1445 йил 27 шаввол | 2024 йил 06 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Набий алайҳиссаломнинг илмий мўъжизалари

17:10 / 26.02.2019 4024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин, кейин уни (идишни) етти марта ювсин», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «улардан (ювишлардан) биринчиси ёки биттаси тупроқ билан бўлсин», яна бошқа ривоятда «еттинчиси тупроқ билан бўлсин», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини ўргатмоқдалар.

«Бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».

Яъни ит ялаган пайтда идишда нима бўлган бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.

«Кейин уни (идишни) етти марта ювсин».

Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати оғирроқ бўлганлиги учун у теккан идишни етти марта ювмаса, кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт: унинг биринчиси, еттинчиси ёки хоҳлаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.

Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит ифлос ҳайвон бўлиб, турли нажас нарсалар билан озиқланиб юриши ҳеч биримизга сир эмас. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микробларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар, лекин фойда бермаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ билан ювганларидан сўнг ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Ушбу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топган.

Мазкур ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Итнинг нажас эканлиги.

2. Ит ялаган идишнинг ҳам нажас бўлиб қолиши. Бунда ўргатилганми, ўргатилмаганми, фарқи йўқ, ит бўлса кифоя.

3. Нажасга айланган идишни поклаш лозимлиги.

4. Ит ялаган идишни етти марта ювиш, шулардан бир мартаси тупроқ билан бўлиши шартлиги.

Ҳозирги замон тиббиёти Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу борадаги ҳадиси шарифлари имлий мўъжиза эканини тасдиқлади.

Тиб илми олимларининг айтишларича, итдан одамга юқадиган жуда ҳам хатарли касаллик бор бўлиб, у қутуриш дейилади. Ушбу касалликнинг микроби инсон жисмига тушиб қолса, томирлари тортиша бошлайди ва охир-оқибат ўлимга сабаб бўлади. Бу касалликка йўлиқиш одатда қутурган ит қопиши натижасида содир бўлади. Бунда итнинг сўлаги одамга ўтгани учун итдаги касаллик одамга ўтади. Чунки ит қопганда одамнинг танасида жароҳат пайдо бўлади ва ўша жароҳатга сўлак тегади. Мазкур касаллик итдан инсонга ўтганидан кейин ўн кундан тўқсон кунгача, ўртача олганда қирқ-эллик кунда унинг аломатлари пайдо бўлади. Бу муддат жароҳат қаерда эканига қараб, турлича бўлади. Жароҳат бош мияга қанча яқин бўлса, таъсир шунча тез ва кучли бўлади...

Ҳадиси шарифда «Бирортангизнинг идишини ит яласа...» дейилгани итнинг тили орқали унинг сўлаги идишга ўтишини англатади. Бу ҳолатда микроб одамга идиш орқали юқади.

«Улардан (ювишлардан) биринчиси ёки биттаси тупроқ билан бўлсин», яна бошқа ривоятда: «еттинчиси тупроқ билан бўлсин».

Мазкур микроблар ниҳоятда кичкина, кўзга кўринмас бўлади. Унинг ҳажми қанча кичик бўлса, хатари шунча кучли бўлади. Сув ёки боша нарса билан ювганда кетмайди, тупроқ билан ювганда эса кетади. Бу микроб ниҳоятда майда бўлгани учун кўзга кўринмайди. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмий мўъжизаларидир. Ҳеч қандай микроскоп ёки нозик ўлчов асбоблари бўлмаган бир даврда айтилган бу сўзлар ҳозирги замоннинг ўта аниқ ва нозик электрон воситалари ёрдамидагина ўз тасдиғини топди.

 “Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расмда квазарнинг тахминий сурати акс этган. Квазар ndash галактика ядросида пайдо бўладиган, кучли радионурланишга эга бўлган, коинотдаги энг ёрқин давоми...

1541 12:23 / 20.12.2023
Эркак арслоннинг оғирлиги 160180 кг атрофида бўлиб, баъзиларининг вазни 230 кг бўлиши мумкин. Узунлиги 3 метрга, ердан баландлиги бир метрга етади.Урғочи шер эркагига давоми...

2629 09:00 / 19.11.2021
Ўрта асрларда францияликлар кўчага ҳожат чиқаришар ёки идишга ҳожат чиқариб, ўшани деразадан кўчага улоқтиришар эди. Париж шаҳри бадбўй ҳидга тўлиб давоми...

3822 11:30 / 19.02.2021
Ҳар бир бемор ўзига энг фойдали, осон, ишончли ва имкон қадар камчиқим даволаш усулини танлаши ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай даволаш усулларидан бири халқимиз давоми...

6215 16:00 / 11.02.2020