1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Улфатчилик ва дўстлик ҳуқуқлари (1)

23:10 / 17.05.2017 4922 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир инсоний алоқада ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқ ва мажбурият бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва масъулиятлари бор. Руҳий тарбия бўйича мутахассис уламоларимиз мазкур ҳақлар саккизтадан иборат эканини айтганлар ва уларни бирма-бир шарҳлаб берганлар.

Биринчи ҳақ: молдаги ҳақ.

Дўстларнинг дўстлиги тугал, мақсадлари бир бўлса, худди бир шахсга ўхшаб қоладилар. Бу эса ўз навбатида хурсандчилик ва хафачиликда, ҳозирда ва келажакда шерик бўлишни тақозо қилади. Бу шериклик молу дунёга ҳам тегишли бўлиб қолади. Мол-дунё масаласида дўстларнинг муносабати уч даражага тақсимланади:

Биринчи даража: Мол эгаси дўстни ўз ходими билан баробар кўради. Унга ўзидан ортиб қолган молни сарфлайди. Дўстининг ҳожати тушиб қолса, сўрамасидан олдин ўзидан ортиб турган молини унга беради. Агар мол эгаси муҳтож дўстининг сўрашига қараб турса, дўстлик ҳаққини адо этишда нуқсонга йўл қўйган бўлади.

Иккинчи даража: Мол эгаси дўстини ўз ўрнида кўради, уни молига шерик қилади. Молининг ярмини дўстиники деб билади. 

Учинчи даража: Бу олий даража бўлиб, унда мол эгаси дўстини ўзидан устун қўяди. Молини ўз ҳожатидан аввал дўстининг ҳожати учун сарфлайди. Бу сиддиқларнинг даражасидир. Аллоҳ таоло учун бир-бирига муҳаббат қилганлар даражасининг энг юқорисидир. Молни бундай сарфлашга ҳозирлик дўсти учун жонини ҳам аямаслигини кўрсатади.

Ушбу зикр қилинган уч даражадан бирига эришмаган одам дўстликнинг энг паст даражасига ҳам етмаган бўлади.

Олий даражадаги дўстликнинг васфида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шууро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар» (Шууро сураси, 38-оят). 

Аллоҳ таоло Нур сурасида:

«Сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (танглик) йўқдир», деган (61-оят).

«Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар бўлаверади.

«Дўст» деганда ишончли дўст, биродари унинг уйидан изнсиз таом еса, хурсанд бўладиган дўст кўзда тутилгандир.

Имом Зуҳрий Оиша онамиздан қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйларининг калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, «Ҳожатингиз тушганда ейишни сизга ҳалол қилдик», деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ таоло ҳам изн берган.

Олий даражадаги дўстлик ҳақида ибратомуз ривоятлар анчагина. Қуйида улардан баъзилари билан танишиб чиқамиз:

 – Улар моллари ва нарсаларини аралаштириб юборган бўладилар. Агар бирортаси «менинг кавушим» деган иборани ишлатса, ундан юз ўгирадилар. 

 – Фатҳ ал-Мусилий дўстининг уйига борса, у уйида йўқ экан. Уйдагиларга сандиқни олиб чиқишни амр қилди. Жория сандиқни олиб чиқди. У ўзига керак нарсани олиб, кетди. Хўжайин келганда жория унга бўлган иш ҳақида хабар берди. У севиниб кетганидан:

«Агар гапинг рост бўлса, Аллоҳнинг розилиги учун озодсан!» деди.

 – Бир киши Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг олдига дўстлик истаб келди:

«Дўстликнинг ҳаққини биласанми?!» деди.

«Сен менга билдир», деди.

«Диноринг ва дирҳамингга мендан ҳақлироқ бўлмасин», деди.

«Ҳали бу даражага етганим йўқ», деди.

«Ундай бўлса, йўлингдан қолма!» деди Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу.

 – Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу бир кишига:

«Сизлар бир-бирингизнинг чўнтак ва ҳамёнингизга рухсатсиз қўл солиб, истаган нарсани олаверасизларми?» деди.

«Йўқ», деди.

«Ундай бўлса, дўст эмас экансизлар», деди.

 – Масруқ раҳматуллоҳи алайҳи кўп қарз бўлиб қолган экан. Унинг дўсти Ҳайсама ҳам қарздор экан. Масруқ Ҳайсамага билдирмай, унинг қарзини тўлаб қўйди. Ҳайсама ҳам Масруққа билдирмай, унинг қарзини тўлаб қўйди. 

Иккинчи ҳақ: ҳожатини чиқаришда ёрдам бериш.

Бу ишнинг ҳам бир нечта даражалари бор. 

Унинг энг паст даражаси ёрдам сўралганда, қудрати етса, очиқюзлик, сурур ва хурсандчилик билан ёрдам бериш. 

