1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Вақтлардаги ҳуқуқлар ва вақтларнинг ҳуқуқлари ҳақида

16:10 / 15.10.2017 2931 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони бор. Вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқ. Зотан, ҳар бир ворид бўлган вақтда, албатта, Аллоҳнинг янги ҳаққи ва таъкидланган амри бордир. Бас, қандай қилиб унда (вақтда) У Зотдан ўзганинг ҳаққини қазо қила оласан? Ҳолбуки, сен унда (вақтда) Аллоҳнинг ҳаққини қазо қилмадинг. 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматини яхши тушуниб етишимиз учун, аввало, ундаги бирикма ва жумлаларни бирма-бир яхшилаб тушуниб олишимиз керак бўлади. Бу жумлаларнинг маъносини аввалги шарҳчилар алоҳида аҳамият билан баён этганлар.

– Вақтлардаги ҳуқуқлар – намоз ва рўзага ўхшаш ибодатлардан иборат бўлиб, уларни адо қилиш учун берилган вақт кенг бўлади ва белгиланган вақти ўтиб кетса, у билан бошқа ҳақнинг орасида керагича вақт бўлгани учун қазо қилиш имкони бўлади.

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таоло мазкур ҳақларни белгиланган вақтда бажаришни фарз қилган бўлади. Шу билан бирга, ўша ҳақлар мазкур вақтлардан келиб чиқмаган бўлади. Фақат Аллоҳ таоло вақтларни мазкур ҳақларга белги қилиб қўйган бўлади, холос.

Мисол учун, намозни оладиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу ибодатни фарз қилишида вақтнинг ҳеч қандай таъсири йўқ. Фақат Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилишни ва уларнинг Ўзи истаган вақтларда адо этилишини ирода қилган, холос. Рўза ва закот ибодатлари ҳам худди шундай.

– Вақтларнинг ҳуқуқлари – вақтларнинг ҳаракатидан келиб чиқадиган ва банда бажариши лозим бўлган ибодатлардан иборат бўлиб, у кетма-кет бўлиши керак, уларнинг ўша вақтлардан ажрашига имкон йўқ. Шунинг учун уларни қазо қилиб ҳам бўлмайди.

Бошқача қилиб айтганда, вақтларнинг ҳақлари вақтларда пайдо бўлган ҳолатлар юзасидан банда адо этиши лозим бўлган ҳақлардир. Мисол учун, шундай пайтлар келадики, унда Аллоҳ таоло бандага турли неъматларни ато қилади. Ана ўшанда бандага мазкур вақтда берилган неъматлар учун  шукр қилиш вожиб бўлади. Бошқа бир вақтда Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бандани бало-офатдан сақлаб қолади. Ўша вақтнинг ҳаққи сифатида банданинг зиммасига Аллоҳ таолога шукр этиш вожиб бўлади. Бошқа бир вақтда бандага сабр қилиш ва рози бўлиш вожиб бўлади ва ҳоказо...

Шайх Абул Аббос раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Банданинг вақти тўртдир, бешинчиси йўқдир: неъмат, синов, тоат ва маъсият. Сенинг зиммангда мазкур вақтларнинг ҳар бирида Аллоҳ таолонинг робблик ҳукми ила тақозо қилинган бандалик улушинг ҳаққи бордир. Бас, кимнинг тоат вақти бўлса, унинг йўли Аллоҳ таолога уни ўша тоатга ҳидоят қилгани ва уни адо этишга муваффақ қилганига шоҳид бўлишдир. Кимнинг неъмат вақти бўлса, унинг йўли шукрдир. Шукр эса қалбнинг Аллоҳ таоло ила шодмон бўлишидир. Кимнинг маъсият вақти бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир. Кимнинг синов вақти бўлса, унинг йўли сабр ва ризодир. Ризо нафснинг Аллоҳ таолодан рози бўлишидир. «Сабр» сўзи «исбор» лафзидан олинган бўлиб, у ўқларга мўлжал бўлган нарсани билдиради. Шунингдек, сабр қилувчи ҳам нафсини қазонинг ўқларига мўлжал қилиб турган бўлади. Агар у ўшанда собит турган бўлса, сабр қилган бўлади. Сабр қалбнинг Аллоҳ таоло ҳузурида собит туришидир.   

