1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами) 3

05:00 / 07.03.2017 18874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ТЎРТИНЧИ БОБ: БОШҚАЛАРГА НАЗАР!

Қалбим айтур билганларин оз-оздин,
Қалқимангиз қоп-қорайган қоғоздин.

Андаги сўз хос одамларга хосдир,
Бу мисоллар Улуғ Китобга мосдир.

Нафсли насга Носир зотдан келди насс:
“Даъво қилган киши амал қилсин, бас!”

Киши Аллоҳни севса жону дилдан,
Кибрни ҳайдагай қалбу, кўнгилдан.

Гўзал дун ишқида кезиб Ҳуросон,
Ҳар осон деб ўзни қилмас ҳаросон.

Киши Аллоҳни бир илоҳ дегайдир,
Фақат диёнат ташвишин егайдир.

Ҳамирларга қориштириб хамрни,
Онгидан-да устун қўяр амрни.

Киши Росулга айласа муҳаббат,
Демак, қилгай анга тинмай итоат.

Росулуллоҳ деган сўзга йиғлагай,
Тирилтириб тунда суннат ухлагай.

Оғир дамда истар бўлса шафоат,
Шар офатни билмас асло шарофат.

Киши ҳақ деб ҳисобласа қиёмат,
Шошар қолмоққа даҳшатдин саломат.

Назар солмай даҳри-дунга маҳлиё,
Қотар қиёматга боққандек қиё.

Ўйлагай не бўларин Охиратда,
- Охир атда бўлмай, деб, - оғир отда.

Киши Қуръон Ҳақ каломи деса гар
Тиловатдан амалга қилгай сафар.

Оятлари кўнгилга бўлиб малҳам,
Фароғатдек туюла бошлагай ғам.

Оятлардан шояд топса кифоят,
Ғоят рози бўлар бермай шикоят!

Киши иймонига бўлса даъвода,
Айғон сўзин учирмагай ҳавода.

Дерозага қараб даъват қилодир,
Ўзин ҳолин кўзгу олиб билодир.

Суриб четга бехаё хаёлини,
Тергар ўз ҳолини ва аёлини,

Киши розидир қазою қадарга,
Эътибор ҳам бермагай минг хатарга.

Падар тутган мавқифларга таёнмас,
Чириб битган яғочларга суёнмас.

Қўлим келса ғолиб кетгум, дегай у,
Ўлим келса ўлиб кетгум, дегай у.

Киши қўрқса азобидин лаҳаднинг
Йўлин тутмас Жаҳл отлиғ Лаҳабнинг.

Истаса қолмоғин мусулмон бўлиб,
Ўлар охирги дамда Солмон бўлиб.

Киши Дажжол финтасидан алам ер,
Дуосида “мендан кейин келсин”, дер.

Сувга тушган киши бўлганидек хўл,
Кучли иймон ғурурга бермагай йўл,

Киши аҳли ҳадис деса ўзини,
Таҳоратда сўзласин ҳар сўзини.

Амал қилсин паямбар сўзига ул,
“Қул” деганда амал қилса бўлар қул.

Киши ўзин ҳисобласа олим деб,
Авом еган таомдан юролмас еб.

Уриб жавлон фақат тақво йўлида,
Сўнгги дамда ўлар Қуръон қўлида!

Киши афъолини билса жуда зўр,
Ҳисобларкан ўзин у беҳуда зўр!

Оёқ ости бўлмасин хор деса бош,
Бугун оёқ остида бош тўксин ёш.

Киши холис кишиман, деб гапурса,
Ишонгаймиз, бу дунёга тупурса.

Агар чандики безор бўлса андин,
Холислиги халос этгай аламдин.

Киши толибликка даъво айласа,
Ўзни мажбур риёзатга шайласа.

Қўрқса Аллоҳидан, қўрқмай ҳаммадин,
Қочса қочгандек илондан таъмадин.

Киши ўзни ҳисобласа авлиё,
Демак, қалбин забт этибдир минг риё.

Чун авлиё кимлигин билар Аллоҳ,
Авлиё ул, сўрса тинмайин паноҳ!

Киши ўзин ҳисобласа чўғ гўзал,
Лозим эрмас ўзига битмак ғазал.

Оинага боқсин эгиб бошини,
Унутмасин ул гўзал Наққошини.

Киши инонса гар фаришталарга,
Қўрқсин алар ёзмиш ёзишмаларга.

Алар йўли банда юрган йўлкадин,
Йиқилса ҳам улар тушмас елкадин.

Киши ўлимни бир бекат билса гар,
Дунга боқсин мисоли бир қаландар.

Демасдурман, ҳарёна назар солсин:
Дарахтнинг соясида мизғиб олсин.

Киши билса мезонда бўлар иш хал,
Ўшал мезонга лойиқ қилгай амал.

Ҳалтасига гўзал ишларни йиғиб,
Сиқилмасдан риёни олсин сиқиб.

Киши сирот ҳолига рози бўлса,
Ажабким, йиғламак ўрнига кулса?!

Ҳасан Басрий дегонким: “иш битдими?
Ё Роббинг жаннат чиптасин тутдими?”

Киши жаннатни билса барҳақи чин,
Умр бўйи олишга ҳаққи йўқ тин.

Қилмайин асло ибодатдан ибо,
Эътибори эътиқодга иттибоъ!

Киши дўзахга ҳам ишонса бешак,
Яшаб ўтмас ҳашак деб мисли эшак.

Ўрмон аҳли қилғонидек найламас,
Ҳайф онда ўзни ҳайвон айламас.

Киши қилар деса Расул шафоат,
Инонмағил, қилиб юрса сафоат!

Росул юрган йўлакда юрмаса ул -
Инонмағил, намозга турмаса ул,

Киши гўрда ҳаёт давом бўлар, дер,
Билиб қўйсин, бад иши-чун илон ер!

Ошино бўлмай деса чаёнларга,
Қулоқ оссин илоҳий баёнларга.

Киши агар умидвор охиратдин,
Илм олсин келиб ҳатто Ҳиротдин.

Жаҳолатдин ўзини сақлаб олсин,
Нася дунё ишларин нақдлаб олсин.

Киши билса умр асли беш кунлик,
Анга муҳаббатни билгай мажнунлик,

Лайлиларга асло демас “майли”лар,
Чун бевафо эрур доим Лайлилар.

Айтарларим агарчи давом этар,
Хазм этар учун бугунча етар.

Киши айғонларимни билса ҳазил,
Анинг билан ишим йўқдир, у – разил!

Бу сўзимни анга асло еткурманг,
Анга ҳақ даъватини раво кўрманг.

Анинг кўр қалблари билмас недир нам,
Анга лойиқ бўлур фақат жаҳаннам!

Киши айғонларимни билса рост, чин,
Улуғ Мавло сўзларига кўз очсин!

Деса учраб қолмайин азобига,
Тайёр турсин ҳамиша ҳисобига.

Сўзим етиб борса шоҳу, гадоға,
Ман учун ҳам очинг қўлни дуоға!

ҲАЁЛИ АЁЛЛАР ҲАҚИДА ХАЁЛЛАР

Аёл ҳақда жуда кўплаб асар бор...
Асарларда ундан ҳам кўп гаплар бор.

Эр зотига ҳусн бўлса жасорат,
Аёлларга гўзал ҳулқу, нафосат.

Эр деб атагайлар ҳақ сўз айтганни,
Хушламаслар ўз йўлидан қайтганни.

Аммо аёл борасида бўлак сўз
Нозик жинсни гўзал айлар ибо кўз.

Бўлсин десанг сатрларим байти соз,
Ҳаёли аёллар хаёлида ёз.

Эрни устун қўйиб ота-онадан,
Улар учун ордир чиқмоқ хонадан!

Хаёллари завжи учун бўлингай,
Тушида ҳам «дадаси” деб ялингай.

Ўзин сабр отлиқ ўтда тоблайди -
Худога итоат деб ҳисоблайди.

Эри ранжиб уйдан чиқиб кетса гоҳ,
Ўзин айблар бешуд деб ҳар қандай чоғ.

Узр сўраб чарчамагай баъзи дам
Эрин етмиш марта тавоф қилса ҳам.

Завжига чиройли либосин кияр,
Эр кулгусин кўрса таомдек тўяр.

... Ҳайрондирсиз, замонамиз аёли
Ўзгани мафтун айламак хаёли.

Борми ушбу мулоҳаза талқини:
Аёл деган сўрамасми ҳақини?

Жавобимиз оддийдир, эй биродар,
Аёл динда эркак билан баробар.

Аммо аёл сийратининг афзали
Ҳулқу итоатда бекам гўзали!

Чунки шундай яшаб ўтган Фотима,
Шундан ўзингга ол гўзал хотима.

Фотимаи Заҳро қилмай ҳеч ирим,
Алидан йиғлаблар сўрмиш кечирим.

Кўзи шишган қизин Росул кўрмишлар,
Бу ҳолатнинг баёнини сўрмишлар.

Тинглаб куяв тутган оғир мавқифни,
Қара, қандай берибдилар тавсифни:

Росул демиш: “бўлмасайди шул таъзим,
Жаҳаннамга тушардингиз, жон қизим!”

Хой оналар, хой аёллар, тинглангиз,
Қай аҳволда Росулуллоҳ суйган қиз!

Сиз неларни истаяпсиз, билмадим,
Сийрат ўқиб, ёт хулоса қилмадим.

Эрлар мақталганин кўрдим жанггоҳда,
Аёлларни эри суйган даргоҳда!

Олам суйган олима аёллар ҳам
Қилмаганлар жоҳил эрларин мулзам!

Эй ожиза, эхтимол, бу кулгудир,
Лек олималик насибаси шудир!

Ўтмиш гувоҳ, сингиган қонигача
Эрин кутган умр поёнигача.

Эркак она пойидан истар жаннат,
Эр босган из аёлига кифоят!

Аҳли оқил бу сўзларга кулмайди
Тарих бошқа ривоятни билмайди!

ДЎСТЛАР!

Юрак санчиб тез урарга ўтди бирдан -
Ҳаловатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!
Алангладим ён атрофга хавотирдан,
Ибодатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Минг ҳаққини ютиб қўйди мусулмонлар,
Қоринлари кўпроқ тўйди мусулмонлар,
Риёкорлик тўнин кийди мусулмонлар
Итоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Тирик мурда тўлди, аммо тобут йўқдир,
Гуноҳлардан асрагувчи совут йўқдир
Авом тугул, имомларда субут йўқдир,
Садоқатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Тилда бол-у, қилган иши ғирт заҳардир,
Мунофиқлик бир эмас, минг кеч саҳардир,
Ким кўп ёлғон деса, ўша савдогардир
Тижоратдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Бир-бирларин ғажиб ётмиш хатойи деб,
Ном олмишлар булбул ҳониш, садоий деб,
Тажвидларин тўғриларлар худойи деб
Тиловатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Ҳаммасига кўникинг сиз, қонлар ютманг,
Фойда йўқдир, ривоят деб китоб титманг,
Намозхонин қизларидан ҳаё кутманг,
Ҳижолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Лафз изламанг, минг талоқ бир талоқ бўлди,
Топган тутган фатволари гуноҳ бўлди,
Тамакию, нос тупуриш мубоҳ бўлди,
Кароҳатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Аллоҳни бир, деган инсон қилса риё,
Оят, ҳадис турмушида бўлса рўё,
Саҳарларда булбул зикр қилар, аммо
Тароватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Жамоатлар фирқаларга бўлиндилар,
Дум, патлари курк товуқдек юлиндилар.
Вужуд-ла бир, қалбан қатл қилиндилар,
Муҳаббатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Бу умматнинг фақири гар бир лоф урса
Тоғлар қулар бу кибрга қарши турса,
Фиръавнни ҳайрон айлар қаср қурса,
Саҳоватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Ҳеч бири не бўлар демас қиёматда,
Хиёнатлар хўп кўпаймиш омонатда.
Пора ҳалол ҳисобланган бу умматда
Диёнатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Эр деганлар эртаю, кеч уйда ухлар,
Аёлидан на ҳижолат, на қалб тиғлар...
Қиз жувонин аҳволига маймун йиғлар
Балоғатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Қулаб кулга айланди-ку Хивалари,
Чорвасида қўйдан кичик тевалари,
Дон эксалар, дондан кичик мевалари,
Барокатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Бирортаси кечар билмас молу жондан,
Аллоҳ учун бош чиқармас хонадондан,
Мунофиқни ажратолмам мусулмондан
Фаросатдан асар ҳам қолмади дўстлар,

Бир тарафни айлайдилар карвонбозор,
Бир томонда масжид бўлар қадим мозор,
Пирга қўлин берарлар-у, худо безор,
Мурувватдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Мўмин бўлиб, мақсадлари кайф бўлди,
Саҳобалар сийратлари хайф бўлди,
Олимларга бу диёрлар Тоиф бўлди,
Муҳаммаддан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Гапирсалар шариатдан, кулгим келар,
Минг турламиш юзларин бир юлгим келар,
Кас жонларин олар қотил бўлгим келар,
Далолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Бирисида ботирлик бор, фаросат йўқ,
Бирисида қўрқоқлик бор, жасорат йўқ,
Муҳаммадий умматига кўп қилманг дўқ,
Шижоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Гапирдик кўп, амаллардан кетди ҳаёт,
Узоқларга қочиб кетмиш биздан нажот.
Қиёматда йиғлаб турар бўлсак, ҳайҳот,
Шафоатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Дўстимизни қатл этдилар, шархлолмадик,
Мўминликнинг қийматини нархлолмадик,
Ҳаром бирла ҳалол кўрсак, фарқлолмадик,
Надоматдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Амир бўлмиш олимларнинг кўринг ҳолин,
Анинг бирла истаганин қилар золим,
Бу тарафда қуролланган аҳли олим,
Муросатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Минг яхшидан афзал ўтмиш ёмонларим,
Хўв, қайларга қочдингиз ўнг томонларим,
Китобларга жило бўлган замонларим
Хилофатдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Қайга боқманг, ғаним ўтлиғ, ёв ғолибдир,
Мўмин деган тўрт тарафга хўп нолибдир,
Ҳамма бирдек гумраҳликни тан олибдир
Шикоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар.