Баъзилар: «Агар дўстингдан ҳожатингни чиқаришни сўрасанг, у бу ишни қилмаса, яна бир бор эсига сол. Унутиб қўйган бўлиши мумкин. Агар ўшанда ҳам қилмаса, унга такбир айтиб қўявер», дейишган.

Ибн Шубрума дўстларидан бирининг муҳим ҳожатини чиқарганда, дўсти унга совға олиб келди. 

«Бу нима!?» деб сўради Ибн Шубрума.

«Ҳожатимни чиқарганинг учун», деди.

«Ол молингни! Аллоҳ сенга офият берсин! Агар дўстингдан ҳожатингда ёрдам сўрасанг ва у сенга ёрдам бермаса, намозга таҳорат қил-да, уни ўлган санаб, тўрт такбир айтиб, жанозасини ўқиб қўявер», деди Ибн Шубрума. 

Салафи солиҳлардан баъзилари ўз дўстининг вафотидан кейин қирқ йил унинг болалари ва аҳли аёлидан хабар олиб турган. Ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб, ўз молидан уларни таъминлаб турган. Фарзандлар оталаридан кўрмаган баъзи нарсаларини унинг дўстидан кўришган.

Улардан баъзилари дўстига билдирмай, унинг оиласидан хабар олиб турган. «Туз борми, ёғ борми, нима етишмайди?» деб сўраб турган.

Дўстлардан доимо хабар олиб туриш шариатда яхши саналган ишлардандир.

Учинчи ҳақ: тилни тийиб, сукут сақлаш.

Бунда банда дўстининг айблари ҳақида гапиришдан, уни ғийбат қилишдан, у билан талашиб-тортишишдан ва унинг ҳақида чақимчилик қилиш ҳамда ёмонлиги ҳақида савол беришдан тилини тийиб, сукут сақлайди.

Бу ишни амалга оширишда икки нарса ёрдам беради.

Биринчиси: ҳар ким ўзига назар солсин. Агар ўзида камчилик борини билса, ўзгани ҳам ўзидек кўрсин ва камчилигини афв этсин. Беайб фақат Ҳақ таоло эканини унутмасин.

Иккинчиси: Агар айби йўқ инсонни истайдиган бўлсанг, одамлар ичидан топа олмайсан. Дўст топиш мумкин бўлмай қолади.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: 

«Мусулмонлар ичида Аллоҳ таолога тоат қилиб, маъсият қилмайдигани ва аксинча, маъсият қилиб, тоат қилмайдигани бирорта ҳам йўқ. Кимнинг тоати маъсиятидан кўп бўлса, ўша адолатлидир», деганлар.

Дўст ҳақида ёмон гапиришдан тилни тийиш билан бирга, у ҳақида ёмон гумон қилишдан дилни ҳам тийиш керак.

Банда дўсти билан ўзининг орасидаги сирни очмаслиги керак.

Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сир айтдилар. Мен унинг ҳақида ҳеч кимга хабар бермадим. Батаҳқиқ, мендан Умму Сулайм сўраганда унга ҳам хабар бермадим».

Икки шайх ривоят қилишган.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Анас розияллоҳу анҳунинг оналари бўлади. Бировнинг сирини ҳеч кимга айтмаслик кераклиги шу ҳадиси шарифдан келиб чиқади. Биров томонидан сўзланган сир омонат ҳисобланиб, сир эгасининг изнисиз уни бошқа одамга айтиш хиёнатдир.  

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон киши бир гапни айтса-ю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бундай пайтда ўша гап соҳиби «Гапимни бировга айтма», деб таъкидлаши шарт эмас. Ўша, биров эшитиб қолмадимикан, деган маънода аланглаб қараб қўйишининг ўзи етади. Ким мазкур ҳолдаги гапни бошқаларга айтса, омонатга хиё­нат қилган бўлади.

Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни айтганлар:

«Сени анави одам (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу) шайхлардан олдинга ўтказаётганини кўрмоқдаман. Мендан қуйидаги беш нарсани ёдлаб ол: Унинг сирини зинҳор фош қилмагин, унинг ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмагин, унинг олдида каззобни фош қилма, унинг амрига хилоф қилма, у сендан зинҳор хиёнат кўрмасин».

Шаъбий: 

«Ушбу беш нарсанинг ҳар бир сўзи мингдан афзалдир», деган.

Абу Саъид Саврий:

«Қачон бир киши билан дўст бўлмоқчи бўлсанг, аввал унинг ғазабини чиқар, сўнгра бировдан ўзинг ва сиринг ҳақида ундан фикрини сўрашини илтимос қил. Агар яхши гап айтиб, сирингни сақласа, у билан дўст тутин», деган.

Банда ўз дўсти билан талашиб-тортишишдан ҳам тилини тийиши зарур. 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки, у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. 

Ким ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. 

Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган. 

