1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ЁЛҒОН

05:00 / 28.02.2017 9003 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илоҳий қонун билан инсоний қонунларнинг орасида осмон билан ерчалик, янада аниқроқ айтсак, Аллоҳ билан бандачалик фарқ бор. Илоҳий қонун бутун борлиқни яратган ва унда инсонни ўз халифаси қилиб қўйган, ҳамма нарсани билувчи, мутлақ адолат эгаси бўлган Аллоҳ Таоло томонидан туширилгандир. Аллоҳ барча нарсани, шу жумладан, Ўзи яратган борлиқда яшаётган инсонга нима муносиб келади-ю,нима муносиб келмайди-дақиқ-дақиқларигача яхши билади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло томонидан жорий қилинган қонунлар шомил ва комилдир. Бу қонунлардаги адолат инсон томонидан ишлаб чиқилган қонунлардаги каби нисбий эмас, аксинча, мутлақ бўлади. Инсонлар томонидан чиқарилган қонунлар эса, одатда ўша қонунларни кашф этган, жорий қилаётганларнинг манфаатини кўзлайди. Бу қонунларнинг пасту баланди, ундаги адолат, ҳақиқат меъёри ўша одамларнинг дунё-қарашига, фикрлашига ва шунга ўхшаш бошқа омилларга боғлиқ бўлади. Дунёдаги барча қонунлар адолатни даъво қилса ҳам, улардаги адолат нисбий бўлади. Мисол учун, баъзи мамлакатларда фуқароларнинг ўз ихтиёрлари билан чет элга чиқишини манъ қилиш жиноят ҳисобланса, баъзи давлатларда ҳокимдан рухсат олмай ҳорижий юртга бориш жиноят саналанади. Бунга ўхшаш қарама-қаршиликлар ердаги қонунларнинг осмондан тушган қонунлар қаршисида нақадар ожиз эканлигини кўрсатади. Худди шу нуқтаи назардан қарасак, бу камчиликлар ердаги қонунларнинг маънавий жиноятлар қаршисидаги ожизлиги, нотовонлиги олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. 

Аллоҳ Таолонинг ёрдами ила ушбу мақолада айнан шу масала, яъни, одамлар ўйлаб топган қонунларнинг маънавий жиноятлар олдида, хусусан, ёлғон қаршисида ожизлиги ҳақида сўз юритмоқчимиз. Аввал шуни алоҳида таъкидламоғимиз лозимки, мазкур қонунлар, моддий, махсус ҳис қилинадиган 

жиноятларга жазо беришда ҳам ожиздирлар. Улар фақат қўлга тушган, моддий ва ашёвий далиллар билан собит бўлган жиноятларгагина жазо тайин қилишлари мумкин. Илоҳий-диний қонунлар эса, содир этилган бирон бир жиноят инсонга маълум бўлмай қолганида ҳам, оламларнинг Роббиси-буюк Аллоҳ бандаларнинг энг нозик ишларини ҳам билиб туришини, қилинган заррача жиноятининг жазосини бу дунёда бўлмаса ҳам, у дунёда олишини қаттиқ таъкидлайди.

Худди шу маънони маънавий жиноятлар масаласида ҳам кўриш мумкин. Одатда, инсонлар ишлаб чиққан қонунларда маънавий жиноят деган тушунчанинг ўзи йўқ. Ўз навбатида, улар учун тайин қилинган жазо ҳам йўқ. Ҳозирги демократия ривожланган давлатларда бу борада баъзи уринишлар бор, холос.