Эй ғўр нафсим, ҳотиржамсиз, тинмай ухланг,
Ўтмиш ўтди, сиз мозийни шифтга михланг,
Али, Усмон даврларин эслаб йиғланг
Матонатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Савдо демиш қутлуғ йўлда берарлар жон,
Лек бомдодга очилмас кўз топиб имкон,
Топиб беринг, Аллоҳ деяр битта инсон
Лаёқатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Аробани ким қаёққа тортса тортди,
Қўл қаварди, оёқларда шишлар бўртди,
Бу ҳаётнинг жиддийлиги ортса ортди,
Ривоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Манга алам, Чингизларни сўлжайтирган,
Ботуларнинг ўнг йўлини сўлғайтирган,
Термизийни, Бухорийни улғайтирган
Салтанатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Диним дея ёноқлари намлар қани,
Одамларни ухлатмаган ғамлар қани
Ҳар қишлоғи олим берган дамлар қани,
Ул шавкатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Ҳофизлардан танга йиққан шоирлар кўп,
Пишмай туриб сувин сиққан шоирлар кўп,
Тўрт қаторни шеър деб чиққан шоирлар кўп,
Шеъриятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Араб сори сафар қилманг, минг ювиқсиз
Дин номидан нон топурлар ҳалойиқсиз,
Мазҳабига юрмасангиз, мунофиқсиз,
Рисолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Башар ўғли муаммога хўп йўлиқмиш,
Бунда нафси улуш қилган дардни йиқмиш,
Лек ҳар тузум манфаатдан келиб чиқмиш
Адолатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Кўринг мунда табибликка даъволарни:
Ўйлаб чиқиб турлик туман балоларни,
Сўнгра эълон қиларлар минг даволарни
Табобатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Ҳамма билар: ёлғончи сўз - заҳар майдир,
Уни мўмин ўз дўстига ичирмайдир,
Тақводори ваъда берса, бажармайдир,
Омонатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Илмлиси кўп кулодур отиб ҳанда,
Ўзгаларнинг аҳволоти пароканда,
Ҳақ сўзга жой қолмаган бу гулмаконда
Ҳидоятдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Сувлари терс оққан кунлар ҳалак бўлди,
Саҳобалар ҳодисоти эрмак бўлди,
Валийларни кўрган дамлар эртак бўлди,
Кароматдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Айтишарди жаннат асли эрур ватан,
Ул манзилга то етгунча йўллар тикан,
Кўрдим мано бу дунё хўп сотқин экан,
Бу роҳатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

Эй Хайруллоҳ, хайр сени тарк этмасдан,
Худо учун иш қилиб қол, жон кетмасдан,
Қара, телба дунё сени қаритмасдан
Фароғатдан асар ҳам қолмади, дўстлар!

ЗАМОН БЎЛДИ

Яхшиларнинг камайиши ёмон бўлди,
Ёмонларга замона ҳам омон бўлди.
Ўзгаларнинг аҳволига кўп куйинма,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Ҳаққа чорлов калималар бошқа ёқда,
Ул журъатга бардош берар бош қаёқда?
«Вал ъаср”нинг тартибига дош қаёқда?!
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Содиқ дўстлар сен ҳақингда миш-миш айтар,
Қўни-қўшни ёв макридан минг бор батар.
Аёлингга пичирлаган сўзинг – хатар,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Зиноларни икки ёшнинг сайли, дерлар,
Оқсоқоллар бир хўрсиниб, майли, дерлар.
Юпун кийим замонанинг зайли, дерлар,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Илм аҳли маҳлиёдир сайқалларга,
Нифоқ урчир букун диний пайкалларга.
Тиловатлар ўқилганда ҳайкалларга,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Ҳа, азизлар, ҳар бир юмуш гумон бўлди,
Ҳақ йўлини тутган юзи сомон бўлди,
Олимларнинг хитобида огоҳ тўлди:
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Бир ўспирин ғамгин юрар кўрмайин эп,
Жумъасининг қазосига ўзини еб...
Бир қиз йиғлар: “рўмолимни юлдилар”, деб...
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Ҳой оталар, қабоҳатдан қўрқинг энди,
Ҳой оналар, жаҳолатдан қўрқинг энди,
Ҳой золимлар, қиёматдан қўрқинг энди,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

Яхши зотлар номи отлиқ ёмон бўлди,
Бад кимсалар замонаси омон бўлди,
Ўзгаларнинг аҳволига кўп куйинма,
Замон бўлди, иймон сақлар замон бўлди!

ВАТАННИ СЕВ....

Бир сўзим бор, тушунганга улкан ибрат,
У мажозан таъриф олган каломдандир.
Улуғларнинг бисотида қолмиш ҳикмат:
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Ҳаёт гўзал, гар муҳаббат мавжуд бўлса,
Гўзалликка ошино қалб вужуд бўлса,
Гар бешигинг бир кун келиб тобут бўлса...
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Фарангининг қанд-қусридан ширин тузи,
Шод арабдан афзал эрур ғамгин юзи.
Бухорийни қувиб, кўмган барбир ўзи:
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Боболарим ёв келганда қон-ла қувган,
Ҳинзир кирса, даласини минг бор ювган...
Сенга илк бор алла айтиб, берган кафан
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Она замин ҳар лаҳзада сенга уқар:
“Ватанингни унутсанг гар, душман йиқар!”
Чинқирсанг ҳам, ўша ёмон қўшнинг чиқар...
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Каъба кўрсанг, ўзни қўйма мунчалар еб,
Мадинада кўз ёш тўккил, росулим, деб,
Аммо билки бу дунёда кўнглингга зеб -
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

Сўнгги сўзим ҳаётингга эрур ибрат,
Мажоз тугаб, ҳақиқатга етди навбат.
Илк отамиз ташлаб кетган ўшал жаннат
Ватанни сев, бул муҳаббат иймондандир!

БУХОРИЙ МАҚБАРАСИ ҚОШИДА

Самарқандга бордим, қўйиб бир ихлос
Сафар азобига қилиб минг тоқат.
Менинг бир ниятим бор эди холос,
Бухорий бобомни қилмоқ зиёрат.

Бордим-у, ҳайратнинг қолдим остида,
Бу қабр бир пайтлар эди-ку ғариб
Бугун муҳаддиснинг қабри устида
Кимдир фарзанд сўрар унга ёлвориб...

Сал нари юраман, бошқа бир одам
Қабрга кўз суртар ҳеч ҳам ҳадиксиз.
Бухорий аниқ бу ҳолни кўрган дам
Уни мушрик дея атарди, шаксиз.

Бироз нарироқда чўмиб ҳаёлга
Бир аёл қабрни айларди тавоф.
Бухорий ким ўзи, деган саволга
Булар бероларми бирор бир жавоб?

Алам қилди менга, аламки жуда,
Гўё тоза сувдан чиққандек чирклар.
Энди Бухорийни топганимизда
Унинг қабри узра авжида ширклар.

Узоқ мозийларга сафар қилиблар,
Нимадир кўзимга кўринган бўлди.
Бугун шу ишларни қилётган авом
Бухорийни юртдан қувғинлар қилди.

Бухорийни сотган шулармасми, деб
Мушрик қавмга бир ташладим назар.
Қабрни зиёрат қилишга келиб,
Ташрифдан илк бора қилгандим ҳазар...

Ё раббий, бу не ҳол, дедим-у, қайтдим,
Кўнглим кўтаролмай қолди бу ҳисни.
Уйга келдим-у, сўнг қўлимга олдим
Бухорий ривоят қилган ҳадисни.

Бухорий ҳақиқий авлиё экан,
У зот пайғамбардан бўлмишлар воиз:
Зиёратни агар қасд қилмоқ бўлсанг,
Фақат учта жойга бормоғинг жоиз.

Муқаддас Маккаю, Мадина ҳамда
Қуддусдаги масжид – зиёрат қилсанг.
Бошқа бирон маскан, бирон бир ўлка
Қасд қилиб сафарга арзимас, билсанг»,

Мана шу ҳадисни ўқиб минг диққат
Изладим ўзимнинг ҳолимга чора.
Ҳатто Бухорийнинг қабрин зиёрат
Қилмоқ лозим экан, ҳадисга кўра.

Бас, энди ҳар ишни ҳадисга солиб,
Ҳадис асосида ҳаёт қурамиз.
Аллоҳ рози бўлсин имом Бухорий,
Сизни Аллоҳ учун яхши кўрамиз.

ОДДИЙ КИЗЛАР.

Бўз йигитлар бахши бўлади,
Ошиқларнинг нақши бўлади.
Ҳаётимда билдимки шуни:
Оддий қизлар яхши бўлади!

Ҳаёлари йўлни тўсаркан,
Обрўлари обдон ўсаркан,
Гап отсангиз юзи қизарган
Оддий қизлар яхши бўлади!

Ҳузурига не бор, олиб кел,
Сарпо айлаб барин солиб кел!
Кўзлари мунг, юзлари сепкил
Оддий қизлар яхши бўлади!

Ориятнинг боғида юрган
Совчига чой кулиб келтирган,
Онасининг гапига кирган
Оддий қизлар яхши бўлади!

Сой бўйида хаёл сурса ҳам,
Йиғласа ҳам, кулиб турса ҳам,
Узун кўйлак кийиб юрса ҳам
Оддий қизлар яхши бўлади!

Ичларида сақлаган рашкин,
Кўз ёшлари дарёдан тошқин...
Рўмолига яширган ишқин
Оддий қизлар яхши бўлади!

Билинг, дўстлар азалдан азал
Арзир алар шаънига ғазал!
Изласангиз вафодор гўзал
Оддий қизлар яхши бўлади!

Ўтмишлардан изласак имо,
Момолардан келмиш бир сабо:
«Таннозхонлар келтирар бало,
Оддий қизлар яхши бўлади!»

ЯХШИЛАРНИ АСРАНГ!

Ҳақиқатни енгди гумонлар,
Ўтиб кетди яхши замонлар.
Улар борки, оляпсиз нафас
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Гарчи қалблар бир сиртмоқдалар,
Пойингизда ўтинмоқдалар,
Улар сизни тушунмоқдалар,
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Улар ерда, сизлар шохдасиз,
Пастга тушманг, тамом доғдасиз!
Борган сари кўпаймоқдасиз
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Қабул қилиб таҳқирингизни
Ҳис қиларлар кўп сирингизни,
Тугатасиз бир-бирингизни
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Банда борки, ризқини терар,
Нечун бунга кўкрагин керар?!
Болангизга ким одоб берар
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Баъзан зоғни булбул чўқийди,
Айтинг кимлар ғазал тўқийди?
Китобни ҳам кимдир ўқийди
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Бир озгина одам бўлишни,
Тун қўйнида дуо қилишни,
Ўргатарлар сизга кулишни...
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Улар ўлса дунё нетади
Бошига бир бало етади!
Бор барака қочиб кетади,
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Ўлган вабо тирилиб кетар,
Ишқ девори сурилиб кетар...
Балиқлар ҳам қирилиб кетар
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Чиқолмай қоласиз ўрмондан,
Насиба оласиз армондан!
Фарқингиз қолмайди ҳайвондан
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Зулмингизга беравермай эрк,
Камситишни бир зум қўйинг тек!
Сизни улар асраётгандек
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Хиёнатни сўзлатманг асло,
Диёнатни излатманг асло,
Қиёматни тезлатманг асло
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Ўтинг энди дил тавофига,
Келинг қалбни ҳам инсофига!
Ёзилиш-чун улар сафига
Яхшиларни асранг ёмонлар!

Эркакларга хитоб.

Хотинлар сизларга эмас эрмаклар,
Лозимдир аларни суйиб юрмаклар!
Росули акрамдан бир хитоб келмиш,
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Баҳор туйғулари ёт эрур қишга,
Қўёлинг ҳар қандай чоғ тишни тишга
Кучингиз ишлатинг арзирли ишга
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Ибодатдан олинг қалбингиз ўчин,
Ижодга сарфлангиз туйғунинг кучин.
Болангиз одамдек ўсиши учун
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Йўқолгай чинакам ҳаловатингиз
Қимматга тушажак ҳиёнатингиз,
Қадрланг дунёвий омонатингиз
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Ҳар қандай чоғ инсон товушин қилинг,
Кўча эмас, уйнинг ташвишин қилинг,
Уйдан чиқиб кетинг, мард ишин қилинг,
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Бу йўл ислом деган йўлларингизмас,
Ибодатга лойиқ қўлларингизмас.
Улар сизга тобеъ қулларингизмас,
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Уйингиз тўрини қилманг ҳарбия,
Шаръий талабларга айланг талбия!
Қўлингиздан келса беринг тарбия
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

Исломнинг ғамини есангиз агар,
Ҳақ дин таълимотин севсангиз агар,
Охирги умматман десангиз агар
Хотинларни урманг, мўмин эркаклар!

ЙЎҚ!!!

Уйланиш ҳақида бошқа ўйламанг!
Гулдек умрингизни кулгу айламанг!
Наҳот ибрат йўқдир иккинчисидан,
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Бу йўлдан қочингиз! Дарҳол қочингиз!
Қочишга эшиклар бўлса очингиз!
Қирққа кирмай оққа кўчди сочингиз -
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Йўқотиб бўлдингиз жамики ором,
Сизга муносибдир Мажнун деган ном.
Иккинчисидаёқ бўлдингиз тамом
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Ўткинчи дунёда ўткинчи чирой!
Ҳатто қулагуси энг гўзал сарой.
Суннат тиклайман деб, фарзни берманг бой -
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Билиниб қолади яна хомингиз,
Телбага айланиб кетар номингиз.
Жойидан силжигай аниқ томингиз -
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Унутинг тугаган ишқ жумласини,
Қайтанга ўрнатинг дил қалъасини!
Бир амаллаб боқинг иккаласини
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Суратингиз кўриб жисмларда ҳам
Адолат қилолмай қисмларда ҳам,
Адашиб қоласиз исмларда ҳам
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Ишонинг бу жангга беролмассиз дов,
Ва сизга ёрдамга келмагай биров.
Кураш майдонида кўпаяди ёв,
Учинчи хотинни орзу айламанг!

Етиб боролмассиз адолатгача,
Ёки росул тутган садоқатгача!
Хотинлар ўзгармас қиёматгача
Учинчи хотинни орзу айламанг!

ВАФОСИ БИЛАН

Ота улуғ дуоси билан,
Эр басавлат вафоси билан.
Азаллардан қутлуғ элимда
Аёл гўзал ҳаёси билан!

Эртаю кеч завжига муштоқ,
Қалби бирла ёрига ўртоқ.
Нияти ҳам рўмолидек оқ,
Аёл гўзал ҳаёси билан!

Бегона кўз кўролмас кўзин,
Тинглаёлмас нозланган сўзин,
Ой уялар беркитса юзин,
Аёл гўзал ҳаёси билан!

Гул остидан аста қарашар,
Сочларин ҳам уйда тарашар.
Эр зотига қўрслик ярашар,
Аёл гўзал ҳаёси билан!

Жим интилгай муҳаббат сари,
Қизиқтирмас дунёнинг зари.
Товланмагай товус сингари,
Аёл гўзал ҳаёси билан!

Содиқ қолган садоқатгача,
Дил истаган латофатгача,
Тонг ёришмас қиёматгача
Аёл гўзал ҳаёси билан!

СИЗ БИЗГА КЕРАКСИЗ...

