1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Анаснинг кўзи

18:00 / 01.03.2019 3683 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шомнинг “Солиҳия” маҳалласида “Муҳйиддин ибн Арабий” номли хайрия жамияти бор. Жамиятнинг бош котиби ажойиб, фозил киши Абу Файсал эди. У ушбу жамиятда фақиру муҳтожларга моддий ёрдам, беморларнинг дориси учун пул, толиби илмларга кўмак бериб турарди. Бу ишларни фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун қиларди.

Унинг Анас исмли кичкина ўғли бор эди. Кунларнинг бирида у кўчада болалар билан ўйнаб юрган пайтда ўртоқларидан бирининг қўлидаги ўткир учли темир учиб келиб, Анаснинг ўнг кўзига тегиб, жароҳатлади. Болани дарҳол шифохонага олиб борилди. Шифокорлар текшириб, “Вазият оғир. Болакайни кучлироқ шифокорга кўрсатиш керак” деб, зўр мутахассисларга хабар беришди. Мутахассислар келиб кўришгач, отасига:

“Эй Абу Файсал, боланинг кўзини зудлик билан ўйиб олиб ташлаш керак. Акс ҳолда, чап кўзига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин” дейишди. Ота:

– Бундан бошқа бирор йўли борми? – деб сўради. Шифокорлар:

– Йўқ – деб жавоб беришди.

– Агар бирорта махсус шифохонага олиб борсак-чи? – деб сўради Абу Файсал. Докторлар:

– Фойдаси йўқ. Чунки биз кўз муолажасига ихтисослашган бошқа шифохоналарда ҳам фаолият олиб борамиз, – дейишди. Абу Файсал:

– Агар хорижий давлатдаги кучлироқ мутахассисга кўрсатсак-чи?, – деди. Шифокорлар:

– У ерларда ҳам бир иш чиқмайди. Сизга маслаҳатимиз шуки, бу ишни тез амалга ошириш керак, – дейишди.

– Демак, умуман иложи йўғ-а? – деб сўради отаси. Докторлар:

– Ҳа, шундай. Шунда бечора ота:

– У ҳолда майли, нима қилиш керак бўлса, шуни қилинглар, – деди.

– Эртага эрталаб соат еттида амалиётни ўтказамиз, – дейишди докторлар.

Абу Файсал айтади: «Шифохонадан чиқиб, уйимга пиёда кетдим. Йўлма-йўл йиғлаб, Роббимга: «Эй Роббим, ўғлимнинг кўзини даволашдан шифокорлар ожиз бўлишди. Мен Сенинг бандангман. Ўғим Анас ҳам Сенинг бандангдир. Эй Роббим, мен Сенинг розилигинг учун бандаларингга хизмат қилиб, уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қиламан», деб муножот қилдим. Туни билан намоз ўқиб, зикр қилиб, Қуръон карим тиловат қилиб, ўғлимга шифо сўраб йиғлаб чиқдим. Тонг отгач, бомдодни ўқидим. Кейин пиёда шифохонага қараб юриб кетдим. Бир соатдан кейин ўғлимни амалиёт хонасига олиб киришлари керак. Шифохонага етиб бориб, ўғлим ётган қаватга кўтарилдим. Унинг хонасига яқинлашиб бораётганимда ичкаридан рафиқам чиқиб қолди. Аёлимни ўғлимнинг ёнида қолдиргандим. У мени кўриб: «Эй Абу Файсал, келинг, Анасни кўринг», дея қичқириб юборди. «Унга нима бўлди?» деб сўрасам, у: «Анаснинг (ўнг) кўзи ҳам кўряпти», деб жавоб берди. Ўғлимнинг олдига кириб, кўзи устидан боғланган бинтни олгандим, у “Отажон!” деб қувониб кетди. Кейин “Бу стол, бу чироқ...” деб хонадаги нарсаларни бирма-бир кўрсата бошлади. Мен: “Анас, сен мени кўряпсанми?” деб сўрасам, у: “Ҳа, сизни кўряпман” деди”.

Абу Файсал аёлидан “Нима бўлди?” деб сўради, аёли “Эрталаб ҳамшира кирди. Ўнг кўзини очиб, уни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш учун ювмоқчи бўлди. Шу пайт Анас атрофидаги ҳамма одамларни кўраётганини айтиб бақирди” деб жавоб берди.

Бир оз вақт ўтиб, соат олти яримда шифокор келди. Ярим соатдан кейин болакайни жарроҳлик амалиётига олиб кириши керак. Ота қувонч билан: “Ўғлим кўряпти” деди. Доктор ҳайрон бўлиб боланинг ўнг кўзини кўрдию, “Бунинг кўзига ҳеч нарса бўлмабди-ку! Жарроҳлик амалиёти нега керак?!” деди. Иккинчи шифокор келиб кўргач, у ҳам “Бу болакайнинг кўзлари соппа-соғ” дейди. Учинчи табиб келиб болани кўрди, кейин отасига қараб:

– Эй Абу Файсал, ўзинг нимадир қилдингми?, – деб сўради.

– Мен ҳеч нарса қилмадим. Бу ишни қилган Зот Маликул мулук (подшоҳларнинг Подшоҳи бўлмиш Аллоҳ таоло)дир. Мен Унинг бандаларига яхшилик қилгандим. У менинг ўғлимга шифо ато этди, – деб жавоб берди Абу Файсал.

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг розилигини кўзлаб қилинган яхшиликни мукофотсиз қолдирмайди. Унинг мукофотини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам беради. Шунинг учун яхшилик қилишга шошилайлик! Биродаримизнинг юзига табассум ила боқишми, фақирларга таом беришми, ташна инсонларни сув билан суғоришми, қарздорнинг қарзини узишга ёрдам беришми, хуллас, қандай солиҳ амал бўлса ҳам бажаришга, қўлимиздан келганича ортимиздан яхшиликлар, яхши ном, яхши из қолдиришга ҳаракат қилайлик! 


Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Мавзуга оид мақолалар
Язид ибн Ҳорун айтади .Муҳаммад ибн Язид Воситий вафот этгач, тушимда уни кўрдим ва .Аллоҳ сизга қандай муомала қилди, деб сўрадим. .У Зот мени мағфират қилди,, деди. давоми...

2015 07:10 / 04.10.2019
Рабоҳ ибн Убайда Боҳилий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизнинг олдида ўтирган эдим, бир аъробий келиб, .Эй мўминларнинг амири, бир ҳожат билан давоми...

4667 14:00 / 14.09.2022
Ёлғон қасам ичиш. ndash Савдо молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичиш энг катта гуноҳлардан биридир. . ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

4311 09:10 / 23.11.2023
Ҳишомдан, у отасидан ривоят қилинади.Мен Абдуллоҳ ибн Зубайр билан Абдуллоҳнинг қатл қилинишидан ўн кун олдин Асмонинг олдиларига кирдим. Асмо бемор эди. Абдуллоҳ давоми...

4720 21:00 / 24.03.2019