1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зокирнинг одоблари

22:20 / 11.11.2017 4785 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зикр қилувчининг ўзига яраша одоблари мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикрнинг қабул ва ижобат бўлишидан умид қилинади.

1. Аллоҳ таолодан зикрга ёрдам сўраш керак.

2. Зокир таҳоратли бўлиши керак.

3. Фазилатли маконларни ихтиёр қилиш керак.

Масалан, масжид, Ҳарамайни шарифайни (икки ҳарами шариф) ва шунга ўхшаш жойлар.

4. Фазилатли вақтларни ихтиёр қилиш керак.

Имом Нававийнинг айтишларича, зикр учун энг афзал вақт Бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.

Шунинг учун ҳам Имом Молик «Бомдод намозидан то қуёш чиққунча гапириш ва ухлаш макруҳдир», деганлар.

Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир.

Қолган барча вақтларда зикр мустаҳабдир.

5. Солиҳ амаллардан кейин зикр қилиш керак.

Аллоҳ таоло «Жумъа» сурасида:

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб ‎‎қилинг ҳамда Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, зафар топсангиз», деган (10-оят).

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Намозни тугатганингиздан сўнг, Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ‎‎ҳолингизда зикр қилинг»деган (103-оят).

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:

«Ибодатларингизни тугатганингизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ‎‎ҳам кучлироқ зикр қилинг», деган (200-оят).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида одамлар фарз намоздан қайтганларида овозни кўтариб зикр қилиш бор эди».

Бухорий ривоят қилганлар.

6. Ноқулай ҳолатларда зикрни тўхтатиш лозим.

Бунга халога киргандаги, жинсий яқинлик қилгандаги, Жумъа хутбаси бўлгандаги каби ҳолатлар киради.

7. Зикрни қиблага қараб қилиш лозим.

8. Рағбат, хушуъ ва хузуъ ҳамда тадаббур билан зикр қилиш лозим. Яъни, фикрни жамлаб, айтилаётган зикрнинг маъносини тушуниб қилиш керак.

9. Зикрни холи қолиб қилишга ҳаракат қилиш.

Одамлардан панада, хилватда зикр қилиш кўпчиликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.

Ибн Ҳажар узун ҳадисда келган «Агар бандам Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан» деган иборадан «Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир» деган ҳукмни чиқарганлар. Махфий зикрнинг афзаллиги бундан бошқа ҳадисларда ҳам таъкидланган. Зотан, у риёдан йироқдир.

Аммо шариатда овоз чиқариб айтиш лозим бўлган лаббайка, азон ва иқомага ўхшаш ҳолатларда овоз чиқариш лозим.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқада нажот йўқлигини тушуниб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади. Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, саловот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, доимий равишда адо этиб юради.

Албатта, уларнинг вақтини ва матнини ҳадиси шарифларда кўрсатилгандек йўлга қўйиш керак. Биладиган одамлардан таълим олинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Нафсни покловчи омилларга қанчалик амал қилинса, нафс шунчалик покланиб бораверади.

 

Зикр учун тўпланиш

Уламолар зикр учун тўпланиш ва унга бериладиган ажрлар баёнида келган ҳадисларни далил қилиб, бу иш яхши эканини ва у одамларнинг зикрга рағбатини қўзғаши ва азми қарорини оширишини таъкидлаганлар.

Имом Нававий «Зикр ҳалқаларида ўтириш мустаҳабдир», деганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалқа бўлиб ўтирган саҳобаларга айтган мақтов сўзлари ҳақидаги ҳадисни келтирганлар.

Ибн Таймия «Қироат, зикр ва дуо учун жамланиш яхши ишдир. Агар у мураттаб суннат қилиб олинмаса ва мункар бидъат ила бирлаштирилмаса», деганлар.

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи «Агар бир қавм қироат, дуо ва зикр учун жамланса, қандай яхши», деганлар.

 

Мўминнинг зикр чоғидаги ҳолати

Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат ‎‎этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббиларига таваккул қиладиганларгина ‎‎мўминлардир» («Анфол» сураси, 2-оят).

Оятда мўминларнинг зикр пайтидаги сифати зикр қилинган.

Оятнинг «Албатта»деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган»лар мўминлардир.

Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида:

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари ‎‎юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб ‎‎қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» деган (16-оят).

Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи «ўзгариш», «айланиш» каби маъноларни англатади. Қуръони Карим қалбнинг ушбу хусусиятини тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон Аллоҳнинг зикрини тез-тез қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари ‎‎юмшаш» вақти келмадими?!

Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.

Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг қалбларини вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек, моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.

«...олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан ‎‎қалблари қотиб ‎‎қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ‎‎ўхшамаслик вақти келмадими?!»

Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг Ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:

«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила ‎‎қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, ‎‎Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур» деган (28-оят).

Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканликларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканини ҳам, Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунёю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!

«Огоҳ бўлингким, ‎‎Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур».

Бу оромнинг қандайлигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир.