Мастура аёллар, гўзал аёллар,
Сизга кўз тушганда хапқирар юрак.
Кибрга берилмай сурсак хаёллар
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

Кўнгиллар пойида арзир чўксак тиз,
Худога лойиқдир яшамак ёлғиз.
Баъзан сиз заифа, баъзан биз ожиз,
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

Мозийдан тизилиб келар минг хабар,
«Аёлга эхтиёж сезмиш пайғамбар!»
Фарзандлар нигоҳи кулса баробар
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

Биримиз сув бўлсак, биримиз чўғдир,
Агар бирга бўлсак, кўнгил ҳам тўқдир.
Билинг, орамизда афзаллик йўқдир,
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

Сизга насиб этсин энг гўзал тилак,
Нафас олгунича қизарган юрак,
Ҳаёт саҳнасида ўрнимиз бўлак
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

Қувончдан ёш кўрсин йиғласа ёноқ,
Бу дунё азалдан уч кунлик қўноқ,
Қадримиз топтамай яшайлик иноқ
Сиз бизга кераксиз, сизга биз керак!!!

ЕТИМ БОЛА НИДОСИ.

Мен кўрган болалар ичида ҳар гиз
Ҳар ким фахрланар ота-онадан.
Онажон, отажон, тирик бўлсангиз,
Мени олиб кетинг етимхонадан!

Бир бошга ёғилди бало минг бошлик,
Сизларни излашда ўтди гул ёшлик.
Кўзларим тўла мунг, қалбимда ғашлик,
Мени олиб кетинг етимхонадан!

Қўяр бўлсам қадам остона хатлаб,
Бир кимса айёмим турмайди қутлаб...
Ухлагим келмоқда сизларни хидлаб
Мени олиб кетинг етимхонадан!

Бугун дил майибдир, ғунчадек сўлиб,
Йиғлашга шай турар ҳасратдан тўлиб,
Ҳар кун хизматингиз қилардим кулиб
Мени олиб кетинг етимхонадан!

Кўзим кулар, аммо юрак тўла нам,
Шодликдан афзалдир сиз улашган ғам!
Одамдай яшайин уч кун бўлса ҳам,
Мени олиб кетинг етимхонадан!

... Дардимга озгина шерик бўлсангиз,
Жаннат қирғоғига кўприк бўлсангиз,
Онажон, отажон, тирик бўлсангиз,
Мени олиб кетинг етимхонадан!

БИР КУНЛИК ЁР!

Ҳиёнатда тонглар отибсан,
Ётлар ила бирга ётибсан!
Тана сотиб иймон сотибсан,
Бир кунлик ёр,
Қилгин бундан ор!

Тунлар ором олиб кулмайсан,
Чин саодатни ҳис қилмайсан.
Қўша қариш бахтин билмайсан,
Бир кунлик ёр,
Қилгин бундан ор!

Санга кўплар интилар, бироқ,
Ўз ёрига қалбида ўртоқ!
Жуфтлар аро яшаётган тоқ -
Бир кунлик ёр,
Қилгин бундан ор!

Жамолингга ғазаллар ўқиб,
Тотли таом сингари чўқиб,
Унутарлар ёнингдан чиқиб,
Бир кунлик ёр,
Қилгин бундан ор!

Танинг сотиб кайфу сафога,
Қул бўлибсан арзон баҳога!
Не дегайсан Момо Ҳаввога,
Бир кунлик ёр,
Қилгин бундан ор!

АДОЛАТ ҚИЛИНГ!

Хотин олмоқчилар, сиз буни билинг,
Уйланишдан олдин фаросат қилинг!
Биринчи хотинга сиёсат айлаб,
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Ўшанда ҳақиқий юзлар билингай,
Ҳомхаёл орзулар қаттиқ тилингай,
Катта жанжалларнинг олди олингай,
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Агар илоҳ бўлса буни юқтирмиш
Ҳар кимга осон иш бола туғдирмиш.
Худонинг каломи шуни уқтирмиш:
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Баҳамлик улашинг оқу қорада,
Бу сўзлар келмишдир ўттиз порада.
Муҳаббатдан бошқа ҳамма борада
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Душман ҳолингизга қотиб кулса ҳам,
Энг яқин дўстингиз ғамгин бўлса ҳам,
Надоматлар чекиб, алам қилса ҳам
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Ёлғон ҳиссиётнинг жиловин тутманг,
Кимдандир яхшироқ фатвони кутманг.
Никоҳдан олдинги шартни унутманг,
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Кўпаймасин дейман кишилар сиздек,
Сўзида туролмас аёлу қиздек...
Чиқмаган бўлса ҳам кутганингиздек
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Сизга лойиқ эмас яшамак кулиб,
Ёки давраларда шодликдан тўлиб.
Икки ҳовли аро сарсонлар бўлиб
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Маҳкам босинг энди тишга тишингиз,
Сизга малҳам бўлмас бирор кишингиз.
Тақдирга тўнкамай қилган ишингиз
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Унутинг ёшликда қолган одатни,
Ўн йиллар муқаддам кечган ҳолатни,
Истасангиз агар чин ҳаловатни
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

Сўнгги сўзим шудир, чиқмасдан ёнғин,
Кўтарманг, дод-фарёд, кўтарманг шовқин.
Учинчисига йўл олишдан олдин
Иккинчи хотинга адолат қилинг!

АЙИРМА

Жудо этма ҳамрозимдан,
Қиблага поёндозимдан...
Жоним билан чиқар, билсанг,
Айирма жойнамозимдан!

Қалбим унга қизғанчиқдир,
Бошқа йўллар сирпанчиқдир,
Иймонимга ёпинчиқдир,
Айирма жойнамозимдан!

Юрак сажда билан тирик,
Ибодатда йўқдир ҳадик,
Тунларимга танҳо шерик
Айирма жойнамозимдан!

Ёшим артар йиғлаганда,
Тўшагимдир ухлаганда.
Ғамдошимдир хоҳлаганда,
Айирма жойнамозимдан!

Қалб уйига йўлай кўрма,
Нархи оғир, тўлай кўрма.
Борим шу, кўз олайтирма,
Айирма жойнамозимдан!

Онамга ҳам айтмас сўзим
Тунлар унга айтдим ўзим,
Ўйиб олгин майли кўзим,
Айирма жойнамозимдан!

Ҳаддан ортиқ бўлса ҳам кенг
Фирдавс боғи йўлимга тенг.
Бу жудолиқ ўлимга тенг
Айирма жойнамозимдан!

Содир этиб дастлаб хато,
Сажда қилмиш Одам Ато.
Балки сенга оддий мато,
Айирма жойнамозимдан!

Мажнун учун гўё Лайли,
Қалб хузурда намоз зайли!
Кафандин эт жудо майли
Айирма жойнамозимдан!

ЭРТАКЛАР АЙТИШНИ ТЎХТАТИНГ.

Даврлар ўзгарди, дунё ўзгарди,
Фарзандлар қалбига қулоқ солингиз.
Хитобим қаърида ўтмишнинг дарди:
«Эртаклар айтишни сиз бас қилингиз!»

Эртаклар эшитиб улғайган бизми?
Бугун ёлғонларни тинмай сўзлаймиз.
Аждарлар маҳв этган паризодларни
Кўнглимиз тубида пинҳон кўзлаймиз.

Садоқат шевасин унутган дўстлик
Гўзаллар олдида чўкканида тиз
Тан олинг, аёллар хуснидан безлик
Ўрганмаганмидик эртаклардан биз?!

Эртаклар - ёлғоннинг набирасидир,
Улар эзгуликни қиларлар шиор.
Аслида энг катта хиёнатлар ҳам
Биз суйган қаҳрамон фитратида бор.

Уларнинг ёлғонин билади ҳамма,
Аммо болаларга тинмай айтарлар.
Остин устун қилиб дунёни, сўнгра
Ботирлар бир қиз деб ортга қайтарлар.

Қаранг, эртаклардан суғорилганлар
Юрарлар биргина ҳақ сўз излашиб
Ялмоғизни ўқий-ўқий бу авлод
Охири кетди-ку ялмоғизлашиб.

Оила деганнинг тушунчаси йўқ,
Севгига етишиб тугар ҳар эртак.
Бу авлод ҳайрондир, эртакдан кейин
Нима қилмоқ керак, не қилмоқ керак???

Дунёнинг азобин тотиб, етишиб
Муҳаббат деганин топганида у
Асли нималарга умид қилганди,
Нималар ҳақида қилганди орзу?

Мен бугун тушунмай китоб титаман,
Ҳар бир варағида порлайди сеҳр,
Худолик даъвосин қилаётганга
Эртага фарзандим қўймасми меҳр?

Ким шунга кафолат бера олади,
Ва қайси зот бунинг олдини олгай?
Бу авлод ҳақ сўзни топа олмаса
Эртага эртакка ишониб қолгай.

Агар менинг сўзим бўлса хаволар,
Майли, йўлингизга бурилинг, қайтинг
Ўлмас Кошшей деган ёлғон даъволар
Айтинг, кимлар учун тўқилган, айтинг?!

Эртаклар авлодни эзгуликкамас,
Ёвузлик қаърига етаклар аниқ.
Башар саодатга эришганида
Хизмат қилган эди Ҳаққа чақириқ.

Бас, энди фарзандлар соҳталик эмас,
Ҳақиқат нелигин кўриб ўссинлар.
Сўнг, майли улғайиб, эртакдан чиққан
Ялмоғиз, аждарлар йўлин тўссинлар.

Тушунинг, бу сўзлар оддий хитобмас,
Балки келажакка етаклар даъват.
Авлодлар дунёси биздек саробмас,
Уларнинг йўллари бўлсин ҳақиқат!

ДЎСТИМ.

Дунё ўтар экан, энди англадик,
Ўлим қай одамни четлаганди, айт?!
Агар тирик бўлсанг, ўлмаган бўлсанг,
Ҳалиям ўша мен айтган йўлга қайт!

Жонинг ҳалқумига келмасдан бурун,
Иймон кўчасини танла, биродар.
Катта мусибатнинг олдини олмоқ,
Дод-войдан қутулмоқ истасанг агар...

Биз ҳам, сен ҳам битта заминга келдик,
Яшадик, озгина фарқ ила, ахир.
Наҳотки, фонийдан абадий, мангу
Ҳаётни бермоққа ботиндинг оғир.

Қара, қабристоннинг кенг майдонида
Шоҳлар гадолар-ла бирга ётарлар.
Азоб фариштаси орқали келган
Турли азобларни бир-бир тотарлар.

Уларнинг кимлиги суриштирилмас,
Фақат амалларга қарар дунё у.
Бир бор «Раббим» дея ибодат қилган
Инсонлар кунига ярар дунё бу.

Кел, дўстим, ана шу хур дунё учун
Яшайлик қулликнинг кишанин отиб.
Биринчи бўлимда ғолиб келганлар
Бўлавермаслар бил, ҳамиша ғолиб...

ҚИЁМАТ

Қиёмат яқинлаб қолгани аён,
Аёллар эрларнинг либосин киймиш,
Аврат-у, хаёнинг кўчасин топтаб
Хатто майин бўлиб сўзламай қўймиш.

Расулуллоҳ бир кун қўрқиб сўзлаган
Кунлар бошимизда турибди қаранг.
Атрофнинг ялонғоч турган ҳолига
Кўтарамиз хатто бошимиз аранг.

Туянинг ўркачин тасвирлаб гўё
Жаннатнинг ҳидидан воз кечган аёл
Наҳот умри бўйи вақт топиб бир тун
Ўзига бир бора бермаган савол:

Хой, мен ким ўзи, жинсим не эрур,
Ярашарми менга шу ёвуз хилқат?
Аёллик либосин бир четга отиб
Асл гўзалликдан айрилдим фақат,

Боламнинг нигоҳи менга ёвқараш,
Эримнинг кўнглида йўқолган хоҳиш.
Мен қанча уринмай, аслимдан шунча
Узоқлашиб кетдим, тингандек товуш...

Овозим эркакча, юришим ғалат,
Шимнинг ўртасида йиғлайди ҳаё.
Ажабо, шунчалар хорлик бўлурми,
Тубанлик бўлурми, дўстлар, ажабо.

Аёлнинг кўнглида инсофи бўлса,
Ушбу саволларни берарди бир тун
Ўеч қурса ўқидан қочиб борётган
Ўғиллари учун, қизлари учун...

Афсус, ушбу ҳолга фақат аёлмас,
Балки эрларнинг ҳам айблари мавжуд.
Рашк ўтин ўчиргач зино-ю фахш-ла,
Даюслик касбига кўрар тараддуд.

Нардадан бошини кўтара олмай,
Аёлларга турмуш юклаган қопин
Одамдан яхшилик кўрмоқчиларга
Айтурмиз олимлар қилган хитобин

Улар ўзларини эркак десалар,
Дунёда энг катта бўлурлар каззоб,
Чунки никоҳ куни берган аҳдига
Қилмишлар ҳиёнат, беролмай жавоб.

Уларда мағрурлик асли йўқ хислат,
Уларни иймон ҳам айламиш халос.
Уларнинг эгнидан жой олган кўйлак
Фақатгина ташқи кўриниш, холос.

Ҳайхот, бу дунёнинг иши терс бўлди,
Яхшилар кўнгилдан йиғлаб ўтмишлар
Аёлин кўчага қўйганлар бугун
Эртага болага кўкрак тутмишлар,

Ҳали бу кетишда вазифалар ҳам
Ўзгарарми аёл, эр насли учун,
Гўёки қуёшнинг тунда чиқиши,
Ойнинг отиши-ла очилади кун...

Йўқ, дўстлар, иймон бор, ишонч бор экан,
Бунга йўл қўйилмас ҳеч қачон, ҳеч вақт.
Ҳар ким ўз фитрати, ўз табиати
Амрига биноан яшамоқлик - бахт.

Ҳадисдан оддий бир хулосам шулки,
Кўр қилар бу кўзни қамаштирганлар
Аслида қиёмат кунин тезлатар
Ана ўшандай жинс алмаштирганлар.

АЁ ДЎСТЛАР.

Аё, дўстлар, хўп шошилманг осийлар даврасига,
Бир кун келиб ҳар бир ишин жавоби бор дунёнинг.
Аё дўстлар, елинг тезроқ яхшилар халқасига
Ул масканда ҳар бир онга савоби бор дунёнинг.

Аё дўстлар, аёлларнинг макри бўлармиш ёмон,
Алардин узоқ бўлганнинг қалби бўлармиш омон.
Номаҳрамлар ичра бўлган ҳар иш бўлармиш,
Авратин ёпиб қўйингки, ҳижоби бор дунёнинг.

Аё дўстлар, кибр бирлан риёлик дуруст ишмас,
Кибр қилган киши бирла Аллоҳ асло келишмас.
Қалб ичинда йиғланмаган дуо ҳаққий нолишмас,
Холис бўлмас - қиёматда азоби бор дунёнинг.