Исломий тушунчаларга кўра, маънавий жиноятлар моддий жиноятларга нисбатан янада хатарлироқ бўлади. Аввал таъкидлаганимиздек, айнан маънавий жиноятлар моддий жиноятларнинг содир бўлишига сабабчидир. Шунинг учун ҳам инсонлар ишлаб чиққан қонунларда умуман эътиборга олинмайдиган маънавий жиноятлар илоҳий қонунларга кўра улкан жиноятлар ҳисобланади. Мисол учун ёлғонни олайлик. Ҳозир амал қилиб турган қонунларда ёлғончига жазо бериш йўқ. Аммо Ислом қонунларига кўра, алоғатга етган ҳар бир инсоннинг заррача ёлғони жазосиз қолмайди. Ҳар бир ёлғони номаи аъмолига ёзиб борилади ва у қиёмат куни жазосини албатта олади. Ёлғончи Аллоҳнинг душмани ҳисобланади ва қиёматда энг оғир азоблар ила жазолантирилади.

Умуман олганда, озгина бўлса-да, Аллоҳга иймони мавжуд, қиёматдан умиди бор инсонлардан ташкил топган жамиятда заррача ёлғонга ўрин қолмайди. Шунингдек, бундай жамиятнинг каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою уламо, камбағалу амалдорлари ҳам ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка ҳаракат қиладилар. Аксинча, иймонсиз, динсиз жамиятда бошқа разолатлар қатори ёлғон ҳам авж олади. Бундай жамиятда ёлғон гапирилмаса иш битмайдиган, ёлғон гапирмайдиган одам ғариб саналадиган бўлиб қолади. Бундай жамият аъзолари, қисқача айтганда, ёлғон топа олмай қолганда рост гапирадиган бўлишади. Оқибатда эса, ўша жамиятнинг обрўйи тўкилади, разолатлар уясига айланади ва охири бориб парчаланади. 

Буни собиқ Совет Иттифоқи мисолида кўриш ҳам мумкин. Ёвузлик империяси, деб ном олган бу давлат ёлғончилик империясига ҳам айланган эди. Боғча болаларидан тортиб, давлат раҳбарларигача кўз юммай, киприк қоқмай ёлғон гапиришни одат қилган эди. Ёлғон ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Фақат ёлғончилардан ташкил топган ёлғончи империя эса, ўзини ҳам, дунё жамоатчилигини ҳам алдаб ўрганган эди. Оқибатда аввало кишиларнинг бир-бирларига нисбатан ишончлари йўқолди, бундан ташқари одамлар расмий ахборот воситаларига, давлат раҳбарларига ишонмай қўйдилар. Улар рост гапириб қолгудай бўлсалар ҳам, одамлар: "Буларнинг айтаётганлари барибир ёлғон", деган хаёлга боришадиган бўлишди. Иқтисодий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий ҳаёт пароканда бўлди. Халқаро жамоатчилик бу империяга умуман ишонмай қўйди. Ва ниҳоят, ёлғончилар империяси ўзининг қонуний интиҳосини топди - буткул парчаланиб кетди.

Одатда одамлар ёлғонга унчалик эътибор бермайдилар. Ёлғон ёлғончининг ўзига маънавий зарар келтиради, холос, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса, ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб, ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларини бирин-сирин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.

Шу сабабли Исломда бошқалар учун арзимас нарса ҳисобланган ёлғонга жиддий эътибор берилади. Унга қарши курашилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир гўдак болага "мана буни ол деса-ю", ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади", дейдилар.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эмас, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга "Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман", деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам онамдан: "Унга нима бермоқчи эдинг", деб сўрадилар. Онам: "Хурмо бермоқчи эдим", деди. Шунда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди", дедилар. Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканлигини билиб оламиз.

Ёлғон-фақат ёлғончининг шахсига эмас, ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлин ган ва унга ҳеч йўл қўймасликка ҳаракат қилинган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Ойиша онамиз розияллоҳу анҳу: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи эканлигини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунча қалбларидан чиқармас эдилар", дейдилар.

Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда эса, қуйидагилар айтилади: Ҳадис ривоятчиси Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: "Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?", деб сўралди. У зот "Ҳа", дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?" деб сўралди. У зот "Ҳа", дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?", деб сўралди. У зот "Йўқ", дедилар".

