1445 йил 8 шаввол | 2024 йил 17 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Католиклик нима?

18:30 / 21.02.2019 7134 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Католиклик (юнонча – бутун жаҳон) ҳам 1054 йилда христианликнинг иккита – ғарбий ва шарқий черковга бўлиниши натижасида ташкил топган.

Католиклик Оврўпа, Америка қитъаси давлатларида кенг тарқалган. Африкада ҳам католиклик асосий дин ҳисобланган мамлакатлар бор. Италия, Испания, Португалия, Франция, Бельгия, Австрия ва Лотин Америкаси давлатларида асосий дин, Ватикан давлатида эса расмий дин ҳисобланади.

Дунёда христианликнинг бу йўналишига тахминан 1,076 миллиард киши эътиқод қилади.

Католик черкови қатъий марказлашган ташкилот ҳисобланади. Рим Папаси – католик черковининг бошлиғи, Ийсонинг ноиби ва апостол Петр (Бутрус)нинг ўринбосари ҳисобланади. Диний ҳаётда гуноҳиз деб ҳисобланадиган, яширин овоз бериш йўли билан кардиналлар коллегияси сайлайдиган Папанинг ҳокимияти жаҳон соборлари ҳокимиятидан устун туради. Католик черкови соборлари (епископлар йиғини) черковга оид мураккаб масалаларни ҳал этиш учун Папа томонидан чақирилади. Папа черков давлати – Ватиканнинг чексиз ваколатларга эга бўлган ҳокимидир.

Бугунги кунда католик черкови ўзига итоат этувчи ўта интизомли руҳонийларнинг жуда кенг сафига, кўп сонли монахлик орденлари, миссионерлик, хайрия ва бошқа турдаги кўплаб диний ташкилот ва муассасаларга эга. Умуман олганда, католикликда учта асосий черков рутбаси мавжуд бўлиб, булар: диакон, пресвитер ва епископлардир.

Католикликнинг маркази Ватиканда жойлашган. 1929 йилдан бошлаб Ватикан – мустақил давлат мақомига эга бўлди. 120 дан ортиқ давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатган.

Католикликнинг диний таълимотида “Инжил” ва “Муқаддас ривоятлар” билан бир қаторда Бутун жаҳон соборлари ва Рим Папасининг қарорлари ҳам диний таълимот манбаи деб қаралади.

Православлардан фарқли равишда католикликда:

– “Муқаддас Руҳ” нафақат Ота-худодан балки Ўғил-худодан ҳам келиб чиққан, деб ҳисобланади;

– Ийсо ва унинг ҳаворийлари, Биби Марям ҳамда авлиёлар амалларини қамраб олган “хайрли ва савобли ишлар хазинаси” мавжуд ва ушбу хазина ҳисобидан черков гуноҳкорларнинг гуноҳидан ўтиш имконига эга, деб ҳисобланди. Мана шу таълимотга, яъни гуноҳлардан пок бўлиш ва унинг савобини ўтганларга бағишлаш мумкин, деган ақидага асосланиб католик черкови XII асрдан бошлаб гуноҳларни кечириш ҳақидаги ёрлиқлар (индульгенция – лот. раҳм-шафқат) билан савдо қилишни йўлга қўйган. Руҳонийлар вафот этганларнинг яқинларига индульгенция сотиш орқали уларнинг аърофда бўлиш муддатини қисқартиришлари мумкин;

– Аъроф (дўзах ва жаннат оралиғидаги мавзе) ҳақидаги ақида мавжуд. Унга кўра, гуноҳи катта бўлмаган гуноҳкорларнинг руҳи у ерда ўтда куяди, кейин жаннатга йўл топади. Руҳнинг аърофда бўлиш муддати ўлганлар хотирасига яқинлари томонидан қилинадиган хайрли ишлар (ибодат ва черков фойдасига хайр-эҳсон қилиш) эвазига қисқартирилиши мумкин;

– Биби Марям ҳам Ийсо каби Аннанинг (Марямнинг онаси) иффати сақланган ҳолда Муқаддас руҳдан ҳомиладор бўлиши орқали дунёга келган, деб ҳисобланади;

– Папанинг бегуноҳлиги ҳақидаги ақида ҳам бор.

Юқорида қайд этилган қоидаларни православлар хато, деб ҳисоблайдилар.