Аё дўстлар, етимларга саҳий бўлган мўминдир,
Унинг қалби иймон ила тўлиқдир, лиммо-лимдир.
Бу дунёга келган ҳар бир бош топгани - ўлимдир,
Мағрурланманг, йиқилгувси туроби бор дунёнинг.

Аё дўстлар, бу тақдирга исён қилманг ҳеч қачон,
Ундаги бор ёзув-чизув битилган қай бир замон.
Мукофотга лойиқ бўлиб боқинг сўнг манзил томон,
Ўн беш кунга ой чиқар, сўнг офтоби бор дунёнинг.

Аё дўстлар, бир кун келиб ҳамма топгайдир вафот,
Бевафо ёр учун қайғу чекмакдин на бор нажот?!
Яхшиси, иймонимизни чорласин боқий ҳаёт,
Муддат ўтиб иморатин ҳароби бор дунёнинг.

ИНСОФ

Аллоҳ бандасига Қуръон туширгач,
Саодат йўлига ундади бизни.
Шайтон бу савдога тиқилиб киргач,
Бугун кўринг энди ҳаётимизни...

Бунда на маъно, на мазмун қолди, оҳ,
Кўзларда фитналар қотиб қолмишлар.
Минг йиллик чинорлар, малаклар гувоҳ,
Бизни ҳаққа ундаб, тамом толмишлар.

Биз гўё осмондан тушган инсонлар,
Мисоли кўкларда учган кабутар.
Ўйлаймиз, эртага Пок Парвардигор
Амалларимизга бермас жавоблар.

Бугун биз тинмасдан тинглаймиз ҳадис,
Қуръон оятларин ўқиймиз гўзал.
Лек Аллоҳ расули ташлаб кетган из
Бирор ишимизда кўрсатмас асар.

Саҳобалар учун айтиб офарин
Шудир деймиз асли энг тўғри ҳаёт.
Аслида Умарнинг тутган йўлларин
Қайсидир эртак деб ўйлаймиз, ҳайҳот.

Биз нега шунчалар ҳаробмиз айтинг,
Қуръонни ҳаётга жорий қилолмай.
Агар ростгўй бўлсак, бўлсангиз, қайтинг
Бу тубан ва чиркин тузумда қолмай.

Бугун мен, сиз ва биз - иймонга муҳтож,
Дунёнинг сафсата йўлидан безиб.
Наҳот шундан кейин топмасак илож,
Турфа хил йўл тутган беш қитъа кезиб.

Агар Аллоҳ йўлин соф йўл десангиз,
Қуръонни манҳаж деб билинг ҳотиржам.
Расулуллоҳни агар ҳаққон севсангиз
У зотнинг йўлларин ушлангиз маҳкам.

Бугун шу оддий бир ҳақиқатни биз
Қалбимиз тубида тан ола билсак,
Билингки, дунёда эмасмиз ёлғиз,
Билингки, бизда бор энг асл тиргак.

Бу Аллоҳ каломи Қуръондир шаксиз,
Сўнг Расулдан қолган жамики ҳадис.

ТИЛАК!!!

Англадим оддий бир ҳақиқатни мен
Шу оддий ҳақиқат остида ўсдим.
Не десангиз денг садоқатни чин,
Иймонни илиндим сизга, эй дўстим!

Оила муқаддас даргоҳ ҳар маҳал,
Ҳар қандай ҳолатда сизга бор даҳлим!
Дунё таомини тутишдан аввал
Иймонни илиндим сизга, эй аҳлим!

Қалбим аламзада фитна дунёдан
Одамлар бир-бирин қутлаган замон.
Лаззатлироқ бўлмиш ширин ҳалводан
Иймонни илиндим сизга отажон!

Сарҳил либослардан тоғликлар ясаб
Акалик меҳрини кўз-кўз этмиш жон.
Тақво-ю, ҳаёдан дастурхон тусаб,
Иймонни илиндим сизга сингилжон!

Укалик меҳрини намойиш этган
Жонлар бошларини тутмиш ҳар қачон.
Мен эса ҳамманинг ёдидан кетган
Иймонни илиндим сизга акажон!

«Тоға-пир!» деганди қайси бир оқил,
Пирлик мақомингиз ўтайман қачон?
Мурид совғасини айлангиз қабул-
Иймонни илиндим сизга тоғажон!

Онамнинг синглиси - қалбим сурати,
Турфа либосларнинг ўрнига бу он
Муҳтарам волидам иси ҳурмати
Иймонни илиндим сизга холажон.

Искандар мисоли кимдир дунёни
Пойига тўлдирмиш жаннатим дебон,
Мен оддий фарзандман, эслаб Худони
Иймонни илиндим сизга онажон.

Онажон, отажон, синглим, тушунинг
Сизга бу дунёда келар тилингим,
Абадий дунёнинг саодати деб
Бошқа ҳеч нарсани йўқдир илингим...

... Балки бу сиз учун катта совғамас,
Балки кулгингизга сабабдир туҳфам?!
Аммо шуни билинг, иймонсиз олам
Ҳеч қачон очилмас, абадий қафас.

Унда на ҳаво бор, ва на бир тешик
Гўзалликдан баҳра олмоқчиларга,
Тарози шу қадар ишларки аниқ
Гуноҳин ўзгага солмоқчиларга.

Қийноқлар тинмасдан, қалблар безовта
Таналар бир эриб, қайта тиклангай.
Дунёнинг жамики чиройи соҳта,
Алар жаҳаннамда босиб юклангай...

Иймонсиз дунёнинг лаззати недир,
Исломсиз ҳаётнинг маъни не асли?
Ушбу саволимга жавоб биттадир
Бу дунё аслида ёлғонлар фасли!

Кейинги ҳаётда имкон берилмас,
Кейинги умрнинг синови йўқдир.
Иймон билан ўлган пушаймон бўлмас,
Унинг бу дунёда армони йўқдир...

Шу боис, иймондан илинжим ўзга,
Бошқа бир туҳфам ҳам йўқдир, жонларим!
Сиз мени қанчалар севсангиз шунча
Иймонни улашдим, қадрдонларим!

ХИТОБ

Кимда онг бор, шул хитобни тингласин,
Гарчи юзин турфа ниқоб тўсганлар:
Аллоҳ йўлин қаердан ҳам англасин
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Кашф этганин билар ким юпитерни,
Зардушт ўйлаб топган минг асортирни,
Елка қисган билмай Абу Бакрни
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Одилликда «Пётр бир»ни ўрнак дер,
Ул тарихни йиғлаб-йиғлаб кўрмак дер,
Умар ҳақда айтилганни эртак дер
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Кимнинг қайси шажарадан чиқиши
Унга хушдир, бор эрур қизиқиши,
Усмон билан бир чақалик йўқ иши
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

«Аллоҳ бир», деб тавҳид учун йиғламас,
Энг ҳақиқат йўлни кўнгли хоҳламас,
Ё Али, деб ширк келтирар ҳар нафас
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Отасига бемеҳр-у, тошбағир,
Онасига берган жойи ҳужрадир,
Ойиша онам, десанг, ҳайрат ичрадир
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Қиёматни эртак деб бонг урган ҳам,
Мажлисларда Аллоҳ йўқ деб юрган ҳам,
Ботил йўлни қалбга ошно кўрган ҳам
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Уларга ҳақ сўзни айтма, бўлмас наф,
Барбир истаб кетарлар бошқа тараф,
Кўнглинг бузар, динга қарши тортиб саф
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Тинглама бас, ёлғонга ғарқ сўзини,
Истама энг оғир пайт ҳам юзини,
Мушкул эрур таниши ҳам ўзини
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

Орзулари бир кун елдир, тутундир,
Истаклари бир томоққа ютумдир,
Қиёматда жаҳаннамга ўтиндир
Пайғамбарин танимайин ўсганлар?!

ДАРС БЕРИНГ!

Дунёнинг жамики йўлини кўрдик,
Энди бир покиза йўлни кўрсатинг.
Ёлгон тарихлардан юзимиз бурдик,
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Ўргандик жадвалнинг не бўлса қисмин
Хатто билиб олдик ҳайвонлар жисмин.
Ва ле билмай ўсдик Аллоҳнинг исмин
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Тарих-у, жугрофий, кимёлар яхши,
Кўзимиз илгамас дунёлар яхши,
Алжабр фанидан баҳолар яхши,
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Англадик иймонсиз фанлар мўртлигин,
Гўё дарвозасиз, шоҳсиз юртлигин
Билдик икки карра икки тўртлигин,
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Бугун бошимиз хам, барча тан олмиш,
Устимиздан минг-минг тогутлар кулмиш,
Ҳамма илмларнинг асоси бўлмиш
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Азиз муаллима, муҳтарам устоз,
Абадий дўзахдан бўлайлик халос,
Кунига битта дарс, майли зарра, оз...
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Асли иймон била ислом шарафдир,
«Аллоҳ - битта!» деган калом шарафдир,
Дунёнинг дарслари бўлак тарафдир,
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

Бу илм фарз бўлмиш ҳар йигит-қизга,
Бу йўл Аллоҳимдан омонат сизга,
Ярашмас ушбуга ҳиёнат сизга,
Иймондан дарс беринг, ислом ўргатинг!

ЯҚИН

Дунё аста секин муддатин ўтаб,
Ўчирмоқда асрий ёруғ чироғин.
Замин пилиги ҳам ошкора тутаб
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Карвон ҳам бир куни манзилга етгай
Босиб бу дунёнинг жамики боғин.
арбнинг осмонидан бир кун тонг отгай -
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Букчайган тоғларда умр заволи,
Гулзорлар ичида тингайдир шовқин.
Ернинг нафасини қўйингиз ҳоли,
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Аёллар қозилик мансабин олмиш
Ойнинг юзидан ҳам ўчириб доғин.
Эрлар даюсликни касб-кор қилмиш -
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Оталар ўғилнинг зарбидан йиғлаб
Кимга айтиш билмай кезса фироқин,
Ота жуссасидек ҳорғин, ориқлаб
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Дунё кўзинг очсанг оч, акс ҳолда
Сени ўз домига тортқилар оқим.
Одам ато даври бўлди ибтидо,
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Ҳаммага қувнамоқ, кулмоқ ёқади
Эхтимол қувончдан сакрамоқ мумкин.
Афсус кулмоқликнинг даври тугади -
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Ишонмасанг, қара, кўча-кўй - белги,
Оддий ҳовлилардан оларсан сабоқ.
Ҳаммаси ҳозиру нозир... бир туртки
Ҳаёт энди Ерга жуда ҳам йироқ.

Ҳар не иш охири бўлгани каби
Тугагани мисол ҳар қандай шовқин.
Инобат бўлмагай инсон талаби -
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

Бу инсон дунёни ҳароба этди,
Худога худолик даъвосин қилиб.
Яшамади бир кун ўзини билиб,
Қиёмат келмоқда... охират яқин!

БЕНАМОЗЛИК.

Мўминликка даъво бўлмас бенамозлик,
Бир кунга ҳам раво бўлмас бенамозлик,
Бу дунё-ку беш маҳалдек ўтар - кетар,
Лек қабрда хаво бўлмас бенамозлик,
Жазоларга даво бўлмас бенамозлик.

Қуръонда ҳам унинг мисли келган қавм бу,
ийбат-ла ўз дўсти гўштин еган қавм бу,
Росулуллоҳ «Биздан эмас» деган қавм бу,
Пешонасин қорайтирмиш - бенамозлик,
Қабрини ҳам торайтирмиш - бенамозлик!

Бу гуноҳки, кўнгилларни маст қилгувчи,
Инсон деган шарафни-да паст қилгувчи,
Бошга бало кунни ҳаққи рост қилгувчи
Гуноҳларнинг кабираси - бенамозлик,
Асли ширкнинг набираси - бенамозлик!

Жойнамозлар сарполарга жойланади,
Айтинг, қўллар қачон Ҳаққа бойланади,
Наҳот инсон дўзах сари шайланади?!
Шайтон туҳфа этган туғён - бенамозлик,
Яратганга энг зўр исён - бенамозлик,

Беш маҳалга бепарводир «Аллоҳ - бир!» деб,
Оғир кунда тағин айтар «паноҳ бер!» деб,
Шуни айтса керак-да, «ҳақ, гуноҳ бир», деб
Муҳрланмиш қалби мангу - бенамозлик,
Намозшомда гўё уйқу - бенамозлик!

Боболари саждадан бош кўтармаган,
Яратгандан ўзга илоҳ ахтармаган,
Ох бу фарзанд, нечун десанг кўкармаган -
Дарё қуриб ўрнида чўл - бенамозлик!
Дўзах сари энг қулай йўл - бенамозлик!

Тахтдан тушиб беш вақт намоз қилган эл бу,
Ҳар кунини Аллоҳдан деб билган эл бу,
Дини боис бу дунёга келган эл бу,
Елкасида унинг бугун бенамозлик,
Ҳеч ечилмас жирканч тугун - бенамозлик!

Пайғамбари келиб-да, бир ўрнак олмас
Бу миллатнинг бугунига қилманг ҳавас.
Саройлари қулаб, ўрнин топса абас
Билинг, асл сабаб эрур бенамозлик,
Ҳақ сизларга жавоб берур бенамозлик!

Бухорийлар, Термизийлар, Нақшбандлар
Шу ўлкадан чиққан эди, жигарбандлар,
Уларни-да одам қилган лабда ҳамдлар,
Улар учун энг катта ор - бенамозлик,
Бугун бизни айлаган хор - бенамозлик,

Синолари намоз ўқиб табиб бўлган,
Навойиси сажда чоғи ҳабиб бўлган,
Қодирийси терговда ҳам намоз қилган,
Бу миллатга катта уят - бенамозлик,
Тарих учун катта ғорат - бенамозлик!

... Дунё учун нима қилсанг қилавергин,
Ўзингни ким билсанг, шундай билавергин,
Аммо сўнгги хитобимга қулоқ бергин:
Жаҳаннамга зиёратдир - бенамозлик,
Инсонликка ҳиёнатдир - бенамозлик!

БЎЛМАГИН.

Исломга дўст бўлдинг, куфрга душман,
Муқаддас йўлингга ҳариф бўлмагин.
Вужудинг оловда эриб кетса ҳам
Иймонинг қатида заиф бўлмагин.

Гуноҳлар урчиган кундузги кунлар,
Шаҳват фарёдидан қораймиш тунлар,
Дўзахга бўлмайин десанг ўтинлар
Кўзи қонга тўлган шаҳиф бўлмагин.

Гўзаллар ўтарлар кўзни ўйнатиб,
Шайтоний оҳангда қалбинг куйлатиб,
Сен шунда уларни ғамгин ўйлатиб
Латиф шаҳватларга латиф бўлмагин.

Умрингга ўрнашсин энг олий туйғу,
Фақат ислом бўлсин сен учун қайғу.
Фақирлар пойида бошинг садқаю,
Султонлар наздида шариф бўлмагин.