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар. Бу фикрни Имом Байҳақий Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис ҳам қувватлайди. Бу ҳадисда: "Ёлғон иймондан четлатувчидир", дейилади. Иймон нима, иймонсизлик нима, фарқига борадиган киши учун иймонсизлик нақадар катта бадбахтлик эканлиги маълум. Ўўрқоқлик ва бахиллик хусусида сўз юритилганда, айтмоқ лозимки, бу иллатлар кимда мавжуд бўлса, энг аввало, ўша одамнинг ўзи зарар кўради. Одатда Ислом дини ўз эгасидан бошқага зарари кам етадиган ана шу қўрқоқлик ва бахиллик каби гуноҳларга нисбатан, жамиятга, халқ оммасига кўпроқ зарари етадиган гуноҳларга катта эътибор беради. Исломда банданинг ҳақига зарар етказадиган гуноҳлар қаттиқ қораланади. Аввалги бобларда ҳам таъкид этганимиздек, ёлғиз Яратганнинг ҳаққи бўлса, ўша маълум бир гуноҳни Аллоҳнинг Ўзи кечириб юбориши мумкин. Бироқ, бандаларга, жамиятга зарар етказилса, ўша зарар кўрган банда ва жамият кечирмагунча, Аллоҳ ҳам кечирмайди. Ёлғон эса, кўпчиликка зарар етказадиган мана шундай гуноҳлар қаторига киради. 

Мақолани ёзишни бошлаганимда, худди шу масалани тушунтириш учун қандай мисол айтсам экан, деган фикр такрор-такрор хотиримга келар эди. Иттифоқо, дунё ахборот воситалари ҳозирги кундаги диктаторлардан бири ўзининг нотўғри сиёсатини, ўз халқига ҳам, ўзга халқларга ҳам ўтказган зулмини, инсон ҳуқуқларини поймол қилганини тан олганлиги ва бу жиноятлари учун дунё ҳамжамияти томонидан унинг давлатига нисбатан жорий қилинган турли чораларни енгиллатиш ва бекор қилдириш мақсадида, ноиложликдан, ҳамжамиятнинг шартларидан баъзиларини бажаришга қарор қилганлиги ҳақида хабар бердилар. Лекин мутахассислар ва БМТнинг юксак амалдорлари, бу диктатор ёлғончи, аввал ҳам фалон-фалон нарсаларни айтиб, сўнгра амалга оширмаган, унга ҳеч ҳам ишониб бўлмайди, қачон у ҳокимиятдан кетса, кўрилган чораларни бекор қилиш керак, деган фикрни айтдилар.

Демак, бир кишининг ёлғончлиги туфайли неча миллионлаб бегуноҳ кишилар жафо чекмоқда. Демак, ёлғончининг шахсига, жамиятда эгаллаб турган ўрнига қараб, жамиятга келтирадиган зарарининг даражаси, миқдори, кўлами ҳам ўзгариб борар экан. Шубҳасиз, халқаро ҳамжамиятга ва дунё давлат раҳбарларига ёлғон гапирган ўша диктатор, ўз халқига ҳам киприк қоқмай ёлғон гапирган бўлади. Аммо у ёлғон билан бу ёлғоннинг фарқи бўлади. Бугунги кун воқелиги шулки, давлат бошлиқларининг оғзидан чиққан бир оғиз ёлғон сўз бир зумда бутун дунёга тарқалади. Турли жойларда қайд қилинади. Шунинг учун ҳам бутун дунёни ўз халқини алдагандек алдаб бўлмайди. Худди шу воқелик, Ислом динининг ҳар замон ва маконга мос дин эканлигини яна бир бор кўрсатади. Мана бу ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганиб чиқсак, бунга янада ишончимиз комил бўлади. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Уч тоифа кишиларга Аллоҳ Таоло қиёмат кунида гапирмайди, назар ҳам солмайди ва уларни покламайди. Бу тоифа одамларга аламли азоб бўлади. Улар: қари зинокор, ёлғончи подшоҳ ва кибрли камбағалдир, деганлар". Мазкур ҳадисда зикр қилинган сифатларнинг барчаси ҳам ёмон сифатлардир. Бу бошқа оят ва ҳадисларда ҳам алоҳида баён қилинган. Аммо, бу ҳадиснинг аҳамияти шундаки, унда юқорида зикр этилган уч тоифа одамларнинг бошига, ушбу гуноҳларни қилган бошқа кишилардан кўра, даҳшатли азоблар тушиши, Аллоҳнинг улар билан сўзлашиш ва уларни поклашдан маҳрум қилиши баробарида уларнинг аламли азобларга дучор бўлишининг асосий сабаблари алоҳида таъкидланади.