Сахбара розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким берилганида шукр қилса, синалганида сабр қилса, зулм қилганида истиғфор айтса, мазлум бўлганида кечирса...» дедилар ва кейин сукут қилдилар.

«Унга нима берилади, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди.

«Ана ўшаларга омонлик бордир. Ана ўшалар ҳидоят топувчилардир», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Ушбу тушунтиришга ёрдам берувчи муқаддима ва изоҳлардан сўнг Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳикматини бир оз тафсилотлари билан шарҳ қилишга ўтсак бўлади.

«Вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони бор».

Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг тайинли вақтга боғлаб қўйган ҳаққи ўз вақтида адо этилмаган бўлса, уларни қазо қилиш имкони бор. Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақтидан кейин қилиш «қазо» дейилади.

Агар банда дин талаб қилган амалларни эсидан чиқибми ёки қасдданми, ўз вақтида бажармаган бўлса, уни вақтидан кейин бўлса ҳам адо қилиши лозим бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида:

«Бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди»дейилган.

Ислом дини осонлик, кенгчилик ва бандаларга раҳм-шафқат динидир. У инсонни тоқати ва имкониятидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Аллоҳ таоло инсонни ва у яшаб турган оламни яратган Зотдир. Шу боисдан ҳам У Зот Ислом шариатини инсониятга қиёматгача мукаммал ва барча талабларга жавоб берадиган шариат қилиб жорий қилгандир.

Бинобарин, Аллоҳнинг Ўзи яратган оламида яшайдиган инсонларга Ўзи туширган шариати мос келмаслиги мумкин эмас. Аллоҳ таоло ҳикматли Холиқ сифати билан инсонга нима мос келади-ю, нима мос келмайди, яхши билади.

Мазкур нарсаларнинг бир тарафини ушбу ҳадиси шарифда кўриб турибмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин», демоқдалар.

Инсон борки, эсидан чиқариши, унутиши бор. Араблар «Инсон» сўзи  «нисён», яъни «унутиш» сўзидан олинган», дейдилар. Демак, унутиш айб эмас, балки узрлидир. Намозни унутган одам эслаган пайтида қазосини ўқиб олади.

«Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир».

Яъни қазо бўлган намознинг ўрнини бундан бош­қа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Бу эса қазо намозни ўқишдан бошқа илож йўқлигининг энг кучли далилларидан биридир.

«Намозни Менинг зикрим учун қоим қил».

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг зикри учун намоз ўқишни амр қилмоқда. Шунинг учун ҳам унутган одам намозни эслаган заҳоти ўқиб олади.

Имом Муслим қилган ривоятда эса намозни унутган киши қаторига ухлаб қолган одам ҳам қўшилмоқда.

Ухлаб қолган одам ҳам худди эсидан чиққан одам каби айбдор бўлмайди. У ҳам уйғонган заҳоти ўқилмаган намозининг қазосини ўқиб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан, намозни вақтида ўқимаган одам қазосини ўқиб олади, деган хулоса  чиқмоқда. Чунки ухлаб қолган ёки эсидан чиқарган одам намозни қазо қилиб ўқиши лозим бўлгач, узрсиз қазо қилган одам ҳам қазо намозини ўқиши кераклиги ўз-ўзидан маълум нарса. Бу жумҳур уламоларнинг сўзларидир.

Дангасалик ёки қасд ила намозни тарк қилган одам ухлаб қолган ва эсидан чиқарган одамга қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарса адо этилмагунича, зиммадан тушмайди.

Рўзани қазо қилганларнинг ҳукми ҳам шундай бўлади.

«Вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқ».