Покиза маслагинг чекканда фарёд
Тополмай қоласан тузук бир нажот.
Бир пулга чақилмас юртда эътиқод
Куфр аҳли учун назиф бўлмагин.

Дунё арзимайди йиққан зарингга,
Яхшиси шукр қил йўғ-у борингга.
Ёрдам сўраб келган биродарингга
Мадина бўлгин-у, Тоиф бўлмагин.

ХОЛИСЛИК

(«Ўзбекистон миллий боғи»даги «ошиқ-маъшуқлар»нинг гуноҳларини беркитадиган мажнунтол ҳақида битилган шеър).

Йўлимда учраган мажнунтол,
Кўнглимда саволим бисёрдир.
Ҳар қанча кўринсин қаддинг дол,
Ботиний манзаранг виқордир.

Пойингда «ошиқлар» бир-бирин
Висолин топади бемаҳрам,
Авратдан айрилган сочларинг
Уларнинг гуноҳин ёпган дам.

Севгига йўғрилган гуноҳлар
Қилинар етказиб маромга.
Аллоҳга осийлар, гумроҳлар
Пойингни тўлғазди ҳаромга.

Ҳали ўн гулидан бир гули
Очилмай, «севги» деб турганлар
Қаддингни уй билиб, пойингни
Гуноҳга маъқул жой кўрганлар.

«Миллий боғ кўрки!» - бу таърифинг,
Бул шиор аслида каззобий
Ҳазрати Умарлар сени-да
Кесишни санарди ижобий.

Ҳар куни кўраман пойингда
Аламли дунёнинг ҳасрати -
Мактабни битирмай, пойингга
Севги деб йўл олган лаънати!!!

Унинг ҳам қайдадир акаси,
урурли укаси бор ахир...
Афсуски ана шу каслар ҳам
Пойингда бажарган ненидир...

Бўлмаса не дейин, хўш, айтинг,
Ёшлигим ўтган бул масканда
Никоҳсиз тортинмай, уялмай
Кимнидир тортқилар газанда.

Каззоблар мадҳ қилди тинмайин
Сўз очиб севги, муҳаббатдан.
Гуноҳлар қаддингни дол қилган,
Эгилиб қолгансан УЯТдан!

ИҚРОР

Фонийда ўлим бор, асло қолмаймиз,
Ўлим фариштаси келар бир кеча...
Олтин сочмаймизми, ОДАМ бўлмаймиз,
Бошимиз саждага тегмагунича!

Эхтимол, фарзандлар қолар бизлардан,
Балким дунё ўрнак олар бизлардан.
Аммо вужудимиз тонар бизлардан
Бошимиз саждага тегмагунича!

Осмонларда балки хаёт қилармиз,
Қуёшнинг ёнида ўйнаб кулармиз...
Бироқ биз ҳамиша тубан бўлармиз
Бошимиз саждага тегмагунича!

Дунё дарс олса ҳам бизнинг онглардан,
Турфа жило берган турфа ранглардан...
Ҳеч ким эмасмиз биз эрта тонглардан
Бошимиз саждага тегмагунича!

Кўз чақнар, дунёдан кўнгил тўқ, қалб тўқ:
«Саодат бормикан бундан ҳам ортиқ?!»
Асли бир бир чақалик қийматимиз йўқ
Бошимиз саждага тегмагунича!

Фиръавнлар яшаб ўтган макон бу,
Ўзни худо санаб тутган макон бу.
Оқибат бўлакча бўлмас, ҳамон бу
Бошимиз саждага тегмагунича!

«Отамиз кимгадир, отамиз ҳам бор».
Белгилаб бермайди бу ёлғон шиор.
Чунки бир кун келиб малъунмиз ва хор
Бошимиз саждага тегмагунича!

Майли зохирига қилсинлар хавас.
Унинг ботинида маъно бўлса, бас.
Кераксиз қовоқдан бошқа нарсамас
Бошимиз саждага тегмагунича!

Шу билан инсонлик бўлади пайдо,
Шу билан азиздир бу кўхна дунё.
Ўзни мажбурлайлик, қўймайлик асло
Бошимиз саждага тегмагунича!

ТАКРОР.

«Аллоҳдан бошқа илоҳ
Йўқ!» деган овоз билан
Қулоғи очилганда
Чақалоқ кулган экан.

Жаннат ҳиди уфуриб
Кулгиси-ла хонани
Тўлдирганда, қалбига
Меҳр тушган онанинг

Аста секин эмаклаб
Жойига ўтирганда
Уйдагилар ўргатмиш
«Бисмиллоҳ»ни беканда,

Оёққа туриб охир
Кўча хатлаган куни
Бобосининг кўзида
Кўрсанг эди орзуни...

Бу орзулар бир куни
Амалга ошмиш ё Раб!
Бола йўл олар эди
Балоғат ёшга қараб.

Бунда ҳам бир гўзал сир,
Ажиб бир синоат бор.
Во дариғ, намози ҳам
Балоғатига тайёр!

Сўнг ҳаётнинг дарслари,
Кўча - кўйнинг дунёси...
Шакллана бошлайди
Иймони-ю, ҳаёси.

Фитнагар бу дунёнинг
Ишларин қилар тахлил
Қуръон воқеалари
Энг катта ибрат, тамсил.

Оила қурар гўзал,
Исломий мухит ила
Ушбу гўзал ҳаётга
Фарзанд бўлар васила.

Унинг тарбияси ҳам
Ишончли қўллардадир.
Фитрат-у, соғлом ҳаёт
Исломий йўллардадир...»

... Бул гўзал воқеани
Қанча қилмагин такрор,
У ўз салобатини
Йўқотмагайдир зинҳор.

«Нега?» деган саволга
Жавоб излаб кўргин бир...
Асли яхши нарсанинг
Такрори ҳам шириндир.

АМАЛСИЗЛИК

... Баъзилар ёшликни ғанимат билиб
Илм ўргандилар, китоб кўрдилар.
Амалга келганда бепарво бўлиб
Олган илмларин четга сурдилар.

Бундайлар ойдин ва тўлишган кунда
Кўзни боғлаб, тунни тутган кабидир.
Бу худдики ерни ҳайдабон унга
Уруғ сепмай, мева кутган кабидир.

МАСЛАҲАТ.

«Иймонингдан воз кечиб қаерга ҳам боролдинг,
Аллоҳ лафзин унутиб, кимга кўнглинг ёролдинг?

Қоп-қоронғу кечалар, зим-зимистон тунларда
Қайси «буюк» кўрсатган манзилларга юролдинг?

Дунё ҳовлиси ичра ҳамма ғиштни тахлабон,
Аллоҳсиз қайси айвон, қай ҳужрангни қуролдинг?

Ҳаёт - бир ўйин дединг, Аллоҳсиз уни ўйнаб
Кўрганингда, на олдинг ва на бир нард уролдинг?!

Басирот денгизидан самиъат қирғоғига
Чиққанингда, Аллоҳсиз рости, нени кўролдинг?

Мен айтаман нимани кўрганингни, биродар -
Дард-ташвиш, алам - ситам, кудурат - ҳасад, кадар.

Шу боис ҳам дунёда ташвишдан холи бўлай,
Фақатгина кўнглимнинг хотиржамлигин билай,

Десанг, Ҳақнинг йўлин тут, бошқасига тупургин.
Унинг розилиги деб шамол мисол югургин.

Инша аллоҳ, фақат шу Йўл бордир, фақат шу Йўл.
Байъат бериш шарт бўлса, фақат унга чўзгин қўл.

Акс ҳолда ҳасратда қолганлардан бўлурсан.
Ўлиб бўлмас дунёда бус-бутунлай ўлурсан.»

Эрта тонгда қалбимга шу маслаҳатни бердим.
Кейин... бул саволларнинг жавобин излаб кўрдим.

Жавоб бунда хўп оддий: «Такрорлаб барчасини
Дурадгор асбоби-ла очиб қалб дарчасини

«Юрак» деган идишга гил билан қориб сувни
Қалбга жойла «Ихлос» ва «Хушъу» деган ёзувни.

«Ният» деб бошланажак сатрга «Тақво» деган
Жумлани қўшиб қўйсанг, ундан зўри йўқ экан.

«Амал, амал ва амал!» деган шиор олдига
«Тавба»ни бир амаллаб тиркаб қилсанг қофия,

Аниқки, ундан кейин келадиган сўзларнинг
Кўпи қалбингга айтар раҳматлар бўлсин, дея.

«Ла илаҳа илла Аллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ,
Фақат Аллоҳдан мадад, фақат Аллоҳдан паноҳ»,

«Аллоҳга ҳамд, Росулга Саловат ва саломлар!»,
«Иймон» хонадонига етаклар шул каломлар.

Хонадон соҳибидан изн сўраб кирганда,
«Тавҳид» сувин сипқориб қилмаслик керак канда.

Ташрифдан сўнг «Иймон»га, «тавозеъ» ва «таслим»дан
Нарига ўтиб кетиш - фарқи йўқдир ўлимдан.

«|айблар» оламидан ёзилса бирор бир сўз,
Ҳар бир калимасини тасдиқла, тан ол сўзсиз.

«Пайғамбарлар», «Китоблар», «Фаришталар», «қиёмат»,
Уларнинг қаторига «тақдир» ҳам кирар албат.

Шул сўзларга шубҳасиз қарамоқлигинг абад
Бул ҳонадонда сени сақлаб қолгай саломат.

«Бахтли», «бахтсиз» ҳаётлар борасидаги ёзув
Кўнглингнинг туб-тубида уйғотмаса бас, ғулув.

Шундагина «жаннат»нинг йўллари яқинлашар,
Бундан бошқа бирор Йўл топа олмаган башар.

Аммо унутмагингки, мазкурларнинг барчаси
«Илм» деган уруғсиз кўкармагай шохчаси!»

Бас, шул сўзлар кифоя қилди манинг қалбимга,
Энди кураш бошласак бўлаверар халқумга!

ДУО

Гар кўнгилда исломий туйғу,
Бул туйғулар муборак бўлсин!
Соф бир ҳаёт бўлмаса орзу,
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Дардингиз йўқ гўёки бир хас,
Чиритмоқда ҳайвоний ғараз,
Дуоибад бизга ярашмас
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Дин қаршида турурсиз қайсар,
Ёв келганда сиздан йўқ асар.
Қуръон таъсир қилмаса агар
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Ислом учун олмагач ёна
Аллоҳ демай, кетдингиз тона...
Мўмин дардин билган бегона
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Саҳобалар ҳаётин эртак
Деб ўйлаган юрак не керак?!
Азон тинглаб отолган ҳуррак
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Қилмадингиз орзу Жаннатни,
Олмадингиз тан Қиёматни,
Топтадингиз гул омонатни...
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Фахш фильм деб ухламадингиз,
Қалбингизни тиғламадингиз,
Дўзах деса, йиғламадингиз
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Дин йўлида қайғу ютмаган,
Намоз вақтин асло кутмаган,
Аллоҳ учун бир дўст тутмаган
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Ётарингиз қасрдир, боғдир,
Кўнгил уйи валекин доғдир,
Закотингиз тўпласа тоғдир
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Яшаяпсиз иймон билмайин,
Байтуллоҳни орзу қилмайин,
Дуойим шу: бало келмайин
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

Мен шодонман, намоз қилсангиз,
Шариатда ўйнаб кулсангиз,
Ҳидоятга кирмас бўлсангиз
Сизга Аллоҳ кифоя қилсин!

МУЖДА.

Дўстлар, дунё шундай синовкор экан,
Муслим бўлмаганлар зинокор экан...
Сўзим ибтидоси оғир бўлса ҳам
Айтурман, кўнглимда сақламай алам:

Бепарда дунёдан авратин ёпган
Саҳобиялардан келар бир дарак:
«Ҳақиқий хурликни исломда топган
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Мусиқий зарблардан қалбда пайдо дарз,
Фахшлар даврасига даъват сиздан қарз.
Дунёга тупуриб, фарзни билган фарз
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Гўзал амалларни айлаб васила
Эътиқод боғинда қолмиш асила
Ҳаловат излаган маҳрамлар ила
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Эрни рози қилмоқ ўй илинжида
Хизматин бажарган эрта-кечида,
Намозни ўқиган уйнинг ичида
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Фарзандлар уйига сиғмаса – кулган,
Буни Аллоҳ ёзган тақдир деб билган.
Уммат кўпаймоқда дебон шод бўлган
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Дунё ташвишини елкадан отган
Ҳижоб, намоз дея қайғуга ботган,
Онажонисини дўзахдан тортган
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Унутган ғаразлик, адоват, кинни
Гарчи эл ичинда ном олсин жинни...
Сингилларига ҳам илинган динни
Мунис сингилларга жаннат муборак!

«Биз бугун очликка чидаймиз, ё Раб,
Бизни азобингдан қўйсанг бас ўраб...»
Эрини тергаган ҳалолин сўраб
Мунис сингилларга жаннат муборак!

Дўстлар, дунё шундай синовкор экан,
Муслим бўлмаганлар зинокор экан...
Сўзим интихоси такрор бўлса ҳам
Айтурман, кўнглимда сақламай алам:

Асри саодатда саодат топган
Саҳобиялардан келар бир дарак:
Етмишга кирса ҳам авратин ёпган
Мунис оналарга жаннат муборак!

ЭЙ, САЙЁҲ!

Узоқ ўтмишларни хотирга олиб
Самарқанд кезётган эй, садди сайёҳ!
Бунча оғринасан ҳасратга тўлиб,
Бунча ҳам лабингдан тушмагай «Э,воҳ!»

Сенинг ҳасратингни тушуниш мумкин,
Қадим миноралар кетгандир нураб.
Аммо сен ҳеч қачон кузатганмисан
Бу халқни аҳволи динидан сўраб...

Сайқали заминаст, не жавоб айлар,
Унда диёнатдан борми бирор из.
Ҳасрат чексанг эди сен шундан кўпроқ
Баланд минора ҳам чўкмасмиди тиз...

Сен, унинг бузилган деворигамас,
Бузилган қалбига назар солгин тек.
Ислоҳ этмоқ лозим бугун бу юртни
Худди Регистонни таъмир қилгандек.

Эй, сайёҳ, Самарқанд минораларин
Тинмасдан кузатиб, сен кезган чоғда,
Унинг иймонида дарзлар кўряпман
Ғарблашган саҳнидан емирилмоқда...

Ҳар қанча зиёрат айлама, эй дўст,
Бухорий қабрини тентираб, кезиб
Бухорийга шогирд тутинганларнинг
Ярми бу диёрдан кетганда безиб...

Сен бунда бефойда саёҳат қилма
Гўзал калонларга ташлама назар
Аёллари агар бориб қабрга
Оловлар ёқишдан қилмаса ҳазар.

Сайёҳим, сайрингни тўхтат бир зумга,
Букун одамларга ташлагин қиё.
Ҳатто осмонўпар миноралар ҳам
Уларнинг ишидан қилмоқда ҳаё.

