1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳанафийлик

Тўрт фиқҳий мазҳабнинг ҳақ экани борасида мусулмон умматининг ижмоъси

16:16 / 28.03.2017 5379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳий масалалар бўйича машҳур, маъруф ва мўътараф бўлган тўрт мазҳаб – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳақ эканлигига, уларга эргашиш зарурлигига мусулмон уммати ижмоъ қилган ва бу ҳақиқатнинг қуруқ гап эмаслигини таъкидлаш учун бу хусусдаги барча маълумотлар, илмий хулосалар ўша вақтдаги турли китобларга битиб ҳам қўйилган. Улардан баъзи иқтибослар келтиришга ижозат бергайсиз.

- Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия» номли китобида қўйидагиларни ёзади: «Аллоҳ таоло ўз ҳикмати тақозоси ила динни ушлаш ва муҳофаза қилиш учун одамларга имомларни чиқариб берди. Уларнинг илмлари, билимлари, фатво ва ҳукмлар илмида кўзланган мақсадга эришганларини ҳамма тан олар эди. Улар раъй ва ҳадис аҳлидан эдилар. Барча одамлар фатвода уларга мурожаат қиладиган, ҳукмларни билишда ҳам уларга қайтадиган бўлишди. Аллоҳ таоло улар учун мазҳабларини тартибга соладиган ва қоидаларини таҳрир қиладиган зотларни қоим қилди. Охир-оқибат улардан ҳар бир имомнинг мазҳаби, услуби, қоидалари ва фасллари аниқланди. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги калом тартибга солинадиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами, ушбу динни муҳофаза қилиш сабабларидан бўлди».

 Ибн Ражаб Ҳанбалий раҳматуллоҳи алайҳи тўрт мазҳабдан бошқага эргашиб бўлмаслигининг сабабини баён қилиб, мазкур рисоласида қуйидагиларни ёзади: «Чунки улардан бошқа мазҳаблар машҳур бўлмаган ва тартибга солинмаган. Шунинг учун улар айтмаган нарсаларни уларга нисбат бериш эҳтимоли бўлади. Ирода қилмаган нарсаларини улардан дея фаҳмланади. Ҳолбуки, уларнинг мазҳабини ҳимоя қиладиган кимса йўқ».

- Имом Бадруддин Заркаший «Баҳрул муҳийт» китобида ёзади: «Мусулмонлар ҳақ ушбу мазҳабларда эканига иттифоқ бўлганлар. Шунинг учун улардан бошқасига амал қилиш жоиз эмас. Ижтиҳод ҳам фақатгина уларда бўлади».

  - Шайх Муҳаммад Хизр Жанги Шинқитий ўзининг ушбу масала бўйича таълиф қилган китобида шундай ёзади: «Бугунги кундаги ижмоъ қилингани тўрт мазҳабдир. Улар: имом Молик, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал. Батаҳқиқ, барча уламолар мазкурлардан бошқа мужтаҳиднинг мазҳабига эргашишни ман қилганлар».

- Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Инсоф» номли китобида қўйидагиларни ёзади: «Албатта, ушбу девон тузилиб, таҳрир қилинган тўрт мазҳабга эргашиш жоиз эканига уммат ёки унинг эътимод қилинадиганлари шу кунгача ижмоъ қилиб келишмоқда. Албатта, бунинг фойдаси очиқ-ойдиндир. Хусусан, ҳимматларимиз сустлашган, нафслар ҳавога берилган ва ҳар бир раъй эгаси ўз раъйига маҳлиё бўлган ушбу кунларимизда». 

Бунга ўхшаш гапларни истаганимизча келтиришимиз мумкин. Албатта, ушбу гаплардаги «эргашувчилар»дан мурод, мужтаҳидлик даражасига етмаган омма мусулмонлардир. Шу билан бирга, мазҳабга эргашиш деганда таҳорат ёки намоз бобининг ўзигина кўзда тутилмайди. Балки фиқҳнинг барча боблари, ипидан игнасигача кўзда тутилади. Мазҳаблар оддий ва ижтиҳод даражасига етмаган мўминлар учун, хусусан, бизга ўхшаган араб тилини билмаган, шаръий илмдан бехабар кишилар учун малҳамдек бўлиши турган гап.     

Уламоларимиз фиқҳий мазҳабларга амал қилиш айниқса бугунги кунда янада аҳамиятли эканини таъкидламоқдалар. Чунки фиқҳий мазҳабга амал қилиш ҳозирда мавжуд турли ихтилофлар ва келишмовчиликларнинг олдини олиб, ҳамма ўз мазҳабига амал қилган ҳолда, ўзга мазҳабларни ҳам ҳурматлашига сабаб бўлади.

Бугунги кунда бу масаладаги ихтилофлар асосан мазҳабни тан олмасликдан келиб чиқмоқда. Мазҳабни инкор қилувчиларнинг гап-сўзлари ва тасарруфлари кўпчиликни норози қилмоқда. 