Ҳар бир лаҳзанинг сенда ҳаққи бор эди. Ўша вақтнинг ҳаққини адо этишинг керак эди. Хурсандчилик етганида шукр қилишинг, кўнгилсизлик етганида сабр қилиб, рози бўлишинг лозим эди. Ҳар бир вақтнинг ҳаққини ўз вақтида адо этмаган одам унинг қазосини ўрнига қўя олмаслиги аниқ.

«Зотан, ҳар бир ворид бўлган вақтда, албатта, Аллоҳнинг янги ҳаққи ва таъкидланган амри бордир».

Агар вақтнинг қазо бўлган ҳаққини бажараман десанг, турган вақтингнинг ҳаққи қазо бўлади.

«Бас, қандай қилиб унда (вақтда) У Зотдан ўзганинг ҳаққини қазо қила оласан? Ҳолбуки, сен унда (вақтда) Аллоҳнинг ҳаққини қазо қилмадинг». 

Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо қила олмаган банда ўзига ўхшаган банданинг ҳаққини қандай адо қилади? Шунинг учун аввало банда Аллоҳ таолонинг ўзидаги ҳаққини ўз вақтида адо қилиш пайида бўлиши керак. Ана шунда Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг ҳам, У Зотнинг бандаларининг ҳам ҳаққини адо этиш имкони бўлади. Бунинг учун Қуръони Каримнинг қуйидаги оятига заррача оғишмай амал қилиш лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма» (205-оят).

Яъни «Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зотдир. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазаррули бўлиши шарт. Акс ҳолда инсон ғофиллардан бўлиб қолади».

Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳни зикр этиб, Унга шукр қилганидагина иши олға босади.

«Зикр» сўзи луғатда «эслаш», «хотирлаш», «сўзлаш», «тилга олиш», «баён этиш», «шарҳлаш», «тавсифлаш» каби маъноларни англатади. Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш. Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам, ёдидаги нарсани хотирлаш.

Уламолар истилоҳида зикр деб банданинг Роббини тили ва дили билан эслашига айтилади. Бу эслаш У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр этиш, ёки Китобини тиловат қилиш, ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир. Фақат шариат истисно қилган – қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларида биз – бандаларига зикр қилишни амр этган. Зикрни кўп қилиш ва бунда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлашган.

Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб, бошқа нарсани эслайдиганларнинг ҳасрат-надоматда қолишини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида марҳамат қилади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (124-оят).

Демак, инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни зикр қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи душманлик қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда ночор ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишдан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз»

Бу ҳам дунё ҳаётида қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолида тирилтирилганини тушуна олмайди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш – қалбни Унга боғлаш, «У мени кузатиб турибди», деган доимий сергакликда туриш, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ берган бандаларига: «Мени эслангиз», демоқда.

Хўш, Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У – беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қаерда-ю, оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қаерда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло шундай дейди: «Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман».

Аҳмад ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).

Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага чиқиши ва бардавом бўлишига олиб келади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардан саналади.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.

Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, доимий равишда адо этиб юради.

Аллоҳ таоло барчаларимизга вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони борлигини англаб етишимизни насиб қилсин! Шу билан бирга, вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқлигини ҳам билиб, уларни ўз вақтида адо этиб юришимизни насиб айласин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди мазкур зикр калималарининг фазли ҳақида келган баъзи ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқамиз.4525. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

4501 20:28 / 10.05.2018
Махлуқотларнинг сенинг хусусиятингни билмоғига орзуманд бўлишинг бандалигингда содиқ эмаслигингга далилдир.ndash Бандалик инсоннинг бутун борлиғини ва давоми...

3262 19:30 / 18.01.2018
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари ичида .Аллоҳим Албатта, мен Сендан неъматларинг заволидан, офиятинг бошқа давоми...

15122 22:09 / 04.06.2018
Зоҳидлар мадҳ қилинсалар, мақтов махлуқотлардан эканига шоҳид бўлганлари учун сиқиладилар. Орифлар мадҳ қилинсалар, унинг Ҳақ Подшоҳдан эканига шоҳид бўлганлари давоми...

3064 17:01 / 06.05.2018
Аудиолар

120056 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41727 14:35 / 11.08.2021