Дунёдаги энг бахтли одамлар эса Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширди. Ундан ‎‎Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва ‎‎қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар»деган (23-оят).

Бу ояти каримада Қуръони Каримнинг васфи, унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.

«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширди».

Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю тахдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.

«Ундан ‎‎Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар».

Қуръонни ўқиганларида, унинг тиловатларини эшитганларида Аллоҳдан қўрқадиган бандаларнинг баданлари титрайди. Ундаги маънолардан таъсирланиб, уни туширган Аллоҳнинг ҳайбатидан, Уни улуғлашдан қалблари титрайди.

«Сўнгра уларнинг терилари ва ‎‎қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар».

Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларига хос сифатдир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хафвдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида эса умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бу яхшилик аломатидир.

Мазкур оятларда айтиб ўтилган ҳолатларда зокирга йиғи ҳам келиши мумкин. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадисларида айтиб ўтилган.

Аммо зикр чоғида ўзидан кетиб йиқилиш, типирчилаб қолиш, бақир-чақир қилиш каби ҳолатлар Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам мутлақо зикр қилинмаган.

Улуғ тобеъинлардан бўлган Қатода розияллоҳу анҳу «Сўнгра уларнинг терилари ва ‎‎қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар» оятининг тафсирида «Бу – Аллоҳнинг валийларининг васфидир. Парвардигор уларни ақл кетиши ёки ҳушдан кетиб йиқилиш билан васф қилмаган», деганлар.

Мазкур ҳолатнинг нотўғри эканига далил сифатида саҳоба ва тобеъинлардан кўплаб ривоятлар келган. Биз мисол тариқасида биргина ривоятни келтирамиз.

Ибн ал-Ҳож раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Мадхал» номли китобларида Ибн Зубайрдан қуйидагича ривоят қилинади:

«Отамнинг олдига борган эдим:

«Қаерда эдинг?!» деди.

«Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўриб қолдим. Улардан бири Аллоҳдан қўрққанидан ҳушидан кетиб қолар эди. Улар билан бирга ўтирдим», дедим.

«Бундан кейин улар билан ўтирма!» деди.

Ўзининг бу гапи менга унча таъсир қилмаганини кўриб, яна:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Абу Бакр ва Умарнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Улар бундай бўлмас эдилар. Сен ҳалигиларни Абу Бакр ва Умардан кўра кўпроқ Аллоҳдан қўрқади, деб ўйлайсанми?!» деди.

Мен уларни тарк қилдим».

 

Зикр чоғида рақс тушиш, айланиш ва мусиқа чалиш

Уламолар зикр чоғида рақс тушиш, айланиш, мусиқа чалиш ва кўксига ёки бошига уриш каби ишларни қаттиқ танқид қилганлар. Гапнинг чўзилиб кетишидан қочиб, биргина мисол кетирамиз.

Машҳур ҳанафий олим Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи «Раддул Мухтор» номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қироати, жаноза, урушга бориш ва зикр чоғида овозни кўтаришни ёқтирмаганлар. Энди уларнинг қўшиқ чоғидаги вужд ва муҳаббат деб номлаган ҳолатларини нима деса бўлади?! Албатта, бу нарса макруҳдир! Динда унинг асли йўқдир!»

 

Зикр чоғида қалбнинг қаттиқ бўлиши

Зикр чоғида қалбнинг қаттиқ бўлиши ниманинг аломати эканини Қуръони Каримнинг баъзи оятлари орқали тушуниб оламиз.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:

«Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг ‎‎қалблари сиқилиб кетар. Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб ‎‎кетарлар»деган (45-оят).

Ушбу ояти каримада мушрикларнинг Аллоҳ зикр қилинганда қандай аҳволга тушишлари баён қилинмоқда.

«Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг ‎‎қалблари сиқилиб кетар».

Ҳа, кофир ва мушрикларга Аллоҳ таоло эслатилса, Аллоҳнинг динига чақирилса, уларнинг юраклари сиқилади. Аммо Аллоҳдан бошқа турли сохта худолар, Аллоҳнинг йўлидан бошқа турли йўллар, Аллоҳнинг шариатидан бошқа турли қонун-қоидалар зикр қилинса, шодланиб кетадилар.

«Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб ‎‎кетарлар».

Бундай ҳол Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, кейинги даврларда ҳам кўп бўлган.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида яна:

«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши (қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур)ми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар», деган (22-оят).

Ушбу ояти каримада мўмин қалб билан кофир қалбнинг орасидаги фарқ очиқ-ойдин баён қилинади.

«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб, ўз Роббидан бўлган нурда бўлган киши (қалби муҳрланиб, қотган каби бўлур)ми?!»

Албатта, Аллоҳ таоло кимнинг қалбини Исломга кенг очиб қўйса, ўша одамнинг қалби илоҳий нур ила тўлади, яъни унинг қалби тўла нур бўлади. Ўша нурли қалб инсоннинг ҳаёт йўлини ҳам Ислом нури билан ёритади, унинг ҳар бир ишида, ҳар бир тасарруфида унга тўғри йўл кўрсатиб туради.

«Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин!»

Улар Аллоҳни зикр қила олмайдилар, чунки қалблари тош бўлиб қотиб қолган. Нур тошнинг ичини ёритмайди. Уларнинг қалбига Ислом нури ҳам, иймон нури ҳам, зикруллоҳ нури ҳам кирмайди. Ана ўшаларга «вой» бўлмай, кимнинг ҳолига «вой» бўлсин?!

«Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар».

Улар очиқ-ойдин адашувдадирлар, йўлларини ёритадиган нурлари ҳам йўқ. Шунинг учун қоронғида адашиб, ҳалокат йўлига юриб кетадилар. Оқибатда ҳолларига вой бўлади.

 

Зикрни кўп қилиш.

Зикрни иложи борича кўп қилиш мандубдир.

Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар», деган (41-42-оятлар).

Бошқа оят ва ҳадисларда ҳам худди шунга ўхшаш маънолар келган.

Қайси банда кўп зикр қилувчилардан бўлиши ҳақида турли ривоятлар бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ким Аллоҳни намозлардан кейин, эртаю кеч, ётар жойларида, уйқусидан уйғонганда, манзилига кирганда ва чиққанида зикр қилса, ўша банда кўп зикр қилувчилардан бўлишини айтганлар.

Ибн Салоҳ эса ривоят қилинган собит зикрларни эртаю кеч, турли вақт ва ҳолатларда доимий равишда айтиб юрган одам кўп зикр қилувчилардан бўлишини таъкидлаганлар.

 

Вазифа, вирд, ҳизб ва уларнинг қазоси

Ушбу истилоҳларнинг ҳаммаси бир маънони, яъни инсон ўз-ўзига доимий равишда адо этиб юришни ихтиёр қилиб олган ишни билдиради. У Қуръон тиловати, муайян зикрни такрорлаш, нафл намоз ёки рўза каби нарсалар бўлиши мумкин.

Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Муслим Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисларидан мисол келтирамиз:

«Ким ўзининг ҳизбидан ухлаб қолса, уни Бомдод ва Пешин намозлари орасида ўқиса, унга худди кечаси ўқигандек савоб ёзилади».

Бу ҳадисда Қуръондан бўлган ҳизб ҳақида сўз бормоқда.

Имом Нававий қуйидагиларни ёзганлар:

«Кимнинг тун ёки кунда, намоздан сўнг ёхуд бошқа ҳолатларда қиладиган зикр вазифаси бўлиб, уни адо эта олмай қолса, унинг қазосини бажо келтиради».

Шавконий: «Саҳобий розияллоҳу анҳумнинг махсус вақтларда қиладиган зикрлари қазо бўлса, кейин унинг қазосини бажарар эдилар», деганлар.

 

Шариат тартибга солган зикрлар

Шариат турли ҳолат, макон ва амалларга хос зикрларни тартибга солган. Бизда бу зикрларни дуо деб аташ одат бўлиб қолган. Мазкур зикрлар бир неча турга бўлинади.

 

1. Замонга хос зикрлар.

Эрталаб, кеч кирганда, янги ҳилолни кўрганда айтиладиган зикрлар ва ҳоказо.

2. Маконга хос зикрлар.

Масжидга, уйга ёки халога киришда ва чиққанда қилинадиган зикрлар кабилар.

3. Ибодатларга хос зикрлар.

Намоз, рўза, ҳажга оид зикрлар бунга мисолдир.

4. Амал ва ҳолатларга хос зикрлар.

Уйқудан уйғонганда ва унга ётаётганда, кийим кийганда, таом еганда, сўйиш сўйганда, никоҳда, акса урганда, сафарда, уловга минганда қилинадиган зикрлар бунга мисолдир.

Бу ҳақда алоҳида китоблар битилган.

Зокирлик орзусида бўлган ҳар бир киши мазкур зикрларни яхшилаб ўзлаштирмай туриб, зокирман, дейишга ҳаққи йўқдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасад бу қадимдан бор бўлган гуноҳ, унинг бошланиши Иблисга бориб тақалади. Иблис, Одам алайҳиссаломга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мақомга ҳасад қилди. Иблис давоми...

4174 20:51 / 10.06.2018
4. Ўлимга тайёр тур, шунда ғофил ҳолда ўлмайсан.Бу дунё ўткинчидир. Қачондир бу ердан сафар қилишимиз аниқ. Бир шаҳардан яқин кунда кетишини билган киши сафар давоми...

3485 15:10 / 23.03.2018
Иккинчи қисм. Фаҳш тарқатиш, пок эркакаёлларни зинода айблаш, бир аёлга уйланиш мақсадида унинг эри билан орасини бузиш, зино қилиш, зинога ёрдам бериш, давоми...

4912 18:58 / 27.03.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳива саллам Бошқа инсонларнинг аёлларига нисбатан иффатли бўлинг. Аёлларингиз ҳам иффатли давоми...

5895 00:00 / 26.06.2018
Аудиолар

120070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41735 14:35 / 11.08.2021