1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Улфатчилик ва дўстлик ҳуқуқлари (2)

23:20 / 17.05.2017 4675 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки, елкасини унинг устига қўяди ва: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми», деб гуноҳларини санайди. У: «Ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилдириб бўлганидан сўнг унга: «Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», деганлар.

Бешинчи ҳақ: дўстнинг қоқилиш ва тойилишларини афв қилиш.

Одатда дўстнинг хатоси динда ёки сенинг ҳаққингда бўлади. Унинг хатоси динда бўлса, лутф билан насиҳат қилиш керак бўлади. У насиҳатни қабул қилиб, ўзини ўнглаб олса, айни мурод. Аммо насиҳатни қабул қилмаса-чи?

Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Қачон дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни ўша сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деган.

Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртага уни тарк қилиши бор», деган.

Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узилгунча давом этади. Умид узилганда эса у билан алоқани кесишга тўғри келади.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу:

«Қачон дўстинг ўз ҳолидан тескарига ағдарилиб қолса, уни нима учун яхши кўрган бўлсанг, шунинг учун ёмон кўр», деган.

Дўстнинг хатоси ва қоқилиши сенинг ҳаққингда бўлса, афв этиш, сабр қилиш ва яхшиликка йўйиш керак бўлади.

Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳи:

«Уч нарсага сабр қилиш дўстнинг ҳаққидандир: Ғазабдаги зулмга, ҳуши учгандаги зулмга, қоқилгандаги зулмга», деган.

Абу Сулаймон Дороний Аҳмад ибн Абул Ҳаворийга:

«Бу замонда биров билан дўст бўлсанг, уни ундаги сен ёқтирмаган нарса сабабидан койимагин. Тағин, ўшанинг жавобига аввалгисидан ҳам ёмонроқ нарсага дучор бўлиб қолмагин», деган.

Олтинчи ҳақ: дўстнинг ҳаққига дуо қилиш.

Киши ўз дўсти ҳаққига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзи учун нимани сўраса, дўсти учун ҳам шуни сўраб дуо қилади.

Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:

«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Бизга яхшилик сўраб дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ҳар сафар ўз биродарига яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди», дер эдилар», деди.

Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим. У ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари керак.

Дўст йўқлигида орқасидан қилинган дуо мақбулдир.

Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «Омин», деб туради.

Ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етади.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу:

«Мен етмишта дўстимга саждамда номларини айтиб дуо қиламан», деган.

Еттинчи ҳақ: дўстга вафодор бўлиш ва унга ихлос қилиш.

Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббатида то ўлгунча собит туришдан, ўлимидан кейин унинг болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясида бўладиган етти тоифа ҳақидаги ҳадисларида жумладан, шундай деганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«...Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши...»

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Яъни то ўлгунича, деганлари.

Баъзи улуғларимиз:

«Ўлгандан кейин қилинган озгина вафодорлик тирикликдаги кўпидан яхшидир», дейишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, «Буни Фулонага олиб бориб беринглар. У Хадижанинг дугонаси эди. Буни Фулонанинг уйига олиб бориб беринглар. У Хадижани суяр эди», дердилар».

Бухорий «Адаб ал-Муфрад»да ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот менинг олдимдаликларида бир кампир келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Сен кимсан?» дедилар.

«Мен Жассома Музанийяман», деди.

«Йўқ. Сен Ҳассона Музанийясан! Сизлар қандайсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея сўраб кетдилар.

«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.

У чиқиб кетганидан кейин:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик эҳтиром кўрсатдингиз?» дедим.

«У Хадижанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир.

Дўстнинг динда йўл қўйган хатоларига рози бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдир.

Дўстнинг фироқига ҳасрат-надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир.

Ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.

Дўсти ҳақидаги чақимчиликка қулоқ солмаслик ҳам унга бўлган вафодорликка далолат қилади.

Бир одам донишманднинг олдига келиб:

«Дўстлигингга совчи бўлиб келдим», деди.

«Маҳрига уч нарсани сўрайман», деди.

«Улар нималар?» деди.

«Менинг ҳақимдаги чақимчиликка қулоқ солмайсан, менинг ишимга хилоф қилмайсан, мени кўр-кўрона тасдиқламайсан», деди.

Дўстининг душманига дўст бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Қачон дўстинг душманингга итоат қилса, иккиси сенга душманликда шерик бўлибди», деганлар.

Саккизинчи ҳақ: енгиллик ва ортиқча такаллуфни тарк қилиш.

Киши дўстига оғир келадиган нарсани раво кўрмаслиги керак. Бошқача қилиб айтганда, унга оғирлигини солмаслиги лозим. «Менинг оғиримни енгил қилсин», «мендан хабар олиб турсин», «ёрдамимга доим шай турсин» каби талабларни хаёлига ҳам келтирмагани яхши. Мусулмон дўстига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди, унинг дуосидан умидвор бўлади, уни кўришдан унс топади, унинг ҳақларини адо қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади ва динига ёрдам олади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Дўстларнинг ёмони сени тангликка солгани, мудорога муҳтож қилгани ва узр айтишга мажбур қилганидир».

Баъзи машойихлар демишлар:

«Ким дўстларидан улар ундан талаб қилмаган нарсани талаб қилса, уларга зулм қилган бўлади. Ким дўстларидан улар ундан талаб қилган нарсани талаб қилса, уларни заҳматга қўйган бўлади. Ким дўстларидан ҳеч нарса талаб қилмаса, уларга фазл кўрсатган бўлади».

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Икки киши Аллоҳ учун дўст бўлса-ю, улардан бири бошқасидан тортинса ёки уялса, албатта, иккисидан бирида иллат бўлади».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ризқ талаб қилиш одамлар учун раҳматдир. Улар бу ишни ўзларига ризқ етиб келгунча нафсларига таскин бериш учун қиладилар. Зотан, нафс муҳтож бўлса, қўлида фазл бор давоми...

5016 09:00 / 02.08.2021
Инсон истеъмол қиладиган маҳсулотларнинг асосий қисми ndash 65 фоизини мева ва сабзавот, шунингдек, ҳар хил дондундан тайёрланган нон ва бўтқалардан иборат бўлиши, 13 давоми...

3181 11:51 / 18 февраль
Жанубий Кореяда аёлим ва уч ёшлик қизим билан яшаётганимизга сал кам бир йил тўлган маҳаллар, ноябрь ойининг ўрталари эди. Биз талабалар учун куз фасли бироз давоми...

6237 17:00 / 01.07.2022
295 Абу Туфайлдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жиъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Ўша кунларда мен ёш бола эдим. Туя гўштининг давоми...

6000 18:00 / 07.07.2017
Аудиолар

118740 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40701 14:35 / 11.08.2021