Абу Довуднинг лафзида:

«Мен ўзи ҳақ бўлатуриб, талашиб-тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дейилган.

Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб-тортишиш, балки ҳақ бўла туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки талашиб-тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду ҳасад ва адоват солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса, талашиб-тортишмай, бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади.

Дўстлик айтишиш ва талашишда эмас, балки бир-бирига мувофиқ бўлишдадир.

Машойихлар: «Дўстингга «Тур, кетдик», деганингда «Қаёққа?» деса, уни тарк қил. Агар у дарҳол «Кетдик», деса, суҳбатида бардавом бўл», демишлар.

Абу Сулаймон Дороний айтади:

«Ироқда дўстим бор эди. Оғир пайтларда унинг олдига бориб, «Молингдан бериб тур», десам, олдимга халтасини отар ва мен керагини олардим. Бир куни олдига бориб:

«Бир нарсага ҳожатим тушди», дедим.

«Қанча истайсан?» деди.

Унинг билан дўстлик ҳаловати қалбимдан чиқди». 

Тўртинчи ҳақ: тил билан нутқ қилиниши лозим нарсалар.

Албатта, дўстликнинг ҳаққи дўстнинг айблари ва унинг ҳақидаги ёқимсиз гапларни гапиришдан сукут сақлаш билан чегараланиб қолмайди. Аслида, гаплашиш ва гапириш учун дўст бўлинади. Шунинг учун ҳам дўстга гапириладиган ва унинг ҳақида айтиладиган нарсаларда дўстлик ҳаққи жорий қилинган.

1. Аввало уни дўст тутиш ҳақида унга хабар бериш керак.

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

«Анас розияллоҳу анҳу:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен мана шуни яхши кўраман», деди.

«Буни унга билдирдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Унга билдир», дедилар.

У унинг ортидан етиб борди ва:

«Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман», деди.

Сен мени ким учун яхши кўрсанг, У Зот ҳам сени яхши кўрсин», деди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга бу хабарни етказмоғи керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади.  

Язийд ибн Нуъома Заббийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши бошқасини яхши кўрса унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканлигини сўрасин. Бу, албатта, дўстликни мустаҳкамлайди», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

2. Дўстининг олдида ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли исми билан атасин.

«Умар розияллоҳу анҳу:

«Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: унга йўлиққанингда аввал салом беришинг, уни ўзи учун энг маҳбуб исми ила чақиришинг ва мажлисда унга жой беришинг», деган».

Ибн Муборак ривоят қилган.

3. Дўстингнинг мақталишини ёқтирадиган одам ҳузурида унинг ҳақида билган яхши сифатларини айтиб мақташинг.

Бу иш унинг обрўсини орттиради ва сенга бўлган муҳаббатини зиёда қилади.

4. Кези келганда дўстингнинг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини ҳамда сенга қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб туришинг.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу:

«Ким ўз дўстини яхши ният ила мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деган.

5. Дўстинг ҳақида ёқимсиз гап эшитганингда дарҳол уни ҳимоя қилишинг унинг дўстлик ҳаққидир. 

Бу ишни қилмаган одам дўстлик ҳаққини поймол қилган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса, ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро, мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам, биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.

6. Билмаган нарсасини таълим бериш.

Агар сен дўстинг билмайдиган нарсани билсанг, унга ўша нарсани ўргатишинг керак. Чунки дўст молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтождир. Бинобарин, унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни билсанг, ўргатиб қўй.

7. Керак бўлганда насиҳат қилиб туриш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг кўзгусидир. Агар унда кирни кўрса, артиб қўйсин», дедилар»дейилган.

Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида бировга унинг айбларини айтиб, йўл кўрсатиб насиҳат қилиш яккама-якка бўлади. Бу ишни бошқанинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ-пўписа бўлади. 

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади», деганлар.

Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳига:

«Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейилди.

«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, яхши кўраман. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», деди.

Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(руҳий тарбия китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй Одам болалари Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси ndash ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг давоми...

6183 11:00 / 12.07.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Одамлар қачон меванинг аввалини кўрсалар, уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келар эдилар. У зот уни олиб давоми...

4381 15:44 / 24.03.2018
Милодий 11211269 йиллар орасида Шимолий Африка, Андалус ва Ғарбий Саҳро давлатларига ҳоким бўлган Муваҳҳидлар Давлатининг асосчиси Абдул Муъмин пойтахт Марокаш давоми...

1981 16:45 / 31.12.2023
Балоғатга етган мусулмон эркак учун авратини тўсадиган кийим кийиши фарздир..Аврат, сўзи луғатда .нуқсон,, .айб, деган маъноларни билдиради. Шариатда, беркитилиши давоми...

11644 18:00 / 30.05.2021
Аудиолар

118783 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40733 14:35 / 11.08.2021