1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

27-боб. Силаи раҳмнинг фазли

14:10 / 18.02.2019 2450 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

52. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг қариндошларим бор. Мен уларга силаи раҳм қиламан, улар эса мендан алоқаларини кесадилар. Мен уларга яхшилик қиламан, улар эса менга ёмонлик қилишади. Мен уларни кечириб юбораман, улар эса мени ҳақорат қилишади», деди.

«Агар ҳолат сен айтгандек бўлса, уларга қизиган кулни едиргандек бўласан. Ўз ҳолингда бардавом бўлсанг, уларнинг зиддига сен билан Аллоҳдан бир ёрдамчи доим бирга бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисда қариндошлар ёмонлик қилса ҳам, уларга яхшилик қилишни давом эттиравериш кераклигига урғу берилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан бирига – қариндошларининг ёмонликларидан шикоят қилиб келган кишига тасалли бериб, уларга яхшилик қилишда бардавом бўлишга чорламоқдалар. Агар у мазкур хайрли ишида бардавом бўлса, унга осонлик яратилишини ваъда қилмоқдалар.

«Аллоҳ таоло сенга доимий бир ёрдамчи туширади, яъни фаришталарни сенга нусрат, суянчиқ қилиб қўяди. Агар сен шу ишингда давом этсанг, яъни қариндошларинг яхшилик қилмаса ҳам, сен уларга силаи раҳм қилиб турсанг, улар ёмонлик қилса ҳам, сен яхшилик қилиб турсанг, улар ҳақорат қилса ҳам, сен уларни кечириб турсанг, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сенга бир ёрдамчини бериб қўяди. Қилаётган яхшиликларинг туфайли у доим сенинг ёнингда бўлади», демоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳбарга қариндошлардан шикоят қилиб келиш жоизлиги.

2. Бошлиқ яхши фаолият кўрсатаётганларни рағбатлантириб туриши кераклиги.

3. Қариндошларга ёмонлик қилганларга қиёматда таом ўрнига қизиб турган кул берилиши.

4. Қариндошлар яхшиликнинг қадрига етмасалар ҳам, уларга яхшилик қилишда давом этавериш кераклиги.

5. Ўзига ёмонлик қилаётган қариндошларга яхшилик қилишда бардавом бўлган шахсга Аллоҳ таоло Ўз тарафидан ёрдамчи тайинлаб қўйиши.

6. Силаи раҳм қилиш ниҳоятда фазилатли иш экани.

53. Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Мен Роҳманман. Раҳмни Мен яратганман ва унга Ўз исмимдан исм қўйганман. Ким уни боғласа, боғлайман. Ким уни узса, узаман», деган».

Шарҳ: Бу ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошлик алоқаларини боғлаш ва кесиш оқибатлари ҳақида Аллоҳ таоло айтган сўзларни баён қилиб бермоқдалар.

Аллоҳ таоло раҳмни Ўзи яратганини таъкидламоқда. Демак, қариндошлик алоқалари ана шу қудусият асосида бўлиши лозим.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло раҳмнинг исмини Ўз исмидан олганига алоҳида урғу бермоқда. Аллоҳ таолонинг Роҳман, Роҳийм исмлари ва «раҳм» сўзи бир ўзакдан эканини эслатмоқда.

«Ким уни боғласа, яъни силаи раҳм қилса, Мен ҳам уни боғлайман, яъни Ўзимга яқин тутаман, раҳматимга сазовор қиламан. Ким уни кесса, Мен ҳам уни кесаман, яъни уни Ўзимдан йироқ қиламан, ундан раҳматимни узиб қўяман», демоқда Аллоҳ таоло

Силаи раҳм ана шундай фазилатли нарса экан. Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу фазлдан умидвор бўлиб, бу ишда бардавом бўлиши керак.

Ушбу ҳадиси қудсийдан олинадиган фойдалар:

1. Раҳмни Аллоҳ таоло яратган. Бу эса қариндошлик алоқаларининг улуғлигига ишорадир.

2. Раҳмга Аллоҳ таоло Ўз исмидан ном қўйгани.

3. Қариндошлик алоқасини боғлаганни Аллоҳ таоло боғлаб туриши, яъни Ўзига яқин олиши.

4. Қариндошлик алоқасини узганни Аллоҳ таоло ҳам узиб қўйиши, яъни Ўзидан йироқлаштириши.

54. Абул Анбасдан ривоят қилинади:

«Тоифдаги Ваҳт деган жойда Абдуллоҳ ибн Амрнинг ҳузурига кирдим. Шунда у:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бармоқларини кўрсатиб туриб: «Раҳм Роҳмандан олингандир. Ким уни боғласа, боғлайди, ким уни узса, узади. Қиёмат куни у(раҳм)нинг тили равон, бурро бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам қариндошлик алоқалари қанчалик аҳамиятли экани алоҳида таъкидланмоқда. Аввал келмаган маънолардан бири – раҳмнинг қиёмат куни равон ва сирғанчиқ тил билан даъво қилишидир.

Демак, қариндошлик алоқалари ҳақида банда қиёмат куни ҳисобот бериши аниқ экан. Ҳар бир банда буни зинҳор унутмаслиги лозим.

55. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Раҳм Аллоҳнинг исмидан олинган. Ким уни боғласа, Аллоҳ ҳам уни боғлайди. Ким уни узса, Аллоҳ ҳам уни узади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам аввалги ҳадисларни таъкидлаб келган, фақат лафзлари бир оз бошқачадир. Ушбу ривоятлар қариндошлик алоқалари мўмин-мусулмон одам учун қанчалар аҳамиятли эканини равшан кўрсатиб турибди. Қариндошлик алоқалари Аллоҳ таолонинг Роҳман сифати ила чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқлаб турибди. Шундай экан, сиз билан биз қариндошлик алоқаларига алоҳида эътибор ила қарайлик, уларни доимо аъло ва гўзал даражада тутайлик.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анасдан ривоят қилинади.Муҳожирлар.Эй Аллоҳнинг Расули Ансорийлар ажрсавобнинг ҳаммасини олиб кетишди,, дейишди..Йўқ, ундай эмас. Сиз уларнинг ҳаққига дуо қилиб давоми...

2206 20:00 / 13.05.2021
64. Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Қариндошлик алоқасини узган одам жаннатга кирмайди,, деганларини давоми...

4388 12:10 / 21.03.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. .Нафақа қилган яхшилигингиз отаонага, қариндошларга, давоми...

2303 15:05 / 24.12.2019
Амр ибн Абу Қурра Киндийдан ривоят қилинади.Отам Салмонга синглисига уйланишни таклиф қилди. У буни қабул қилмади ва Буқайра исмли озод қилган чўрисига давоми...

2218 09:19 / 12.09.2021
Аудиолар

120321 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41963 14:35 / 11.08.2021