1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Уч аврат ҳақида

05:00 / 14.02.2017 5044 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Шиҳоб Саълаба ибн Абу Молик Қаразий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«У киши улов миниб, уч авратга риоя қилганлиги билан машҳур бўлган Абдуллоҳ ибн Сувайднинг (Ҳориса ибн Ҳориснинг акалари) ҳузурига уч аврат нималигини сўрагани борди. У шуларга амал қилар эди. У менга:

«Нима истайсан?» деди. 

«Улар (уч аврат)га амал қилмоқчиман», дедим.

«Туш пайти кийимларимни ечганимда ҳузуримга аҳлимдан балоғатга етган бирор киши кирмайди. Илло изним ила киради. Илло ўзим чақирсам киради. Бу унинг учун изндир. Шунингдек, тонг пайтида, одамлар ҳаракатга тушиб. намоз ўқилмагунча ҳам. Хуфтонни ўқиб, ечиниб ётганимдан сўнг то ухлагунимча ҳам», деди».


Шарҳ: Бу ўта муҳим нарса. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бунинг баёнида «Нур» сурасида ояти карима ҳам нозил қилган. Исломда бегона киши уйга, ҳовлига кирмай туриб изн сўраши шарт. Шу уйда яшайдиган маҳрамлар ҳовлига изнсиз киришлари мумкин, лекин юқорида айтилган уч вақтда бир киши ётган хонага киришдан аввал албатта изн сўралади. 

Бундай пайтларда инсон шариат рухсат берган даражада ечиниб, дам олиб ётган бўлиши мумкин. Шу пайтларда ҳатто ўз аҳлидан бўлган кишилар ҳам кириб қолиб, ноқулай ҳолатга тушиб қолмаслик учун шундай юксак маданиятни барпо қилувчи қоида йўлга қўйилган. 

Баъзи саҳобалар ўша ояти карима нозил бўлганда «Ё Аллоҳнинг Расули! Мен онамга хизмат қиламан. Ўша хизматга ҳам ҳар сафар рухсат сўраб кираманми?» деганларида «Ҳа, бўлмаса онангни кийимсиз кўрмоқчимисан?» деб жавоб берган эканлар.

Демак, саҳарда, тушда ва тунда бир оиланинг аъзолари ҳам бир-бирининг олдига киришдан аввал изн сўраши керак экан. Бу Аллоҳ Таолонинг каломида айтиб қўйилган ғоятда муҳим масала экан.

Келинг, Қуръони Каримнинг «Нур» сурасидаги мазкур ояти каримани батафсил ўрганайлик. Аллоҳ таоло ул оятда марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир» (58-оят).

Олдинги оятларда бировнинг уйига кириш учун албатта изн сўраш лозимлиги айтилган эди. Ушбу ояти каримада эса, уй ичидагиларнинг бир-бирлари олдига кириши учун изн сўраши кераклиги ҳақида гап юритилмоқда.

Аввалда қул ва чўрилар, ҳозирда уй хизматчилари одатда хонадон ичида аралашиб юрадилар. Шунингдек, кичик ёшдаги болалар ҳам. Кўплар бу ҳолатларга писандсизлик билан қарайдилар. 

Аслида эса, бу қул, бу чўри ёки бу ўзимизнинг хизматчимиз-ку, ёхуд, бу ўзимизнинг балоғатга етмаган кичик боламиз-ку, демасдан, ҳушёр бўлиш керак. Қул ва хизматчилардан ҳам авратни эҳтиёт қилган маъқул. Болаларнинг эса, одоб-ахлоқ доирасида тарбия топишларига аҳамият бериш керак. 

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу ишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръони Каримда оятлар тушириб, унинг ҳукмини баён қилмоқда.

«Эй иймон келтирганлар!қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар».

Яъни, қул ва чўриларингиз ҳамда балоғатга етмаган кичик ёшдаги болаларингиз сиз турган хос жойга киришдан олдин уч вақтда изн сўрасинлар. Ўша вақтларнинг биринчиси:

«...бомдод намозидан олдин...»

Чунки бу вақтда одам ҳали ўрнида ётган бўлади. Агар улар изн сўрамай кирсалар, ноқулай ҳолат юзага келиши мумкин.

Иккинчиси:

«...пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда...»

Айниқса, Қуръон нозил бўлган иссиқ ўлкаларда пешин вақтида ечиниб, салқинлаб, дам олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Бу пайтда ҳам изнсиз кириш ноқулай ва гуноҳ ишга сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур вақтларнинг учинчиси:

«...хуфтон намозидан сўнг».

Бу вақтда ҳам кишилар ечиниб, дам олаётган бўлади.

«(Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир».

Яъни, авратлар очиладиган вақтдир. Шунинг учун қул ва чўрилар ҳам, балоғатга етмаган ёш болалар ҳам изн сўраб кирсинлар.

«Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ».

Яъни, ўша вақтлардан бошқа пайт қул-чўриларингиз ва балоғатга етмаган ёш болаларингиз изн сўрамай кирсалар, ҳеч бирингизга гуноҳ йўқ. Чунки:

«Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз».

Одатда хизматчилар ва ёш болаларнинг кириб чиқишлари кўп бўлади. Уларга ҳар киришда изн сўраш жорий қилинса, қийинчилик туғилади. Шунинг учун мазкур аврат вақтларидан бошқасида изн сўрамай киришларига рухсат берилди.

«Аллоҳ сизларга оятларни ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи, ўта ҳикматли зотдир».

Унинг ҳар бир ояти, ҳар бир ҳукми илмга, ҳикматга асослангандир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Валимага уламоларимиз, никоҳ муносабати билан одамларга зиёфат уюштириш деб таъриф беришган. Чунки Пайғамбаримиз алайҳи салом айтганларки Келинга валима зиёфат давоми...

7205 05:00 / 15.02.2017
ОТАОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ БАЪЗИ КЎРИНИШЛАРИ ЁҲУД МУШТИПАР ОНАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИБу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. давоми...

4175 05:00 / 15.02.2017
ИЙЛОНИНГ БАЁНИИйлонинг луғавий ва шаръий маъноси Ийло луғатда аҳд қилмоқ, қасам ичмоқ деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда тўрт ой ёки ундан ортиқроқ давоми...

3169 05:00 / 15.02.2017
ЁЗМА ТАЛОҚСўз билан ёзув орасида баъзи ўринларда ҳусусий сабабларга кўра фарқ бўлсада, шариати исломияда оғзаки равишда қўйилган талоққа қандай ҳукм берилган давоми...

4146 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021