бир тангага анжир берасанми, деди. Бола анжирни бир тангага давоми...

2099 08:00 / 28.04.2020