Ҳар бир зинокор катта гуноҳкордир. Ўзига яраша жазосини тортади. Аммо қари зинокор улардан ортиқча бўлиб, юқорида таъкидланган тўрт жазонинг ҳаммасига гирифтор бўлади. Чунки, унинг учун қариликнинг ўзи шараф бўлиши керак эди. Аммо у қариган чоғида кўпроқ ибодат қилиш ўрнига, катта гуноҳ қилди. Унинг бу қилмиши жамиятга ҳам катта маънавий зарар етказади. Шунингдек, камбағаллигидан бола-чақасини боқолмай қийналаётган одамнинг такаббурлик қилиши, бошқаларга қараганда қабиҳлик ҳисобланади. Мутакаббирлик ўзи ёмон нарса, лекин бечора ҳол камбағал киши такаббурликка берилса, янада ёмонроқдир.

Ёлғоннинг нақадар ёмон гуноҳ эканлигини мақола бошидан бери гапиряпмиз. Аммо подшоҳнинг ёлғончилиги жуда ҳам катта ва ёмон гуноҳ бўлиб, унинг фожиа эканлигини ушбу ҳадисдан билдик. Оддий ёлғончига бериладиган азоб-уқубатлар ва жазоларга қўшимча равишда ёлғончи подшоҳ қиёматда кетма-кет, бир неча шармандаликларга учрар экан. Биринчиси, Аллоҳ унга гапирмас экан. Яъни, қиёмат куни Аллоҳ мўмин бандаларига марҳамат кўрсатиб, улар билан сўзлашиб, энг буюк саодатга муяссар қилганда, ёлғончи подшоҳ билан гаплашмас, уни ушбу буюк саодатдан маҳрум қилар экан. Бундан ҳам улуғроқ бадбахтлик бўладими? Шунингдек, Аллоҳ Таоло ўша кун мўмин бандаларининг гуноҳларини кечиб, поклаганда, ёлғончи подшоҳнинг гуноҳини кечмас ва уни покламас экан. Ҳатто унга назар ҳам солмас экан. Буларнинг устига-устак, уларни аламли азобларга ҳам гирифтор қилар экан. Чунки, подшоҳ ёлғончи бўлса, унинг ёлғончлиги жамиятга, инсониятга одатдагидан кўра катта зарар келтиради. У ҳамманинг кўз ўнгида бўлади. Шунинг учун ёлғончи подшоҳнинг вазирлари, амалдорлари, ҳатто фуқаролари ҳам ёлғончи бўлишади. Бу ҳатто гўдак болалар тарбиясига ҳам таъсир ўтказади. Ёлғончи подшоҳ бошқа давлатлар, халқлар олдида нафақат ўзининг, балки бутун бошли бир миллатнинг, халқнинг обрўйини туширади. Ўолаверса, бу маънавий зарарлар чегарасидан ўтиб, моддий, иқтисодий зарарларга ҳам сабаб бўлишини юқоридаги мисолдан кўриб турибмиз. Албатта, бундан 1400 йил аввал пайғамбаримиз ушбу ҳадисни айтганларида, одамлар уни ўз воқеликлари ва шароитларидан келиб чиқиб тушунганлар. Аммо биз яшаётган вақтга келиб, бу ҳадис жуда ҳам кенг ва шомил маъно касб этди. Исломнинг ҳар замон ва маконга мослигининг моҳияти ҳам шундадир.

Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши-алдамчиликдир. Яъни, ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш-унга ёлғон гапиришдир. Буни пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бу ҳақда қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: "Энг катта хиёнат-сенга ишонган биродарингга ёлғон гапиришингдир".

Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, Исломда ёлғонга қарши қаттиқ курашилган. Ёлғончилар турли разил сифатлар билан сифатланиб кўрсатилган ва уларга тайинланган жазолар такрор-такрор айтилган. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда ёлғончилик-мунофиқликнинг учдан бир қисми сифатида баён қилинган: 

"Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон гапиради, ваъда, берса, хилоф қилади, аҳд қилса, алдайди".

Демак, ёлғончилик мунофиқликнинг биринчи ва етакчи сифатидир. Ёлғон гапирган одам мунофиқликнинг учдан бирини қилган бўлади. Албатта, ёлғончи ваъдасида турмайди, аҳдига вафо ҳам қилмайди. Оқибатда бундай одам тўлиқ мунофиқ бўлади. Мунофиқлик эса, кофирликдан ҳам ёмонроқдир. Мунофиқлар Ўуръони Каримнинг таъбири билан айтганда, жаҳаннамнинг энг тўридан жой оладилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: Бир одам келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули! Дўзах амали нимадир?", деб сўради. Расулуллоҳ: "Ёлғончликдир. Агар банда ёлғон гапирса, фожирлик қилади, фожирлик қилса, кофир бўлади, кофир бўлса, дўзахга киради", деб жавоб бердилар.

Имоми Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Агар банда ёлғон гапирса, унинг сассиқ амалидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади", деган эканлар. Бу қандай даҳшат-а? Бу дунёда бандани қўриб туришга бириктирилган фаришта ҳам унинг ёлғони сассиғидан ҳазар қилиб, ундан қочар экан. 

Асбиҳоний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: Расулуллоҳсаллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ота-онага яхшилик қилиш, умрни зиёда қилади. Ёлғон, ризқни қисқартиради. Дуо, қазони қайтаради", деганлар. Ушбу ҳадисда ёлғоннинг бу дунёдаги зарарларидан бири-Ризқни камайтириш зикр қилиняпти. Демак, Аллоҳ Таоло ёлғончи шахснинг уйидан, корхона бошлиғининг корхонасидан, ёлғончи подшоҳнинг юртидан барокотни кўтаради, ризқларини қисқартириб қўяди. Ушбу ҳақиқатни бугунги кун тажрибасида ҳам кўриб турибмиз.

Демак, бу дунёю у дунёнинг бахтига эришмоқчи ва икки дунёнинг азоб-уқубатидан, шармандачилигидан қутулмоқчи бўлсак, ёлғондан қутулишимиз зарур экан. Бу ишда каттаю кичик, эркагу аёл, фуқарою амалдор, шоҳу гадо баробар ҳаракат қилмоғи лозим. Ана шундагина яхшиликдан умид қилсак бўлади.

АллоҳТаоло барчамизни ёлғончиликдан ва ёлғончиларнинг касридан Ўзи асрасин! Омин!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муроқаба.Муроқаба, зийраклик билан қаттиқ кузатиб боришдир. Нафси билан шартлашган банда уни муроқаба қилиб туриши лозим. Нафсни зинҳор муроқабасиз, ўз ҳолига давоми...

2013 20:07 / 14.11.2018
Амалга эваз талаб қилсанг, сендан унда сидқ бўлиши талаб қилинади. Шубҳа қилувчига саломатлик мавжудлиги кифоя қилади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи давоми...

3549 05:00 / 06.03.2017
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя 1. .Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан давоми...

2689 17:30 / 24.07.2021
МАЪРИФАТ БОБИМаърифат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган биринчи фарздир. Бунга ушбу ояти карима далилдир Жин ва инс оламини фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун давоми...

3411 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

118756 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40715 14:35 / 11.08.2021