Уларга: «Сиз айтгандек, мазҳабни қўйиб, бевосита Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга илмимиз етмаяпти, нима қилайлик?» дейилса, «Менга келинглар, тушунтириб қўяман» ёки «Фалончи устозимизга боринглар», дейишади. Фалончилар эса билиб-билмай, ихтилоф қилишади. Натижада бир босиб ўтилган йўлни яна қайтадан бошлашга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Ижтиҳод даражасига етмаган кишилар муайян бир мазҳабни ушлаши лозим», дейдилар. Шундай қилинганда, ихтилофдан сақланилади.

Шунингдек, бошқа мазҳабларга ва уларга эргашганларга ҳурмат билан қараш лозим. 

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар «талфиқ» дейдилар. Динда адашмаслик учун, маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим. 

Уламоларимиз: «Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат», дейишади. 

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган бизнинг юртимизга ўхшаш жойлар учун, замонамизга ўхшаш замонлар учун жуда ҳам зарур. 

Кези келганда, мусулмонлар жамиятининг доимо фиқҳга эҳтиёжи борлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Ҳар бир мусулмон ибодатларини шариат қонунлари асосида олиб бориши, муаммоларини ҳам шариат қонунлари асосида ҳал қилиши лозим. Бу қонунларни ўргатиш учун эса фиқҳ керак. Аввалги уламоларимиз қолдириб кетган улкан фиқҳий меросдан самарали фойдаланишимизнинг ўзи етмайди. 

Чунки аввал таъкидлаганимиздек, ҳаёт ўзгариб туради. Шу туфайли янгидан-янги масалалар ҳам пайдо бўлиб бораверади. Бу масалаларга тўғри жавоб топишда эса фиқҳ керак бўлади. Гапни чўзиб ўтирмасдан, бир-иккита мисол келтирайлик:

Авваллари бировнинг қонини иккинчи одамга қуйиш, бир кишининг аъзосини бошқа бир одамга кўчириб ўтказиш ёки эркак кишининг уруғлигини олиб, уни махсус найчада (пробиркада) урчитиб, сўнгра аёл кишининг бачадонига жойлаштириш каби ишлар умуман бўлмаган. Булар ҳатто бировнинг хаёлига ҳам келмаган. Шунинг учун эски фиқҳий китобларнинг ҳаммасини бирма-бир варақлаб чиқсак ҳам, бу масалаларга жавоб топа олмаймиз. Ҳаёт эса ушбу масалаларга жавоб беришни тақозо қилади. Демак, яна фиқҳга ҳожатимиз тушади.

Шунинг учун ҳам Ислом мамлакатлари уюшмаси ҳузурида ва «Робитатул Оламил Исломий» ташкилоти қошида биттадан Ислом фиқҳи академияси ишлаб турибди. Уларда ҳар бир Ислом давлатидан вакиллар бор. Янги пайдо бўлган масалалар аввало академия аъзоларига алоҳида ўрганиш учун тақдим этилади. Сўнгра академиянинг йиллик мажлисида керакли соҳа мутахассислари иштирокида ушбу масалалар муҳокама қилинади ва фатволар чиқарилади. Баъзи аъзоларнинг алоҳида фикрлари бўлса, унга ҳам ишора қилинади.

Шу йўл билан масалалар ихтилоф ва жанжалсиз ҳал қилиб келинмоқда. Демак, Аҳли сунна ва жамоа ақийдасидаги фиқҳий мазҳаблар ҳар қандай ихтилофларни четлаб ўтсалар бўлар экан.

Бунинг учун улар бағрикенг, тушунган ва етарли илмий савияга эга бўлишлари зарур. Фиқҳий мазҳабларнинг ўтган азиз имомлари, уларнинг шогирдлари ва давомчилари худди шундай бўлишган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таржиҳ равшанлаштиришдан мурод эса мазҳаб имомларининг турли қавллари ва ҳар хил ривоятларидан афзалини аниқлаб, равшанлаштириб беришдир. Бу таржиҳ давоми...

2672 16:10 / 28.03.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙММуқаддимаБизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Аллоҳга қуллик энг буюк мақом эканини давоми...

7002 09:50 / 29.03.2017
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи алоҳида катта фиқҳий китоб таълиф қилмаганлар. Баъзи бир .алФиқҳул Акбар,, .алОлим вал Мутааллим,, Усмон алБаттийга ёзган рисола ва давоми...

2483 16:10 / 28.03.2017
Ҳанафий мазҳаби ўзидаги хусусиятлар омил ўлароқ тез ва соз ўсди, тезликда турли ўлкаларда кенг тарқалди. Унинг ўсиши ва тарқалишининг бош омиллари учта1. Абу давоми...

2892 16:12 / 28.03.2017
Аудиолар

120108 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41774 14:35 / 11.08.2021