1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Зукко толиби илм

09:00 / 10.10.2019 4320 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳофиз, аллома, муқрий, имом Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Шомнинг етук олимларидан бўлиб, ҳижрий II-III асрларда яшаб, ижод қилган.
Ҳишом ибн Аммор имом Молик, Муслим Занжий, Яҳё ибн Ҳамза, Исмоил ибн Айёш, Валид ибн Муслим каби қатор имомлардан ҳадис ривоят қилган. Ундан эса Абу Убайд Қосим ибн Саллом, имом Бухорий, имом Абу Довуд, имом Насоий, имом Ибн Можа, Бақий ибн Махлад ва Абу Зуръа Розий каби буюк имомлар ҳадис ривоят қилишган.
Ҳишом ибн Аммор шундай ҳикоя қилади: «Отам уйини йигирма динорга сотиб, мени ҳажга тайёрлади-да, Мадинага бориб, имом Моликдан ҳадис эшитишни тайинлади».
Ўша даврда толиби илмлар илм олиш учун Мадинага одатда имом Моликнинг ҳузурига келишар эди. Ҳижрат диёри имоми Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ ўта ҳайбатли, виқорли киши эдилар. У кишидан амирлар ҳам ҳайиқишар эди.
У зотнинг илм мажлисидаги одатлари шундай эдики, у кишидан ҳадис ривоят қилмоқчи бўлган одам «Муватто» китобини у кишига ўқиб эшиттирарди. Бирон хато ё камчилик бўлса, у зот бунга ишора қилар эдилар. Аммо ўзлари ўқиб бермас эдилар. У зот бу одатларини ҳатто халифа буюрганда ҳам ўзгартирмаган, унга ҳадис ўқиб бермаган эдилар. Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид фарзандлари билан имом Моликнинг ҳузурига келди. Халифа имом Моликдан «Муватто»ни ўқиб беришни сўраган эди, «Анчадан бери ҳеч кимга ўқиб бермадим. Одатда менга ўқиб эшиттиришади» деб жавоб берди. Халифа «Ундай бўлса ҳамма чиқиб кетсин, мен ёлғиз ўзим ўқиб эшиттираман» деди. Имом Молик «Агар илм баъзи хосларни деб оммадан тўсилса, хослар ҳам манфаат ололмайдилар» деб жавоб берди. Буни эшитган халифа Маън ибн Ийсога ўқишни буюрди.
Ҳишом ибн Аммор яна шундай ҳикоя қилади: «Мадинага, имом Моликнинг ҳузурига келдим. У киши худди подшоҳлардек ҳайбат билан ўтирар эдилар. Атрофларида шогирдлари ўтирар, яна бир гуруҳ одамлар тик туришар эди. Одамлар у кишидан савол сўрашар, у киши эса жавоб берар эдилар. Савол-жавоблар тугагач, ёнларига бориб, «Менга ҳадис айтиб беринг», дедим. У киши «Йўқ, сен ўқи, мен эшитиб тураман» дедилар. Мен эса «Йўқ, сиз айтиб беринг», дедим. У киши яна «Сен ўқи», дедилар. Қайта-қайта сўраверган эдим, бир кишини чақириб, «Ҳой йигит, мана буни ўн беш қамчи ур», дедилар. Мени қамчилашди. Аламимдан йиғлаб юбордим. Имом Молик йиғлаганимни кўриб, «Нега йиғлаяпсан, эй ҳадис толиби? Жонинг оғридими?» дедилар. Шунда мен: «Йўқ, жоним оғригани учун эмас. Отам уйини йигирма динорга сотиб, пулини менга бериб, Мадинага бориб, сиздан ҳадис эшитишимни тайинлаган эди. Илмдан олган насибам эса мана шу ўн беш қамчи бўлди. Энди мен сизни кечирмайман», дедим. Шунда имом Моликнинг кўнгли юмшаб, «Хўп, бунинг каффорати нима экан?» дедилар. Шунда мен «Ҳар бир қамчи эвазига бир ҳадис айтиб берасиз», дедим. У киши «Мен анчадан бери ҳеч кимга ҳадис айтмаган эдим. Одатда менга ўқиб эшиттиришади. Бошқа нарса айтақол, болам», дедилар. Мен: «Йўқ! Бўлмаса сизни кечирмайман», дедим. Шунда у киши менга ўн бешта ҳадис айтиб бердилар. Шундан кейин: «Устоз, яна қамчилаб, яна ҳадис айтиб беринг», деган эдим, «Э бор-е», деб уришиб бердилар.

Имом Заҳабийнинг «Сияру Аъламин-нубало» ҳамда Ибн Асокирнинг «Тариху Димашқ» китобларидан эркин таржима


Нодирбек Хидиров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, пешво, қорилар устози, шайхулислом Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Меҳрон Асбаҳоний Найсобурий. .АлҒоя фил қироат, китобининг муаллифи.295 йилда таваллуд давоми...

1105 15:30 / 06.09.2020
Биламизки, Кавсарийнинг жуда кўплаб шогирдлари бўлган. Лекин улар орасида Абу Ғудданинг ўрни бошқача. У киши нега айнан Абу Ғуддани ўзларига яқин кўрганларШайх давоми...

3783 16:40 / 25.04.2018
Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг отаоналари марвлик давоми...

3350 21:54 / 27.04.2017
Шайх Муҳаммад Аввома Шайх Имом Зоҳид алКавсарийга алоқадор ҳар қандай саволга жавоб беришим мумкинАҳли сунна ва жамоа мактабининг энг забардаст тамсилчиси давоми...

4526 21:05 / 13.04.2018
Аудиолар

120128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41793 14:35 / 11.08.2021