1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ташқари ичкарининг белгисидир (1-қисм)

21:06 / 22.08.2017 3973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ичкарига беркитилган сирлар ташқарида кўриниш ила ошкор бўладир.

Яъни қалбларга беркитилган асрорлар ташқи аъзолардаги аломатларда кўринади. Ҳар бир инсоннинг қалбидаги яхшилик ёки ёмонлик, кенглик ёки торлик, ҳусни хулқ ёки ахлоқсизлик, илм ёки жаҳл, маърифат ёки нодонлик, нур ёки зулмат, мерибонлик ёки меҳрсизлик, бахиллик ёки сахийлик, ҳушёрлик ёки ғафлат каби яхши-ёмон ахлоқлар унинг юзидан, амалларидан, муомалаларидан кўриниб туради.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар...» (273-оят). 

Бу ояти карима зикр қилган тоифадаги одамлар нафсларини Аллоҳ таолонинг йўлида иш қилишга тутганлар, шу сабабдан уларнинг касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоғда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб, бой деб ўйлайди.

«(Садақалар) Аллоҳнинг йўлида тутилиб қолган, ер юзида кезишга қодир бўлмаган, билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир».

Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Уларнинг ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, уларни қандай қилиб топамиз?

«Уларни сиймоларидан танийсан…»

Фаросати бор, мулоҳазали кишилар мазкур фақирларни, гарчи улар ҳожатмандликларини билдирмасдан, кишилар кўзига бой бўлиб кўриниб юрсалар ҳам, таниб, ҳақиқатни билиб оладилар. Ўзларини иффатли тутганликларининг ўзи нафақани уларга махфий қилишга ундайди. Нафақа бераман деб, бундай кишиларнинг ҳис-туйғуларини оёқости қилмаслик керак. Нафақа Аллоҳ учун қилинаётган бўлса, махфий тарзда қилингани маъқул.

Аллоҳ таоло Фатҳ сурасида марҳамат қилади:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир» (29-оят). 

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир...»

Шунингдек, ушбу оятда саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:

«...у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар».

Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар ўзларининг оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлса, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга нисбатан меҳрибон бўлишган.

«Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан».

Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, оятда банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.

«Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар».

Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб, Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.

Яна бир сифатлари:

«Юзларидаги аломатлари сажда асаридир».

Яъни ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади. Ушбу маъно Пайғамбаримиздан қилинган кўплаб ривоятларда ўз ифодасини топган.

Бу ҳикмат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларининг баёни десак, хато қилмаган бўламиз.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. 

Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Бу ҳадисда «солиҳ» сўзининг «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.

Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.

«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдариш»га нисбатан айтилади. У бир хилда турмай, у ёқ-бу ёққа ағдарилиб турганлиги учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади. 

Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.

Ботиний қалб эса нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир. У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётига тириклик бахш этади. 

Қалб бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса ҳалол ва ҳаромга боғлиқ. 

Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.

Ҳозирги кунда эса юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.

Аслида эса ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилинганидан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.

Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.

Шунинг учун ҳам «Қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир», дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. 

Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суриштириб, ўзимизга ҳалоллиги аниқ бўлган нарсанигина раво кўришимиз зарур. Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

Ҳозирги даврда моддий юракни даволаш бўйича катта ишлар қилинди. Юрак жарроҳлиги деган алоҳида мутахассислик пайдо бўлди. Бошқача даволашлар ҳам жуда ривожланди. Юракни асраш, унинг хасталикка чалинишининг олдини олиш, хасталанган юракларни даволаш, жарроҳлик амалиётлари қилиш кабилар бутун дунё бўйлаб кенг қулоч ёзди. Аммо маънавий қалбни турли ақийдавий, маънавий, ахлоқий ва маърифий хасталиклардан асраш, унинг хасталикка чалинишининг олдини олиш, хасталанган қалбларни даволаш ишлари чуқур жарга қулади. Қалб хасталиклари табобати бўлмиш тасаввуф илми таназзулга учради. Мусулмонман, деб юрганлардан бир тоифалари бу аҳамиятли илмни «ҳаром» деб фатво чиқардилар. Уларга қарши барча имкониятларини ишга солиб курашдилар ва курашмоқдалар. Қалбларнинг табиблари бўлмиш машойихлар кўзга кўринмайдиган даражада озайдилар. Уларнинг қалб табобати билан шуғулланишларини кўпчилик билмай ҳам қолди. 

Юрак ва ақл соғлом бўлса-ю, қалб хаста бўлса, инсоният таназзулга йўлиқишини англаб етиш керак. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида .Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий давоми...

5218 15:43 / 13.09.2017
Ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган нарса шуки, албатта Қуръон Анбиё ва Расулларига нозил бўлган охирги ваҳий ҳисобланади. Қуръон Карим бутун олам учун барча давоми...

4465 18:49 / 03.12.2017
.Тақво, луғатда .Аллоҳдан қўрқиш,, .буйруқларига бўйсуниш, ва .қайтариқларидан сақланиш, дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Албатта, Аллоҳ ҳузурида энг давоми...

3588 12:46 / 13.02.2018
4. Ибoдaтнинг кўплигигa тaкaббурлик қилиш вa унинг муoлaжaси.Кибрнинг бу турига мубтало бўлган киши ўз яxшиликлaридан фaxрланади. Ибoдaтининг кўплиги сaбaбидaн ўзини давоми...

2765 17:59 / 30.05.2018
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41804 14:35 / 11.08.2021