1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тавбаи насууҳ

17:33 / 12.10.2017 6316 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. У Кунда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: «Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан», – дерлар.

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини «тавбатан насууҳан»га буюрмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!»

Араб тилида «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Шариатда эса гуноҳдан Аллоҳга қайтишни билдиради. «Насууҳан» эса «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» деган маъноларни англатади. Демак, «тавбатан насууҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», «насиҳатга тавба» маъноларини англатади. Бу маъно ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насууҳ» нима?» – деб сўралганда, у киши: «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», – деб жавоб берганлар.

Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади: «Ислом ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади, тавба ҳам ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади». Яъни бир киши аввал гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлса-ю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлишидан аввалги гуноҳлари мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади. Шунингдек, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб юрса, кейин тушуниб етиб, тавба қилса, яъни чин кўнглидан надомат қилса ва қайта ўша ишни қилмасликка аҳду паймон қилса, билмасдан қилган аввалги гуноҳлари ювилиб кетади. Холис тавба эшигининг очиб қўйилиши сиз билан биз учун Аллоҳ таолонинг катта неъматидир. Бошқа динларда тавба қилиш жуда ҳам қийин, баъзи умматларга тавба қилиш учун ўзлари бир-бирларини ўлдиришлари буюрилган. Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин «Ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз», деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас.

Тавбаи насууҳ, яъни холис тавбанинг самараларини оятнинг давоми баён қилади.

«Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса...», яъни биринчи самара – гуноҳларнинг ювилишидир.

Асосий самара эса – қиёмат куни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади.

«...ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса».

У Кунда яна бошқа ҳолатлар бўлади. Жумладан, Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломни ва у кишига эргашган мўминларни шарманда қилмайди.

«У Кунда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас».

Демак, бошқаларни шарманда қилади. Ўша Кунда Набий алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларнинг олдиларида ва ўнг тарафларида йўлларини ёритиб юрадиган нур бўлар экан.

«Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса: «Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан», – дерлар».

Қиёмат куни мўминлардан бошқалар зулматда қоладилар. Мўминларнинг йўлини эса нур ёритиб туради. Улар зулматда адашмайдилар, қоқилиб-сурилмайдилар ҳам.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссаломнинг «Роббим, қиёмат куни шарманда қилмагин», деб дуо қилганлари келтирилган.

Муҳаммад ибн Наср Марвазий Абу Дардо ва Абу Заррдан ривоят қилган ҳадисда ҳам ушбу оятдаги маъно бор.

«Набий алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадилар:

– Қиёмат куни сажда қилишга биринчи изн берилган шахс мен бўламан, саждадан бош кўтариш учун изн берилган биринчи шахс ҳам мен бўламан. Бошимни кўтариб, олдимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, ўнг тарафимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, чап томонимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, – дедилар. Бир киши:

– Эй Аллоҳнинг Расули, умматлар ичидан ўз умматингизни қандай танийсиз? – деб сўради. Ул зот:

– Таҳоратнинг сабабидан пешоналари ва оёқ-қўллари ярқираб турганидан, улардан бошқа ҳеч бир уммат бундай бўлмайди. Яна номаи аъмоллари ўнг қўлларидан берилаётганидан танийман. Сажда туфайли юзларидаги сиймодан танийман ва олдиларида йўл кўрсатиб кетаётган нурларидан танийман, – дедилар».

Аллоҳ таоло барчамизни ушбу белгилар билан ўзгалардан ажраб турадиганлардан қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади .Албатта, молларингиз ва жонларингизда синалажаксиз. Ва албатта, сиздан олдин китоб берилганлардан ва ширк давоми...

3085 18:31 / 08.04.2018
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривояи қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Дуо ndash ибодатдир, сўнг ушбу оятни қироат қилдилар .Роббингиз давоми...

3783 17:24 / 08.06.2018
У Зотга яқинлигинг Унинг яқинлигига шоҳид бўлишингдир. Бўлмаса У Зотнинг яқин бўлиши сенга қаердан ҳам бўлсинИбн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг давоми...

3341 16:40 / 14.01.2018
Аммо зоти ҳалол бўлган нарсанинг бирор кишига ҳалол мулк бўлишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади1. Биринчи хили ndash ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа давоми...

3062 22:22 / 09.03.2018
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40747 14:35 / 11.08.2021