Қуламоқда бир-бир уялганидан
Нураб, кўмирларга айланмоқдалар.
Диндан узоқлашган миллатни ҳайҳот
Аслига қайтишга шайланмоқдалар.

Аслида, даврлар буларга ишмас,
Чиқара олмасди уларни издан.
Уялинг, бугун шу жонсиз калонлар
Уятга тушганлар авҳолимиздан.

Шунинг учун улар қуламоқдалар,
Янги таъмирлар ҳам буткул бефойда.
Авом ўз динини унутган бўлса
Қандай маъно бордир бундай чиройдан.

... Узоқ ўтмишларни хотирга олиб
Самарқанд кезётган эй, садди сайёҳ!
Бунча оғринасан ҳасратга тўлиб,
Халқнинг аҳволига ташлагин нигоҳ.

Асли гап қаерда, шунда англайсан!

ЭЙ ХАЛҚИМ!

Чўчиб уйғонаман: тушимда яна
Бир олим қувғинда излар ҳамхона.
Эй, маним ўзбегим, танти мардона
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Уйингни бўшатиб паризодларга,
Юз тутдинг қандайин ташвиқотларга?!
Тузингни едириб етти ётларга
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Ардоқлаб тилда бол соҳирларингни,
Қиличлар ўйнатган моҳирларингни,
Тахтларга кўтариб шоирларингни
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Ўқиб тарихингни, кўпни ўргандик,
Худди ўтмишингда кезиб юргандек...
Бобуринг ғазални яхши кўргандек
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Улуғбек сал қолса кўкда учай дер,
Юлдуз бўлиб кўкда жило сочай дер
Минор-у, калонлар кўкни қучай дер...
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Беруний илмига этолмиш талаб,
Сино ҳам йўлига тополмиш сабаб!
Фарғоний улушин олар, не ажаб
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Не керак дўстларинг бу дунёсига
Тиллоси етса ҳам Форс Доросига,
Бухорий сиғмаса Бухоросига
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Амирларинг учун қасрлар бунёд,
Хонларинг кўксингни айлади барбод.
Термизийни қувдинг кўтариб фарёд...
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Олов тутса ҳамки пилигинг сўнмай
Ҳар бирин сиртмоққа ҳайдайсан кўнмай...
Китоб кўрганини тепкилаб тинмай
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Ҳаммасин йўқ қилсанг, мамнунсан шунда.
Қонинг оқса агар, бордир яҳудда
Бири Чин сорида, бири Саудда
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Оқлашга тайёрман тунд ўтмишингни,
Ҳаттоки саводсиз ўргатишингни
Аммо тушунмайман битта ишингни:
Олимлар қадрига нечун етмассан???

Фарёддан чийиллар унсиз мўрилар,
Тўрида созанда кулган сўрилар...
Тушимга киради устоз қорилар...
Олимлар қадрига нечун етмассан???

УСТОЗ.

Бир шарийк тингладим ёп-ёруғ кунда
Англадим иймон не, не эрур ихлос.
Бирон бир дунёвий даъво йўқ менда
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Менга таъсир қилди жами сўзингиз
Демак, жами сўзга собит ўзингиз,
Кўрмаган бўлсам-да, бир бор юзингиз
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Ҳайратда қотдим мен, зулмат суринди,
Зимистон кечада бир нур кўринди,
Менга ҳитоб бўлди: «Дўстим, юр энди…»
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Амал майдонида ғариб эмассиз,
Шўрлик авҳолимни асло севмассиз,
Эхтимол, сиз мени шогирд демассиз...
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Зайд ибн Собитдек қалб энди тўқдир,
Мўминнинг нигоҳи кофирга ўқдир.
Ўртада бошқа бир робита йўқдир
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Одамлар бир-бирин мансаб деб қучса,
Ёки мол-давлат деб парқушдай учса,
Жамики муҳаббат изидан кўчса,
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Ёвларингизга гоҳ йиғлаб, куларман,
Аларнинг охирин тахмин қиларман.
Юсуф пайғамбарнинг сабрин тиларман
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Дуода қўлимиз: «Худоё тенгсиз
Жаннат деб атасин масканларингиз!»
Бизга ҳам душмандир душманларингиз,
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

Юлиниб олингач ҳақ орамиздан
Дуодан бошқа бир ёрдам йўқ биздан,
Асли ўрганганман шуни ҳам сиздан:
Сизни Аллоҳ учун суйдим, эй Устоз!

СИНГИЛЖОНЛАР!

Кўрарга кўз қувонсин, комил бўлсин иймонлар,
Соф қўшиғин тингласин асли дорулмаконлар,
Тубсиз жарлик олдида тебраниб турибмиз-ку,
Хамзаларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

Ҳар кимга маълум, машҳур оят-у, далил, ҳадис.
Лек кўнгиллар негадир маъсиятларга ҳарис...
Оғзи юмуқ умматга тақдим этинг мударрис -
Мусъабларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

Сифатдан дарак беринг, шарт эмас миллионта сон
Дарахтдан узилган барг аталар барбир ҳазон
Қора юзли бўлса ҳам айтолсин қўрқмай азон
Билолларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

Ислом уммати унга тиласин шон-шарафлар,
«Аллоҳ улуғ» деганда титрасин тўрт тарафлар
Қонидан маҳзун бўлиб дод кўтарсин Мусҳафлар
Усмонларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

Букун шамол мисоли елар фарзандлар керак,
Жонини шеригига тилар фарзандлар керак,
Жанггоҳларда уйқуси келар фарзандлар керак
Алиларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

Умид сизгадир букун, майдонда шай кўрининг,
Сиздан ёрдам биттадир хоҳ туртиниб сурининг:
Туғсангиз гар минг йиллик достонларга урининг
Умарларни дунёга келтиринг, сингилжонлар!
Саодат шамолини елдиринг, сингилжонлар,

ҒОФИЛЛАР

«Росулуллоҳ» деган сўздан
Титраб турар соҳиллар
Лек номига киприк қоқиб
қўймаслар бу жоҳиллар
Пайгамбарим келса агар
Умматини бир йўқлаб,
Ойни бўлиб берсалар-да,
ишонмас бу ғофиллар.

Чин кўнгилдан қулоқ тутар
Фолбинликдан сўз олса,
Телба мисол ҳар ён чопар
«Бўйнингга ол», деб қолса
Дод солади, фарёд қилар
Бир дирҳами йўқолса
Ойни бўлиб берсалар-да
ишонмас бу гофиллар.

Ажабланар мол-давлатга,
Танига бир қарамас,
Либос сарҳуш айлар, аммо
Ўйлатмас уни нафас.
Куйиб пишманг, фойда йўқдир,
Буюк даъватлар эмас,
Ойни бўлиб берсалар-да
ишонмас бу гофиллар.

Фиръавнга шогирд бўлиб
Инкор қилмиш Ҳолиқни,
Пайгамбарлар томонидан
Ёлгон билмиш Ҳолиқни,
қалб кўзи кўр, илгаёлмай
Яшар экан борлиқни
Ойни бўлиб берсалар-да
ишонмас бу гофиллар.

Аллоҳ – собир Зот экан-да,
Айлаб ҳаққий бардошни
Бандасига тақдим этар
Тавба деган сирдошни...
Йиглар охир қарши олиб
Гарбдан чиққан қуёшни
Ойни бўлиб берсалар-да
ишонмас бу гофиллар.

ИЗЛАМА

Биродар, бу йўлда ҳижрон, аламлар
Ҳордиққа бир фурсат, макон излама!
Суяклар устига қурилган ғамлар
Осуда ва сокин даврон излама!

Йўлга тушган бўлсанг жаннат қасдида,
Бир умр яшарсан жиҳод устида!
Дур-гавҳар асралур уммон остида,
Ариқнинг лабида маржон излама!

Озгина меҳнатга озгина улуш,
Маълум-ку роҳатнинг аввали юмуш.
Меҳнатсиз роҳатни қидирма хомуш,
Ичи бўш, усти гул ҳамён излама!

Жаннат йўли равон бўлмаган, кўнгил,
Унда турлик-туман жафога кўнгил!
Қай томон бурма юз, нарх-наво бир хил
Йўл оғир, сира ҳам осон излама!

Хуржунни елкага ортдингми, тамом,
Сенга бу дунёнинг ташвиши ҳаром.
Умр – покланишга аталган ҳаммом,
Тез ювин, ҳайратга имкон излама!

Бунда ажр олар чин садоқатлар,
Иймонда бардавом турган тоқатлар.
Осмондан тушмайди энди овқатлар
Текин тарқатилар ош-нон излама!

Яралгандан буён Ҳавво ва Одам,
Бир машҳур қоида амалда ҳар дам:
Бир кун қўйганингда жаннатга қадам
Шундан сўнг майлига дармон излама!

Ушбу ўгитлардан бурсанг агар юз,
Сенга айтақолай энг ишончли сўз:
Ўзингни алдамай қўяқол, эй, дўст
Жаҳаннам нархига Раййон излама!

НИГОҲ

Бешик ҳам тобут ҳам ёғочдан ясалган
Бирида дунёга келгансан йиғлаблар!
Тобутлар мунча ҳам чиройли тусалган
Андаги одамлар кетарлар ухлаблар!

Ўтмишда яшаган фозиллар айтмишлар
Бешикда гўдакка йиғламоқ ярашар,
Ва лекин охир чоғ Аллоҳга қайтмишда
Тобутнинг ортидан йиғлаблар қарашар!

Агарчи идрокинг етсайди бу ҳолга
Йиғлаблар келганда бошқалар куларлар.
Даҳолар дунёни тарк этар замонда
Куларлар, бошқалар аламдан ўларлар!

Шу боис, ҳаётни оддий деб билмагин
У асли охират олдидан бир эшик!
Охирги хитобим, илтимос, кулмагин
Тобутинг қабрга аталган бир бешик!

Сен ушбу бешикда хотиржам кетишинг
Ва сокин яшашинг учун бил ушбуни:
Асосий боиси Аллоҳга етишинг –
Кўпайтир йиғини, камайтир кулгуни!

Жойнамоз устида лаззатга кўмилгин
Билмагин бошингни кўтариш саждадан.
Шу ҳолда Аллоҳнинг ажрию, савобин
Оларсан, хушхабар илоҳий муждадан!

Дўстгинам, қарагин атрофга жиддийроқ,
Одамнинг ҳаммаси кун кўрар қийналиб
Демакки, чиндан ҳам арзирли иш учун
Яшамоқ тўғридир аслида ўйланиб!

Сен шуни жиддийроқ ўйлаб кўр, дўстгинам!!!

ОВОРА БЎЛМА!

Ҳайём қўшиғини тугатганидек
Дунёнинг аслига дилпора бўлма!
Ҳаётинг қурмасанг У айтганидек
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Тирикчилик дейсан кетсанг ҳам қариб
Машаққат юкини беҳол итариб...
Ўлим ҳис қилмасанг тобут кўтариб
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Қалбинг тирнамаса илоҳий мезон,
Иймонни вужудинг айласа ҳазон.
Лаббай деёлмасанг айтилгач азон
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Амалда асҳобга етиб олмасанг,
Хушъуда лаззатни тутиб олмасанг
Намозда ўзингдан кетиб қолмасанг
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Диним деб қалбда ғам ютмаган бўлсанг,
Мусибатни кулиб кутмаган бўлсанг,
Пайғамбар этагин тутмаган бўлсанг
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Қиёмат кўнглингга солмаса хатар
Асли бу қиёмат бўлгандан батар
Қуръон тинглаганда йиғлолмасанг гар
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Уч қават қасрда фарзандинг кулса,
Аёлинг бу ҳолга севинчдан тўлса...
Қўшнинг боласи гар очқаган бўлса,
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Ифторликлар гўзал, суҳбатлар қизғин,
Узоқ қариндошинг йиғлайди беун.
Қизиқ, унутибсан боласин исмин...
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Хаёлинг ўтмаса ичмоқ-емоқдан
Кетмай қолса таом иси димоқдан
Ҳаром луқма агар ўтса тамоқдан
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Боланг муҳаббатин ёдига солсанг,
Ҳар тун ани нг учун ҳолдан ҳам толсанг.
Намоз ўқимаса эркалай олсанг
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Рафиқанг меҳрига сира тўймасанг,
Ундан бошҳа қизни асло суймасанг
Лек бошига рўмол ўраб қўймасанг
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

Кел, сенга айтайин яхши хотима
Дунё - манзил сари йўл олган кема!
Шундан сўнг ҳам десанг: “Хўш, яна нима?”
Аллоҳни севдим деб овора бўлма!

ҚЎРҚҚИН!

Ўгит ол тажрибалар йиққанлардан
Насиҳат ол, қийналиб туққанлардан:
Қўрқма, болам, худодан қўрққанлардан
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Тошлар оёғингни эзса, қўрқмагин,
Ҳовлингда олапар кезса, қўрқмагин,
Дўстинг хатоингни сезса, қўрқмагин,
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Қўрқма инсофли ёв бостириб келса,
Эътибор ҳам берма кўксингни тилса,
Бир ҳурсанд бўласан илтифот қилса,
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Яхшиларга асло солмагин кадар,
Гарчи ҳар лаҳзада сезсанг бир хатар.
Сел, ёмғирлар таҳдид солмас у қадар
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Полвон сени йиқолмайди унингдек,
Илон сени чақолмайди унингдек,
Олов сени ёқолмайди унингдек,
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Даври азал ажралган у иймондан,
Йиғламаган бирон он пушаймондан
У қўрқади фақатгина Шайтондан
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Унга фарқи йўқдир ҳаром ва ҳалол,
Бир бора қалбига бермаган савол
Онасин ҳам сота олар бемалол
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Ундан осмон, замин, хилқат уёлар,
Совуқ тош ҳам дастидан минг куёлар.
Отасига сиёсий айб қўёлар
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Ит сапчиса, нари борса тишлайди,
Оёғинг остида бир ирғишлайди,
Лек у сени сотиб, маош ишлайди
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

Ўгит ол тажрибалар йиққанлардан
Насиҳат ол, қийналиб туққанлардан:
Қўрқма, болам, худодан қўрққанлардан
Қўрққин, болам, худодан қўрқмагандан!

ФАРЗАНДЛАРГА НАСИХАТ.

Онт ичинг ватанни сотмайман, дебон,
Эгнимдан кафанни отмайман, дебон,
Булғатиб чаманни, ётмайман, дебон,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг кўнгилни топтамайман, деб,
Қабиҳ таклифларга «хўп» демайман, деб,
Бу равон йўлимдан тўхтамайман, деб,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, юракни хор этмасликка,
Энг гўзал тилакни зор этмасликка,
Чекинмасликка ва ор этмасликка
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, болангиз етук ўсар, деб,
Энг мушкул тўғонни осон тўсар, деб,
Камида Бобурга ўринбосар, деб,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

Онт ичинг, кетар чоғ кўнглим бўлсин тўқ,
Қалбингиз тўридан жой олган бу чўғ -
Буюк таълимотда орқага йўл йўқ,
Онт ичинг Худони ўртага қўйиб!