Католикликнинг ўзига хос хусусиятлари қаторида:

– никоҳ қатъий ҳисобланишини (католиклик ақидасига биноан никоҳ ақди осмонда тузилади ва ердагилар уни бузиш ҳуқуқига эга эмаслар);

– Биби Марямнинг худодан гуноҳларни сўраб берувчи сифатлари кўпроқ эъзозланишини;

– маросимлар театрлаштирилган тарзда, дабдабали, кишиларнинг ҳис-туйғуларига таъсир этадиган даражада ўтказилиши, ашула билан бирга орган мусиқасидан ҳам фойдаланилишини;

– ибодатхоналар сурат ва ҳайкаллар билан безатилиши, авлиёлар, жафокашлар ибодатларини ифода этувчи турли муқаддас ёдгорликларни эъзозлаш кенг тарқалганини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Христианликнинг етти асрорини талқин қилиш ва уларга риоя қилишда ҳам православликдан муайян фарқлар кузатилади. Католикликда:

– чўқинтириш амали чўқинтирилаётган одамнинг устидан сув қуйиш орқали бажарилади;

– чўқинтирилгандан кейин суртиладиган хушбўй мой чўқинтириш билан бир вақтда эмас, балки саккиз ёшдан кичик бўлмаган болаларга епископ томонидан суртилади;

– нонни Ийсонинг танаси, шаробни унинг қони мисолида истеъмол қилишга асосланган маросимда руҳонийлар хамиртурушсиз нон ва вино, оддий инсонлар эса фақат хамиртурушсиз нон билан (ҳозир баъзан вино билан ҳам) причащение қиладилар.

– барча руҳонийлар уйланмайди. Диний мартабадан чиқиш эса ман этилади.

Католикликда қуйидаги “Мажбурий” байрамлар нишонланади:

1. Исо туғилган кун (Рождество Христово – 25 декабрь);

2. Худонинг зоҳир бўлиши (Богоявления – 6 январь);

3. Меърож, яъни Исонинг осмонга кўтарилиши (Вознесение Господне – Пасханинг 40-куни, санаси ўзгариб туради);

4. Исонинг тана ва қони байрами (Праздник Тела и Крови Христовых – Пасха байрамидан 60 кун ўтгач нишонланади);

5. Биби Марям куни (День Пресвятой Девы Марии, Матери Божией – 1 январь);

6. Биби Марямнинг покдомон ҳолида ҳомиладор бўлиши (Непорочное Зачатия Пресвятой Девы Марии – 8 декабрь);

7. Биби Марямнинг осмонга кўтарилиши ёки вафот этиши (Взятия на небо [или Успения] Пресвятой Девы Марии – 15 август);

8. Биби Марямнинг қаллиғи Авлиё Иосиф куни (День Святого Иосифа, Обручника Марии – 19 март);

9. Ҳаворийлар Петр ва Павеллар байрами (День святых апостолов Петра и Павла – 29 июнь);

10. Барча авлиёлар куни (День всех святых – 1 ноябрь).

Туркистон ўлкасида дастлабки католиклар XIX аср охирларида пайдо бўлишган. Уларнинг сони католикликка эътиқод қиладиганларнинг кўчиб келиши, Биринчи жаҳон уруши давомида асир тушган немис, поляк ва австрияликларнинг Туркистон ўлкасига сургун қилиниши билан боғлиқ ҳолда ўсиб борган.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг Тошкентдаги рим-католик ибодатхонаси (костел) қайта тикланди ва у 2000 йилнинг 22 октябрида расман иш бошлади.

2012 йилнинг 1 августига қадар Ўзбекистонда 1 та марказ ва 4 та черков, 5 та католик диний ташкилоти рўйхатга олинган.

 А.Очилдиев, Ж.Нажмиддинов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Салмон Форсий ndash .Салмонул хойр, яхши Салмон, .Боҳис аънил ҳақиқа, ҳақиқат изловчи, .Ибн Ислом, Ислом фарзанди, .Соҳибул китабайн, икки китоб соҳиби каби давоми...

2382 17:59 / 30.03.2021
30савол. Биз Қуръон кўпроқ Инжил таркибидаги китоблардан, бир қатор насронийликни апокрифлари насронийликда сохта ҳисобланадиган китоблардан ва секталар давоми...

6494 20:58 / 22.04.2017
Менинг исмим Юсуф Эстес. Авваллари насроний эдим, ҳозир ndash мусулмонман.Мен Америка Қўшма Штатларининг ғарбида дунё келдим. Оилам ва аждодларимиз нафақат мактаб давоми...

4506 16:00 / 08.01.2019
Илм бор ерда китоб кўпаяди. Китоб бор ерда илм ривожланади. Ҳозиргача ҳар бир жамиятдаги китоблар ва уларга бўлган муносабат ўша жамият аъзоларининг илмга бўлган давоми...

1594 11:30 / 03.03.2020
Аудиолар

119983 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41666 14:35 / 11.08.2021