1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Вақтики, бир кишининг масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз

21:04 / 04.05.2017 3315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вақтики, бир кишининг масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар ва закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар», деган», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу муборак ҳадисларида масжидга доимий қатнашга, у ерда ибодат қилишга аҳд қилган, доимо ўз аҳдида турган одамнинг ҳам иймони комил бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. Масжид – Аллоҳнинг уйи. Унга доимий қатнаб, ибодат қилиш улуғ ва муборак иш. Ушбу ҳадисда масжидга бориш, қатнаш ёки шунга ўхшаш иборалар эмас, «масжидга қатнашга аҳд қилиш» ибораси ишлатилганлиги эътиборга сазовордир. Чунки масжидга турли одамлар қатнайди. Уларнинг қатнаши ҳам турлича бўлади. Кимдир риё учун қатнайди. Унинг қатнаши риёга боғлиқ бўлади. Риё ҳосил бўлмаган ондаёқ масжидга қатнашдан тўхтайди. Яна бири мунофиқлик юзасидан қатнайди. Яъни Ислом ривож топиб, мусулмонлар кўпайганда, ишлари юришиб, гаплари ўтиб турганида ўзини мусулмон қилиб кўрсатиш учун қатнайди. Ушбу омил йўқ бўлиб, мусулмонлар синовга учраган, қийинчиликда қолган куни улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар. Учинчилари жосуслик учун қатнайдилар ва жосуслик топшириғини адо этиб бўлганларидан сўнг улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар. 

Чин қалбдан аҳд қилган одамгина холис ибодат учун доимий равишда масжидга қатнайди. Ана ўша одамнинг иймони ҳақида шоҳидлик беришга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилмоқдалар.

Сўнгра у зоти бобарокот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмга Аллоҳ таолонинг Китобидан далил келтирмоқдалар. Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар ва закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар», деган оятини тиловат қилмоқдалар.

Ушбу оятдаги Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш деганда моддий ва маънавий обод қилиш назарда тутилган. Моддий обод қилишга масжидларни қуриш, чиройли ва озода тутиш киради. Маънавий обод қилишга эса уларда намоз ўқиш, тиловат қилиш, зикр қилиш каби маънавий ишлар киради. Демак, масжидларни маънавий обод қилишга уринган одамда Аллоҳга ва охират кунига иймон бўлиши турган гаплиги оятда ҳам келган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай одамнинг иймони ҳақида гувоҳлик беришга ишорат қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Масжидларга чин қалбдан қатнашга одатланиш.

2. Масжидларга қатнаётган кишилар ҳақиқий иймонли кишилар эканини билиш.

3. Айтилган фикрни тасдиқлаш учун оятдан далил келтириш.

Бу ҳадиснинг ҳикмати жуда катта. Масжидга доимий қатнашга одатланишнинг фойдалари кўп: инсон савоб олади, мусулмонлар жамоасидан хабардор бўлиб туради, иймони камолга етади. Иншааллоҳ, «Жамоат намози боби»да бу ҳақда тўхталамиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиБу киши .Сизлар баъзи амалларни қиласизлар. У сизларнинг наздингизда соч толасидан ҳам нозикроқдир. Биз эса Расулуллоҳ давоми...

2935 09:00 / 24.12.2017
. ,. .5822. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари, қачон Оишанинг навбати келадиган давоми...

1749 06:54 / 24.10.2018
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Азонни эшитганингларда муаззин нима деса, ўшани айтинглар,, дедилар.Муттафақун алайҳ.

3105 12:05 / 05.03.2018
. . ,. .89. Ҳорис ибн Муслим Тамимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар бомдод намозини давоми...

2168 08:08 / 08.12.2019