ЯХШИ ЗОТЛАР

Уларнинг дардига чекма асло ғам,
Барбир бўлолмайсан аларга малҳам.
Ёмон кўриб бўлмас бирор лаҳза ҳам,
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам:

Мард эрлар вафога ёрлиги учун,
Покиза йўлларга зорлиги учун,
Қизларни ибоси борлиги учун
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

Ғанимат деб билган кетар онларни,
Дуодан қўл тушмас онахонларни,
Тасбеҳлар ўгирган отахонларни
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

Фарзанд қийқириғи шириндир болдан,
У афзал минг бора гўзал хаёлдан...
Гўдак ҳиди келса бирор аёлдан
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

Саҳнада силкитиб момиқ қўлларни,
Бир бола шеър ўқиб, ўртар дилларни...
Навоийни севган гўдак тилларни
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

Дўстидек ҳис қилган ҳатто ётларни,
Кўрдик ўтмишдаги таълимотларни!
Яхшилик истаган яхши зотларни
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

... Уларнинг дардига чекма асло ғам,
Барбир бўлолмайсан аларга малҳам
Ёмон кўриб бўлмас бирор лаҳза ҳам
Яхши кўрса бўлар ҳар қачон, ҳар дам.

Ё АСЛИНГ КАБИ...

Томчи-томчи сувдан ташкил бўлар кўл,
Сув тўхтаган замон пайдо бўлар чўл.
Мавлоно Румийдан қолмиш бир ҳикмат,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Ўн беш кун умрингдан чиқаргин маъно,
Риё юзларига суртмагин хино,
Ўнгингда тақвою, тушингда зино...
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Майлига, ёвларинг сени зўр кўрсин,
Майлига, дўстларинг кўкрагин керсин,
Аёлинг яхши, деб гувоҳлик берсин...
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Дўстларинг мақтовлар айтар дамида
Лабингда истиғфор турсин камида,
Ҳадисдан сўз очма қорин ғамида,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Ўзингни бировга андоза қилма,
Иймон ховлисига дарвоза қилма,
Фарз қолиб, нафлни овоза қилма,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Аллоҳга ғайб эмас қалбдаги ғайбинг,
Бисмиллоҳ деганда, титрасин қалбинг,
Ҳеч ерга кўмилиб қолмагай айбинг,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Дилинг тасдиқласин тилинг муттасил,
Разил бўлсанг, ўзни атагил разил.
Синов майдонини санама ҳазил,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Умринг косаси ҳам бир куни тўлгай,
Кимлардир ортингдан йиғлагай, кулгай,
Бари қиёматда томоша бўлгай,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Кўпгина амаллар хўп сохта эркан,
Бу сохта амаллар иймонни еркан,
Ёлғиз қолганингда йиғлашни ўрган,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Содиқлик қалбингни айласин рафиқ,
Ишинг айтганингга келсин мувофиқ,
Ҳайхот, жаннатларга кирмас мунофиқ,
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Ул Кунда қолмайин десанг гар юпун,
Тақво либосини лозим тут бугун.
Кундуздаги ҳолинг тасдиқласин тун
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Роббинг тинглаяжак қалб саносини,
Ва билгай юракнинг муддаосини.
Кўзойнак беркитмас кўз зиносини
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Илвасин ўғлонлар довон ошарлар,
Ҳақни сўзламакка мудом шошарлар,
Мард эрлар ҳамиша шундай яшарлар
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Ҳаттоки номардга мард бўлиб қолгин,
Фақир нидосига жим қулоқ солгин,
Бойни ҳам сенсираб гапира олгин
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

Ўхшасанг, оддий бир қулга ўхшагин,
Тўнингни кўрпаси йўққа тўшагин,
Яшасанг, Умарга ўхшаб яшагин…
Ё ичингдек кўрин, ё ташингдек бўл!

ТАҚВОГА ИНТИЛ

Биродар, динингда собитқадам тур,
Нақлга ақлдан устун ҳолда юр.
Жаннатга олдинроқ кирмоқ истасанг,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Олимлар ҳаёти кўзгунг бўлсин, бас,
Ана шу зотларга қил фақат ҳавас.
“Бўлади” деган сўз ортидан эмас,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Жаннатнинг васфини эсла, биродар,
Унга доҳил бўлар муттақий зотлар,
Ҳадеб қилавермай ҳаммани мотлар,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Жаннатий кўксига ёзиқдир – тақво,
Қалбинг бўшлиғига озуқдир – тақво,
Истасанг, беҳисоб ризқдир – тақво,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Қачонки тақвони лозим тутасан,
Дунёдан беармон, кулиб ўтасан.
Олим қилганини қилсанг, ютасан,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

«Бўлаверади” деб айтилган жавоб,
Гоҳ инсон амалин этгуси сароб.
Рухсатлар бир куни айлагай ҳароб,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Авомга тегишли йўлларда кезиш,
Билсанг, фаросатнинг инини бузиш.
Манзила етмакка керакдир сузиш,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Айтилган бу сўзнинг йўқдир ҳазили,
Енгиллик истаган егай таъзирин.
Хосларнинг мақоми – нажот манзили
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Агарчи риёзат боқий йўлингдир,
Нафс отлиғ қўшин ҳам буткул қулингдир.
Аллоҳ кўрар кўзинг, урар қўлингдир:
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Мавъизанг ўзгага, билсанг, ҳикматдир,
Вале ўз амалинг ўзингга хатдир!
Асҳобнинг ҳаёти сенга ибратдир,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Рухсатлар тўпламин улоқтир сойга,
Интилсанг, интилгин энг гўзал жойга,
Одамлар раъийни қориштир лойга
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

Биродар, қалбингдан тўлмоқ истасанг,
Жаннатларда шодон кулмоқ истасанг,
Ҳақиқий ҳанафий бўлмоқ истасанг,
Фатвога интилмай, тақвога юз бур!

ЙИҒЛА

Мусулмонлик ундоқ иш эрмас,
Мунофиқлик унга берар зеб.
Гар даъватлар қулоққа кирмас,
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Фарқ йўқолса не ҳаром, ҳалол,
Йиғлар кўкда ҳолингга ҳилол.
Бомдод қазо бўлса бемалол
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Хаёлингни шаҳват банд қилса,
Бундан вужуд завқ-шавққа тўлса,
Суннат ишга қалбинг гар кулса
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Мол-дунё деб ухлай олмасанг,
Дин деб юрак тиғлай олмасанг,
Қуръон ўқиб йиғлай олмасанг,
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Жаҳолатни қолсанг соғиниб,
Хаёлингда беҲол йўғриниб,
Закотингни берсанг оғриниб
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Рамазонда рўзани тутсанг,
Аммо анда надомат ютсанг.
Тамаки деб ифторни кутсанг
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Чин ўрнида билиб ҳазилни
Ишлатиб кўр ҳар хил усулни,
Кўролмасанг тушда Росулни
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Осийликка тутинсанг сармаст,
Билки, қадим дардинг тузалмас.
Ёлғон сўзга юзинг қизармас,
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Юрмасанг Роб муддаосига,
Талпимасанг ишқ садосига.
Сесканмасанг Ҳақ нидосига
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Дўстингга гар исломни раво
Кўрмаётган бўлсанг, бил, асло
Мўминликка қилмагин даъво
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Гар қалбингда даъватдан ғурур,
Йўлларингни ёритмагай нур.
Эй Хайруллоҳ, шодланмайин тур
Йиғла, фосиқ бўлиб қолдим, деб!

Одамлар орасида

Ёлғон тегрангда турар,
Гўё куйлаб қасида,
Неки разолат кўрар
Ўрганар норасида,
Сўнг кўрарсан минг фужур
Кўзингнинг қорасида,
Боболардан қолмишдир
Панд-ўгит борасида:
Нонингни ҳалоллаб юр
Одамлар орасида!

Келмиш-кетмиш дунёлар,
Ҳеч кимдан қолори йўқ,
Ўзгага насиб нонни
Бошқага солори йўқ.
Бир кун нафас чиқармоқ,
Сўнг ани олори йўқ,
Турмоқ истасанг магар
Инсонлар сарасида
Ётни ўздан зўр деб тур
Одамлар орасида!

Солиҳликдан ваъз тўқиб,
Кезсанг гар атроф-жавон,
Йўлингда пайдо бўлар
Турлик хил аёл, жувон,
Аларга сўзинг ўтлиғ,
Тил бўлсин десанг равон,
Яхши-ёмон бирдек кўр
Одамлар орасида.

Билки энди бирон он
Қайтиб келмас пайғамбар,
Ул зот тутган байроққа
Керак фақат сафарбар.
От қамчилаб юртингдан
Қочмоқ истаса агар
Ҳақиқатни ортга бур
Одамлар орасида.

Кўпчиликка эргашиш
Гоҳида хатар эрур,
Жоҳилдан илм талаб
Этмаклик батар эрур,
У хоҳ ўзбек замини,
Хоҳ Шом, хоҳ Қатар эрур,
Соф тавҳидий ҳаёт қур
Одамлар орасида.

Тирик ўликлар ичра
Яшашни била олдинг,
Керак жойда йиғладинг,
Вақтида кула олдинг,
Аллоҳга қуллигингни
Ихлос-ла қила олдинг,
У ҳолда қандингни ур
Одамлар орасида.

Гулдан сенга чамбарак
Ясаб беролмасам ҳам,
Зиёдалик тилагум
Ихлосингга мустаҳкам,
Эртан сени ва мени
Кўрса Ҳавво ва Одам
Шояд қучоқласинлар
Кулиб туриб осуда,
Сен асли бўлдинг, деб зўр
Одамлар орасида.

Қанот қоқар бир лочин
Тоғликлар дарасида
Ёлғон тегрангда турар,
Гўё куйлаб қасида,
Кўрган жами ишларин
Такрорлар норасида,
Қаролиғ кўрганингда
Кўзингнинг қорасида,
Оятларга бўлма кўр
Одамлар орасида!
Бўлгайсан олтин ва дур
Одамлар орасида!

ДЕМА

Амал дафтарингда сонсиз гунохлар,
Қиёмат Тонгида юзларинг қаро.
Ахтарган бўлсанг гап сохта илохлар
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Отангнинг хаққига қилмай дуолар,
Онангга бир хайрни кўрмай раволар,
Сафсатадан бошқа эмас даъволар,
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Молинг осмонларга етай дер зўрға,
Вале илма-тешик иймоний тўрва,
Қўшнингга чиқмаган бир коса шўрва...
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Сен учун зийнатга талпинишлик – бахт,
Нася қизиқтирмас, фақат бўлсин нақд,
Бир бор Қуръон учун ажратмасанг вақт
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Кезсанг, атроф жавон, юрту элингда
Диёнат шарафи тушмас тилингда.
Мўминни севмаган бўлсанг дилингда
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Тинмай лоф урсанг-у, писанд илмасанг,
Ош йўқ жойларга хам бир бор келмасанг,
Аллохнинг Юзи деб эхсон қилмасанг
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Дунё касод бўлса, йиғласа қалбинг,
Мансаб орзуида тиғласа қалбинг,
Лек қуръон ўқилса, ухласа қалбинг,
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Ортингдан йиғлабон қолса хам дунё,
Турса хам қўлингда етти қат само,
Фарзандинг орқангдан билмаса дуо
Мен хам яшагандим, демагин асло!

От хуркир кирса гар, қабринг мармартош,
Ў-х-ўв, бу келбатга ким берар бардош,
Болангнинг нияти фақат элга ош.
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Дунё сеникидир, ўйнасанг кулсанг,
Етмиш йил умрингни чин бахт деб билсанг,
Аллох айтганига кўнмаган бўлсанг,
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Минглаб оят турар, олмадинг сабоқ,
Зулматли кечада излама чироқ,
Сенинг хаккинг йўқдир сўзлашга бундоқ
Мен хам яшагандим, демагин асло!

Йиғлаш керак йўлда отиб хандона,
Кетар бўлсанг хақдан қўрқмай мардона
Ўлиминг сен учун энг зўр тантана,
Мен хам яшагандим, демагин асло!

АЖАБ ЗАМОН

Кўчада не аҳвол, дея сўроқлаб,
Уйдан чиқмоқ учун эшик очармиз,
Қай томон тикилсак, фахший нигоҳлар,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Зинони оддий ҳол санагач башар
Валадиззино ҳам кундан–кун ошар,
Қизларнинг қараши кўзларни тешар,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Фарзанднинг кўзлари жовдирар ёна,
Ота не қиларин билмай парвона,
Тарбия нелигин билмаса она,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Сериал туфайли ҳамма овора,
Унда қора оқдир, оқ эса қора,
Момо, сизни севдим, деса невара
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Меҳмон сўролмаса мезбондан хаққин,
Гўзал сукунатни енгганда шовқин,
Етти ёт бегона Қардошдан яқин,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Узоқдан бир кимса йўлни пайпаслар,
Қалб кўзи атрофи ўралган ҳаслар
Кўр ҳассасин тепиб шодланса каслар,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Дунёнинг ишлари хўп қизиқ бўлди,
Ғариблар йиғлабон, фосиқлар кулди,
Эркакка уйланган эркаклар тўлди,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Ҳақиқий бузғунчи тийилолмайин
Оламни хорлагай кун ўтган сайин,
«Биз асли ислоҳчи» деёлгай кейин...
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Тўғри ўғри бўлди, чап йўл эса ўнг,
Қорилар пойгакда қалбан йиғлаб хўнг,
Уй тўри ҳофизни кутганидан сўнг,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Биродар, ўтмишмас, кетмайлик узоқ,
Тожигу, қирғиз ҳам, ўзбек-у қозоқ
Қорбобо, қорқизни десалар раззоқ,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

Бугун таъсир учун беҳол сўзимиз,
Қайсардан ҳам баттар ўғил-қизимиз,
Барига айбдор асли ўзимиз,
Ажаб замон бўлди, қайга қочармиз?!

ДАРҲОЛ...

Осмонда бир юлдуз кўринган бўлса,
Сарҳадсиз хилқатни эслагил дарҳол,
Бонагоҳ бахт қуши бошингга қўнса,
Тарк этар бир вақтни эслагил дарҳол.

Мусибат аслида бир неъмат дерлар,
Буни билмасликни мусибат дерлар,
Уйингни банд этса бетсиз қашқирлар,
Сабр ё тоқатни эслагил дарҳол.

Бошингга бир дардни юборди Раҳмон,
Энди фақат Ўзи айлагай омон,
Шунда ислом учун сарфланмаган он,
Бефойда сиҳатни эслагил дарҳол.

Онгинг кузатишдан атрофни толса,
Арзимас матодан бир таскин олса,
Ҳаёт абадийдек туюлиб қолса,
Сен ҳам бор рўйхатни эслагил дарҳол.

Амал курсисига ўтирғизсалар,
Турфа иқлимларни сен-ла кезсалар,
Охири қадрингни хорлаб эзсалар,
Ўчмас ҳақиқатни эслагил дарҳол.

Биров юрмаса гар чизган йўлингдан,
Дўстлар эргашмаса ўнгу сўлингдан,
Мўмин озор чекса сенинг қўлингдан,
Сураи Таббатни эслагил дарҳол.

Болам, чақам дейсан, қаддинг бўлди дол,
Лабингдан ёлғонлар учар мисли бол.
Уйинг уч қаватга етганда дам ол...
Тенги йўқ жаннатни эслагил дарҳол.

Ризқингда бўлса гар бир бурда нонинг,
Топиб келгусидир бир куни ёнинг.
Дунё денгизига шўнғиган онинг
Аллоҳга тоатни эслагил дарҳол.

Ташқари ноқулай, аёллар юпун,
Эр зоти бу ҳолга сармастдир нечун?!
Бугуннинг ҳолидан қутулмоқ учун
Асри саодатни эслагил дарҳол.

Сўнгги маслаҳатим, сал нари чопиб,
Бир уйга кириб ол, эшикни ёпиб,
Иймон саройида ҳаловат топиб,
Ўн икки ракаатни эслагил дарҳол.

ҚЎШНИНГГА ЯХШИЛИК ҚИЛ!

Кунларнинг бирида буюк пайғамбар
Бир сўзни айтмишдир айлаб андиша:
“Қиёмат барҳақ деб ишонсанг агар
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!”

Ҳар лаҳза ҳолига айлабон кўз-кўз,
Бирига ўн қайтар, ўнига-чи юз.
Бир коса шўрвами, ё бир ширин сўз...
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

Кўнглинг тусаганни унга ҳам тила,
Қалбинг риштасини мустаҳкам ула.
Боласин эркала, мушугин сила,
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

Гарчи ҳужум айлар зулм қасдида
Унга омонликдир осмон остида.
Ёмонлик қайтса ҳам, сабр устида
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

Иймонинг ўраган эҳромида у,
Эхтиросинг қучган илҳомида у.
Деярли меросхўр мақомида у
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!”

Бирдамлик ҳукмида бўлмоқ истасанг,
Валийлик мақомини олмоқ истанг,
Жамиятни сақлаб қолмоқ истасанг,
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

Бу мақом синовга дуч бўлган бало,
Ундан ўтолмаган юзлари қаро!
Сендан ёмон таом емасин асло
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!”

Онанг хизматини айлаб бемалол,
Отанг буйруғига лаббай деб дарҳол,
Девор остидаги дардга қулоқ сол,
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

Уйингдек ҳис қилгин ҳар хонасини,
Тақдиринг ҳисобла пешонасини...
Супуриб авайла остонасини
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!”

Эҳтимол айтарсан: ҳолим толди-да,
Унга муҳаббатим ортда қолди-да!”
Ишон, асқотади жаннат олдида
Қўшнингга яхшилик қилгин ҳамиша!

ЭМАСМУ?

Гулларни ҳидлашга уринган гўдак,
Манзара касб этса, латофатмасми?
Она ҳаловатин унутиб ҳалак...
Бул гўзал ҳодиса нафосатмасми?!

Қалби кўр кимсани буриб йўлидан,
Оқибат, ўнгидан ҳамда сўлидан
Олим хорлик чекса жоҳил қўлидан
Инсоният йўли ҳалокатмасми?

Оталар ўғилга бўлолмас ҳалал,
Намуна изидан кўчса мукаммал...
Оналар тарбия бермоққа маҳтал,
Биз минган кемалар фалокатмасми?

Бундан ҳам зиёда манзара кўриб,
Тамом даштликларга йўлларни буриб
Баъзилар ғафлатда кетарлар юриб...
Бу иш ҳақиқатга ҳақоратмасми?

ОДДИЯТ

Қари билганини пари билмайди,
Баъзан ҳақиқатни қари билмайди.

Ёш битта гўдакнинг тилидан ногоҳ
Гўзал калималар таралар беоҳ.

Касб этма ҳалойиқ динга киришни
Аллоҳ ўзи билар кимга беришни!

Илм билан инсон ёши улуғдир,
Илмсиз қария сўзи қуруқдир.

Гап ёшда деганлар хато қилдилар,
Гулгун умрларин адо қилдилар.

Гап бошда деганлар қилмайин хато
Авлодга илмни этдилар ато.

Тажрибадан маълум бўлган нарса шул:
Нодон хурдан афзал ақли расо қул.

Беш кунлик дунёга келдингми, оқил
Яшамоғинг асли ҳаммадан маъқул!

Шундагина тўғри роҳатланасан,
Ҳатто одамдайин овқатланасан.

Нафас олишни ҳам тўғри оласан,
Ҳандон отсанг, инсон бўлиб қоласан.

Оқиллик қоп-қора хона ичинда
Юрмоқлигинг эрур шамчироқ ила

Сўзим охирида гўзал бир хитоб,
Унга аҳли хилм айлагай жавоб:

Катталар ақлли бўлсинлар шояд
Бола ҳам боладек ўссин ниҳоят!

КУНДОШЛИК

Муҳаббатин айласа ато
Олов эмас, тутундир, дўстлар!
Марғилондан таралар садо:
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

Бир кун шодлик, эртаси қайғу,
Икки кунда турфа хил туйғу
Ойнинг ўн беш туни қоронғу,
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

Пайғамбарнинг аёллари ҳам
Дилларида тутмишдирлар ғам,
Қасрларда турса-да ҳар дам,
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

Армонларга қондош бўлибдур,
Дард болишга жондош бўлибдур,
Асли номи тундош бўлибдур,
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

Отабек деб бағрин тиғлаган,
Тунлар аросатда ухлаган,
Адолат не, билмай йиғлаган
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

Ҳар онида завжини деган,
Боласинмас, эр ғамин еган...
Эр бермоқлик жон бермоқ экан...
Кундош кўрган кун тундир, дўстлар!

ҚУРЪОНДАН АЙБ ИЗЛАБ ЎТИРМАНГ!

Лозим тутинг гўзал ҳаёни
Бу гулшанда сўзлаб ўтирманг,
Нишон қилсангиз ҳам дунёни
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Ишга солманг ноибларингиз,
Кўзга тушар ғойибларингиз,
Фош бўлади айбларингиз
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Мусҳафни жон дилдан қучингиз
У ўқилса дарҳол ўчингиз!
Фатҳага ҳам етмас кучингиз
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Лол қолади воҳа бахшиси,
Хор ўлади жами қаршиси!
Айбингизни изланг яхшиси
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Тарих гувоҳ хор бўлди Қорун,
Қўл кўтарган этилмиш сургун!
Шармандангиз чиқмасдан бурун
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Сичқон мушук олдида бедор
Ўйнагани мисоли шунқор,
Ем бўласиз бекордан-бекор
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Хом фикрдан турингиз йироқ,
Унинг сўнгги аламу, фироқ.
Инсон хато қилади, бироқ
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Кимки бунга чарчаса нолий
Гарчи бўлсин ҳокиму, волий
Билинг, барбир хатодан холий
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Насиҳатим олингу, ёнманг,
Бу ҳақиқат олдида тонманг!
Биродарим, кўп ҳам чиранманг
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Ушбу сўзим оғир бўлса-да
Қабул қилинг умид сўлса-да
Омадингиз роса кулса-да
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Кийсангиз ҳам либослар башанг,
Сал тузукроқ одамга ўхшанг,
Ундан кўра келинг, тинч яшанг,
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Аҳволингиз охири тайин
Журъат қилманг бунга атайин.
Хор бўласиз айтиб қўяйин
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

Насиҳатларимни ҳис қилинг,
Хайруллони дўстим деб билинг
Бошқа китоб бераман, келинг,
Қуръондан айб излаб ўтирманг!

ЎЗБЕКЛАРГА НИМА БЎЛЯПТИ?

Борган сари гуноҳ тўляпти,
Ҳолимизга ҳамма куляпти,
Бутун дунё ҳайрон турибди:
Ўзбекларга нима бўляпти?

Бир пайтлар муаллим бўлган,
Етмиш минглаб ҳадислар билган
Бухорийни тарбия қилган
Ўзбекларга нима бўляпти?

Тўғри йўлни кулиб кўрсатган,
Ҳақиқатнинг ўрнин ўрнатган
Навоийга ҳарф ўргатган
Ўзбекларга нима бўляпти?

Тинмас кўча кўйда яллалар,
Қайда қолди гўзал паллалар -
Термизийга айтган аллалар
Ўзбекларга нима бўляпти?

Илм сочган даври хурликда,
Бугун эса тамом хўрликда
Пешқадамдир порахўрликда...
Ўзбекларга нима бўляпти?

Султон бўлган юрак қўрида,
Ҳукм қилган сарой тўрида,
Хизмат қилар қозоқ ерида
Ўзбекларга нима бўляпти?

Заҳар иси келар болидан,
Ҳароми кўп топган молидан,
Туркман хатто кулар ҳолидан
Ўзбекларга нима бўляпти?

Йигитлари топиб дугона,
Хоҳлаганда қилар жонона.
Қизларига ҳаё бегона
Ўзбекларга нима бўляпти?

Шоирлари мансаб талашар,
Пешволарни мақтаб талашар,
Мўминлари мазхаб талашар,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Отилгандек мисли палахмон,
Ватангадо ҳолида хамон
Рус ерида хору саргардон,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Фарзлари амал қилмайди,
Суннатларни писанд илмайди,
Ҳаққин талаб қилиш билмайди,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Бугун ҳайрон Ибни Синолар
Авлоди хўп кезиб дунёлар
Тополмас қалбига даволар...
Ўзбекларга нима бўляпти?

Мўминлиги даъводан ташкил,
Ҳаёти кайф-сафодан ташкил,
Эҳсонлари риёдан ташкил
Ўзбекларга нима бўляпти?

Фарҳодига минглаб Ёсуман,
Нурларини беркитар туман -
Урф-одатга мутеъ тамоман
Ўзбекларга нима бўляпти?

Қодирийни сотгани етмай,
Беҳбудийни отгани етмай,
Бугун қўймас яхшини тутмай,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Ёқмас биров ҳақ сўз гапирса,
Тағин ҳақни излаб лоф урса?!
Дин деганнинг сўзин тупурса
Ўзбекларга нима бўляпти?

Четдан келган ҳар қандай одам
Ҳайрон бўлар ташласа қадам
Ҳамма учун тунда ёққан шам,
Ўзбекларга нима бўляпти?

Қаён борсам, халқим қилар тўй,
Мижози-чи айтилгандек “қўй”!
Хайруллони ўйлатар бир ўй:
Ўзбекларга нима бўляпти?

АЛАМЛИ ДУНЁ

Фироқ дарёсида ювилмаганлар,
Таклиф ҳам қилинмай, қувилмаганлар,
Тунларнинг қўйнига ғарб бўлиб яшар
Умрида бир бора севилмаганлар!

Ҳаёт саҳнасида афсона гўё,
Бахт билан эгизак дурдона гўё,
Армон деган сўзга бегона гўё
Умрида бир бора севилмаганлар!

Муҳаббат сўзини ёт сўздек тинглар,
Ҳижрон калимасин ўзича англар.
Кулгуси йиғига аралаш янграр
Умрида бир бора севилмаганлар!

Шамол ҳам ғамзода кўксини ўпмас,
Тунда кўзларини хотиржам ёпмас,
Қасрларда яшаб ҳаловат топмас
Умрида бир бора севилмаганлар!

Бахтлилар даврасин забт этар аҳдсиз,
Подшоҳдир у, аммо саройсиз, тахтсиз!
Бахтсизлар ичида асли энг бахтсиз
Умрида бир бора севилмаганлар!

Биттагина дилга зорланиб яшар,
Ҳар ким сиғар йўлда торланиб яшар,
Кўзгуга қарашга орланиб яшар
Умрида бир бора севилмаганлар!

Олган нафаслари туюлар мавҳум,
Вужуди бор эса руҳи чин марҳум!
Ҳақиқий ва мангу йўқликка маҳкум
Умрида бир бора севилмаганлар!

Уларнинг қалбига муҳаббат қози,
Қишдан совуқ кечар баҳори, ёзи.
Ўлимга индамай бўларлар рози
Умрида бир бора севилмаганлар!

ЭР ҚАДРИГА ЕТМАС ХОТИНЛАР!

Атрофларин қоплаб тутунлар
Жаҳаннамга бўлғай ўтинлар,
Хоҳ бўлса ҳам улар отинлар...
Эр қадрига етмас хотинлар!

Парчалабон кўнгил кемасин
Ўзича дин ғамин емасин,
Ойишани онам демасин
Эр қадрига етмас хотинлар!

Хорлаб гўё гул сабрларин,
Кўрсатарлар минг жабрларин,
Топтагайлар ўз қадрларин
Эр қадрига етмас хотинлар!

Жалолатга айлама имо,
Эр зотига келтирар бало,
Аёлликдан қилишсин ҳаё
Эр қадрига етмас хотинлар!

Кўролмайин суворийларни,
Хис қилмайин хаворийларни,
Туғолмаслар Бухорийларни
Эр қадрига етмас хотинлар!

Аллоҳ динин ғамин есинлар,
Ва хурмат-ла динга келсинлар,
Энди нима деса десинлар
Эр қадрига етмас хотинлар!

Суҳбатлари дилга болишмас,
Жоҳиллардан асло қолишмас,
Жаннатга ҳам ета олишмас
Эр қадрига етмас хотинлар!

Майли, бугун ўйнаб куларлар,
Эртан қаттиқ афсус қиларлар,
Ерга кириб балким биларлар
Эр қадрига етмас хотинлар!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9 февраль ndash Алишер Навоий таваллуд топган кун Алишер Навоий милодий 1441 йилнинг 9 февраль, ҳижрий 844 йилнинг 14рамазонда ўша пайтдаги Темурийлар пойтахти ва илмий давоми...

1188 17:13 / 08.02.2023
Халқ орасида .Сўфи Оллоёр, номи билан машхур .Саботуложизин, асари Мовароуннаҳр ўлкаларида XX асрга қадар мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган. Ўкувчилар давоми...

7611 05:00 / 07.03.2017
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи ndash мамлакат давлат суверенитетининг давоми...

659 13:42 / 18.11.2023
Ҳар кўнгил кўшкининг гулзори бордир,Ҳар кўнгил боғининг хумори бордир.Гар қайтиб кўрмасанг ўкинма сира,Жаннат жамолида такрори бордир. Соғларнинг ҳар сўзи давоми...

1180 12:20 / 16 январь
Аудиолар

120107 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41773 14:35 / 11.08.2021